Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, битирувчи талаба ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таҳсил олаётган талабаларга иш топиш учун қулай имконият яратиш мақсадида таълим муассасаларида “Карьера марказ”лари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказлар томонидан талабалар бандлигига кўмаклашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда юртимизда 100 дан зиёд олий таълим муассасаларида “Карьера марказ”лари ташкил этилган. Шунингдек, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг миллий вакансиялар базасида (ish. mehnat.uz) “Талабалар учун иш” номли алоҳида функционал жорий этилган. Шу билан бирга, битирувчиларнинг бандлик ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида вазирликнинг “Бандлик хизмати” ахборот тизими билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Hemies.uz” ахборот тизими интеграция қилинди. Бунинг натижасида “Бандлик хизмат” тизимида битирувчиларнинг манзилли рўйхатлари, йўналишлар ва ҳудудлар кесимида уларнинг бандлик ҳолати бўйича ҳисоботлари жорий қилинмоқда.
Ҳар йили мамлакатимизда 200 минг нафардан зиёд ёшлар олий таълим муассасаларини тугатиб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, мутахассислигидан келиб чиқиб иш ўринлари яратиш ҳозирги устувор вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, уларни илмий техник фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшлар, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш мақсадида Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ўтказиб келинмоқда.

“Талабаларнинг мутахассислигига қараб ўз соҳаси бўйича ишга жойлаштириш амалиёти ўзини ҳар томонлама оқлайди. Педагоглар таълим тизимида, тиббиёт мутахассислари ўз соҳасида, шунингдек, муҳандислар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, меъморлар, алоқа, транспорт, иқтисод соҳасида таълим олаётган талабалар ўз ихтисосликлари бўйича фаолият юритса уларнинг ҳам назарий, ҳам амалий кўникмалари мустаҳкамланиб боради. Ақлий салоҳияти, интеллектуал имконияти такомиллашади. Энг муҳими, талабаларда ёшлигиданоқ ўзи танлаган касбига бўлган муҳаббати ортади. Катта иштиёқ билан ишлайди. Ана шу муҳаббат ва иштиёқ инсонни камолга етказади. Уни кучли, иродали, ғайратли, ташаббускор шахс бўлиб шаклланишига асос бўлиб хизмат қилади”, — дейди Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси академик Оқил Салимов.
Мамлакатимизда фақатгина талабаларга таълим-тарбия бераётган ва уларни катта ҳаётга йўллаётган олий таълим ташкилотларигина талабаларнинг кейинги ҳаётларида ўз ўрнини топишлари билан қизиқиб қолмасдан, балки келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмаган бошқа муассасалар ҳам уларнинг кейинги ҳаётларида ўз ўрнини топишларида кўмак бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш мақсадида Истеъдодли ёшларни қуллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ўтказиб келинмоқда. Уч босқичдан иборат ушбу танловларда ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун тиним билмасдан хизмат қиладиган ва буюк ғоялар сари ҳар қандай тусиқдан қўрқмасдан олға интиладиган ёшлар танлаб олинади. Уларнинг жамғарма томонидан қўллаб-қувватланиши эса ёшларга каттагина туртки беради.

Бугунги кунда танловларда иштирок этиб, катта ҳаётда ўз ўрнини топиб кетган ёшлар талайгина. Буни уларнинг ҳозирги фаолияти ва эътирофлари ҳам яққол тасдиқлайди.

ДОЛЗАРБ МАВЗУДАГИ ЛОЙИҲА
“Мирзо Улуғбек ворислари” танловида “Цианур кислотасининг мочевина ва тиомочевина алмашинган ҳосилаларининг антипирен ҳосилалари синтези ва антигирен хоссалари тадбиқи” мавзусидаги лойиҳам билан иштирок этдим. Танлаган мавзумнинг ҳар томонлама долзарблиги ва Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим ўрин эгаллашини исботлай олдим. Кези келганда ғурурланиб айтишим мумкинки, меҳнатим самараси бўлган танловда ғолибликни қўлга киритишим билан менга қувонч ва унутилмас воқеалар ҳамроҳлик қила бошлади. 2023 йилда лойиҳам Президент қарори билан тасдиқланиб, уни амалга ошириш учун давлатимиз томонидан пул маблағи ажратилди. Шу боис ёшларга танловда қатнашиб, ўзларининг келажагига тамал тошини қўйишни тавсия қиламан.
Фарангиз АСЛОНОВА,
Бухоро давлат университети магистранти,
2023-2024 ўқув йили Президент стипендияси соҳибаси
ЯНГИ ТРАКТОР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АРАФАСИДАМИЗ
Танлаган лойиҳам деҳқонларимиз ишини енгиллаштириб, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиради, деган умиддаман. Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунга мисол тариқасида “Улуғбек ворислари” танловини кўрсатиш мумкин. Чунки ушбу танловда қатнашиш чоғида тенгдошларимнинг қанчалик кучли салоҳиятга эгалигига амин бўлдим. Танлов том маънода уларнинг қоблиятини тўғри йўналтириш мақсадида ташкил этилган. Чунки иқтидорли ёшларни бир жойга тўплаб, синовдан ўтган янги лойиҳаларни юзага чиқариш жамиятимизнинг пойдеворини яратиш демакдир. Қишлоқ хўжалиги техникаларидан бири бўлган тракторни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади. Айни пайтда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ишлатилаётган тракторлар кўп миқдордаги ёқилғини талаб қилади. Бу эса, албатта, ортиқча харажат. Юртимизда замонавий тракторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган, хориждан олиб келинаётган тракторларнинг таннархлари жудаям юқори. Бу лойиҳа устида жамоа бўлиб ишладик. Айниқса, жамоамиз раҳбари Акбарали Турдиев қунт ва сабр билан ишлаш лозимлигини ўргатиб, тинимсиз йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Дастлаб трактор билан боғлиқ муоммоларни ўрганиб чиқдик. Изланишлар натижасида янги инновацион тракторни яратишга муяссар бўлдик. Биз уни “Электро агрикултуре трактори” деб номладик. Бу трактор жудаям қулай ва замон талабларига жавоб бера олади. У биринчи навбатда электр қуввати билан ҳаракатланади. Бу тракторларни уй шароитида қувватлаш мумкин. Бундан ташқари у ўзини қуёш нури орқали қувватлаш имкониятига ҳам эга. Унинг бошқарув тизими сунъий интеллект асосида бошқарилиб, ҳайдовчига зарурият бўлмайди. Шунингдек, махсус аккумуляторнинг бир қувватлаш йиғими 16 соатга етади. Бу орқали у 2 гектар ер майдонини ҳайдаш ва 160 километргача бўлган масофани босиб ўтиш қувватига эга. Ҳозирги пайтда “Электро агрикултуре трактори”ни янада такомиллаштириш борасида изланяпмиз. Келгусида ушбу трактор деҳқон-фермерларимиз меҳнатини енгиллаштиради, деган умиддаман.
Исломбек ХАЛИЛОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш
муҳандислари институти “Миллий тадқиқот университети” талабаси

ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРГАН ТАНЛОВ
Танлов эълон қилинган даврда 4-курс талабаси эдим. Ўшанда асосий мақсадим — агар ғолибликни қўлга киритсам, жамғарма томонидан ташкил этилган бепул ўқув курсига ўқишга кириб билимимни янада мустаҳкамлаш эди. Аниқ мақсадлар сари барча қилган ҳаракатларим амалга ошиб, совринга эга бўлиб, ўзим мўлжаллаганимдек, бепул курсда таълим олдим. Фахр билан айтмоқчиманки, “Мирзо Улуғбек ворислари” танловида қатнашишим ва унда ғолибликни қўлга киритишим ҳаётимни тубдан ўзгартирди. Мен учун кутилмаган эшиклар очилди. Имкониятларим кенгайди. Ўзимга ишончим ортди. Шу соҳада келажагимни кўра бошладим. Ўндан ортиқ халқаро ва республика миқёсидаги журналларда илмий мақолаларимни эълон қилдим. Дунёқарашим бойиди. Олдимга қўйган инновацион ғояларимни амалиётга татбиқ қилиш фикрим янада қатъийлашиб, лойиҳаларим устида аввалгидан ҳам кўпроқ ишлай бошладим. Пахта заводларидаги қурилмаларни тўлиқ автоматлаштириб, иш сифатини янада ошириш борасидаги лойиҳамни патентлаштирдим. Айни дамларда пахта таркибидан оғир ва бегона аралашмаларни ажратиб олувчи икки камерали тоштутгич лойиҳаси бўйича изланмоқдаман.
Толибхон АБДУКАРИМОВ,
“Barkas tekstil” хусусий
корхонаси дастурчиси
ЯНГИ МАЛҲАМ
Инсон биринчи марта олов ёқишни ўрганганидан бери жароҳат олиш ва турли воситалардан келиб чиқадиган куйишлар одамлар орасида энг кўп учрайдиган жароҳатлар қаторига киради. Тиббиёт фанидаги шунча ютуқларига қарамасдан, бутун дунё бўйлаб куйиш жароҳатлари даражаси юқорилигича қолмоқда. Ҳозирги пайтда оғир куйишлар сони деярли 12 миллионтани ташкил этади ва барча жароҳатлар бўйича тўртинчи ўринни эгаллайди. Илгари ўтказилган тадқиқотлар давомида куйиш учун жуда кўп даволаш усуллари буюрилган, лекин улардан фойдаланишни тасдиқловчи далиллар етарли эмас. Бугунги кунда инновацион лойиҳалар барча жабҳаларга татбиқ этилган бўлса-да, фан учун фундаментал билимларга асос солган буюклар мероси ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Жумладан, тиббиётда Абу Али ибн Сино назарияси ва у амалиётда қўллаган тажрибалари халқ табобатида кенг қўлланилмоқда. Асал муми, пахта ёғи шулар жумласидандир. Илмий тадқиқотимнинг асосий мақсади куйишдан сўнг баданда қоладиган чандиқ, оқ доғларнинг олдини олиш ва инсоннинг жамиятдаги ўз ўрнини сақлаб қолишга қаратилган эди. Ана шу мақсадда “Носкар” малҳамини кашф этдим. Бу малҳам борасидаги лойиҳам билан “Улуғбек ворислари” танловида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдим. Мақсадим — келгусида бу лойиҳамни янада такомиллаштириш.
Сидиқа ЖЎРАЕВА,
Бухоро давлат тиббиёт институти талабаси