ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

Беҳбудий ва ёшлар

Баҳодир КАРИМ

Газетанинг жами қирқ бешта, журналнинг эса олтмиш саккизта сони чиқади; чор маъмурларининг зуғуми билан ёпилади. Фикр тарқатишдан, ҳар икки нашрни ташкил этишдан асосий мақсад тараққий қил­моқ, ёшларни онгли-шуурли, кенг дунёқарашли, тилни, сиёсатни, ҳаётни чуқур биладиган қилиб тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ эди, албатта.

Беҳбудий ижодидаги қаламга олинган ҳар қандай масала таълим, замонавий билим, тараққий этган дунё аҳли билан баравар бўлиш билан бошланиб, давоми­дан ҳурлик, элпарварлик ғоялари билан уйғунлашиб кетади. Биргина “Падаркуш” драмаси номига “ўқимаган боланинг ҳоли” иловасининг қўшилиши бежиз эмас. Ўқиган билан ўқимаган, билганлар билан билмаганлар тенг бўлмаслиги маълум. Драмада ўқимаган боланинг келажаги барбод бўлади, эл-юртига фойдаси тегмайди, охир-оқибат отасининг қотилига айланади, деган ғоя ўзининг бадиий-саҳнавий талқинини топди.

Тараққий қилиш учун, Беҳбудий қарашича, миллат моддий ва маънавий жиҳатдан юксалиши, ўртадан нифоқлар кетиб, ёшлар билан катталар бирлашиши лозим. Акс ҳолда инсон тинчлик-хотиржамлик неъ­матидан, ўз истиқоматида мухторият ва ҳурриятдан бебаҳра қолдиради. Шунинг учун ҳам “Халқимизнинг ҳозирги ихтилофи мени дилхун этар, маъюс этар. Бошқа миллатлар иттифоқ ила ишлаганда, биз бир-биримиз ила душмандиқға турсак, вой бизнинг ҳолимизға…”, деб ўртаниб ёзди.

Аслида ориф, чин олимнинг жамиятдаги ўрни ва вазифаси юлдузларнинг коинот-галактикадаги ўрни ҳамда вазифасига ўхшайди. Олимлар – ер юзининг юлдузлари. Зиё таратади, зулматни ёритади. Жадид­лар ва уларнинг раҳнамоси бу ҳақиқатни теран англади. Шу боис ҳали Туркистон мустамлака ҳолида экан, Беҳбудий ёшларни илмга, ўқиш-ўрганишга даъ­ват қилади: “Бизға лозимки, ўз нафсимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлук. Давлат мансабларига кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хизмат этайлук…”.

Кўп ҳолларда ерли аҳоли тепасида турган “хўжайин”лардан ҳайиқиб, худди айбли одамдек шижоат ва жасорат кўчасига кира олишмаган. Беҳбудий “Эй ҳаз­рати уламо”, “Эй Туркистон мусулмонлари”, “Муҳтарам биродарлар”, “Эй ёшлар”, “Эй тужжор” каби чақириқлари изидан уларни бирла­шишга, ўзи ва дунё ҳолига ибрат назари билан қарашга, Ватан аҳлининг ривожи учун хизмат қилишга, ўзаро зиддият, нифоқ ва душманликка баҳрам беришга чорлайди.

Беҳбудий ташкил этган журналини “Ойина” деб атади. Одам ойинага ҳар куни қарайди, газета ва журналлар ҳам ўз вақтида олимдан то оддий одамгача кўзгу вазифасини бажарди. Беҳбудий театрни ибратнамо, ибратхона, деб атади. Мушаххас-артистларнинг диологи ва монологлари, хатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларидан саҳнада турли таби­атли инсонлар бўй кўрсатади, воқелик намоён бўлади, табиийки, ундан ибрат олинади. Беҳбудий таъкидича, театрда “Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни сўзла” ҳа­диси шарифининг “мазҳари”, яъни зоҳир бўлиши лозим. Дарвоқе, у ўз асарларида айни ҳикматни кўп бора қўллагани куза­тилади.

Ўз вақтида ибратхона — театр туркистонликлар фикр-тушунчаларини ўнглаш майдони, уйғотиш бонги вазифасини бажарган эди. Фикрни янгилаш – таъ­лимдаги ислоҳотларни янгилашдан бошланади. Фикрни уйғотиш мудроқ юракларни маърифат суви билан тоза­лаш орқали бўлади. Беҳбудий ғафлат уйқусида ётган Туркистон аҳлини мада­ниятга, ўз ҳақ-ҳуқуқини билишга, дунё тамаддуни билан бўйлаш­моққа даъват қилди. Ўз даврининг ёшларига мурожаатида ёзди: “Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки: мактаблар тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дурдонасидур”. Беҳбудий янги мактабларда замонавий илм оладиган ёшлар фаровон жамият учун куч-қуввати бўли­шига ишонди.

Зеҳн солиб қаралса, Беҳбудий замо­нида кўтарилган айрим ижтимоий-маи­ший ва маърифий масалалар бугун ҳам долзарб бўлиб турибди. Аламли бир мақоласига “Бизни кемиргувчи иллат­лар” деб сарлавҳа қўйди, дардларидан додлаб, оҳу-ҳасратини ёзди. Замондошларини гуноҳ ва савобдан, исрофининг зараридан огоҳ этиб, оқибати аянчли эканини айтди: “Катта тўй қилиб, хотун олган бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азаси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайрон­ликға сабаб бўлур” (“Ойина”, 1913 йил, 6-сон). Тўй ва маъракаларга қилинган сарф-харажатни болаларни ўқитиш, ёшларнинг саодатли турмуши учун харжлаш керак. “Ақчалик оталар, албат­та, тўй ва маъракаға қизғонмаганлари­дек болани ўқутишға ҳам қизғонмаса керакдур”. Аслида бу гаплар ҳозир ҳам муҳим.

Маҳмудхўжа Беҳбудий бугун жонкуяр муаллим, ҳақиқий миллатпарвар, Ватан келажаги учун қайғурган фидойи инсон сифатида кўз олдимизда гавдаланади. Тасаввурга эрк берилса, “Мозий – ҳақиқатнинг тарозусидир”, деган бу инсон гўё тарих қаъридан замона ёшларига, улар­нинг амаллари ва интилишлари боқиб тургандек кўринади. “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласида ёшларни ўз она тилини мукаммал билгандан кейингина бошқа тилларни ўрганишга ундайди. Тилларни ўрганиш бугун ҳар вақтдаги­дан кўра зарур.

Беҳбудий беданавоз бекорчи, лоқайд ва бепарво ёшларни ёқтирмайди. Илм йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳар қандай ишдан баланд қўяди. “Мусулмон бўлиб туриб, тараққий қилайлик. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишла­ри, ҳатто дини ислом ва миллатға хизмат илмсиз бўлмайдур”, деб ёзди у. Ёшлар­га дин аҳкомларини чуқур биладиган уламо ўлароқ, гарчанд Чинга бориб бўлса ҳам илм олишдан маслаҳат берди. Жоҳиллар ёш болаларини бегона тил­ларни ўрганишдан қайтарган ҳолларда “Ғайридиннинг илм ва хатини ўрганмоқ шариатча дурустдур”, деган ҳукмни айта олди. Фикр исботи учун мозийдан ми­соллар, ҳадиси шарифдан кўчирмалар келтирди.

Беҳбудий ташкил этган журнали­ни “Ойина” деб атади. Одам ойинага ҳар куни қарайди, газета ва жур­наллар ҳам ўз вақтида олимдан то оддий одамгача кўзгу вазифасини бажарди. Беҳбудий театрни ибрат­намо, ибратхона, деб атади. Му­шаххас-артистларнинг диологи ва монологлари, хатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларидан саҳнада турли табиатли инсонлар бўй кўрсатади, воқелик намоён бўлади, табиийки, ундан ибрат олинади.

Беҳбудийнинг шогирдлари устозлари васиятига қатъий амал қилиб, ёшларни дунёнинг турли илм марказларига таъ­лим олиш учун юборди. Энг муҳими, хорижга кетаётган аксарият ёшлар ўз авлод-аждодлари ҳаққи-ҳурмати илм олиб, Ватанга қайтиб, унинг тараққиёти учун ихлос билан хизмат қилишлари борасида Амир Темур мақбараси олдида қасам ичишди. Жа­дидлар қўллаган бундай чора-тадбирлар ибрат­га муносиб.

1917 йили “Улуғ Туркистон” газетаси­да босилган “Баёни ҳақиқат” мақоласи“ “Билмоқ керакки: ҳақ олинур, берил­майдур!” деган беҳбудона ҳикмат билан бошланади. Мазкур таъбир кейинроқ “Ҳақ олинур, берилмас” тарзида бошқа бир мақоласи сарлавҳасига чиқди. Қадим ва жадид низоларини бир ёнга қўйиб, халқ қўлни қўлга бериб бирлаш­са, “мухториятли ҳурриятга ноил” бў­лиши, “ўз миллий аскарларимиз”, улар­нинг “қиёфат ва шакли, либоси ва тарзи маишати” хусусида яхши ният билан сўз юритади. Мустамлакачилар учун ҳами­ша маҳаллий аҳоли, айниқса, зиёлилари ичидан чиқадиган ҳар қандай ихтилоф, фитна қўл келишидан афсусланиб, огоҳ бўлиш лозимлигидан ёзғиради.

Мухторият қозонилган кунлари­да Беҳбудий бундай огоҳлантирди: “Билингки, ҳозирда Туркистондағи барча халқлар учун Мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунун, Мухториятда олинур, лекин берилмас, яъни Мухто­риятни Туркистон болаларининг ўзлари бирлашиб, ғайрат ила олур. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқа­ларнинг қўли­дан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистон­даги барча халқлар бир­лашиб, Мух­торият йўлиға саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги Мухторияти­мизни ҳам йўқ қилурлар, бул албатта шундайдир ва бул сўзға ҳеч ким их­тилоф қилолмайдур. Агарда бизга ўз бошимизға, шариат, урф-одатимизга мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низо ва ман­манлиқни қўйиб, ҳамма нарсани эсдан чиқариб, ёлғиз Мухторият учун ҳар ни­марсамизни фидо этмоғимиз лозимдур” (Беҳбудий. Қозоқ қариндошларимга очиқ хат.//“Ҳуррият”, 1918 й, 26 январ). Таассуфки, мурожаат фойда бермади. Туркистон Мухторияти манглайига фожиа имзо­си битилган эди.

Мухторият қўлдан кетди.

“Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизға ўзини ташлади…”. Асли­да ҳар қандай шарт-шароит, замон ва даврда ёшларнинг ғайрати, билими ва интилишлари бошланган ҳар қандай эзгу глобал ишларни ҳаётга татбиқ этишга қодир.

Жадид зиёлиларидан бири Шаҳид Эҳсон бир мақоласида “Бир ўқ-ёй отатурган вақтин­гизда, ёйнинг ипини ортка қанчалик қаттиқ тортиб, ортга тисарилиб, сўнгра қўйиб юборсангиз, ўқнинг шиддати шунчалик тез ва кучли бўлади”, деган мазмунда ҳодисани ўхшатиш­га кўчириб ифода қилади.

Жадидлар иш фаолиятида бир-бир­лари билан ўзаро бир мақсад ва маслак йўлида ҳамкор бўлганларига ҳам ми­соллар етарлича топилади. Беҳбудий Самарқанддан ёзади: “Агар муаллимлик­ка ҳаваскор ёшларни бир оз заҳматлик бўлса ҳам, тўғридан-тўғри Тошкандга, Мунаввар қори жанобларининг макта­биға юбормоқ керак”. Улар илм толиб­ларини “мамнуният ила қабул этмоқла­риға аминдурмиз”, деб ўз ишончини айтади. (Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина”. 1914 йил, 2 август. №41)

Олис ва яқин тарихда олтинга тенг саҳифалар бор. Жадид зиёлиларидан бири Шаҳид Эҳсон бир мақоласида “Бир ўқ-ёй отатурган вақтингизда, ёйнинг ипини ортка қанчалик қаттиқ тортиб, ортга тисарилиб, сўнгра қўйиб юбор­сангиз, ўқнинг шиддати шунчалик тез ва кучли бўлади”, деган мазмунда ҳодисани ўхшатишга кўчириб ифода қилади. Тарих биз доимий равишда мурожаат қилади­ган муҳташам китоб. Унинг саҳифалари кўп ва турли-турли.

ИЛДИРГИ: Истиқлолнинг аввалги йилларида жиндай таҳдидни касалхо­нада бетоб ётганида эшитиб қолган Шавкат Раҳмон уни кўришга борган Набижон Боқий билан Раҳмон Қўчқорга “Агар мустақилликни қурол билан ҳимоя килиш за­рур бўлса, мен кўнгилли бўлиб жангга жўнайман… Ўғлим ҳам боради… Сизлар ҳам борасиз­лар… Ҳамма бориши керак… Бир юзу ўттиз йилдан сўнг қўлга киритилган мустақиллиги­мизни осонликча бериб қўймаймиз. Майда-чуй­да гапларни бир четга йиғиштириб қўйиш керак. Асосийси — мустақиллик… Уни қўлдан бермаймиз…”, деб айтади. Шоирнинг ана шу ҳаққо­ний мардона гапи кўп йиллардан бери хаёлимдан кетмайди. Ҳар ўқиганимда таъсирланаман. Тўғриси, ушбу мақолага сарлавҳа қўйганимда яна Шавкат ака­нинг юқоридаги гапини ва “Қодрий ва ҳозирги ёшлар” шеърини эсга олдим:

“Ҳозирги ёшларда покизалик бор,

тирик қалбларига диёнат эга,

гўё пок табиат ёмон кўзлардан

асраб қўйганларин шуларга берган.

Агар тирик бўлса, бир четда турмай

ҳозирги ёшларга сардор бўларди,

гоҳ кўкдан ёғилган, гоҳ ердан чиққан

туҳмату балога қалқон бўлради…”

Жадидлар, хусусан, Беҳбудий ва Қо­дирий авлоди барча замонларда ёшлар келажаги учун жуда кўп бало ҳамда офатларга қалқон бўлишлари мумкин эди. Ўз вақтида шундай қилишди ва оқибат шаҳидлар силкига тизилишди. “Ҳозирги ёшлар ҳам турармиди жим…”. Жим турмас эди. Шахсий ҳасратларини йиғиштириб қўйишарди. Ватан ва миллат билан боғлиқ юксак ғоялар авлодларни ўзаро мустаҳкам боғлаши шарт. Дарду ҳасратларга тўла қалб эгаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёшлар қулоғига қуйган ўгитлари ҳам шундай эди, менимча.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш