ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

МИЛЛАТНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ

Оқил САЛИМОВ

Шароф Рашидов ҳақидасўз борганда, биринчи ўринда унинг юртимизда амалга оширган бунёдкорлик ишлари – Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноати, аҳоли турмуш шароити, фантаълим, маданиятни юксалтириш, улкан шаҳарсозлик ишларини амалга ошириш, республикада замонанинг энг сўнгги русмидаги техника ва технологиялар ишлаб чиқарилишини йўлга қўя олганини қайд этмаслик иложи йўқ. Чунки бугунги ёш авлод ўша пайтлар мустамлака ҳисобланган юртимизда кечган сиёсий ва иқтисодий машаққатларга қарамай, айнан Шароф Рашидов саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган ютуқлар аслида юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичи учун ҳам қўйилган таъмал тоши бўлганини яхши англашлари керак. Шундагина улар янги давр ва унинг бугунги кенг имкониятларини тўғри баҳолай оладилар.

Шароф Рашидов фаолияти давомида Ўзбекистон нуфузи собиқ иттифоқ республикалари орасидаги энг илғор ва иқтисодий ривожланган давлат даражасига кўтарилди. Республикамизда биргина оғир саноат ишлаб чиқарилишида эришилган улкан натижалар баробарида ҳозирги Тошкент, Сирдарё, Навоий вилоятлари ҳудуди ҳамда Ангренда йирик электр станциялари, Чорвоқда гидроэлектр станцияси барпо этилиб, нефть ва газ қазиб чиқарилиши йўлга қўйилди. Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон каби шаҳарлар қад ростлаб, Мирзачўл, Қарши, Жиззах, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларида миллионлаб гектар қўриқ ерлар ўзлаштирилиб, пахта ва ғалла далалари, боғ-роғлар яратилди. Аҳоли турар жойлари, турли саноат иншоотлари, завод-фабрикалар қурилди. Бундай улкан ўзгаришларнинг барчасида бевосита Шароф Рашидов ва сафдошларининг муҳим ўрни бор.
Шароф Рашидов фаолиятидаги яна бир энг мураккаб вазиятлардан бири 1966 йил 26 апрелида Тошкентда содир бўлган мудҳиш зилзила билан ҳам боғлиқ. Нафақат Ўзбекистон аҳли, балки бутун иттифоқ республикаларини ўзбек халқи бошига кўргулик бўлиб келган бу зилзила оқибатларини бартараф этишга жалб эта олган давлат арбоби қисқа муддат ичида ер силкинишлари туфайли қулаган пахса уйлар ўрнида замонавий турар жойлар ва янги мактабу боғчалар, музейлар, театрлар, меъморий обидалар қад ростлашини таъминлай олди. Бунинг учун дадил ва инкор этишга имкон қолдирмайдиган таклифларни илгари суриб, Москва раҳбарияти олдида зилзила оқибатида ярим вайронага айланган Тошкент шаҳрини қайта тиклаш бўйича ўз қатъий қарорини билдиради. Унинг бу муҳим талабларини даставвал қабул қилишмасада, Шароф Рашидов қатъият билан амалга оширган саъй-ҳаракатлари билан охир-оқибат самарали натижаларга эришишга муваффақ бўлади.
Шунингдек Шароф Рашидов ташаббуси билан 1977 йил Тошкент шаҳрида Ўрта Осиёдаги биринчи метро йўналиши ишга туширилади. Бетон қопламали, узунлиги 800 километрдан зиёд Тошкент-Термиз автомобиль йўли, баландлиги 375 метрдан юқори ва ўша даврда собиқ СССР пойтахти ҳисобланган Москва шаҳридаги Останкинодан қолишмайдиган Тошкент телеминорасининг қурилгани ҳам бевосита мазкур давлат арбоби номи билан боғлиқ. Бундан ташқари, республикадаги илмий-тадқиқот институтлари сони 64 тадан 100 тага етказилади, Ўзбекистонда Ўрта Осиёдаги энг биринчи Археология институти ташкил этилади, ҳозир ҳам пойтахтимизга кўрк бағишлаб турган “Халқлар дўстлиги” санъат саройи барпо этилади. Бу тарихий қурилишларнинг барча-барчаси ҳанузгача ўша йиллар гувоҳи бўлган биз каби ёши улуғ инсонларнинг ёдида.
Айтиш жоиз, ўша пайтларда бу қадар улкан лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун “СССР Госплан”идан рухсат олиш учун республика раҳбарида катта журъат, асосли далиллар, жасорат, сўнгсиз куч-ғайрат бўлиши керак эди. Шароф Рашидов эса айнан шундай – дадил, чўрткесар, қатъий ва айни дамда, ўта юксак ички маданият соҳиби бўлган. Мустабид тузумнинг мустамлакачилик сиёсати энг юқори нуқтага чиққан мураккаб вазиятда ҳам Шароф Рашидов кучли иродаси билан ўз халқи манфаатини ифодалаш ва юрт тараққиётини таъминлаш учун доно сиёсат юргизишга эришган дунёдаги камдан кам раҳбарлардан бири ҳисобланади.
Шароф Рашидов нафақат республика ва собиқ иттифоқ, балки дунёвий миқёсдаги сиёсатчи эди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 1962 йилда Куба давлати ва АҚШ ўртасида юзага келган Кариб инқирози зиддиятлари бартараф этилади. Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг узоқ йиллар мобайнида давом этиб келган ўзаро уруш ҳолатига чек қўйишда муҳим ўринга эга бўлган 1966 йилдаги Тошкент декларацияси имзоланади. Шароф Рашидов нафақат собиқ иттифоқ – СССР ташқи сиёсатини амалга оширишда, балки кўплаб халқаро делегацияларга раҳбарлик қилишда ҳам фаол бўлган, яъни йигирма йилдан ортиқ давом этган асосий фаолияти давомида дунё халқлари фаровонлиги ва тинчлигини кўзлаган буюк шахс ҳам эди.

Шароф Рашидов ва
Оқил Салимов истеъдодли ёшларни тингламоқда.

Афсуски, кейинчалик Шароф Рашидов ташаббуси билан бепоён чўлларда пахтачилик саноатини ривожлантириш учун янги ерлар очилгани боис Амударё ва Сирдарё сувларининг аксарият қисми шу далалар томон йўналтирилгани борасида бу вазиятга нисбатан баҳсли қарашлар юзага келиб, унинг номини қоралашга уринишлар ҳам бўлди.
2016 йилдан бошлабгина бу сиёсий арбоб ҳаёти ва фаолиятини ёритиш, уни кенг оммага тақдим этиш ҳаққоний тус ола бошлади. Газета-журналлар ва интернет тармоқлари орқали Шароф Рашидовнинг ўзбек зиёлиларини қай тарзда яқиндан қўллаб-қувватлаганлари, Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, санъат, маданият, маънавият ва маориф ҳомийси сифатида ушбу соҳаларга алоҳида диққат-эътиборда бўлгани ҳақидаги ёндашувлар эълон қилина бошланди. Бу эса тарих ҳақиқатсиз қарор топмаслигининг яна бир исботи бўла олди.
Буни биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан Жиззах шаҳрида очилган Шароф Рашидов мемориал музейи пештоқидаги “Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди”, деган сўзларидан ҳам англашимиз мумкин.
Ўрни келганда айтиб ўтай. Шавкат Мирзиёев ҳали ўсмирлик чоғида Жиззах вилояти Зомин туманидаги Абдулла Қаҳҳор номидаги 60-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларида Ватанга наф келтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида 1972-74 йиллари ўқувчи ёшлар бригадасини муваффақиятли бошқарган. Вилоятда ўтказилган, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидович Рашидов иштирок этган тадбирлардан бирида ўз бригадаси фаолияти ҳақида катта ҳаяжон билан гапириб берган. Шароф Рашидов бу олов қалбли йигит – ёш Шавкат Мирзиёев нутқини якунлагач, уни ўзбекона одатга кўра оталарча бағрига босиб, ўзига хос тимсол сифатида унга чиройли авторучка туҳфа қилади, келгусидаги ишларига улкан зафарлар тилаб, алқайди.
Бундан ташқари, Шароф Рашидов ўз раҳбарлик фаолияти давомида илм йўлида заҳмат чекиб, фидойиларча ишлаган ҳеч бир ўзбек олими, ижодкори, меҳнат фахрийсини эътиборидан асло четда қолдирмаган, илм-фан, адабиёт ва санъат аҳлига қалбан яқин бўлган, ёш ижодкорларни ҳамиша қўллаб-қувватлаган. Ахир бежизга ҳурмат ва эҳтиромни бировдан, хусусан, халқдан сўраб, тиланиб олиб бўлмайди, дейилмаган. У меҳнату машаққатлар, уйқусиз тунлар, қалб гўзаллиги ва бошқаларга кўрсатилган чексиз мурувват эвазига қозонилади.
Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтлариданоқ ўткир хотираси билан тенгдошларидан ажралиб турган Шароф Рашидов 1932 йили Жиззах педагогика техникумига ўқишга киргач, аълочи ва ташкилотчи талаба бўлиш билан бирга шеърлар ёзиб, ижод қила бошлаган. Унинг даставвал “Самарқанд куйлари” тўплами, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзган шеърларидан ташкил топган “Қаҳрим” номли китоблари чоп этилган.
Ҳозирги ёш авлод атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг 1939 йилда – ҳудди уларнинг ёшида ёзган:
Сен демак – яшамоқ, яшнамоқ демак,
Сен демак – зафарга бошламоқ демак.
Кўз очган инсоннинг тилагидир шул:
Эй, Ватан! Омон бўл, мангу омон бўл!
каби сатрлариданоқ унинг она юртга бўлган самимий ва битмас меҳрини теран ҳис этишлари мумкин.
Шароф Рашидов Иккинчи жаҳон урушида Москва остоналаридаги жангларда оғир ярадор бўлгач, Жиззахга қайтиб келади. Бу ерда ўзи ўқиган мактабга директор қилиб тайинланади. Унинг 1945 йилда чоп этилган “Қаҳрим” тўпламидан жой олган:
Гар қуёшга айласам сафар,
Севги билан топарман зафар.
Гар ажалга бошласам исён,
Севги билан енгишим аён.
Севги билан кўзларим олов,
Мардлигимдан қалтирайди ёв
сатрлари эса ёш юракнинг қирғину урушларга нисбатан нафрати, ҳаётга бўлган муҳаббати ҳар қандай ёвни қалтиратишга қодир куч эканлигини ифодалайди.
Адабиётшунос, мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган Шароф Рашидов “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари муаллифи бўлиб, бу асарларининг барчасида ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш давридаги фидойилиги ва меҳнат жасорати юксак меҳр билан қаламга олинган. Бу эса унинг нафақат сиёсий арбоб, мамлакат раҳбари, балки шу юрт фарзанди сифатида она халқига қанчалар меҳр қўйганлигини исботлайди.
Унинг “Кашмир қўшиғи”(1957), “Комде ва Мудан”(1960) каби қиссалари эса анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган асарлар бўлиб, айниқса “Кашмир қўшиғи” қиссаси жаҳоннинг 56 тилига таржима қилинган. Мазкур асарнинг бу каби фавқулодда катта шуҳрат топишининг сабаби эса унда муҳаббат ва эрк, халқлар озодлиги учун кураш ғояларининг ўзига хос йўсинда тараннум этилиши билан боғлиқ эди.
Шароф Рашидовнинг шу Ватан, шу элу юрт равнақи йўлида қилган фидойи меҳнати ва саъй-ҳаракатлари, катта ҳаётий тажрибага тўла фаолияти билан танишган киши унинг тимсолида инсон салоҳияти, масъулияти, ташаббускорлиги, қатъияти, керак бўлса, қаттиққўллиги халқ ҳаёти ва юрт келажаги учун кўп жиҳатларни белгилаб берганига ишонч ҳосил қилади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ҳамиша виждон амрига қулоқ тутиб, ҳақиқат йўлидаги қоидаларга амал қилиб яшаган Шароф Рашидов улкан тафаккур ва юксак салоҳият соҳиби сифатида узоқни кўра олган сиёсатчи, жамиятда содир бўладиган муаммоларни тезда илғаб, уларнинг ечимларини топган шахс, миллат учун мураккаб ва масъулиятли даврларда мамлакат келажагини белгилаб беришга қодир, шу юрт тақдири учун ўзини бахшида этган улуғ халоскор сиймо сифатида ўзидан яхши ном қолдирди. Ўз ватанига садоқат билан хизмат қилган миллат фидойилари эса халқ юрагида абадий яшайди.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш