Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги “Манас” маҳалласида туғилиб ўсдим. Тумандаги 5-мактабда ўқидим. Ёшлигимдан компьютерга жуда қизиққанман. 6-синфлигимдаёқ компьютер устахонамни очганман. Айнан компьютерга бўлган қизиқишим бугунги ютуқларим дебочаси бўлган. Мактабдан сўнг Жиззах давлат педагогика университети қошидаги 1-сонли академик лицейида техника йўналишида илм олдим. Кейинчалик Тошкент давлат аграр университетининг “Қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш” йўналишига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиндим. Бу ерда қизиқишим туфайли кўп нарсаларни ўргандим. Изландим, тажрибага эга бўлдим. Устозим Шерзодхўжа Мирзахўжаев билан мутахассислигим бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар ўтказдик. Тошкент давлат аграр университетида ҳар йили ўтказиладиган “Start-up” лойиҳалар танловида илк бор “Инновацион шиша стол” номли лойиҳам билан қатнашиб, 2-ўринни эгалладим. Кейинчалик “Ideaton–2030” номли “Start-up” лойиҳалар танловида “Инновацион қўриқчи” лойиҳам билан қатнашиб, 1-ўринга сазовор бўлдим. Айнан ушбу лойиҳам билан “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танлови ғолибига айландим. Хўш, “Инновацион қўриқчи” лойиҳанинг долзарблиги нимада? Унинг қандай афзалликлари бор? Юртимизда ҳар йили минглаб деҳқон ва боғбонларимиз ҳосил (асосан, буғдой ва узум) пишиб етилгач, уни қушлардан қўриқлаш машаққатига дуч келишади. Ўтказилган таҳлиллар ҳам қушларнинг мева саноати ва деҳқончиликка катта зарар етказаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, узумчилик билан шуғулланаётган фермер деҳқонлар ҳосилни қушлардан сақлаш борасида кўпроқ самарасиз усулларга таянади. Биз яратган қурилма айнан мана шундай фермер-деҳқонларга мўлжалланган. Бу қурилма ёрдамида улар машаққатли меҳнатининг роҳатини кўришлари мумкин. Ушбу қурилма ҳосилга зарар келтирувчи қушларни автоматлаштирилган яшил лазерли нурларнинг порлаши орқали ёввойи қушлардан 24/7 вақт режимида ҳимоя қилади. Биз бободеҳқонларнинг ҳосилларини зараркунанда қушлардан ҳимоя қилиш учун кўплаб синов-тажрибалар ўтказдик. Аммо уларнинг аксарияти самара бермади. “Инновацион қўриқчи” номли лазерли ихтиромиз ўз натижа ва самарасини кўрсатди. Агар кимдир ушбу ихтиром ҳақида қизиқса, tapkanov30@mail.ru электрон почта орқали боғланиши мумкин.