Университетимиз бағрида таълим олиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун фидокорона хизмат қилган юзлаб давлат ва фан арбобларининг номларини фахр билан тилга олишимиз мумкин. Жумладан, дунё таниган йирик сиёсатчи ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов, давлат ва фан арбоби Оқил Салимов, давлат арбоблари Раҳим Ражабов, Элёр Ғаниев, Ўткир Султонов, Ҳабиб Абдуллаев, мамлакатимизнинг юқори лавозимлари, яъни вазирликлар тизимида ишлаган Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Эргаш Шоисматов, Иномжон Мажидов, Ёрқин Санақулов, академиклар Нодирбек Юсупбеков, Қаҳрамон Аллаев, Ҳосил Фозилов, Тўлқин Миркомилов ва яна юзлаб шундай инсонларнинг номлари тарих зарварақларига муҳрланган .
Нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларидан келиб, шу университет бағрида таълим олган фан ва давлат арбоблари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, университетни Шарқий Европа, Осиё, Африка, Лотин Америка ва Араб давлатларидан йилига минг нафардан кўпроқ ёшлар келиб таълим олган, айримлари шу ерда номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Кўпчилиги ватанига қайтганидан кейин давлат бошқаруви соҳаларида ишлаган. Тошкент давлат техника университети бағрида таълим-тарбия олган инсонларнинг жуда кўпчилиги ҳар қандай шароитда давлат ва жамият корига яраганликларининг боиси нимада, деган савол қўйсак, техника университетимиз ўз миссиясини аъло даражада бажарганлигида, деб айтамиз. Шу ўринда техника университетининг жамиятдаги миссияси нима, жамият тараққиётида қандай аҳамият касб этади, деган саволларга тўхталсак, техника олий ўқув масканларини ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва ривожанишида ўта муҳим вазифаларни бажаришга йўналтирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Техник университети – муҳандислик, илмий, техник ва технологик фанларнинг интенсив ўргаришига мослашган, юқори малакали техник кадрларни тайёрлайдиган олий ўқув юрти бўлиб, давлат ва жамият тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этадиган таълим тизимининг муҳим бўғинидир. Дунёнинг ривожланган индустриал технологик мамлакатларида илмий-техникавий тараққиёт ва унга ҳисса қўшадиган муҳандислик таълимининг ривожланишига катта эътибор қаратилади. Техник таълимга алоҳида эътибор қаратишдан мақсад ҳар қандай мамлакатнинг тараққий топишида муҳим омил ва асос бўладиган йўналишларидан бири – технологик инновациядир. Бу учун давлат инновацион ва саноат сиёсати интенсив такомиллаштириб борилмоғи зарур бўлади. Бунда фундаментал ҳамда амалий фан ва таълим миллий иқтисодиётни инновацион ривожлантиришнинг сўзсиз устувор йўналиши, кадрлар тайёрлашда давлат буюртмаси тизими сифатида белгиланади ва юқори малакали мутахассислар ва касбий ҳамкорликка асосланган ишчилар қатламини шакллантиради. Фан ва техника соҳасида давлат ва хусусий шерикчиликка асосланиб ривожланмоғи, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси учун шарт-шароит яратилмоғи, стратегик вазифаларни ҳал этиш йўлида тизимли равишда тадқиқотлар олиб борилмоғи лозим.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида «Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз”, – деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Зеро, кейинги йилларда техник ва технологик инновацияни ривожлантириш устувор масала ҳисобланади.
Ўзбекистон техник таълим тизимининг стратегик вазифаси юқори технологияли саноат тармоқлари корхоналари учун рақобатбардош муҳандис кадрларни тайёрлашдир. Бу муаммога ҳукумат миқёсида доимий эътибор қаратилмоқда. Юқори технологияли ишлаб чиқариш маҳсулотлари импорт ўрнини босиш заруратининг яққол намоён бўлиши шароитида иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омили сифатида инсон капиталининг роли ортиб бормоқда. Замонавий инновацион иқтисодиётнинг рақобатбардошлик даражаси кўп жиҳатдан профессионал кадрлар сифати билан белгиланади.
Шундай қилиб, инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг зарур шарти жамиятнинг жадал иқтисодий ўсиши ва ижтимоий ривожланишининг асосини ташкил этувчи, фуқаролар фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш омили бўлиб хизмат қиладиган таълим тизимини модернизация қилишдир. Мамлакатимиздаги мавжуд вазият касб-ҳунар техник таълимини замонавий чақириқ ва таҳдидларга муносиб жавоб берадиган, инновацион ўзгаришларни амалга оширишга қодир юқори малакали кадрлар тайёрлашга мослашувчан, ўзини-ўзи ривожлантирувчи тизимга айлантиришни тақозо этади. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун инновацион техник кадрлар тайёрлашда Тошкент давлат техника уиниверситети алоҳида ўрин тутади. Ҳозирги замон ўзгарувчан иқтисодий шароитларга тез мослаша оладиган, юқори сифатли муҳандислик таълимини таъминлай оладиган, инновацион ўзгаришлар учун кадрлар захирасини тайёрлайдиган, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошира оладиган юқори салоҳиятга эга бўлган олий таълим масканларига катта эҳтиёж сезмоқда.
Тошкент давлат техника университети мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторлари учун кадрлар тайёрлайди. Дастурий таъминот муҳандислиги, биотехнология, саноат экологияси, геология, электроника, механика ва машинасозлик ва халқ хўжалигининг бошқа кўплаб тармоқлараро йўналишлари шулар жумласидандир. Бугунги замон талабидан келиб чиқиб, университетда талабаларнинг мустақил иши ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда ва бунинг учун зарур бўлган шарт-шароитлар, барча имкониятлар яратилмоқда. Юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлашда университетимиз саноат ишлаб чиқариш корхоналари билан таълимнинг узвий боғлиқлиги ва алоқадорлигини яратиш мақсадида базавий кафедралар, корхоналарда кафедра филиаллари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳамкорлиги ҳамда ҳомийлигида қўшма лабораториялар ташкил этгани мақсад сари боришда ўзининг самарасини бермоқда.
Шу билан бирга университет ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириб бормоқда. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда маънавий-маърифий, илм-фан, таълим-тарбия билан боғлиқ бўлган барча ижтимоий ташкилот ва фондлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Энг муҳими, иш берувчилар билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор қаратиб, битирувчиларни иш билан таъминлашда фаол бўлиши ёшларда таълимга бўлган қизиқиш ва интлишларни икки ҳисса ошириб, яхши таълим олишлари учун мотивация бўлмоқда.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтказилаётган иқтидорли ёшларни кашф қилиш учун “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови Тошкент давлат техника университетидан ҳам вакиллар фаол иштирок этмоқда.
Танлов 16-25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида 3 босқичда ташкил этилади. Ҳар бир босқич ғолиблари тегишли миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Жумладан, 2023 йилги танловда университетимизнинг 20 нафарга яқин иқтидорли талабалари “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг вилоят ва шаҳар босқичи ғолиблари бўлди. Улар моддий жиҳатдан рағбатлантирилди. Қувонарлиси шундаки, университетнинг 4 нафар талабаси лойиҳаси ушбу танловнинг якуний босқичида энг яхши деб топилди. Муҳандислик технологиялари факультети талабаси Зилола Зокирова “Саноат чиқиндиларидан фильтр маҳсулотини олиш технологияси” лойиҳаси, Иссиқлик энергетикаси факультети талабаси Аброр Йўлдошев “Сунъий қўл” лойиҳаси, Электроника ва автоматика факультети талабаси Абдураҳим Абдуҳалимов “Сув насосларини узоқ масофадан бошқариш” лойиҳаси, Электроника ва автоматика факультети талабаси Элинур Холмаҳмадова “Инно лампа” лойиҳаси билан қатнашиб, республика босқичи ғолиблари қаторидан жой олишди ва 10 миллион 500 минг сўмдан пул мукофоти ҳамда сертификат билан тақдирланди. Кадрлар тайёрлашдаги бундай ёндошув мутахассисларнинг рақобатбардош бўлишида муҳим омил бўлмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимининг комплекс тизимли ислоҳ қилиниши жараёнида Тошкент давлат техника университети ҳам энига, ҳам бўйига интенсив ўсиб бормоқда. Беш йил ичида талабаларимиз сони 12 мингдан 23 мингга купайган бўлса, профессор-ўқитувчиларимизнинг илмий салоҳияти 50 фоизга ўсди. Халқаро ҳамкорлигимиз кенгайиб, 50 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорлик битимлари имзоланди ва 12 та хорижий олий ўқув юртлари билан қўшма таълим дастури ташкил этилди. Университет Буюк Британиянинг “Times Higher Education” агентлиги томонидан эълон қилинган “World University Rankings – 2023” рейтинг натижаларига кўра, “Топ-1000” талик рейтингда 1050- 1100 таликдан жой олди. Осиё университетлари рейтингидаги “QS Asia University Rankings 2024”да 501-550 ўринларни эгаллади.

Университет мақомига лойиқ бўлиши учун олий даргоҳларда илмий кашфиётларнинг самарадорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода кейинги йиллардаги Тошкент давлат техника университетининг илмий ишлар ҳимоясининг ўсиш динимикасини таҳлил қиладиган бўлсак, 2017 йилгача қадар диссертацияларнинг ҳимоясининг сони озчиликни ташкил этган. Кейинги беш йил ичида вазият ижобий томонга ўзгариб, номзодлик ва докторлик диссертацияларининг ҳимоя қилишнинг сони интенсив равишда ўсди. Жумладан, охирги 5 йилда 282 нафар фалсафа доктори (PhD), 35 нафар (DSc) фан доктори тайёрланди.
Илмий ишлар ҳимояси динамик ўсиб боришнинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчидан, бу мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан ва таълимга бераётган катта эътиборининг натижасидир. Бунга Президент фармони билан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб мамлакатимизда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир поғонали тизимдан икки поғонали тизимга ўтилиши ҳамда илмий салоҳиятли педагогларнинг илмий даражага эга бўлмаган ўқитувчиларнинг ойлик маошларидаги фарқни оширилишини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Иккинчидан, Тошкент техника университетининг илмий тадқиқотлар олиб бориш учун яратилган шарт-шароитлар ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Университетда 44 та ихтисослик бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтида таянч докторантура (PhD), докторантура (DSc), мустақил изланувчилик (PhD, DSc), стажёр-тадқиқотчилик таълим шакллари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 440 нафардан ортиқ тадқиқотчилар илмий фаолият билан машғул. Қолаверса, университет республикада техника фанлари бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисоблангани учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наманган муҳандислик технологиялари институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт университети, Андижон машинасозлик институти, Жиззах политехника институти, Термиз муҳандислик-технология институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат университети ва бошқа техник олий таълим муассасаларидан 33 нафар тадқиқотчи университетимизда олий таълимдан кейинги таълим буйича мақсадли тайёрлаш тизимида таҳсил олмоқда. Ушбу кадрлар келажакда юқорида номлари қайд этилган олийгоҳларда юқори малакали педогоглар сифатида фаолият юритади.
Университетда 44 та ихтисослик бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтида таянч докторантура (PhD), докторантура (DSc), мустақил изланувчилик (PhD, DSc), стажёр-тадқиқотчилик таълим шакллари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 440 нафардан ортиқ тадқиқотчилар илмий фаолиятбилан машғул.
Университетда 2022-2024 йилларда олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга кирган фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSс) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиши режалаштирилган ёш изланувчиларнинг “Йўл харита”лари шакллантирилган бўлиб, улар билан докторлик диссертациялари устида индивидуал тарзда ишлаб чиқилган алоҳида режа асосида мустақил тартибда иш олиб бориш механизми йўлга қўйилган. Уларнинг диссертация тадқиқотлари бўйича олаётган натижаларининг самарадорлиги йилда икки маротаба мониторинг ўтказиш орқали назорат қилиб борилади.
Илмий изланувчиларга тадқиқот ишларини бажаришда хориж тажрибасини ўрганиш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларидаги мавжуд лаборатория базаларидан фойдаланиш, хорижий олимларнинг тадқиқот иши бўйича фикрларини ўрганиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки ривожланган мамлакатлардаги илмий тажрибани ўрганиш асосида йуналишни тўғри белгилаш диссертация тадқиқотида самарали фойдаланишда ишнинг илмий ва амалий аҳамиятини оширади. Шу сабабдан илмий тадқиқотчиларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга (марказлар, университетлар ва бошқалар) қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган мақсадли танловларда ғолиб бўлган ёки университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бугунга қадар ўн нафардан ортиқ докторантлар ушбу имтиёзлардан фойдаланиб, жумладан, Греция, Германия, Россия, Хитой, Венгрия, Япония, Испания, Белоруссия, Туркия, Италия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларининг етакчи илмий ташкилотларида қисқа муддатли илмий стажировкалар ўтаб келишди. Бу биз учун дунё илмий ҳамжамиятига интеграциялашув, илм соҳасида янги марраларга эришиш учун катта имкониятдир.

Президентимизнинг 2019 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган “Эл юрт умиди” жамғармаси стипендиялари орқали ҳозирги кунда 4 нафар ёш ўқитувчиларимиз ривожланган мамлакатларнинг етакчи илмий муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Бундан ташқари дунёнинг ривожланган мамлакатларининг етакчи олий таълим ва илмий муассасалари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик доирасида таълим ва маданиятни ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан ҳамкорлик шартномалари, меморандумлар имзоланган. Докторантурада “1+1” таълим тизими жорий қилинган бўлиб, ушбу имкониятдан ҳам бир қатор ёшлар унумли фойдаланмоқда.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинаётган ҳужжатлар, амалга оширилаётан ислоҳотларнинг мазмун-мақсади инсон қадрини юксалтириш, унинг фаровон ва бахтли ҳаётини таъминлашга қаратилган. Олий малакали илмий-педагогларнинг кўплиги ва салоҳияти, давр талабига мос холда малакасини ошириб бориш юртимиз келажаги янада тараққий топишида юксак ўрин тутиши шубҳасиздир.
