ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

ЁШЛАР – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛАРИ

Алишер Саъдуллаев

Дунё аҳолисининг 2 миллиарддан зиёди, я ъни 25 фоиздан ортиғини ёшлар таш­кил этади. Мамлакатимизда эса ёшлар қат­лами жами аҳолининг қарийб 60 фоизига яқин. Шунинг учун Ўзбекистон ёшлар мамлакати си­фатида эътироф этилади. Яқин ўн йилликлар­да бу қатлам давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлишини тасаввур қил­сак, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулла­ниш, муаммоларини вақтида ҳал этиб, шахс сифатида ривожланиши учун барча шароит­ларни яратиш, профессионал касб маҳоратини шакллантириш каби вазифаларнинг ниҳоятда долзарб экани ойдинлашади.

Давлатимиз раҳбари “Ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бир­ламчи аҳамиятга эга”, деб бежиз таъкид­ламаган. Бу ёндашув “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам аксини топган. Ушбу муҳим ҳужжатнинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун му­носиб шароитларни яратиш” деб ном­ланган биринчи йўналиши 44-банддан иборат бўлса, шунинг 25 дан ортиғи бе­восита ёшлар манфаатларига қаратилган.

Ёшлар сиёсати соҳасида қабул қилина­ётган режа ва дастурларимиз қанчалик жозибали ва жарангдор бўлмасин, улар­нинг ҳаётга қай даражада кенг татбиқ эти­лаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб эта­ди. Хусусан, масъул давлат хизматчилари ижро интизомига қатъий риоя этса, ҳар бир топшириқ ва вазифанинг ижросини белгиланган муддатларда, юқори дара­жада таъминласа, ёшлар манфаати йўли­даги ислоҳотлар самарасини ҳар бир ёш ўз танасида ҳис этади, бундан баҳраманд бўлади.

Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги­да Президентимизнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисоб­дорлик тизими мавжуд. Хусусан, ҳар бир топшириқ ижроси электрон тизим орқа­ли назоратга олиниб, раҳбар ва масъул ходимларнинг фаолиятини энг муҳим са­марадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилди.

Бунинг натижасида ўтган йили агентлик томонидан Президентимизнинг 11 та фар­монида белгиланган 40 та, 34 та қарори­да белгиланган 162 та, 2 та фармойишида белгиланган 24 та, 18 та йиғилиш баёнида белгиланган 65 та топшириқ ижроси си­фатли ташкил этилди. Бунинг натижасида ёшларимиз ўзлари талпинаётган эзгу мақ­садлари йўлида мисли кўрилмаган имтиёз ва имкониятларга эга бўлди.

ЁШЛАР НИМАНИ ХОҲЛАЙДИ?

Хўш, бугун ёшларимиз давлатдан нима­ни хоҳламоқда? Албатта, улар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ҳеч қандай тўсиқларсиз рўёбга чиқариш учун эркин ва қулай шарт-шароитларни, тенг имко­ниятлар ва келажак учун мустаҳкам кафо­латларни истайди.

Айни пайтда ёшларга оид давлат сиёса­ти тўлиқ ушбу мақсадларга йўналтирил­ган. Ёш авлодга ҳуқуқий кафолатларни яратишдан тортиб, сифатли билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик би­лан шуғулланиши, шахс сифатида камол топиши, қўйингки, меҳнат қилиб, фаро­вон келажагини бунёд этиши учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Хусусан, ўтган 2023 йилда ёш авлод­ни қўллаб-қувватлаш, манфаатларини таъминлаш соҳасида юртимиз тарихида кузатилмаган улкан ишлар қилинди. Ал­батта, бу жадал демократик тараққиёт йўлини танлаган ватанимиз учун мутлақо табиий ҳолдир. Чунки илм-фан ва техно­логиялар жадал ривожланаётган, глобал дунёда рақобат ортиб бораётган бир ша­роитда мамлакатларнинг келажак тақди­ри ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, истеъдодига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномасида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар билан ишлаш борасидаги муаммо­ларга самарали ечимлар топиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар айни шу вазифалар ижросига қа­ратилган, десам адашмайман.

“ЁШЛАР БАЛАНСИ”

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёса­тини амалга ошириш механизмлари йил­дан йилга такомиллашиб, янги ва самара­дор йўналишларда давом эттирилмоқда. Ҳамма ўғил-қизларимиз учун тенг им­кониятлар яратиш мақсадида 2023 йил­да “Ёшлар баланси” асосида ёшларимиз учта – “яхши”, “ўрта” ва “оғир” тоифаларга ажратиб олинди. “Оғир” тоифадаги иш­сиз, давлатнинг эътибори ва ғамхўрли­гига муҳтож 400 мингга яқин ёшга кенг кўламли ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, улар 133 нафар вазир ва ўринбосарига, 6 622 нафар ҳоким, сектор ва ташкилот раҳ­барига бириктирилди. Шу асосда раҳбар­ларнинг “оғир” тоифадаги ёшлар билан учрашувини ташкил қилиш жадвал режа­си ишлаб чиқилди. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш ма­салаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси томонидан 208 та туман (шаҳар), 832 та сектор, 9448 та маҳаллада ёшлар билан ишлаш ҳолати бирма-бир ўрганилди. Амалий чоралар натижасида “оғир” тоифадаги 146 минг ёш “яшил” тоифага ўтказилди. Жумладан, муаммоси аниқланган 185 минг ёшнинг 181 мингта (98 фоиз) масаласи ҳал этилди. Улардан 51379 нафарининг бандлиги таъ­минланди, 30847 нафарига моддий ёрдам берилди, 31910 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанди, 66816 нафарининг турли ижтимоий-иқтисодий масалалари ҳал этилди.

Ёшлар етакчиси ва бириктирил­ган масъул раҳбар кафиллиги асосида хулқ-атвори ижобий томонга ўзгарган, пробация назоратида турувчи 6293 (45 фоиз) ҳамда профилактика назоратида ту­рувчи 13567 (61 фоиз) ёш муддатидан ол­дин ҳисобдан чиқарилди. Мунтазам дарс қолдирувчи 5552 (60 фоиз) ёш таълимга, наркотик ва психотроп моддаларни ис­теъмол қилувчи 166 (20 фоиз) ёш соғлом турмуш тарзига қайтарилган бўлса, 5204 та (81 фоиз) нотинч оилада ижобий муҳит барқарорлаштирилди.

Хорижий миграциядан қайтган 18148 (29 фоиз) ёш иш билан таъминланди. Ажралиш ёқасидаги 3791 та (51 фоиз) ёш оила яраштирилди. Ногиронлиги бўлган ёшларнинг 25709 нафари даволатилди, 2644 нафари ногиронлик реабилитация техник анжомлари билан, 13395 нафари иш билан таъминланди.

Ёшлар етакчилари хонадонма-хонадон хатлов ўтказиб, хориждаги 268 минг ёш балансини шакллантирди ва улар билан доимий мулоқот ўрнатди. Меҳнат миграцияси орқали 11335 ёш юқори даро­мадли иш ўринларига жойлаштирилди. Хорижий меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсади­да 54075 гектар, жумладан, боғзор (16485 га), токзор (6840,4 га), захира (3066 га) ва лалми (27684,4 га) ер ўрганилиб, 1605,9 гектари ажратиб берилди.

“Қўқон шаҳри тажрибаси” асосида жиноят содир этишга мойил 50506 ёш аниқланиб, улар билан манзилли ишлаш бўйича “ҳаракатлар режаси” амалга оши­рилди. Уларнинг 3860 нафари “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига, 2860 на­фари “Ватанпарвар” тарбия оромгоҳига жалб этилди ҳамда уларда ватанга муҳаббат, садоқат туйғулари шакллантирилди. Уюшмаган ёшларнинг 7605 нафарига ҳар­бий хизмат бадал пули тўлаб берилди ва улар маҳаллалардаги “Қалқон” жамоатчи­лик гуруҳларига жалб қилинди.

Ёшларни ҳарбий-спорт ўйинлари орқа­ли ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Амир Темур издошлари” ҳар­бий-ватанпарварлик спартакиадаси ўтказилиб, танловлар доирасида жами 1,2 миллион ёш қамраб олинди. Ёшлар жи­ноятчилигига қарши курашиш бўйича махсус ўқув модули ишлаб чиқилиб, Ички ишлар вазирлиги академиясида 180 на­фар тренер тайёрланди. Улар томонидан “маҳалла бешлиги”нинг 47 634 вакили каскад усулида ўқитилди.

Бунинг натижасида 3286 та маҳалла­да бирорта ишсиз ёш қолмагани, 2831 та маҳаллада ёшлар иштирокида умуман жиноят содир этилмагани тизимдаги ул­кан жамоанинг меҳнати маҳсулидир.

“ЁШЛАР ДАФТАРИ” – ИМКОНИЯТЛАР ДАФТАРИ

Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, пси­хологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўл­ган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини юритиш бўйича ишлаб чиқилган маълу­мотлар базаси – “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етди, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарди.

Ёшлар етакчилари тавсияси билан 338 минг йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабалар­нинг шартнома пули тўланди, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилди. Ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилди. Бугунга келиб кўрсатилган ёрдамлар на­тижасида ёшлар тадбиркорлик, деҳқон­чилик ва бизнес билан шуғулланмоқда.

Ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тас­диқланган “Ёшлар бандлиги дастури” амал­га оширилди. 2023 йилнинг ўзида ишсиз 236120 ёш, 189085 мактаб битирувчиси­нинг бандлиги таъминланди. Оилавий тад­биркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 150 минг ёшга 3,2 триллион сўм имтиёзли кредит, 163 минг ёшга 67 минг гектар экин майдони ажратилди. 662 минг нафарига ўзини ўзи банд қилишига кўма­клашилди, 56 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

“БЕШ ТАШАББУС ОЛИМПИАДАСИ”

2023 йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси”ни 4 та йўналиш — маҳал­ла, мактаб, профессионал таълим ва олий ўқув юртларида ўтказиш йўлга қўйилиб, жами 11,7 миллион, яъни 2022 йилдаги­га нисбатан 5,5 миллион нафар кўп ёш қамраб олинди. Ғолиб ёшларнинг маҳал­лаларида 623 та спорт майдончаси қуриб берилди. Илк маротаба ташкил этилган “Касблар танлови” (ошпазлик, тикувчи­лик, ҳунармандлик, қандолатчилик, эрка­клар сартарошлиги йўналишлари бўйича) мусабақалари жуда кўплаб ёшларни бир­лаштирди.Шунингдек, ногиронлиги бўлган, ижти­моий ҳимояга муҳтож ҳамда иқтидор­ли 4500 дан ортиқ ёш иштирокида Са­марқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз каби тарихий ва диққатга сазовор шаҳар­ларга “Инклюзив Ўзбекистон” шиори остида бепул саёҳатлар ташкил этиш учун 2,3 миллиард сўм ажратилди. Бугунга қа­дар 17 маротаба саёҳат уюштирилиб, но­гиронлиги бўлган жами 3500 дан ортиқ ёш жалб этилди.

Шунингдек, 30 июнь – Ёшлар куни му­носабати билан ташкил этилган ёшлар ойлигида 5 миллион нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтка­зилган учрашувдаги топшириқлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳар йили икки мавсумда, спорт, маданият ва санъат, китобхонлик, касб-ҳунар йўна­лишлари бўйича кенг қамровда ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Президентимиз­нинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳалла­ларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 февралдаги “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва қо­билиятларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”­нинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш” тўғрисидаги 28-баёни ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилги мусобақаларни ўтказиш ка­лендар-режаси ишлаб чиқилиб, тарғибот қилинди, мусобақаларда қатнашиш учун талабгор ёшлар рўйхатга олинди.

ЙИЛНИНГ ЭНГ ЙИРИК ЛОЙИҲАЛАРИ

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувват­лаш мақсадида Тошкентда­ги Ёшлар ижод саройида креатив парк фойдала­нишга топширилди. Саройнинг бирин­чи қаватида 150 ўринли “Ижод” китоб дўкони очилди.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 97 минг нафардан ор­тиқ ёш учун 239 та та­лабалар турар жойида ёшларга оид давлат сиё­сатини тарғиб қилувчи махсус стенд, китобхонликни ривожланти­риш учун 50 номдаги 23,9 мингта бадиий адабиёт ҳамда QR-кодли китоблар стен­дидан иборат “Китоб карвони” лойиҳаси ташкил этилди. Хорижий тилларни ўрга­тишга қаратилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 22 та тил бўйича 1800 дан ортиқ видеодарс яратилиб, 2 миллион ёш қамраб олинди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 20 январдаги қарори ижросини таъмин­лаш мақсадида “Заковат” интеллектуал клуби учун алоҳида бино ҳамда Интел­лектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этил­ди. Республика миқёсида “Заковат” ин­теллектуал ўйини, кубик-рубик, ментал арифметика, мнемоника каби ўйинлар ташкил этилиб, аҳоли ўртасида омма­вий-маърифий ҳаракатга айлантирилди. “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйин­ларга 2 миллион ёш жалб этилиб, “Қарши шаҳри – 2024 йилда интеллектуал ҳудуд” деб эълон қилинди.

Википедиа интернет тармоғида ўзбек тилида яратилган мақолалар сони 239 мингтага етказилиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 45-ўринга кўтарилди. Чет тилларни ўрганиш бўйича 18 та халқаро имтиҳон ти­зимида 70 фоиздан юқори натижа кўр­сатган 12359 ёшга 21,7 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Ёшларнинг интел­лектуал салоҳиятини шакллантириш мақса­дида “Зукко китобхон”, “Билим учун 100 миллион” лойиҳалари амалга оширилди.

Аждодлар меросини ўрганиш мақ­садида “Уйғониш” рукни остида илк Уй­ғониш даври алломалари ва уларнинг илмий мероси хусусида сўз юритувчи 7 та китобдан иборат тўплам чоп этил­ди. Китоблар матни илк Уйғониш даври олимлари ҳаёти, фаолияти ва ижоди би­лан боғлиқ илмий манбалар асосида бир неча олий ўқув юртларининг етук олим­лари томонидан шакллантирилди ҳамда нашрга тайёрланди. Айни пайтда Президентимизнинг 2023 йил 28 ноябрдаги “Ёшлар учун минг ки­тоб” лойиҳасини амалга ошириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, энг сара илмий-оммабоп ва бадиий адабиётларни хорижий тиллар­дан ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш бўйича “1000 китоб” лойиҳаси усти­да амалий ишлар бошланди. Жумладан, дастлабки 10 та китоб бўйича муаллиф­лик ҳуқуқини олиш юзасидан шартнома­лар имзоланди.

ЁШЛАР ЕТАКЧИЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Давлатимиз раҳбари­нинг 2022 йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учра­шувдаги топшириқлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, “Беш ташаббус олимпиада­си” ҳар йили икки мавсумда, спорт, маданият ва санъат, китобхонлик, касб-ҳунар йўналишлари бўйича кенг қамровда ўтказиб келинмоқда.

Республикамиздаги 9448 та маҳаллада­ги ёшлар етакчилари фаолиятини мунта­зам қўллаб-қувватлаш, услубий-методик ёрдам кўрсатиш доимий равишда эъти­бор марказида турибди. 2023 йил май ойида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тума­нидаги ёшлар оромгоҳида “Ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими” бўйича республика ўқув семинари ташкил этилиб, “Ёшлар билан индивидуал ишлашни ташкил этиш бўйича” услубий қўлланма ишлаб чиқилди ва барча ёшлар етакчи­ларга тарқатилди. Бундан ташқари:

– ёшлар етакчилари учун “7+2” энг муҳим вазифаларни ўз ичига олган 2 та видеодарслик ишлаб чиқилди;

– ёшлар етакчиларининг фаолиятига оид барча статистик маълумотларни ўз ичига олган “Ён дафтарча” ишлаб чиқи­либ, етакчиларга тарқатилди;

– ёшлар етакчиларининг фаолияти йўна­лишларини белгилайдиган ҳафталик иш режа ва унинг ҳисоботини олиш тизими йўлга қўйилди;

– фаол ишлаётган етакчиларнинг 4 на­фари Туркия ва 7 нафари Россияга стажи­ровкага юборилди;

– олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган 474 на­фар ёшлар етакчисининг 2-семестр шарт­номаси учун 3 миллиард 159 минг сўм тўлаб берилди;

“Йилнинг энг намунали маҳалла етак­чиси” республика танлови ўтказилди.

Ўтган йил декабрь ойида – “Ёшлар фо­руми” доирасида ёшлар ва раҳбарлар ўр­тасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш мақ­садида барча вазирлик ва идораларда юз минглаб ёшлар билан учрашувлар таш­кил этилиб, кўплаб муаммоларга ечимлар топилди.

2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганини ҳисобга олсак, бу йил ёшлар манфаатларини таъминлашга янада кенг кўламли ишлар амалга оширилади.

Шубҳасиз, ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи. Бизнес ва тад­биркорлик эса замонавий иқтисодиёти­мизнинг асосини ташкил қилади. Жорий йилнинг ана шундай номланиши ёшлар­ни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлашга усту­вор аҳамият қаратилишидан далолатдир. Жумладан, бу йил юртимизда 5 милли­он аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди. Давла­тимиз раҳбари қатъий таъкидлаганидек, “камбағалликни кескин камайтириш учун одамларимизга доимий даромад келти­радиган иш ўринларини яратиш зарур”.

2024 йилда йигит-қизларни ҳар томон­лама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда му­носиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади. Биз­нес ва тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга, айниқса, тадбиркор ёшлар­га янада кенг имконият ва имтиёзлар тақ­дим этилади.

Юқорида таъкидлаганимиз – “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва иш­сизлик даражасини камайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. 400 минг ёшнинг бандлигини таъминлаш ва му­аммоларини ҳал этишга эришиш, ёшлар­нинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга тушириш мақсад қилинган. Бу борадаги вазифалар “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да изчил амалга оширилади.

Шунингдек, ёшлар орасида катта қи­зиқиш билан кутиб олинган “Ибрат фар­зандлари” лойиҳаси орқали чет тиллар­ни ўрганаётган ёшларни 1 миллион на­фарга, китоб­севарларнинг “ М у т о л а а ” дастури орқали ёш китобхон­ларни 1,5 мил­лион нафарга етказиш чора­лари кўрилади. Бунинг учун ҳу­дудларда қўшим­ча инфратузилма барпо этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъ­додини рўёбга чиқариш учун янада кенг шароитлар яратилади.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Бу ишларнинг дебочаси ўлароқ, тадбир­корликни бошламоқчи бўлган қизларни ўқитиш учун махсус грант эълон қилинди. Бунда икки ой давомида 50 нафар қиз илк босқичдан бизнес бошлашнинг амалий усулларини 10 нафар тажрибали эксперт­дан бепул ўрганади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 18-30 ёш оралиғида бўлган, Тошкент шаҳрида яшайдиган ёки яшаш имконига эга номзодлар кўриб чиқилади.

Юқоридагилардан кўриниб турибди­ки, бу йил юртимиздаги 19 миллиондан ортиқ ёш учун улкан имкониятлар йили бўлади. Бизнес ва тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фан, ин­новация, ахборот технологиялари соҳа­ларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Ёшларнинг илғор ғоя ва та­шаббуслари, интилишлари янада рағбат­лантирилади.

Шу боис Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладан республикагача бўлган вер­тикал тизимидаги барча раҳбар ва масъул ходимлари, ёшлар етакчилари “Ўзбекистон–2030” страте­гиясини “Ёшлар ва бизнесни қўл­лаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури­да белгиланган ҳар бир топ­шириқ ва ва­зифаларнинг и ж р о с и н и юқори сави­яда таъминлаш учун тўлиқ сафарбар қи­линди.

Бу борада 2023 йил 21 ноябрь куни ижро интизоми масалалари бўйича ўтка­зилган видеоселектор йиғилишида Прези­дентимиз томонидан белгилаб берилган қуйидаги талаблар топшириқлар ижроси бўйича якуний натижадорликка эришиш­нинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади:

биринчиси – тизим яратиш;

иккинчиси – тартиб ўрнатиш;

учинчиси – темир интизомни таъмин­лаш;

тўртинчиси – раҳбарлар ва бошқарув тизими ходимларининг дунёқарашини кескин ўзгартириш.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш