Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши том маънода ўзини зиёлиман, деган ҳар бир инсон қалбини бедор қилгани рост. Йиғилишда ўртага ташланган масалалар, ғоялар, ташаббуслар, саволлар бугун ҳар биримизни ҳар куни уйғотиб турувчи овозга айланиши шарт.

Негаки, бугун тарбия, маърифат, ватанпарварлик — миллат эртаси, Ватан тақдири, юрт келажаги деганидир. Бу жиҳатларга эътиборсиз қараш, “менинг ишим эмас”, қабилида яшаш гўёки халққа қилинган хиёнатдир. Президентимиз ҳам “Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек“, “ўзбекистонлик“, “Ўзбекистон“ деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади», дея таъкидлаб ўтди.
Бугун ҳаракатларимизни натижага, натижаларимизни давомийликка айлантириш замони. Бугунги давр тезкор. Тўхташ – ортга, ҳаракатсизлик – мағлубиятга, сукунат – ғоялар ҳужумига олиб келади.
БУГУН ҲАР БИРИМИЗ ҒОЯВИЙ ЖАНГЧИ, ҲАР БИРИМИЗ ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК
Глобаллашув шароитида кун тартибига аввало, инсон онги ва қалбини забт этиш марраси қўйилмоқда. Курашлар кескин тус олаётган бир даврда халқаро майдонда ёшларни ҳар қандай хавф ва таҳдидлардан асраш, уларнинг мустақил фикри, эътиқоди ва қатъий ҳаётий позициясини шакллантириш энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалардан бири бўлмоқда.
Президентимизнинг “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, – деган фикр юртимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ўзбек фарзанди учун ҳаётий шиор бўлиши керак. Чунки сўнгги пайтларда урушга муносабат ўзгарди, қуролнинг янги тури кашф қилинди. Бу қурол – ғоявий қуролдир. Ҳозирда ахборот ҳарбий снарядга, Интернет тажовуз қуролга айланганини тан олишимиз керак. Бу қурол ёрдамида инсон онги ва қалби нишонга олинади. Бошқача айтганда, кишилар онги жанг майдонига айланган, ахборотдан эса вайронакор қурол сифатида фойдаланилмоқда. Бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатига зид ҳаракат қилишга ундайди, демак, инсонни бошқариш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш имконини беради.

Ўқ отиш ҳарбий тайёргарликни талаб қилади, кимга, қандай отиш учун эса мафкуравий тайёргарлик керак. Шу маънода бугун бўлажак ҳарбийларимиз нафақат билак кучига таяниши, балки мафкуравий таҳдидларни англаши, замонавий ахборот технологиялари, маърифат билан бирга яшаши шарт.
Биринчидан, ахборот уруши жуда камхарж – қўшин сақлашни, қурол-яроғ сотиб олишни талаб қилмайди. Иккинчидан, ахборот уруши ҳеч қандай чегараларни тан олмайди. Ахборот урушида инсон онги, миллат руҳияти нишон ҳисобланади. Бу урушда бинолар зарар кўрмайди, одамлар ўлдирилмайди, моддий бойликларга шикаст етмайди. Лекин унинг мафкуравий, маънавий, руҳий зарарини баҳолаш жуда қийин. Шунинг учун бундай урушни “ментал уруш” деб ҳам аташади.
Буни қуйидаги далил ҳам яққол тасдиқлайди: ҳозирги вақтда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида “онлайн қўшин” мавжуд. Уларга ҳар йили жуда катта миқдорда маблағ сарфланмоқда.
Биз аудиториямизни яхши билишимиз ва унга мос технологиялардан фойдаланишимиз зарур. Бунинг учун “X-Y-Z авлодлар” назариясига таяниш ҳамда ҳар бир маънавий тарбияни унга мос тарзда ташкил этиш кутилган самара беради.
Маълумот учун, “X-Y-Z авлодлар” назарияси америкалик олимлар Н. Хоув ва В. Штраус томонидан фанга олиб кирилган. Бу назарияга кўра, тарғиботни амалга оширишда авлодларнинг қизиқишлари ва ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилади. 1963-1983 йилларда туғилганлар — “X” авлод, 1983-2002 йилларда туғилганлар — “Y” авлод, 2003 йилдан ҳозирги кунга қадар туғилганлар — “Z” авлод ҳисобланади. Кўриниб турибдики, бизнинг аудиториямизни “Z” авлодга мансублар ташкил этади.
Натижага йўналтирилган, прагматик ёндашувлар керак. Биз, аввало, ўқувчи-талабаларимизда қандай сифатларни (билимларни эмас, айнан сифатларни) шакллантиришимиз керак, деган саволга жавоб топишимиз зарур.
Бугун Маънавият ва маърифат маркази ўз фаолиятини янги босқичга кўтаришда бу каби аниқ таҳлилий ёндашувлар, замонавий методлардан фойдаланишни мақсад қилиб, бу йўлда бир қатор амалий ҳаракатларни бошлади.
ФАОЛ ФУҚАРО – УЙҒОҚ ЖАМИЯТ, ОГОҲ ЯШАШ ДЕГАНИ
Жадид алломалар шундай фикрни билдиришган: “…Бу тунда ёруғ шам ёнмас, чақмаса гугуртни асли ўғуллар…”. Бугун жамият уйғоқ, ҳар қандай ғоявий таҳдидларга огоҳ бўлиши фуқароларнинг фаоллиги, дахлдорлик ҳисси билан яшашида сезилади. «Асли ўғуллар» миллатнинг фидоийлари, уйғоқ қалбларидир.
Биз бугун маънавият ва маърифат ишини янги поғонага кўтариш учун аввало, фаол фуқароларга эҳтиёж сезамиз. Шу сабабли ҳозирда Марказда олимлар, соҳа мутахассислари томонидан “Фаол фуқарони шакллантириш” Концепцияси лойиҳаси тайёрланмоқда.
Концепцияда бола то она қорнидалигидан бошлаб, улғайгунча унга бериладиган эътибор, тарбия, маърифий озуқа асослари яратилмоқда. Бунда тадқиқот натижаларига таяниб, психологик, физиологик хусусиятлари ҳам инобатга олинмоқда.
Уйғоқ фикрлиларни тарбиялаш бугун олдимизга қўйган асосий мақсад ва вазифаларимиздан биридир.

Буюк аждодимиз имом Мотуридийнинг “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳикматли сўзлари бор.
Бугун Президентимиз бошчилигида халқ билан мулоқот қилиш, уларни тинглаш сиёсат даражасига кўтарилди. Ҳар қандай ислоҳотлар, аввало, халқ билан келишилиб, ҳамфикрликда, ҳамжиҳатликда амалга оширилмоқда.
Ҳар қандай ислоҳотнинг самарали амалга ошиши жамиятнинг унга билдираётган муносабати, фидойилиги, ташаббускорлиги ва дахлдорлиги билан боғлиқдир.
Концепцияда аҳамият қаратилаётган яна бир жиҳат бу — маърифатдир. Маърифат илм-фан, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, илмий тадқиқотлар дегани. Бежизга жадид боболаримиз юртни тараққиётга олиб чиқиш учун ягона нажот сифатида илмни кўрмаган. Зеро, нажотни тарбия, қадриятлар билан уйғун бўлган билимгина бера олади.
Тарихда боболаримиз сўзи, илми, қалби билан ватанни ҳимоя қилган. Улар “ғоя жангчилари”га айланиб, халқнинг “кўзини очиш”га ҳаётларини тикиб бўлса ҳам бел боғлаган. Бугун бизга ҳам шунақа фидойи, фаол инсонлар керак. Бунинг учун вояга етаётган авлодни шу руҳда тарбиялаш ҳар биримизнинг — оила, маҳалла, таълим муассасаси, жамоатчилик вазифасига айланиши шарт.
Имом Ғаззолий “Илмнинг аввали сукут, сўнг эшитиш, сўнг ёд олиш, сўнг амал қилиш, сўнг уни тарқатишдир”, — дея таъкидлаган.
Концепцияда зиёлиларнинг ўз билганларини билдириши, тарқатиши масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Агар у бугун “менга тинчлик керак” деса, жамиятда нотинчлик кўпаяверади, у “мен гапирмайман, билганимни ўзим биламан” деса, душманларимизни “минбар”га чиқарган бўлади. Холис бўлиб айтайлик: бундай қараш билан яшайдиган олим, зиёли, ижодкору санъаткорнинг миллатга қилган хиёнати эмасми?!
Шу сабабли фаол фуқаролар сафининг энг олдида зиёлилар ҳаракатга келиши бўйича бир қатор чора-тадбирлар, ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.
“МАЪНАВИЯТ СЕКТОРИ” —ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҲАРАКАТ
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Маънавият ва маърифат Кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги тўртта секторга қўшимча бешинчи –“Маънавият сектори”ни ташкил қилиш бўйича таклиф билдирган эди. Бу эзгу ташаббус билан маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилмоқда. Туман, шаҳарларда маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилмоқда. Янги сектор жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиши белгиланди.
Маънавият сектори фаолиятини намунали ташкил этиш учун:
– мактабгача, мактаб, олий таълим муассасалари, лицей ва коллежларда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиявий ишларни ўрганиш;
– ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш;
– вазирлик, идора ва ташкилотлардаги маънавий-маърифий ишлар ҳолатини мувофиқлаштириш;
– медиа маконда маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчан усул ва услубларини ўз ичига олган миллий контентлар тайёрлаш каби аниқ вазифалар тақсимотига асосан ишчи гуруҳлари тузилиб, вилоят, туман, шаҳарлар миқёсида олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда маҳалла тажрибалари ўрганилди.
Бугун Президентимиз бошчилигида халқ билан мулоқот қилиш, уларни тинглаш сиёсат даражасига кўтарилди. Ҳар қандай ислоҳотлар, аввало, халқ билан келишилиб, ҳамфикрликда, ҳамжиҳатликда амалга оширилмоқда.Ҳар қандай ислоҳотнинг самарали амалга ошиши жамиятнинг унга билдираётган муносабати, фидойилиги, ташаббускорлиги ва дахлдорлиги билан боғлиқдир.
Секторнинг маҳалла бўғинини ташкил этишда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Дукчи Эшон” маҳалласи, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Қирсадақ” маҳалласи тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти Маънавият ва маърифат кенгаши раиси ташаббуси билан вилоятдаги 965 та умумтаълим мактаби, 454 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та олий таълим, 54 та профессионал таълим муассасаси, 360 та ташкилот ва корхоналар ҳамда 724 та маҳаллада бир пайтнинг ўзида сектор бўғинлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қилинган амалий ишлар таҳлил қилиниб, секторнинг Низоми, Концепцияси, чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Марказ томонидан ҳудудларда сектор фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича уларнинг инфратузилмаси, ижтимоий-маънавий муҳити ҳисобга олинган алоҳида намунавий методик қўлланмалар, тавсиявий йўриқномалар яратилди.
Маълумки, бугун мамлакатимизда 29 минг 420 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 минг 180 та умумтаълим мактаби, 213 та олий таълим муассасаси мавжуд. 37 миллион нафар аҳолидан 8,5 миллиони мактабгача таълим ташкилотлари, 6,5 миллиони умумтаълим мактаблари, 1 миллион 300 минг нафари олий таълим муассасаларига қамраб олинган.
“Маънавият сектори” — юртимизнинг турли жабҳаларида аҳолини, айниқса, ёшларни миллий ғурур, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар йўлидаги амалий ишларни мувофиқлашитирувчи, ёшларга оид давлат сиёсатида самарадорликлар ҳисоботини юритувчи энг масъулиятли фаолиятдир.
ҚАРОР ИЖРО БИЛАН КУЧЛИ
Буюк мутафаккир Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асари неча асрлардан буён қайта-қайта нашр этилиб, ўқиб келинмоқда. Ушбу асарда “Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўйиши керак эмас. Агарда фармонниг ижроси чўзилиб кетганлиги тўғрисида хабар етса, ундай кишига, агар у яқинлари бўлса ҳам, жазо берилади” дея таъкидланган. Бинобарин, қонун ижроси билан кучлидир.
Ўтган йил 22 декабрда бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан қатор вазифалар белгилаб берилди, топшириқлар айтилди.
Мазкур топшириқлар ижроси ҳудудларда, вазирлигу, ташкилотларда қандай таъминланганини аниқлаш мақсадида Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудудлар бўйлаб таҳлилий-танқидий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Натижалар кўрсатмоқдаки, айрим туман Маънавият ва маърифат кенгаши раислари, соҳага масъул ходимлар ўз вазифаларини сидқидилдан бажармаган, маърифий-тарбиявий ишларга етарли эътибор берилмаган.
Бу каби камчиликлар сабаб айрим ҳудудда соҳа ривожланмаган, маънавият ўн қадам олдинда эмас, 100 қадам орқада қолиб кетган.
Ҳа, ютуқлар ҳам бор. Бироқ уларга маҳлиё бўлиш, тарбия, маърифат билан боғлиқ ишларни орқага суриш, «қўл учида» ишлаш – келажакка қилинган хиёнатдир. Буни асло кечириб бўлмайди.
Шу сабабли бу каби ўрганиш ишлари барча ҳудудлар кесимида ўтказилмоқда. Улар орқали фаолият таҳлил қилинади, камчиликлар кўрсатилади, муаммолар ўрганилади, таклифлар ишлаб чиқилади. Мақсад битта – фаолиятимизни шаффоф, мақсадли, натижали, самарали амалга ошириш.
ЭЗГУЛИК ШИОРИ АМАЛДА
“Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, – дея таъкидлади Президентимиз.
Ҳақиқатан ҳам биз янги кучга, янги ҳаракатга айланишимиз шарт. Бу — замон талаби. Маърифатпарварларимизнинг “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғояси бугун ҳам долзарб. Бугун ўз олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун барчамиз бирлашишиз, ҳаракатларимизни бир кучга айлантирсаккина тарбия, илм янги ҳаракатга айлана олади.
Шу маънода Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Кинематография миллий агентлиги ва бошқа қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликдаги режаларимизни бирлаштирмоқдамиз, мақсадли меморандумларни имзоламоқдамиз.
Ҳамкорликда бошлаётган ишларимиз мазкур жиҳатларни янги, замонавий босқичга кўтаришга қаратилган.
Дастлабки натижа сифатида ҳозирда Кинематография миллий агентлиги билан ҳамкорликда “Биз бир бўлсак – ягона халқ, бирлашсак — Ватанмиз” шиори остида чекка ҳудудларда турли хил лойиҳалар, “Кинокарвон” акциялари ўтказилиб келинмоқда.
Бугунги таҳликали замонда Маънавият ва маърифат маркази бу зиёлилар кучи, уларнинг фидойилиги, уйғоқ қалблар, шижоатли ёшлар ҳаракати, минбари, овозига айланиши лозим.
Шу бирлашувга қаратилган қатор лойиҳалар устида ишланмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида барча зиёлиларни бирлаштириб, Марказ ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида “Маърифат боғи” яратилди. Бу ҳаракат зиёлиларнинг келажак олдидаги масъулияти, виждон иши сифатида барча ҳудудларда давом эттирилиши белгиланди.
Ҳозир замон 100 йил олдин доно жадид бобомиз айтгандек, “Турма – югур, тинма – тириш, букилма – юксал!” шиорини баланд тутишни талаб қилмоқда. Зеро, бугун биз турсак, душманларимиз югуради, биз букилсак, уларнинг вайронкор ғоялари юксалади. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди.