ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЁТГАН ИНСОНЛАР ДОИМО АҲОЛИ, ОДАМЛАР ОРАСИДА БЎЛАДИ, ТУРЛИ ТАДБИРЛАР, МУЛОҚОТЛАР, РАСМИЙ ЙИҒИЛИШЛАРДА СЎЗГА ЧИҚАДИ, ТУРЛИ УЧРАШУВЛАР, ТЕЛЕДЕБАТЛАР, КЎРСАТУВ ВА ЭШИТТИРИШЛАРДА ҚАТНАШАДИ. ШУ БОИС БУНДАЙ МАҚОМДАГИ ШАХС НОТИҚЛИК МАҲОРАТИНИ ИЗЧИЛ РАВИШДА ЎСТИРИБ БОРИШИ ЗАРУР. “МАЪНАВИЯТ” АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ЛУҒАТИДА (ТОШКЕНТ-2009 ЙИЛ) НОТИҚЛИККА ҚУЙИДАГИЧА ТАЪРИФ БЕРИЛГАН: “НОТИҚЛИК (АРАБ. – “ГАПИРУВЧИ”, “НУТҚ ҚИЛУВЧИ”) – РИТОРИКАНИНГ АСОСИЙ КАТЕГОРИЯСИ ҲИСОБЛАНИБ, НУТҚ СЎЗЛОВЧИНИНГ ЎЗ ФИКРИНИ ЛЎНДА, ЧИРОЙЛИ, АНИҚ ВА ЖАРАНГЛИ ИФОДАЛАШ САНЪАТИ”. МАЪЛУМКИ, ҲАР БИР ИНСОННИНГ ЎЗИГА ХОС СЎЗЛАШИШ УСЛУБИ БОР. ШУ БОИС “УСЛУБ – БУ ШАХСДИР”, ДЕГАН КЛАССИК ТАЪРИФ МАВЖУД. ШУ БОИС НОТИҚ НУТҚ СЎЗЛАШДА, РАДИО ВА ТЕЛЕВИДЕНИЕГА ИНТЕРВЬЮ БЕРГАНДА ЎЗ СЎЗЛАШ УСЛУБИГА ЭГА БЎЛИШИ ЛОЗИМ. БУНИНГ УЧУН БИРИНЧИДАН, МАМЛАКАТИМИЗ ВА ЖАҲОНДА КЕЧАЁТГАН СИЁСИЙ, ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА ГУМАНИТАР ЖАРАЁНЛАРНИ СИНЧКОВЛИК БИЛАН КУЗАТИБ БОРИШ; ИККИНЧИДАН ТАНЛАНГАН МАВЗУНИ ЖАМИЯТ ҲАЁТИ БИЛАН БОҒЛАБ УМУМЛАШМА ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРА ОЛИШ ҚОБИЛИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЗАРУР.
НОТИҚЛИК ТАРИХИДАН МАЪЛУМОТ
Жуда қадим замонлардан нотиқлик маҳорати ниҳоятда қадрланган. Қадимги Миср, Греция ва Римда нотиқлар, ваъзхонлар мусобақалари ўтказилганлиги тарихдан маълум. Нотиқлик маҳорати ва санъатини ўргатадиган махсус мактаблар мавжуд бўлган. Маълумки, Плутарх, Юлий Цезарь, Демосфен, Марк Цицерон ўзларининг нотиқлик истеъдоди билан жуда катта обрў-эътибор қозонишган. Хусусан, эрамиздан аввал 106-43 йилларда яшаган Цицерон ўзининг юксак нотиқлик маҳорати билан тарихда қолган. Унинг нотиқликда ўзига хос услуби одамларнинг руҳий ҳолатига, сиёсий кайфиятига кучли таъсир кўрсата олган. “Нотиқнинг вазифаси у ёки бу фактларни келтиришгина эмас, балки улар воситасида тингловчиларда кучли ҳис-туйғулар уйғотиш, барча тингловчиларни шунга сафарбар этишдир”, деб ёзганди у. Цицероннинг “Давлат ҳақида”, “Нотиқлик ҳақида”, “Қонунлар ҳақида” китоблари ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. “Нотиқда яна юмор ва ҳозиржавоблик, билимдонлик, тез ва чиройли жавоб қайтариш маҳорати бўлиши даркор. Бундан
ташқари, у қадимги тарихни яхши билиши, ундан ёрқин мисоллар келтириши, қонунлар ва фуқаролик ҳуқуқидан бохабар бўлиши кераклигини эътибордан соқит қилмаслиги шарт”. “Суқрот инсон ҳаётидаги лаззатларни икки гуруҳга бўлади – уларнинг бири инсонни нобуд қиладиган, ҳалокатга бошлайдиган, нафсини қондиришга қаратилган лаззатлардир. Шароб, лаззатул-нисо, қимор ва ҳоказолар шулар жумласиданди. Айни чоғда санъат асарларидан, ҳайкаллардан, нотиқлик санъатидан олинадиган лаззат бор. Бу лаззат инсон руҳини юксалтиради, унга қанот бағишлайди. Аммо одамлар кўпинча гўзаллик лаззатига бефарқ қолиб, бутун вужудлари билан нафс лаззатига шўнғийдилар”. Суқрот бунинг асосий сабабини нодонликда кўради. Кейинроқ атрофлича мулоҳаза юритиш натижасида дунёдаги ҳар қандай ёвузлик, ҳар қандай ёмонликнинг илдизи нодонликда, билимсизликда, бехабарликдадир, деган хулосага келади. Шарқда ҳам машҳур воизлар, нуктадонлар, нотиқлар кўп бўлган. Турли образлар ва ташбеҳлар ҳамда ҳикматлар билан ўз фикрини мазмунли ифода этиш Шарқ нотиқларига хос хусусиятдир. Натижада Шарқда алоҳида нотиқлик маҳоратини шакллантириш ва такомилга етказишга қаратилган фасоҳат илми деган фан шаклланган.

Нотиқлик санъатида теша тегмаган ибора, чуқур мазмунга эга фикр муҳим аҳамиятга эга. Донишмандлар фикрни ҳаётнинг жон булоғига қиёслашади. “Фикрлаяпманми, демак яшаяпман”, деган ҳикмат мавжуд. “Фикрлашдан тўхтаган одамнинг умри ҳам тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади”, дея ўзларига ўзлари сабоқ бериб, бу аччиқ ҳақиқатдан бошқаларни ҳам огоҳ этишган. Фикрнинг мавжудлиги жамият ривожланишининг зарурий шарти ҳисобланади. Демократик жамиятда фикрлар хилма-хиллиги инсон ҳаётини тараққиётга йўналтиради. Фикр мудрай бошласа, унга эҳтиёж сусайса, жамият ҳаёти ҳам мудрай бошлайди. Фикрий қашшоқлик иллати шўролар салтанатини таназзулга олиб келди. Одамларни ҳайбаракаллачига айлантириб қўйди. Шу боис маърузаларимиз, айтаётган сўзимиз фикрларга бой бўлса, реал ҳаётни ифода эттирса, чуқур мазмун касб этса, унинг таъсирчанлиги ҳам ошади. Маълумки, нотиқ тажрибали сиёсатдон бўлиши билан бирга илм-фан, адабиёт ва санъатдан хабардор бўлиши, халқнинг миллий руҳияти, анъаналари ва урф-одатларини яхши билиши лозим. Ёзувчи ва драматург А.П.Чеховнинг “Фикрни лўнда ифода этиш истеъдоднинг синглисидир” деган гапи бор. Инсониятга асрлар давомида ҳамроҳ бўлиб келаётган “қанотли сўзлар” муаллифлар орасида илм ва ижод аҳлига нисбатан сиёсатчилар, давлат арбоблари етакчилик қилади. Бугун илм-фанда иқтибос сифатида қўлланадиган, ўзаро суҳбатларда фикримизни асослаш ёки лўнда ифода этиш учун қўллайдиган қуйма фикрлар муаллифи кўп ҳолларда айнан сиёсатчилардир. Шарқнинг муҳташам саройларида ҳам, Қадимги Рим императорлари қасрлари, ёинки Уйғониш даврининг Европа қироллари ҳукуматида ҳам узундан-узоқ маърузалар ҳеч қачон рағбат топмаган. Воқеа ва ҳолатни образли ҳамда фалсафий, шу билан бирга хотирага михлайдиган қилиб лўнда ифода этиш, давр характерига баҳо бериш, сиёсий мухолифга муносиб жавоб бериш сиёсатчининг энг зарур хислати, фазилати ҳисобланган. Бу анъана ўрта асрлардан то бизнинг кунларимизгача сиёсий иқлим ва муҳитда муҳим ҳамда муқим талаб бўлиб етиб келди. Давлат раҳбарлари, сиёсат ва жамоат арбобларининг нотиқлик маҳорати алоҳида аҳамиятга эга. Тарихдан маълумки, Конфуций, Амир Темур, Бобур Мирзо, Махатма Ганди, Авраам Линкольн, Отто Бисмарк, Теодор Рузвельт, Ж.Неру сингари арбоблар ўзларининг ёрқин ва бетакрор нотиқлик таланти билан ажралиб туришган. Ўзбекистонда нотиқлик маҳорати ҳамда илмий-сиёсий услуб илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади. IХ асрдаёқ Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, кейинроқ Абу Али ибн Сино, Х асрда эса Абу Наср Фаробий ва Абу Райҳон Беруний бу борада салмоқли илмий фаолият юритишди. Бевосита нотиқлик санъати ҳақида Аз-Замаҳшарий, Зайниддин Восифий, Низомулмулк, Мирзо Улуғбек, Абул Ғози Баҳодирхон ўз асарларида алоҳида тўхталиб ўтишган.
НУТҚ ҚОБИЛИЯТИНИНГ
АСОСИЙ ШАРТЛАРИ
Нотиқлик маҳоратининг калити тилдир. Сўз қудратли ва бетакрор восита. Мумтоз ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “Адабиёт атомдан кучли”. Бу ўринда ёзувчи сўз санъатини назарда тутаётганини ҳар биримиз яхши биламиз. Шу боис тилнинг восита, имконият, бойлиги ва гўзаллигидан тўлиқ фойдаланиш – сўзимизнинг таъсирчанлигини беқиёс даражада оширади. Нутқнинг мазмунли, таъсирчан бўлиши аввало, фикрга, сўзларни тўғри танлаб, фикрни таъсирли ифода этишга боғлиқ. Донишмандлардан бири “ҳамма қобилиятлардан энг яхшиси нутқ қобилиятидир” деб алоҳида таъкидлаган. Энди бевосита бирор жойда оммавий чиқиш қилиш ёки бирор-бир тадбирда нутқ сўзлашга тайёргарлик жараёнида нималарга эътибор бериш лозим, деган масала устида тўхталсак. Биринчидан, нотиқ томонидан маъруза мавзуси тўғри танланиши лозим. Иккинчидан, танланган мавзу аудитория савияси, даражаси ва соҳасига мос бўлиши зарур. Учинчидан, нотиқ танлаган мавзуни пухта ўзлаштириб, маъруза матни устида жиддий ишлаб, нима ҳақида гапираётганлигини чуқур англаб етган бўлиши лозим. Тўртинчидан, нотиқ аввало ўз нутқини пухта режалаштириб олиши лозим. Бешинчидан, учрашувга бораётган ҳудуд, ташкилот, муассаса ҳақида, яъни унинг географик ўрни, тарихи, иқтисоди, ишлаб чиқараётган маҳсулоти, маданияти, машҳур кишилар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши лозим. Олтинчидан, маъруза тили содда ва равон, оммабоп бўлиши зарур. Маърузани бошидан охиригача бир нафасда ўқиб бериш одамларни зериктириб, унинг таъсирчанлигини пасайтиради. Ора-орада маърузадан бош кўтариб, аудиторияга бевосита мурожаат қилиш, баъзи ўринларда савол қўйиш ҳам керак бўлади. Шундай давра, йиғилиш, тадбирлар бўладики, бу ерда умуман қоғозга қараб гапирмаслик лозим. Лекин ҳар қандай шароитда маъруза матни ёки унинг тезислари қўл остимизда бўлиши мақсадга мувофиқ. Еттинчидан, нутқ узуқ-юлуқ бўлмаслиги, изчил ва жумлалар бир-бири билан занжирмонанд боғланган бўлиши лозим. Айниқса, нутқ ичида паузалар кўпайиб кетмаслиги керак. Бевосита нутқнинг ўзи фактларга бой, таъсирчан ва инсонни амалий ҳаракатга ундовчи бўлиши керак. Факт ва рақамлар шунчаки қайд этилмаслиги лозим. Образли қилиб айтганда, ҳар бир факт, ҳар бир рақам елкасига маълум юкни юклаши лозим. Ва энг муҳими, факт ва рақамларнинг моҳиятини очиб бериш керак бўлади. Нотиқ ўзига ишонган ва оммани ҳам ишонтира оладиган даражада тайёргарликка эга бўлиши лозим. Бу учун тиришқоқлик ва доимо ўз маҳоратини ўстириш устида ишлаши керак. Танланган мавзуни кенг ва қамровли очиб бериш учун мавзуга оид тарихий фактлар, воқеалар, ибратли ҳикоят ва ривоятларга алоҳида эътибор бериш зарур. Бундан ташқари, халқ мақоллари, буюк шахслар томонидан айтилган “қанотли сўзлар”, иқтибослар билан нутқ бойитилган бўлиши даркор. Лекин нутқ ёки маъруза иқтибосларга тўлиб-тошиб кетмаслиги керак. Нотиқ ҳамиша аудиториядаги муҳит ва умумий кайфиятни ҳис этиб туриши лозим. Нутқи давомида одамлар уни қандай эшитяпти ва қабул қиляпти – буни аниқ-тиниқ сезиб туриши керак. Аудиториянинг умумий кайфиятига ёки руҳий ҳолатига қараб маъруза вақтини оптималлаштириш лозим. Нотиқлик маҳоратида яна бир энг муҳим хусусиятлардан бири – ҳар бир даврага мос мавзуда гапиришдир. Америкалик машҳур сиёсатшунос олим Роберт Грин айтганидек, “Ҳар бир даврнинг ва ҳар бир давранинг ўз одамига айланинг”. Маърузани одамлар учун қизиқарли бўлиши мавзуга эмас, маърузачининг нотиқлик маҳорати, билим-савиясига боғлиқ эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Ҳар қандай зерикарли мавзуни қизиқарли, таъсирчан қилиш мумкин ва ўз навбатида энг қизиқарли мавзу нотиқнинг нўноқлиги туфайли зерикарли машғулотга айланиши мумкин. Нотиқлик маҳоратида имиж ҳам катта роль ўйнайди, яъни нотиқнинг ташқи кўриниши. Энг аввало, одамлар олдида оммавий чиқиш қиладиган ҳар бир инсон тоза, озода кийинган, иккинчидан, кийган кийими мавзу ва аудиторияга мос бўлиши лозим.

НУТҚ МАДАНИЯТИ ВА ОДОБИ
Нотиқлик маҳоратида баҳс маданияти ҳам алоҳида ўрин тутади. Сиёсий доираларда ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос сиёсий тизими, тарихи, халқининг менталитетидан келиб чиқиб сиёсий баҳс даражаси турлича кўринишга эга. Бизда ҳар қандай сиёсий баҳс одоб, рақибга нисбатан ҳурмат, андиша руҳида олиб борилади. Қўполлик, бетга чопарлик, ҳақорат миллий тарбиямиз ва одобимизга мутлақо тўғри келмайди. Омма олдида сўзга чиққанда нутқ маданиятига алоҳида эътибор бериш зарур. Нутқ маданияти нотиқ, маърузачи, педагог, сухандон, сиёсатчи, давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи, олимлар, яъни якка шахсларнинг нутқлари орқали намоён бўладиган ижтимоий ҳодисадир. Тил софлиги га эътибор бериш, яъни нутқ сўзлаганда хорижий сўзларни қўшмасдан гапириш нутқ маданиятининг асосий белгиларидан биридир. Нутқ маданияти маъруза қилиш, сўзга чиқиш, ўзаромулоқот, савол-жавоб, давра суҳбатларида ўзбек адабий тили бойлигидан самарали фойдаланиш; халқ оғзаки ижоди, ҳикматли сўзлар, мақоллар, ота-боболар ўгитларидан ўз ўрнида, меъёридан фойдаланиш; нутқнинг аниқ-равшан, теран мазмунли, кенг қамровли бўлишига эътибор бериш; тингловчилар билан баҳс мунозарани вазминлик ва одоб доирасида олиб бориш хусусиятларини ўзида мужассам этган. Нутқ маданияти нотиқнинг олдига ҳам муайян талаблар қўяди: нотиқ нутқини бошлашдан олдин тингловчилар билан самимий саломлашиши, нутқ мавзусига оид саволларга қисқа ва аниқ жавоб бериши, билмаганларига узр сўраши, нутқ мавзуси ва ўз ваколати доирасига кирмайдиган саволларга жавоб бермаслиги, тингловчилар нафсониятига тегмаслиги, турли ноўрин хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозим. Нотиқ омма олдида нутқ сўзлаганда нутқ одобига ҳам риоя қилиши зарур. Буюк алломамиз Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек, “Одобнинг боши тилдир”. Нутқ одоби доирасига очиқ чеҳра билан миннатдорчилик билдириш, эзгу тилаклар айтиш, илтимос ва таклиф қилиш, маслаҳат бериш, ҳамдардлик билдириш, қўллаб-қувватлаш сингари хусусиятлар киради. Нутқни якунлаш ҳам алоҳида маҳорат талаб қилади. Бунда: Биринчидан, барча айтган фикрларингизни ниҳоятда қисқа яна бир бор эслаб ўтиши ва умумлаштирилган хулосалар чиқариш ҳамда айрим таклифларни илгари суриш; Иккинчидан, одамларни амалий ишларга даъват этиш; Учинчидан, тингловчиларнинг руҳини кўтарадиган, уларнинг брўсини оширадиган ёқимли гаплар гапириш; Тўртинчидан, давра ва мавзуга мос бирор-бир шеър ёки ҳикмат билан сўзни якунлаш лозим.
КАМГАПЛИК –
БАРЧАГА ЗАРУР ХИСЛАТ
Нотиқлик маҳоратида нутқнинг катта ёки кичиклиги алоҳида ўрин тутади. Қадимдан барча халқларнинг буюк донишмандлари кам гапиришнинг фойдаси ҳақида жуда кўп ҳикматли сўзларни айтишган. Камгаплик нафақат сиёсатчилару турли даражадаги нотиқларга, балки у барчага зарур хислатдир. Барча вазиятларда қанча кам гапирсангиз, шунчалик теран инсон сифатида намоён бўласиз. Сўз қарға эмас, учиб кетса яна тутиб олинадиган. Ҳамиша тилга эҳтиёт бўлиш лозим. Айниқса, истеҳзо ва киноя қилишга ҳушёр бўлинг. Шу ўринда сиёсатшунос олим Роберт Грин асарларидан бирида тилга олиб ўтилган ибратли бир тарихий воқеага мурожаат қилсак (Таржима муаллифники): Кориолан исми билан машҳур бўлган Гней Марсий Қадимги Римнинг қаҳрамон лашкарбошиси эди. Қўмондон эрамизга қадар V асрнинг биринчи ярмида бир қанча жангларда ғолиб чиққан ва пойтахтни ҳам кўп маротаба фалокатлардан асраб қолганди. У аксарият вақтини жанг майдонларида ўтказганлиги учун ҳам римликлар уни яқиндан танишмас, айни хусусият Кориоланни янада сирлироқ қилиб, уни юксак шон-шараф оғушига кўмарди. Эрамизга қадар 454 йил Кориолан тўплаган обрў-эътиборидан фойдаланиб, сиёсат билан шуғулланишга қарор қилади. У консуллик учун бўлиб ўтган сайловда иштирок этади. Анъанага кўра сайловолди кампанияси олдидан номзодлар катта нутқ сўзлаши керак бўлган. Кориолан халқ олдида нутқ сўзлаш учун чиқаркан, гапни 17 йил давомида Римни ҳимоя қилиш учун ўтказган жанглардан башараси ва гавдасида қолган яра изларини намойиш қилишдан бошлайди. Кейин жуда узоқ нутқ сўзлайди. Лекин бу нутқни камдан кам одам тинглайди: чунки яра излари ҳеч қандай изоҳсиз ҳам одамлар қаршисида чинакам ватанпарвар ва жасур жангчи турганини аниқ кўрсатиб турганди. Кориолан муваффақият қозониши аниқ бўлиб қолгандек эди. Овоз бериш куни Кориолан Сенатнинг барча аъ-
золари ва Римнинг оқсуяк зодагонлари кузатувида форумга келади. Сайлов куни ўз ғалабасини кишини ғашини келтирадиган даражада намойиш қилиши оддий одамларни ҳайрон қолдиради. У ўзини кузатиб келган зодагонларга қарата яна нутқ сўзларкан, унинг гапларини кибр-ҳавоси жуда баланд, такаббурона ва халқни ҳақорат қиладиган даражада эди. У сайловда ғолиб чиқиши ҳал бўлган масаладек ўзини тутиб, яна жангларда кўрсатган жасорати, Рим учун қилган яхшиликларини бирига ўн қўшиб манманлик билан гапиради. Ушбу нутқни бу сафар одамлар диққат билан тинглашади. Биринчи марта нутқ сўзлаганда кўпчилик унинг гапини тингламаганди – чунки афсонавий лашкарбоши оддий бир манмансираган мақтанчоқ бўлиб чиқиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Кориоланнинг такаббурона иккинчи нутқи тез орада бутун шаҳарга тарқалади. Сайловда одамлар фаол иштирок этиб, шаҳарнинг қарийб барча аҳолиси Кориоланга қарши овоз бериш учун сайловга келади. Сайловда мағлубиятга учраган Кориолан ранж-алам билан унга қарши овоз берган оддий одамлардан ўч олишга киришиб кетади. Бир неча ҳафтадан кейин Римга катта миқдорда буғдой келтирилади. Сенат буғдойни халққа бепул тарқатиш учун овоз беришга йиғилади. Овоз бериш бошланишидан олдин залга Кориолан кириб келади ва сўз сўрайди. У ўз нутқида бепул тарқатилган буғдой одамларга ёмон таъсир кўрсатади, уларни иш ёқмас қилиб қўяди, деб, халққа қарши кўп ғаразли гапларни айтади. Сенаторлар овоз беришда иккига бўлиниб кетишади. Кориолан эса бу билан чекланмай, ўз нутқини давом эттириб демократия ғояси масаласига ўтади. У давлат бошқарувида оддий халқ вакиллари бўлган трибунлар иштирокини бе- кор қилиш, бошқарувни фақат патрцийлар (зодагонлар) қўлига беришни талаб қилади. Кориоланнинг охирги учинчи нутқи халқ орасига ёйилганидан сўнг бутун шаҳар ғазабдан жунбушга келади. Сенатга дарҳол трибунлар жўнатилади ва улар Кориолан халқ суди олдида жавоб беришини талаб қилишади. Кориолан буни рад этади. Бутун Рим бўйлаб ғалаёнлар бошланади. Қўрқиб кетган Сенат буғдойни халққа бепул тарқатишга рози бўлади. Лекин одамлар Кориоланни халқ олдида кечирим сўрашини талаб қилишда давом этишади.
НОТИҚЛИК МАҲОРАТИДА НУТҚНИНГ КАТТА ЁКИ КИЧИКЛИГИ АЛОҲИДА ЎРИН ТУТАДИ. ҚАДИМДАН БАРЧА ХАЛҚЛАРНИНГ БУЮК ДОНИШМАНДЛАРИ КАМ ГАПИРИШНИНГ ФОЙДАСИ ҲАҚИДА ЖУДА КЎП ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАРНИ АЙТИШГАН. КАМГАПЛИК НАФАҚАТ СИЁСАТЧИЛАРУ ТУРЛИ ДАРАЖАДАГИ НОТИҚЛАРГА, БАЛКИ У БАРЧАГА ЗАРУР ХИСЛАТДИР. БАРЧА ВАЗИЯТЛАРДА ҚАНЧА КАМ ГАПИРСАНГИЗ, ШУНЧАЛИК ТЕРАН ИНСОН СИФАТИДА НАМОЁН БЎЛАСИЗ. СЎЗ ҚАРҒА ЭМАС, УЧИБ КЕТСА ЯНА ТУТИБ ОЛИНАДИГАН. ҲАМИША ТИЛГА ЭҲТИЁТ БЎЛИШ ЛОЗИМ. АЙНИҚСА, ИСТЕҲЗО ВА КИНОЯ ҚИЛИШГА ҲУШЁР БЎЛИНГ.
Трибунлар ўзаро маслаҳатлашиб Кориоланни ўлимга ҳукм қилишади. У қоядан улоқтирилиши керак эди. Одамлар бу ҳукмни кўтаринкилик билан кутиб олишади. Лекин патрицийлар аралашиб, ўлим жазосини бир умрлик қувғин қилиш билан алмаштиришади. Буюк миллий қаҳрамоннинг шаҳардан қувғин қилиниши ҳақидаги хабарни халқ катта тантана билан нишонлайди. Рим кўчаларида энг қудратли душман устидан қозонилган ғалаба шарафига ҳам бунақанги шод-хуррамлик уюштирилмаган эди. Кориолан сиёсатга аралашмагунча, унинг номи чуқур ҳурмат уйғотарди. Ҳарбий жасоратлари уни беқиёс даражада жасур одамлигидан далолат берарди. У ҳақда одамлар жуда кам маълумотга эга бўлган вақтларда Кориолан номини кўплаб афсоналар билан боғлашарди. Бироқ римликлар олдида сўзга чиқиши биланоқ аввалги улуғворлик ва сирлилик ўз-ўзидан йўқолади. У худди оддий аскардай бақирар ва мақтанар эди. У ўз шахсини аҳамиятли қилиб кўрсатиш мақсадида халқдан ғазабланади ва ҳақорат қилади. Одамлар тўсатдан унинг ҳақиқий башарасини билиб қолишади. Уни афсонавий қаҳрамон ҳисоблаб юрганлар ҳақиқатни билишгандан сўнг Кориоландан ҳафсалалари пир бўлди. У қанча кўп гапирса, унинг заифлиги шунчалик кўпроқ намоён бўла бошлади. Ўз гап-сўзини ва ўз-ўзини назорат қила олмайдиганлар ҳеч қачон обрў-эътибор қозона олмайди. Кориолан кам гапирганида, ўзининг иззат-икромини сақлаб, албатта консулликка сайланарди. Бироқ инсоннинг тили бу жуда камдан-кам одамларни бўйсундириб оладиган ҳайвондир. Тил доимо қафасдан чиқишга ҳаракат қилаётган ҳайвонга ўхшайди. Уни ўз вақтида жиловлаб олмасангиз, эркинликка чиқиб кўп зиён-заҳмат етказади.
МАВЗУГА ОИД МАСАЛ:
Устрицалар (денгиз моллюскаси) чиғаноқларини ой тўлганда очишади; чиғаноғи очилган устрицага қисқичбақа тош отади. Ичига кириб қолган тош туфайли чиғаноқ қайта ёпилмайди ва устрица қисқичбақанинг енгил ўлжасига айланади. Оғзини кўп очадиганлар қисмати ҳам худди шундай бўлади: улар тингловчининг ўлжасига айланишади.
ТИЛ МАДАНИЯТИ
Ҳар бир фуқаро, айниқса, зиёли ва сиёсатчи учун тил маданиятига риоя қилиш ўта муҳим масала ҳисобланади. Ўзбек тили шеваларга бой тил. Аммо омма олдида чиқиш қилганимизда, теле-радио каналларига интервью берганимизда, расмий учрашувлар ва мулоқотлар чоғида албатта адабий тил талаффуз қоидаларига риоя қилишимиз зарур. Шева элементларидан қочиш, адабий тилда гапириш учун эса ўз устимизда тинимсиз ишлашимиз, керак бўлса мутахассислардан сабоқ олишимиз мақсадга мувофиқ. Чунки тил – бу олий қадрият, уни асраб-авайлаш, жамиятда тил маданиятини ривожлантириш барчамизга шарафли вазифадир. Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган сўзларини доимо ёдда тутмоқ зарур.