Инсонга ўз сўзини айтиш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда
бу орқали ўзини дунёга намоён қилиш имконияти асосан ёшлик даврида
берилади. Шу боис ҳам унутилмас лаҳзаларнинг энг завқлиси ёшлик хотиралари
билан боғлиқ бўлади. Айнан шунинг учун ҳам бу даврни бебаҳо бойлик, дея таъ-
рифлаймиз. Бугун юртимизда ислоҳотлар эпкини ҳар бир инсоннинг ҳаётига ки-
риб борди, ҳар бир ҳудудга янгича руҳ олиб кирди. Мана шундай буюк ўзгаришлар
нафасини энг кўп ҳис қилган ҳам айнан ёшлар қатлами, десак, муболаға бўлмайди.
Бежиз ислоҳотлар нафаси ёшлар ҳаётига кириб бораётгани, улар учун кенг имконият яратаётгани ҳақида сўз очмадик. Кейинги йилларда юртимизда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйилди. Қувонарлиси, барча соҳаларда бўлгани каби ёшларга оид давлат сиёсатида ҳам тарихий ва оламшумул ўзгаришлар рўй берди. Ёшлар масаласи ислоҳотлар дастурининг энг биринчи ва устувор йўналиши этиб белгиланди. Эътиборлиси, ўтган қисқа даврда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Янгиланган Конституциямизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланган. Бу, ўз ўрнида, соҳада ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларни янги босқичга кўтариш имконини беради.
Соҳага доир таҳлилларга назар ташласак, амалга оширилган тадбирлар ёшларнинг кенг қатламига дахлдор экани, навқирон авлоднинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини кўриш мумкин.
ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ, МУАММОЛАРГА ЕЧИМ
Маълумотларга кўра, «Ёшлар дафтари» тизими орқали сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун шартнома пуллари тўлаб берилди. Бу шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг ортида қанчадан-қанча оилага улашилган қувонч, йигит-қизларнинг муаммоларига топилган ечим, бартараф этилган ишсизлик муаммоси мужассам.
Айтиш жоизки, ёшларнинг таълим олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, олий таълим муассасалари сони салкам уч марта кўпайиб, 210 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Бундан англашиладики, замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ўғил-қизларимиз учун янги имкониятлар очилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар натижаси ўлароқ ўзбекистонлик ўқувчилар ўтган 2023 йилда фан олимпиадаларида 7 та олтин, 36 та кумуш ва 38 та бронза медалини қўлга киритди. Ўтган даврлар билан таққослаганда, бу катта кўрсаткич.
Ёшларнинг билими, салоҳияти, иштиёқи ва янгиликка интилувчанлиги ҳар бир давлатнинг келажаги, унинг тараққиётини белгиловчи муҳим омиллардан саналади. Юртимизда келажак ворисларининг муносиб таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши йўлида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, навқирон авлод салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, чекка ҳудудлардаги ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш, умуман олганда, ҳар бир ёшнинг қалбига кириб бориш масалалари етакчи ўринга кўтарилди. 2022 йил 19 январдан маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши натижасида ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб бориш йўлга қўйилди. Энди ҳар бир ёш, у қанчалик олис масофа, чекка ҳудудда, муаммолар қуршовида бўлмасин, албатта, уни эшитадиган, керак вақтда тиргак, керак вақтда дўст бўла оладиган таянчи борлигига ишонади.
«ТАРАҚҚИЁТ» — ҒОЯЛАР ПИЛЛАПОЯСИ
Бугун халқимиз тарихий жараёнларни бошдан кечирмоқда. Минг йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудида ривож топган илм-фан ва маданият ўзининг Биринчи ва Иккинчи Ренессанс номи билан башарият тарихига кирган Буюк Уйғониш даврида дунё халқлари тараққиётида муҳим роль ўйнади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўртага ташланган Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ғояси томирларимизда оқаётган улуғ мутафаккирларимиз қонини жунбушга келтириб, янги мингйилликда халқимиз томонидан улкан кашфиётлар, дурдона асарлар, бир сўз билан айтганда, жаҳонни лол қолдиргудек яратувчанлик намуналарини кўрсатишга қаратилган. Бу эзгу ният ёшларнинг иқтидори, ватанпарварлиги, миллат ва келажак учун фидойи меҳнати орқали амалга ошиши табиий. Шу жиҳатдан юртимизда жадаллик билан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг пировард натижаси сифатида кўрилаётган Янги Ўзбекистон миллий ғоясининг бош мақсади ҳар тарафлама баркамол ёш авлодни тарбиялашдир. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган тизимли ишлари давлатимиз сиёсатининг амалдаги ифодаси ўлароқ катта самара бераётир. Жамғарманинг “Тараққиёт” журналини таъсис этиш ғояси навбатдаги эзгу ташаббусларидан бири ҳисобланади. Ушбу илмий-маърифий нашр келгусида катта авлод вакиллари билан ёшларнинг фикрларини уйғунлаштирадиган, муқояса қилишга ёрдам берадиган ва янги ғояларга пиллапоя бўладиган майдонга айланишига ишончим комил. Журналда нашр этиладиган ҳар бир мақола келгусида юртдошларимиз орасида кенг ёйилиб, бир умумий ғоя – мустақил ва фаровон Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғояси атрофида барчани бирлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
ИСТИҚБОЛЛИ ТАШАББУСЛАРГА
КЕНГ ЙЎЛ ОЧИЛДИ
Маҳалла — энг қуйи бўғин. Энди мулоҳаза қилинг: ҳар бир навқирон авлод вакили билан алоҳида ишлаш тизими мана шу қуйи бўғинда ташкил қилинди. Бу бежиз эмас. Айнан мана шу сиёсат ёшларнинг орзу-мақсадлари, истиқболли ташаббусларига кенг йўл очилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Авваллари имконияти етмагани боис, ўзи истаган касб-ҳунарни эгаллаши учун ўқиёлмаган ёки бирор фаолият билан шуғулланиш қўлидан келгани ҳолда мавсумий ишларда, чет элда қийинчиликларни бошдан ўтказиб юрганларнинг кўксига шамол тегди. Фикримиз исботи сифатида рақамларга мурожаат қилсак, «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади. Ушбу тизим орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023-2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади. Бу кўплаб иш ўринлари, доимий даромадга эга бўлмасдан қийин аҳволга тушиб қолганларнинг ҳам «кўчасида байрам бўлди», деганидир.
КЕЧАГИ ИШ ИЗЛОВЧИ БУГУН ИШ БЕРУВЧИГА АЙЛАНДИ
Охирги уч йилнинг ўзида 250 минг нафар ёшга 6 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. Мамлакатимиз бўйича 210 та «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари» ташкил этилиб, 4 триллион сўмлик 2,5 мингта лойиҳа амалга оширилди. Натижада ёш тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 200 мингдан ошди. Бир ўйлаб кўринг: қанчалик қувонарли ҳол: кеча иш излаб юрган ёшларимиз имкон ва имтиёз сабаб бугун ўзлари ҳам иш берувчи тадбиркорга айланмоқда. Қаерда иш бор экан, бу мавсумда тайинли даромад топа олармикинман, деган ташвиш билан тонг орттирадиганларнинг ташаббус ва бизнес лойиҳалари амалга татбиқ этилиб, даромад манбаига эга бўляпди. Бугун улар иш изловчи эмас, иш берувчи. Ҳар бир ёшнинг келажаги учун замин яратиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш нафақат аҳолининг ижтимоий ҳаёти яхшиланиши, балки мамлакат истиқболи порлоқ, келажаги ишончли қўлларда бўлишини ҳам англатади.
Ёшлар — инновациялар, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаи. Демак, ёшлар фаоллиги ҳар жабҳада муҳим. Жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий кучнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Жумладан, ўтган олти йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 106 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳам фикримизни яққол тасдиқлаб турибди
«Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади. Ушбу тизим орқали тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий хизмат турлари 2023-2024 йилларда 1,5 баробаргача оширилади.
Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги қарори билан маҳаллаларда ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилишига эришилди. 14-30 ёшдаги 9,1 миллион нафар йигит-қизнинг ижтимоий ҳолати, бандлиги ва саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар жамланиб, «Ёшлар баланси» шакллантирилди. Айнан ёшлар етакчилари тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари эса 11 тадан 25 тага етказилди. Санайверсак, мақтанадиган жиҳатлар кўп. Мазкур қатламнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахс сифатида намоён бўлиши учун, ҳақиқатан, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланди. Оқилона давлат сиёсати мана шуни барча масъулларнинг кун тартибига айлантирди.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратишга ҳам катта эътибор қаратилган. Жорий йилда «Оилавий тадбиркорлик» дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши фикримиз исботи. Қолаверса, ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратиладиган «Ёш тадбиркор» танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Аслида мазкур танлов ҳам катта имконият дегани. Чунки саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Яна бир устун томони шундаки, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.
ҲАР БИР ИНСОН САЛОҲИЯТИНИ ЮЗАГА ЧИҚАРИШ — МУҲИМ МАСАЛА
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармонида 2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши белгилаб қўйилган. Раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб боради. Мана шу ёндошувнинг ўзи ҳам ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг муҳим жиҳати эканини кўрсатади.
ОРЗУЛАРГА ҚУВВАТ
Бугун дунё саҳнасида «Янги Ўзбекистон» деган ном янграмоқда. У ўзининг бор бўй-бастини интеллектуал ёшлар тимсолида кўрсатмоқда. Давлатимиз том маънода тараққиётнинг янги босқичига чиқаётганига гувоҳмиз. Кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар нафақат мамлакатимиз, балки минтақамизда ҳам ҳамкорлик ҳамда барқарорлик руҳияти шаклланишига сабаб бўляпти. Бундай ўзгариш ва янгиланишлар даврида ёшлар маънавияти, дунёқараши, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, кайфиятини ўрганиш, орзу-умидларига қувват бериш давлат сиёсатидаги муҳим вазифалар қаторига киради. Зеро, ёш авлод ҳар қандай мамлакат истиқболини белгилайдиган улкан стратегик қудратдир. Шу боис Ўзбекистондаги ёшлар сиёсати кўплаб давлатлар учун андоза бўлмоқда десак, муболаға бўлмайди. Муҳим жиҳати, Стратегияда белгиланишича, эндиликда ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар («Ибрат фарзандлари») бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва «Заковат» интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади. Бу ҳам ўз ўрнида иқтидор эгаларига катта куч бағишлайди.
Мен жуда кўплаб давлатлар таълимини кузатганман. Ёшларни ўзи эгаллаган билими учун пул билан мукофотлаш камдан-кам кузатиладиган ҳолат.
Ҳужжатга кўра, жорий йилдан бошлаб, «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига ҳам йўналтирила бошланди. Ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун «Қизлар академияси» платформаси ишга туширилиши ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, малака ошириш тадбирлари ташкил этилиши, албатта, катта самара беради.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор вазифалар ўз ифодасини топган. Бугун бизга билими мустаҳкам, ўз соҳасида янгиликлар ярата оладиган, ўзгаришларни қўллаб-қувватлайдиган кадрлар керак. Айнан шунинг учун ҳам стратегияда ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда биттадан «Креатив парк»лар фаолиятини ташкил этиш, уларга йилига камида 40 минг нафар ёшларни жалб қилиш мақсад этиб белгиланган.

Кунора мактаб ўқувчиларининг бир неча хорижий олий ўқув юртларига киргани ёки муддатидан олдин талаба бўлгани ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб ёки эшитиб қоляпмиз. Уларга ҳавасимиз келади. Таълим тизимидаги ислоҳотлар изчил давом этаётгани боис ҳам ёшлар шундай катта марраларни забт этмоқда. Янада ҳавасимизни орттирадиган жиҳат — «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ушбу йўналишдаги ислоҳотлар бардавом бўлиб, ўз натижасини беради. Демак, навқирон авлодни бундан-да катта марралар кутмоқда. Юқори марралар ҳақида ишонч билан таъкидлашимизнинг сабаби шундаки, Стратегияда ҳар йили 500 нафар истеъдодли ёшларни хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга юбориш ҳамда мактаб битирувчиларининг камида 2 та хорижий тил ва 1 та касб эгаллашини таъминлаш белгилаб қўйилган.
Бир нарсани таъкидлашни истар эдим: юртимизда амалга оширилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари нафақат юртдошларимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу — баландпарвоз гаплар эмас! Ўзбекистон 2018 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар кенгашига, 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ишлари бўйича кенгашига аъзо бўлган бўлса, 2021 йилда эса Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Ёшлар бўйича кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди. Мана шу маълумотларнинг ўзи, фикримиз исботи.
Сўнгсўз ўрнида айтадиган бўлсак, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сифатли таълим-тарбия олиши учун мустаҳкам асослар яратиш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъийпозицияга эга ёшлар мамлакатнинг бугунги ва эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.