ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

ОҚЛАНАЁТГАН УМИД

Жавоҳир АҲМЕДОВ,

Мамлакатимизда улғайиб келаётган ёш авлодга қанот бўлиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш тараққиёт сари ташланган муҳим қадамдир. Зеро, замонавий билим ва малакани эгаллаган салоҳиятли кадрларга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Бу борада истеъдодли ёшларни ривожланган давлатларнинг ўқув юртларида ўқитиш, кейинчалик уларнинг салоҳияти, тажрибаси ҳамда ёрдамига таяниш энг оқилона тадбир саналади. 2018 йилда ташкил э тилган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий мақсади – иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлаш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этишдан иборат.

2018 йилда 378 нафар, 2019 йил – да 600 нафар, 2020 йилда 15 нафар (пандемия даври), 2021 йилда 313 нафар, 2022 йилда 320 нафар, 2023 йилда 274 нафар, 2024 йил 119 нафар истеъдодли ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёрдамида 45 га яқин хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олди. Ҳозирги пайтда уларнинг 1 277 нафари юртимизга қайтиб, хорижда олган илғор билим-кўникмаларини иқтисодиётнинг турли соҳалари ва тармоқларида самарали қўлламоқда. Айни вақтда 535 нафар стипендиат АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Корея, Хитой, Россия каби давлатларда глобал академик рейтингда “ТОП – 300” таликка кирган университетларда, жумладан, “University of Oxford”, “University College London”, “Columbia University” ҳамда “Cornell University” каби олийгоҳларда таълим олмоқда. Алоҳида қайд этиш керакки, дунёда кечаётган нотинч ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ёшларининг хорижда таълим олишига давлат бюджетидан мунтазам маблағ ажратилаётгани хорижлик ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Шу ўринда бевосита жамғарма фаолиятига тўхталадиган бўлсак, ҳар йили хорижда таълим олиш дастурлари бўйича вазирлик ва идораларнинг реал эҳтиёжлари ўрганилади. Жумладан, 2023 йил учун бакалавриат дастурига 253 та, магистратурага 1259 та, докторантурага 556 та ўрин кераклиги аниқланган. Мазкур эҳтиёжлардан келиб чиқиб, жамғарма таълим дастурлари бўйича хорижда таълим олиш учун бакалавриатга 75 та, магистратурага 275 та ва докторантурага 150 та ўрин ажратилди. Жамғарма томонидан ўтказилган 2 та очиқ стипендия танловлари олдидан стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора ва ташкилотлар, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар ва мутахассислар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган ҳудудий семинарлар ўтказилди.

Семинарларда жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган ўринлар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми, электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби, ёшларга хорижда таълим олиши учун яратиб берилган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Мазкур семинарларда барча ҳудудлардан 190 минг нафардан ортиқ ёшлар мутахассис ва номзодлар иштирок этди. 2023 йилги 1-очиқ стипендия танлови натижаларига кўра, бакалавриат таълим дастурида 53 нафар, магистратура таълим дастурида 82 нафар ва докторантура таълим дастурида 20 нафар номзод “Жамғарма стипендиати” мақомига сазовор бўлди. Стипендиатларнинг ижтимоий мансублик даражаси таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг 4 фоизи етимлар, 9 фоизи ота-онаси ишсизлар, 48 фоизи оддий оилалар ва 22 фоизи тадбиркорларнинг фарзандлари, 13 фоизи давлат хизматчилари, 4 фоизи эса ўрта ва юқори бўғин бошқарувида фаолият юритаётган шахсларнинг фарзандлари ҳисобланади. Стипендия ғолибларининг 52 нафари (34 фоиз) “STEM фанлари” ва “IT” соҳалари, 39 нафари (25 фоиз) “Бизнес, бошқарув ва ҳуқуқ” соҳаси, 24 нафари (16 фоиз) “Таълим” соҳаси ҳамда 21 нафари (14 фоиз) “Ижти- моий фанлар, журналистика ва ахборот” соҳаси ва 19 нафари (11 фоиз) бошқа соҳалар бўйича хорижга таълим олиш учун юборилди. 2023 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жамғарманинг 2-очиқ стипендия танлови ўтказилди. Танлов натижаларига кўра, бакалавриатга 33 нафар, магистратурага 77 нафар ва докторантурага 9 нафар номзод лойиқ топилди. Жамғарма стипендияларига тавсия этилаётганларнинг 82 нафари (69 фоиз) эркак ва 37 нафари (31 фоиз) аёл. Уларнинг 48 нафари (40 фоиз) АҚШ, 34 нафари (29 фоиз) Буюк Британия, 12 нафари (10 фоиз) Рос- сия, 10 нафари (8 фоиз) Италия, 4 нафари (3 фоиз) Австралия ва 11 нафари (9 фоиз) бошқа мамлакатлардаги нуфузли университетларга таълим олиш учун юборилади. Шу билан бирга, хорижда таълим олиб қайт ган стипендиатларнинг меҳнат фаолияти мониторингини ўтказиш, таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, касбий ўсиши ҳамда муносиб лавозимларга тавсия этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчилари раҳбарлигида вазирликлар раҳбарлари иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, натижалари юзасидан ҳар чоракда Президент Администрациясига ахборот киритиб борилмоқда. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари томонидан ўзларига бириктирилган жамғарма стипендиатлари билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қўшимча қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. 2023 йилда стипендиатларнинг таълим олиши ва таълим олишдан кейинги меҳнат фаолияти мониторинги ўтказилиб, бу борадаги чора-тадбирлар режаси аниқлаштирилди. Бундан ташқари, йил давомида 20 тадан ортиқ давлатларда таҳсил олаётган 500 нафардан ортиқ жамғарма стипендиатлари билан жамғарма раҳбарияти иштирокида 35 маротаба видеомулоқот ўтказилиб, муаммо ва камчиликлар муҳокама этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад стипендиатларнинг меҳнат фаолияти ва ўқиши давомида дуч келаётган муаммолари ҳамда таклифларини яқиндан ўрганиш, стипендиатлар орасида “networking” алоқаларини янада кучайтириш, стипендиатлар ва жамғарма ўртасида ўзига хос самарали мулоқот кўпригини йўлга қўйишдир. Бугунги кунда жамғарма ҳамда 120 дан ортиқ хорижий университет ва ташкилотлар ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланган. Хусусан, Буюк Британиянинг University of York, University of Reading, University of Birmingham, University of Glasgow, “Kaplan International Pathways”, АҚШнинг University of Minnesota, Colorado State University, Австралиянинг University of Sydney, Испаниянинг “SEPIE”, Малайзиянинг “EMGS” каби 20 дан ортиқ нуфузли ташкилотлар билан икки томонлама меморандумлар имзоланиб, стипендиатларнинг ўқиш харажатларига 10 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар олишга эришилди. University of Oxford, Université Paris-Saclay, Universiti Sains Malaysia (USM), University Of Southern California, Cardiff University, Sejong University, University of Nagoya, University College London, Ghent University, Macquarie University каби нуфузли университетлари билан меморандум лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, айни пайтда улар имзоланиш жараёнида. Шу ўринда жамғарма стипендиатлари инженеринг ва мехатроника, муҳандислик ва техник мутахассисликлари бўйича Буюк Британия, Германия, Италиянинг нуфузли университетларида таълим олган ёш мутахассислар ҳозирда “Ўзавтосаноат” АЖга қарашли “BYD Uzbekistan Factory” корхонаси, Тошкент кимё-технология институти, Андижон машинасозлик институтида муваффақиятли меҳнат қилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жамғарма турли корхона ва ташкилотларнинг фаолият йўналишлари бўйича хорижда малака оширишига ҳам амалий ёрдам бермоқда. Хусусан, жамғарма кўмагида “Ўзбеккосмос” агентлиги тизимидаги 7 нафар масъул ходим Россиянинг ““Hexagon Geospatial” ташкилоти билан ҳамкорликда геофазовий технологиялар ёрдамида ерни масофадан зондлаш ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича онлайн малака ошириш курсини битирди. Бундан ташқари, Германиянинг “Janser Consult” ташкилоти билан ҳамкорликда “Навоийуран” давлат корхонасининг 12 нафар ходимлари стажировка ўташга муваффақ бўлишди. Жорий йилнинг 25 июнидан 25 июлига қадар 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови учун ҳужжатлар қабул қилиниши эълон қилинди. Маз- кур танловда бакалавриат таълим дастури учун 100 ўрин, магистратура таълим дастури учун 250 ўрин ҳамда докторантура таълим дастури учун 150 ўрин ажратилган. Номзодлар учун барча зарур маълумотлар жамғарманинг онлайн ҳужжат топшириш платформасида батафсил таништирилади. Бундан ташқари, танловга оид маълумотлар билан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг расмий сайтида ҳам танишиш мумкин. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси иқтидорли ёшларни танлаш йўли билан хориждаги нуфузли ўқув юртларида ўқитиш, билим ва малакаларини оширишга катта эътибор қаратмоқда. Бу орқали етук мутахассислар тайёрланиб, уларнинг билим ва тажрибалари келгусида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш