Ҳозирги пайтда рақамли хизматлар соҳаси энг жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Ушбу бозор ҳажми 2023 йилда тахминан 11,5 триллион долларга тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда 15,5 триллион долларга етиши тахмин қилинмоқда.
ЭНГ КЎП ЯРАТИЛГАН
ИШ ЎРНИ ВА ВАКАНТ
ИШ ЎРИНЛАРИ:
“Линкедин” ижтимоий тармоғида 2024 йил март ойи ҳолатига кўра 671 мингтадан зиёд вакант лавозимлар қайд этилди. Уларни асосан «Data science» йўналишини ташкил этади. Қайд этилган вакант лавозимларнинг ўртача иш ҳақи 1000 АҚШ долларидан бошланади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Хўш, шунча мутахассис кимга керак? Бунақа катта ҳажмдаги ишчи-ходимларни қайси соҳа ишга қабул қила олади? Бундай вакант лавозимда ишлаш учун қандай касбий кўникмаларга эга бўлиш керак? Қайта ишланадиган маълумотлар жуда катта маълумотлар сирасига киради. Инсоният ўзининг рақамли тарихи давомида улкан, шунчаки тасаввур қилиб бўлмайдиган миқдораги маълумотларни тўплаган. Икки минг ўн олтинчи йилда дунёда салкам бир зеттабайтдан ортиқ сақланган маълумотлар борлиги аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, айнан 2016 йилдан зеттабайт эраси бошланган. Зеттабайт — бу ақлбовар қилмас даражадаги катта рақам ҳисобланади.
Бу сон йигирма битта нолга эга. 2020 йилда дунёдаги маълумотлар ҳажми қирқ зеттабайтга етди. Айнан шу маълумотларни қайта ишловчи мутахассислар “Data science», яъни “Маълумотлар илми мутахассиси” деб номланади.

РАҚАМЛИ ХИЗМАТЛАР
БОЗОРИ УЧУН
МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАШ
Бугунги кунда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, барча ҳудудларида IT-паркларни ташкил етиш, шунингдек, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни кўзда тутувчи 220 дан ортиқ устувор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 майдаги 206-сонли қарори асосида Тошкент шаҳрида «Мирзо Улуғбек
ворислари» ўқув курси фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу ўқув курси Рақамли технологиялар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси иштирокида ташкил этилмоқда.

«DATA SCIENCE»
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
“Data science” – бу мураккаб маълумотлар тўпламидан мазмунли ва иш жараёнини илмий жиҳатдан ташкил этиш учун зарур бўлган маълумотларни қайта ишлашга йўналтирилган бир нечта фан илмларини мужассамлаштирган кўп тармоқли соҳа. Ҳозирги пайтда ушбу соҳадаги мутахассислар сони бутун дунё бўйлаб тезлик билан ўсиб бормоқда. Айнан шу соҳадаги касблар бир неча йиллардан бери АҚШда энг кўп талабга эга касблардан бири ҳисобланади. Топ ўнлик касблар ичида тиббиёт ходимларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

«МИРЗО УЛУҒБЕК
ВОРИСЛАРИ» ТАЙЁРЛОВ
ЎҚУВ КУРСЛАРИ
П р е з и д е н т и м и з н и н г 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар орасида ахборот технологиялари бўйича кўникмаларни шакллантириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида рақамлаштиришда фаол иштирок этадиган иқтидорли ёшларни тайёрлаш мақсадида “Мирзо Улуғбек ворислари” тайёрлов ўқув курслари ташкил этилди. Ўқув курсининг асосий вазифалари илғор хорижий тажриба ва миллий таълим стандартлари талабларига жавоб бера оладиган математик статистика ҳамда дастурий таъминот асосида маълумотларни қайта ишлаш, улар асосида таклифларни ишлаб чиқиш қобилиятига эга кадрларни тайёрлаш, рақамли технологик ечимлар орқали амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш жараёнларини таҳлил қилиш, маълумотларни қайта ишлашда рақамли ечимлардан фойдаланиш бўйича бошланғич даражадаги мутахассис кадларни тайёрлаш мақсадида давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли (академик қарздорлиги бўлмаган) тамомлаган талабаларнинг рақамли технологиялар соҳасида кўникмаларини ривожлантиришдан иборат. “Мирзо Улуғбек ворислари” тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тўрт босқичда амалга оширилмоқда. Танловда энг юқори балл тўплаган 60 нафар номзод белгиланган қабул параметрлари доирасида тингловчи сифатида ўқув курсларига қабул қилинади.
КУРС ТИНГЛОВЧИЛАРИ
УЧУН ЯРАТИЛГАН
ШАРТ-ШАРОИТЛАР
Ўқув курсларига қабул қилинган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишлар бўйича (мутахассислиги ва йўналиши бўйича кредит рейтинг тизимига мос келувчи) Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ташкил этилган. Курс тингловчилари бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Улар ҳар ойда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида рағбатлантирилиб борилмоқда. Ҳар бир ўқув курсига қабул қилинган тингловчилар таълим олиш муддатида компьютер жиҳозлари, зарур ўқув адабиётлар, интернет алоқаси ва бошқа рақамли контентлар билан таъминланган. Ўқув курсида ҳар 12 нафар талабага 2 нафардан тютор бириктирилган бўлиб, улар ўқув курсини ўзлаштириш бўйича яқиндан кўмак беришади. Бундан ташқари талабаларнинг қизиқиши ва қобилиятига қараб юртимизда ўтказилаётган турли хил кўрик танловларда иштирок этишини таъминлайди. Талабалар ўқув курсларини тамомлагандан сўнг бакалавр даражасини олган кундан бошлаб олти ой давомида давлат органлари ва ташкилотлардаги вакант жойларга давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ишга кириш учун белгиланган тартибда очиқ танловга ариза топшириши, танлов ғолиблигини қўлга киритгач, иш берувчи ташкилотда камида бир йил давомида узлуксиз ишлаб бериши, меҳнат фаолияти бошланган кундан кейин бир ой муддатда меҳнат шартномаси нусхасини Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармасига маълумот шаклида тақдим этиши шарт. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилган энг катта стратегик тадбирдир. Чунки у юртимиз иқтисодини ривожлантириш, бутун дунёда ресурс чегараланган шароитда (ичимлик суви, табиий газ, қазилма бойликлар ва ҳакозолар) Янги Ўзбекистоннинг ривожлантириш стратегияси қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб берадиган бўлажак таҳлилчиларни тайёрлашга биринчи қадам ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий йўналиши дастурлашни биладиган мутахассис эмас, балки соҳани чуқур ўзлаштирган, таҳлилий IT соҳаси ва инглиз тилини эгаллаган малакали кадрларни тайёрлашга мўлжалланган. Айни пайтда 60 нафар талаба 22 та мутахассислик йўналишида таҳсил олмоқда.