ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

МАҚОМ –УЛКАН МУСИҚИЙ ҚОМУС

Муножат ЙЎЛЧИЕВА

Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инс он қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан ч уқур жой олиши уч ун бор им кониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.

– Ўзбек миллий мусиқа санъати қадимий тарих ва теран қадриятларга эга. Уларнинг ичида мақом алоҳида ажралиб туради. Унда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам. Шу боис неча асрдирки, мақом бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқланиб келинмоқда. Айтингчи, сизни мақом оҳанги қандай мафтун этган? – Саволга жавоб беришдан олдин болалигим ҳақида бироз тўхталиб ўтсам. Чунки ҳар бир одамнинг келажакда қандай инсон бўлиши болалигига ҳам боғлиқ. Менинг болалигим ўтган асрнинг 60-йилларида Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида ўтган. Тянь-Шань тоғ ён-бағирларида жойлашган сўлим қишлоғимиздан юз метр баландликдаги тоғ тепасида ажойиб боғ, дам олиш ҳудудлари бор. Катта Фарғона канали қишлоғимизнинг ўртасидан кесиб ўтгани учун табиати анча баҳаво. Тоғларга чиқиб варрак учирардик. Маҳалла қизлари билан биргалашиб, “Бештош”, “Оқ суяк”, “Тўп-тош”, “Зув-зув”, “Меҳмон-меҳмон”, “Оқ теракми – кўк терак” каби миллий ўйинлар ўйнардик. Далаларда меҳнат қилиб, пахта терардик. Ўқувчилик давримда Ўзбекистон халқ артисти Ҳабиба Охуновага ҳавас қилиб, у кишининг “Она юртим”, “Ўзбекистон”, “Барно йигит” каби ашулаларини айтиб юрардим. Мактабда мусиқа ўқитувчимиз Наби Сулаймонов бошчилигида турли байрам тадбирлари ташкил этиб, дугоналарим билан Дилором Қаюмова ижросидаги “Олтин сандиқ”, “Уч дугона” ашулаларини куйлардик. Баланд авж овозларини ўзим олардим. Шунингдек, “Ширмонбулоқ” маданият уйида концерт дастурлари ташкил этиб, устоз-санъаткорлар ижросидаги қўшиқларни айтардик. 1977 йили адабиёт ўқитувчимиз Абдуқул Ўрмонов раҳбарлигида Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини саҳналаштирдик. Шунда устозимиз “Қизим, чиройли овозинг бор. Агар Тошкентдаги консерватория деган олийгоҳга ўқишга кирсанг, санъатда ўз йўлингни топасан”, дея менга тавсия берди. Мактабни тугатаётган йилим акамни ҳарбий хизматга кузатдик.

Кузатув маросимида бир умр устоз санъаткорлар даврасида юрган тоғам – Абдуллажон Мавлонов Ҳабиба Охунованинг ашулаларини хиргойи қилаётганимни эшитиб қолиб, санъатга бўлган қизиқишимни қўллаб-қувватлаб, ўз маслаҳатларини бериб борди. Ўша пайтларда аксарият ота-оналар қиз фарзандларининг институтларда ўқишини хоҳлашмаган. Айниқса, санъат соҳасида ўқишига жиддий норозилик билдиришган. Отам ҳам ўқишимга қарши бўлган, лекин ўқитувчим Абдуқул Ўрмонов ва тоғамнинг маслаҳати ҳамда қўллови билан отамнинг розилигини олганмиз. Дастлаб Тошкент давлат консерваториясиннг икки йиллик тайёрлов курсида ўқидим. Бу ерда устоз санъаткор, бастакор-созанда Шавкат Мирзаевга шогирд тушдим. Кейинчалик у кишининг отаси – Ўзбекистон халқ артисти, бастакор-созанда Маҳаммаджон Мирзаевдан ҳам санъат илмини ўргандим. Тайёрлов курсида ўқиб юрганимизда устозимиз Шавкат Мирзаев бошчилигида ҳазрат Алишер Навоийнинг 539 йиллигига бағишлаб, концерт дастури тайёрладик. Ушбу концерт дастури 1980 йил телевидениеда “Назм ва наво” кўрсатувида эфирга узатилганидан сўнг биз нафақат халқимиз, балки давлат раҳбарлари эътиборига ҳам тушдик. Шахсан Шароф Рашидовнинг топшириғи асосида ҳозирги Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамблига ишга қабул қилиндик. Бу ерда Ўзбекистон халқ ҳофизи Очилхон Отахонов, Эсон Лутфуллаев, Ўзбекистон санъат арбоби Темур Маҳмудов, Ўзбекистон халқ артистлари Турғун Алиматов, Изро Малаков, Исак Катаев, Берта Давидова, Ҳадя Юсупова каби устоз санъаткорлар билан елкама-елка туриб иш бошлаганмиз. Шу тариқа тайёрлов курсидаёқ катта санъатга кириб келганман. – Оилада сиздан бошқа санъат соҳасини танлаганлар борми? – Оилада 6 нафар қиз, 2 нафар ўғил бўлганмиз. Отам ҳайдовчи бўлган, онам уй бекаси, кўп йиллар колхоз даласида меҳнат қилган. Оилада битта отам ойлик маош олиб, барча фарзандларини ўқитган. Биргина Дилфуза синглим санъат йўлини танлаб, ҳозирги Ўзбекистон давлат консерваториясининг мақом ижрочилиги йўналишида дутор сози бўйича ўқиган. У Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий санъат институти профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маликахон Зиёеванинг биринчи шогирди эди. Кўп йиллар давомида ёнимда жўрнавоз бўлиб ишлади. Хориж сафарларида бирга бўлдик. Афсуски, умри қисқа экан, 2017 йили 45 ёшида оламдан ўтди. – Миллий менталитетимизнинг туб ўзагини ташкил этган бу бебаҳо маънавий бойликни бус-бутун ўзлаштириш, ундан халқимизни баҳраманд этиш, шу жумладан, ёш авлод шуурига, қалбига жо қилиш, қолаверса, жаҳон миқёсида ҳам муносиб намоён этиш катта маҳорат талаб этади. Мақом санъатини катта саҳналарда ижро этишингиз қачондан бошланган? – 1981 йили қўшни Тожикистонда бўлиб ўтган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунлари” фестивалида қатнашганман. Ундаги ҳаяжонли тассуротлар ҳамон ёдимда. Дастлабки хориж гастролим 1984 йил Иорданияга бўлган. У ерда катта кўргазма ташкил этилиб, ўзбекистонлик санъаткорлар иштирок этган.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди – Иорданияга борганимизда узоқ йиллардан буён ўша ерда яшаб келаётган ўзбек юртдошларимиз бизни катта хурсандчилик билан кутиб олишган. У пайтдаги ҳолатни сўз билан таърифлаб беролмайман. 1987 йил Венгрия, 1990 йил Гонконгга мақом санъатимиз бўйича концерт дастури ташкил этилган. Гонконгдаги концерт дастуримиз Франциядаги нуфузли журналларда чоп этилгач, 1990 йил АҚШ бўйлаб концерт-турнири ташкил этилди. Айнан шу йили Францияда ҳам концерт берганмиз. Инсоният тафаккурининг ёрқин маҳсули бўлган мақом доимо тингловчилар, мухлисларни ҳайратга солиб келган йирик мусиқий қомусдир. Миллий мақомларимизда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам. Шу боис неча асрдирки, мақом бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқланиб келинмоқда. Ўз навбатида, мақом санъатини ижро этиш ҳам, тинглаб тушуниш ҳам бошқа санъат соҳасига қараганда қийинроқ. Қолаверса, тили, дини, урф-одат ва миллий қадриятлари етти ёт бегона халқ орасида уни тарғиб этиш минг машаққат. Мустақилликка эришганимиздан сўнг илк хориж хизмат сафарим 1995 йил Францияда бўлган. Бу ерда бутун дунёга машҳур санъаткорлар таклиф этилиб, ҳисобот концерт дастурим тақдим этилган. Айнан шу йили концерт дастуримнинг илк CD-диск альбоми чиққан. Шундан сўнг мен учун дунёга катта йўл очилди. Машаққатли меҳнатларимиз эвазига АҚШ, Англия, Бразилия, Тунис, Монако, Бельгия, Германия, Голландия, Италия, Испания, Швейцария, Финляндия, Норвегия давлатларида хизмат сафарларида бўлиб, мақом санъатимизни кенг тарғиб этдик. 2010 йили Голландияда ўтказилган концертда бир киши олдимга келиб, “ Олдинлари концертларингизда мухлис сифатида қатнашган бўлсам, бу гал ташкилотчи сифатида иштирок этяпман. Сиз ижро этаётган мақом ашулаларни тинглаб, шу нарсага амин бўлдимки, мақом санъати дунё тан олган классик даражадаги асарлар билан тенг экан”, деди. Бу сўзларни эшитиб, бутун вужудим титради. Чунки мақом ашулаларимизнинг хорижда тан олиниши катта ютуғимиз эди. – Адашмасам, бир муддат ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўлимида фаолият юритиб, бир қанча номоддий меросимизни сақлаш ва рўйхатга олишга катта ҳисса қўшгансиз? – 1999 йили Францияда бир фестивалда ушбу бўлим бошлиғи, япониялик Норика Айкава хоним мен билан учрашиб, Ўзбекистонда йўқолиб бораётган номоддий мерослардан нима бор, қайсиларини тавсия қиласиз, деб сўраган. Ўшанда Сурхон воҳасидаги “Қўшқарс” фолклор ансамблини айтганман. Орадан бир йил ўтиб, Норика Айкава хоним менинг номзодимни ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўлими ҳайъат аъзолигига тавсия қилди. Шу тариқа мазкур бўлим ҳайъат аъзоси сифатида 4 йил фаолият юритиб, “Қўшқарс” фолклор ансамбли ва “Шашмақом”ни ЮНЕСКОнинг умумжаҳон рўйхатига киритишга ҳисса қўшдим. – Мақом санъати ҳақида гап кетганда биринчи навбатда сиз тилга олинасиз. Албатта, бундай юксак даража ва мақомни бир маромда ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Чунки қанчадан-қанча истеъдодли санъаткорлар юлдуздек бир порлаб, сўниб кетмоқда. Ҳар бир санъаткор сўниб кетмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз? – Аввало ўзлиги ва инсонийлигини йўқотмаслик керак. Машҳурлик яхши, лекин машҳурликнинг юкини кўтариш жуда оғир. Чунки машҳурлик одамни ҳар кўйга солади: пулга ўч қилиб қўяди, одамларни менсимасликка ундайди, “фақат мен” деган туйғуни шакллантиради ва ҳоказоТабиатан мақтанчоқликни ёқтирмайман. Бирор муваффақиятга эришсам ҳаммага мақтанмаганман. Шунга лойиқдирманки, шу иш бўляпти, деб тўғри қабул қилганман. Лекин кузатишларим ва мулоқотларимдан биламанки, шахсан ўзим билан учрашмай, телеканаллар орқали мени кузатган одамларнинг аксарияти “Муножат Йўлчиева оғир табиатли, ўзини катта тутади”, деб ўйлашади.

Бундай қарашлар ёшлар орасида ҳам бор. Турли чиқишларим ва кўрик-танловларда қаттиққўллик қилиб, иштирокчиларга маслаҳат ва эътирозларимни билдирганимда улар буни нотўғри қабул қилишади. “Муножат Йўлчиева ўта қўпол аёл экан, ёшларни кўролмайди, ёшларга ғайирлиги бор”, деган фикрга келишади. Бироқ мен билан кўришиб, гаплашганлар суҳбатимиз охирига етмасиданоқ “сиз биз ўйлаган инсоннинг акси, жуда содда, очиқ кўнгил экансиз”, дейишади. Айрим ёш санъаткорларимизда “мен зўрман” деган тушунча шаклланган. Бу сўз бизга ярашмайди. Аслида истеъдод илоҳийдир. Шу боис унга ниҳоятда жиддий ёндашиш зарур. Хулосам шуки, ҳар бир санъаткор “сўниб” кетмаслиги учун, аввало, ўз ижоди устида тинимсиз изланиб, устозлар танқидини тўғри қабул қилиб, ўзи ҳам оддий инсон эканини унутмаслиги керак. – Мумтоз мақомлар ҳақида сўз бораркан, шууримизда, табиийки, бу бебаҳо қадриятнинг бизгача етиб келишида яқин ўтмишдаги мураккаб шарт-шароитларда маънавий жасорат ва жонбозлик кўрсатган устоз санъаткорларнинг сиймоси гавдаланади. Айтинг-чи, бугун ўзбек мақом ва миллий санъатида Юнус Ражабий, Жўрахон Султонов, Ориф Алимаҳсумов, Ориф Ҳотамов, Маъмуржон Узоқов, Маҳмуд Тожибоев, Насиба Дадабоевалар каби улуғ ўзбек санъаткорларининг давомчилари сифатида кимларни айта оласиз? – Ижод шундай нарсаки, истеъдодлар ҳар куни туғилавермайди. Қолаверса, яқин ўтмишда миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан етарлича фойдаланилмади. Шунингдек, мақом санъатимизни радио-телевидение, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали мамлакатимизда ва чет элларда тарғиб этиш, мақом устозлари, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ёш ижрочилар фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларига етарли даражада эътибор қаратилмади. Натижада катта авлод ўрнини босадиган ёш авлод шаклланмади. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароригина ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берди. Шундан сўнг ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, ноёб меросимизни ёш авлод онгига сингдириш, “Шашмақом”нинг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Халқаро мақом санъати анжуманининг ташкил этилиши мумтоз санъатимизни қадрловчиларга ўзгача қувонч бағишлади. Қолаверса, Миллий мақом санъати маркази ва Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилиши ёш истеъдодларни кашф этиб, уларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Педагог-санъаткор сифатида айтишим мумкинки, тез орада бизнинг йўлимизни давом эттирадиган, ўрнимизни босадиган бетакрор овоз соҳиблари етишиб чиқади. – Фарзанд тарбияси энг мураккаб, оғриқли масалалардан бири бўлиб бормоқда. Шу маънода, болалигингиз билан набираларингиз болалиги ўртасида қандай ўзгаришлар бор? Ютуқ ва муаммоларни нимада кўряпсиз? – XXI аср – техника замони. Бутун дунёда тараққиёт, ривожланиш тезлашиб кетди. Бизнинг замонда қўл телефони бўлмаган, ҳатто телевизорлар муаммо эди. Лекин биз учун ҳаёт қизиқ эди. Чунки ҳар бир орзу-мақсадларимизга машаққатли меҳнатимиз билан эришардик. Бугун эса машаққатли меҳнатларимиз замонавий техникалар ёрдамида амалга оширилмоқда. Глобаллашув мураккаб жараён бўлиб, ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эга. Ижобий томони – бутун жаҳон миқёсида ахборот алмашинувининг осонлашгани, илм-маърифат тарқалиш имкониятларининг кенгайганида бўлса, салбий жиҳати шундаки, бу жараён оммавий ахборот воситаларини ғаразли мақсад йўлидаги қурол сифатида фойдаланишга уринаётган кучлар учун ҳам кенг йўл очмоқда. Бунинг натижасида фарзандлар тарбиясида ютуқлар билан бирга ютқазаётган жиҳатларимиз ҳам бор. Шу боис тарбиянинг ўчоғи бўлган оилаларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Чунки инсон илк тарбияни оиладан, меҳр қўридан, онанинг сути ва ўзига хос алласидан олади. Унинг таъсири одам табиатига, қалбига мустаҳкам жойлашади. Фарзанднинг комиллиги, руҳияти, меҳрибонлиги, одоби ҳар бир оилада белгиланган ички, ўзига хос қонун-қоидалари асосида шаклланиб боради. Демак, ҳар бир ота-она ўзи бошчилигида фарзандларининг тарбияси билан жиддий шуғулланиши зарур. Айниқса, интернет тармоғи, телефон ва компьютер қурилмаларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш борасида. – Бугун ўзининг қизиқишлари билан мақомчилик йўналишига ўқишга кирмоқчи бўлаётган, лекин бу йўналишнинг келажаги (кўпроқ моддият)дан хавфсираётган ёшларга қандай маслаҳат ва тавсия берган бўлардингиз? – Ўринли савол. Менинг абитуриентлик давримда ҳам худди шундай гаплар бўлган. Яъни, “мен мақом йўналишига ўқишга кирдим” деганимда академик хонандалик йўналишида ўқийдиган қизлар танловимдан қайтармоқчи бўлиб, “Бекор мақом йўналишига кирибсиз, ҳалиям ҳужжатларингизни олиб, академик хонандалигига топширинг. Мақомнинг келажаги йўқ, уни битиргач қаерда ишлайсиз?”, дейишган. Бунга жавобан “Худо хоҳласа, иш топилади, ўз йўлимни топаман”, деганман. “Кимдир шу соҳага умрини бағишлаши керак-ку?!”, деган фикр билан олдимга катта мақсадлар қўйганман. Ишонасизми, ҳатто 2-курсда ўқиётган пайтимда ҳам раҳбарлар йўналишимни ўзгартирмоқчи бўлишган. Бир гал ректор “Қизим, мақомнинг келажаги йўқ, сизни Москва давлат консерваториясининг опера йўналишига ўқишга юборамиз. Кейин у ердан Италияга амалиётга борасиз. Шу тариқа бутун дунёга сизни, ўзбек қизини танитамиз”, деган таклифни билдирган. Ўшанда ёш бўлишимга қарамай, “Кимдир мақом санъатини дунёга танитиши, тарғиб этиши керак-ку?! Худо хоҳласа, мен бўламан ўша”, деб ўз фикримни дадил айтганман. Демоқчиманки, ёшларда ҳам шундай қатъий мақсад бўлиши керак. Агар ўзининг мустақил фикри, мақсади бўлмаса, у турли йўлларга оғиб кетиши мумкин. Инсон бирор мақсадга эришишни чин дилдан хоҳласа, ҳаракат қилса, албатта, унга етади. Қолаверса, бугун Ўзбекистон дунёга очилди. Ёшларимиз хорижий тилни ўрганишса, имкониятлар янада кенгаяди. Ҳудудларда мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолияти йўлга қўйилди. Шундай экан, “мақом санъатини битирсам, эртага қаерда ишлайман”, дейишга асло ҳожат йўқ. Мен кўпни кўрган тажрибали устоз сифатида ёшларга фақат олға интилишни, ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун тинмай меҳнат қилишни маслаҳат бераман. Зеро, интилганга ҳамиша толе ёрдир!
Рустам ЮСУПОВ суҳбатлашди.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш