ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

КИТЛАР ХУДОСИ ҲИКОЯ

УНО КОИТИРО

Тасодифан “Кит ови” деб номланган “эмаки”*- ни кўриб қолдим. Суратда қонга беланган улкан кит тасвирланган эди. Уч қатор тўрга ўралган кит тўлғонар ва ҳар томондан сузиб келаётган қизил, оқ, қора кемаларни тўрт томонга улоқтиришга ҳаракат қиларди. Жароҳатларидан эса қон отилмоқда. Балиқчилар бу қутурган ҳайвонни тобора қисиб келиб, уни гарпунлар ёрдамида тинчлантиришмоқчидай гўё, улардан бири китнинг бошига чиқиб олган ва китга ов пичоғини тинмай санчмоқда. Яна бири мажолсиз ҳолда тўрга осилиб қолган. У, ҳойнаҳой, жонсиз эди. Денгиз эса гўё пўртана пайтидагидек қаттиқ чайқалиб турибди. Ёнбош бўлиб ётган қайикларнинг ичи қорайиб кўринар, уларнинг устида безовта бўлган балиқчи қушлар чарх урарди. Ранг танлашу тузилиши жиҳатидан ҳам бу сурат кит ови тасвирланган бошқа машҳур суратлар билан, масалан, Сиба Коканинг суратлари билан рақобатлаша олмасди. Рассом бу суратни европаликларга хос, манзарани тўғридан-тўғри тасвирлаш усули қонунлари асосида чизганди. Лекин суратнинг нимасидир мени ҳайратга солди: балиқчилар ва уларнинг қайиқлари улкан кит олдида чумолидай бўлиб кўринишарди. Кит ҳақиқатга тўғри келмайдиган даражада, атайлаб улкан ҳолда тасвирланганди. Э-э, йўқ. Рассомни таққослаш ҳисси алдамаган экан. Сурат остидаги жўнгина ёзувни
ўқигач, мен буларнинг ҳаммаси тўқима эканлигини тушундим. “Қаранг, бу кит қанчалар улкан”, деб
ёзганди рассом.
– Боболаримиз замонидан қолганми, дейман, сўрадим сурат эгаси нагасакилик қариядан.
– Бу сурат менга бир келгинди рассомдан қолган. У китлар худоси ҳақида эшитиб, шунчалик ҳа-
яжонга тушган эдики, оқибатда беихтиёр мана шу суратни чизди ва кетиш олдидан уни менга ижара
ҳақи ўрнида ташлаб кетди. Китлар худоси! Болалигимда у ҳақда неча марта эшитгандим. Сўнгра қария – меҳмонхона соҳиби шошилмасдан, барча тафсилотларни хотирлаб, қуйидаги ҳикояга асос бўлган ривоятни сўзлаб берди. Хидзэн вилоятининг қирғоқларида жойлашган Вадаура қишлоғида бир неча юз киши яшарди. Император Мэйдзи бошқараётган янги давр силсилалари уларга ҳали етиб келмаганди. Одамлар ёзда балиқ, қишда эса кит ови билан машғул эдилар. Лекин бу қиш анча пайтгача уларнинг омадлари юришмади. Ниҳоят, тўрга урғочи кит илинди. Балиқчилар ўлжани қўлдан чиқариб юборишдан қўрқиб, унга гарпун кетидан гарпун отишар ва уни ўлдириш арафасида эдилар. Тўсатдан таранг тортилган тўрнинг ёнида яна бир улкан, худди оролдек кит пайдо бўлди. Бунақасини бу ерда ҳали ҳеч ким кўрмаганди. У токи боши тўрга тегмагунча тўлқинлар узра ўйноқлаб, устида баланд фаввора кўтариб сузиб келди. Кейин эса шаҳд билан очиқ денгизга бурилди. Тўрга қўшиб икки қайиқ ва таъқибчиларнинг учта қайиғини ҳам судраб кетди. Урғочи кит озод бўлди. Улкан кит эса дам шўнғиб, дам кўтарилиб, шўрлик балиқчиларни судраганча уч куну икки тун шитоб билан сузди. Икки қайиқ чўкиб кетди, иккитаси ағдарилди ва улардаги ҳамма одам нобуд бўлди. Учинчи кун охирги қайиқнинг балиқчилари ниҳоят, арқонларни кесиб юборишга жазм этишди. Аммо улар уйларига қарийб бир ойдан кейин, чалажон ҳолда зўрға қайтиб келишди. Ўшандан бери қайиқдаги омон қолган гарпунчилардан бирининг қалбига китнинг ёвуз руҳи ўрнашиб қолди.
– Агар Япониядан чиқмаслик ҳақида қонун бўлмаганида, мен у қотилнинг думига ёпишиб олиб, керак бўлса, Ҳиндистонгача борардим. Қўлимга яна бир тушсин, қутулиб бўпти. Думидан ушлаб олиб, дўзахга бўлса ҳам кетавераман, – дерди у қалтираганча денгиз маҳлуқини қарғаб. У кекса гарпунчилардан бўлиб, гарчанд, эллик ёшдан ошган бўлса-да, жасурлик ва довюракликда унга тенг келадиган киши йўқ эди. У худолардан ҳам, буддалардан ҳам қўрқмасди. Вадаура балиқчилари Симабаре* қўзғолонидан кейин католик динини қабул қилдилар. Эдо зулми даврида ҳам улар ўз худоларига хиёнат қилмадилар. Бу гарпунчи эса на аждодлари эъзозлаган Христосга, на худонинг қаҳрига ишонарди. Уч йил ўтгач, улкан кит яна пайдо бўлди. Эркаклар уни қувишга тушдилар. Лекин кит тўқнашувдан қочишни ўйламасди ҳам. У думининг кучли зарблари билан ҳамма қайиқларни чилпарчин қилиб ташлади. Шўрлик балиқчиларнинг жасадлари эса то балиқчилар кемаси йиғиштириб олгунга қадар, тўлқинлар узра анча вақт сузиб юрди. Вадаураликларнинг одати бўйича арқонни кесиб, ўлжани қўлдан чиқариш шармандалик ҳисобланарди. Яна, уларнинг одати бўйича, қотилдан, албатта, қонли қасос олинмоғи лозим эди. Ўғли ҳалок бўлган бир кампир набирасини қирғоққа олиб келди. У кўз ёшлар тўкмади, балки қасос қўшиғини айтди ва набирасидан қасос қасамини қабул қилди. Қонхўр кит ҳақида хунук миш-мишлар юрар, одамлар эса унинг чексиз қудрати олдида илоҳий бир қўрқувга келардилар. Бу кит ўзининг наслидаги бошқа китларга ўхшамасди. Унинг бурнида катта оқ ғурра бор эди. У ўта шум, ваҳший ва бошқа китлардан қарийб икки баравар катта эди. Шунинг учун ҳам унда ёғ саккиз чандон кўплиги маълум эди. Кисю, Тоса, Танго ва Масумоти артелининг балиқчилари унга “китлар худоси” деб ном беришди. Бундан ташқари, унинг яна бир белгиси бор эди, яъни унинг фаввораси баланд кўтарилгач, иккига бўлиниб кетарди. Шунинг учун ҳам уни узоқдан таниш мумкин эди. Бу китни кўрган балиқчилар гўё бўрон яқинлашиб келаётгандек, овни ташлаб, уйларига шошилардилар. Қишлоқ руҳонийси эса:
– Унга тегманглар. У шайтоннинг ўзгинаси. Сизга чин кўнгилдан айтяпман, ким динга ишонса, у китни қувишга киришмайди. Уни овламоқ – одамларни ҳам, анжомларни ҳам беҳуда нобуд қилиш, демак. Иблис билан олишишга инсоннинг қудрати етмайди, – деб насиҳат қиларди. Лекин барибир Вадаура қайиқлари китлар худосини таъқиб қилишни қўймасди. Бу ишни кит ёғи учун эмас, балки ундан қасос олиш, иснодларини ювиш ва номусларини, обрўларини қайта тиклаш учун қилардилар. Зеро, номус ва обрўсиз ҳаётни улар ҳатто тасаввур ҳам қилишолмасди. Хипча қўлларига синиқ гарпунни ушлаб, қасос қасамини ичган набира уч йилдан сўнг уста гарпунчи бўлиб етишди. У одамови бўлиб, эҳтирос ва туйғуларини камдан-кам ҳолларда овоз чиқариб ифодаларди. Бироқ у кит билан бўладиган учрашувни сабрсизлик билан кутмоқда эди. Ниҳоят, орзу қилинган кун ҳам келди. Ёш гарпунчи ва китлар худоси қиш кунлари тўлқинли денгизда учрашдилар. Дастлаб ҳамма иш жойида эди. Таъқибчиларнинг шовқинидан қулоғи битган кит бошини тўрга тираганча, худди жонсиздек тўлқинлар узра қотиб турди. У гарпунлардан оғир яраланган, куни эса деярли битган эди.
Аммо бу ҳийла бўлиб чиқди. Ўсмир пичоғини белига қистириб, секин сузиб, унинг устига чиқиши билан кит тўр ва қайиқларни судраганча, океанга шитоб билан сузиб кетди. Гарчи барча қайиқлар чилпарчин қилинган ва уч қават тўр йиртиб ташланган бўлса-да, у нақд бир соат сув остида, яна тўрт соат сув юзида сузиб юрди. Ўн икки кишининг жасадини денгиз қирғоққа чиқариб ташлади. Улар орасида жасур ўсмирнинг ҳам жасади бор эди. Олти киши эса бедарак йўқолди. Бир гарпунчи бошидан кечирган даҳшатлар оқибатида ақлдан озди. Уч йилдан сўнг Сяки исмли йигит китлар худосининг изига тушди. У ҳалок бўлган ўша жасур йигитнинг укаси эди. Бувиси вафот этганлиги туфайли қасос қасамини ундан онаси қабул қилди. Онаси тўнғич ўғлининг ўлимига бир томчи ҳам кўз ёш тўкмади. У митти жуссали ва оғир табиат аёл эди. Қайиқ қолдиқлари, йиртилган тўрлар, синдирилган гарпун дасталари қалашиб ётган, юзга шамол уриб турган қирғоқда она кичик ўғлининг қўлига гарпун дастасини тутқазди. Кейин сўзларини шу лаҳзадаёқ тўкиб, кафанга ўралган ўн икки жасад тепасида турганча, дафн маросими қўшикларига мос оҳангда қасос қўшиғини айтди: Ул нимадир ўралганча қора булутга; елиб бораётган, гўё шамолдек? Ялаганча қонли лабларин, қочаётган тўзон чиқариб? Ўғлим, шошил, унга етиб ол. Халқумига ботир тирноғинг. Титиб ташла ичак-чавоғин. Токи артмас экан ўз туққан онанг, қотилнинг қонига кўз ёшларини, қайта кўрма, чунки барибир, сени бунда ҳеч ким кутмагай. Гоҳида ғазабдан овози узилиб қолса-да, у барибир қўшиқни охиригача айтди. Қўшиқ тугагач, қасос рақси бошланди. Эркакларнинг кўзлари қонга тўлди. Улар бир қўлларига синиқ гарпун; бир қўлларига ўз гарпунларини тутиб, жазава аралаш қичқирганча қумни, дарахтларни, сувни савалай кетдилар. Аёллар оғизларидан кўпик чиқариб, шусиз ҳам тўзиб бўлган кийимларини қийма-қийма қилдилар. Улар юз-кўзларини муштлаб, бир-бирларига ташланардилар. Баъзилар ҳушидан кетиб, қумга йиқилди. Бир эркак эса денгизга думалаб тушди. Ниҳоят, ҳолдан тойган эркаклар гарпун синиқларини силкитганча қасос қасамини ичдилар. Кит билан олишувга боролмайдиганлар – аёллар ва чоллар балиқчиларга бисотларидаги энг азиз буюмларини келтирдилар. Ҳадя этишга ҳеч нарсаси бўлмаган бир кампир ўзини тутолмай “Ким китлар худосини ўлдирса, ўшанинг тўшагида бир кеча меҳмон бўламан”, деди. Унинг бу сўзларидан ҳеч ким кулиб юбормади. Артел хўжайини қилич тақиш тақиқланган бўлса-да, бу маросимга самурайлар одати бўйича, битта узун ва битта калта қилич тақиб келди. У узун қиличини зарб билан қумга санчди. Ботаётган қуёш нурларида унинг юзи қизаргандек бўлди.


– Жами гарпунчи ва денгизчилар, эшитинг, –қичқирди у бўғиқ овоз билан. – Сиз ҳозиргина китлар худосини ўлдириш учун жонларингизни ҳам аямасликка қасам ичдингиз. Агар қаршингиздаги чол лоақал беш ёшлар ёш бўлганида эди, бу ишга жонини биринчи бўлиб тиккан бўларди. Бироқ қариликда оёқ-қўлларинг айтганингга юрмас экан. Шунинг учун мен ҳаётим ўрнига бошқа нарсани таклиф қиламан. Тингланг. Кексайиб қолган бўлсам- да, ҳали беришга арзигулик нарсаларим бор. Кимки китлар худосининг қаншарини ўйиб, ундан ип ўтказса, ягона фарзандим – қизим Тоени бера-
ман. Сепига эса ҳовлимни, ерларимни ва самурай номимни мерос қилиб қолдираман. Ҳаммаси кит-
лар худосини ўлдирганники бўлади. Унинг ўткам овози ва дона-дона гапларидан сўнг қайғули ва ғазабли қичқириқлар тўхтади. Ҳайратга тушган одамлар сукутга чўмдилар, беихтиёр ҳалок бўлган гарпунчининг онаси ва китлар худоси бобоси, отаси ва акасини маҳв этган унинг ўн саккиз яшар ўғли томонга қарадилар. Ҳамма қасос олиш ҳуқуқи фақат унгагина ато қилинишини индамасдан тан олди, гўё қасос қўшиғини ҳам бошқа аёл эмас, айнан унинг онаси бежиз айтмаган эди. Уларнинг нигоҳларидан қорачадан келган бу ўсмир бир чўчиб тушди: “Қария мени назарда тутаяпти, демак, китлар худоси билан жангга кириш ва ҳалок бўлишдек шараф менга ато қилар эканда. Сўнгра менинг орқамдан сузганлар, кейин эса уларнинг кетларидан сузганлар ҳалок бўлади. Ниҳоят, кимгадир омад кулиб боқади. Чалажон бўлиб қолса ҳам у китлар худосини ўлдиради. Чолнинг куёви бўлишга муваффақ бўлади. Чол сўзларини ҳамманинг олдида, гўё мени пайқамагандек айтди. Демак, шараф билан ўлмоқ насибам экан. Шундай экан, нима ҳам қилардим…”.
Ўсмир беихтиёр инграб юборди. “Мен ўламан, лекин китлар худосини ҳам тирик қолдирмайман. Тое ҳам, самурайлик номи ҳам мени қизиқтирмайди. Мен бобомнинг, отамнинг, акамнинг ўчларини
олиш учун, Вадаура гарпунчиларининг номусини қайта тиклаш учун жонимни беришга тайёрман”. Шамол кўтарилди. Совуқ суякларгача қақшатиб юборди. Қуёш денгизга ярим ботган, уфқ қип-қизил нур сочарди. Қишлоқ аҳолиси жазаваларидан тўлиқ ўзларига келолмай, гўёки бирор нарсани кутаётгандек, тек қотиб туришарди. Паст бўйли, бақувват, ўн кунлар олдин Кисюдан келган киши бепарво оҳангда гап бошлади. Лабларини чўччайтириб, юзига кинояли тус берганча, хўжайиндан сўради:
– Сизни тўғри тушунган бўлсам, гапларингиз фақат шу қишлоқ аҳолисига эмас, барчага тааллуқли, шундайми? Агар китлар худосини бегона киши ўлдирса ҳам ваъдангизда тураверасизми?
– Мен бир гапни беҳуда гапирмайман, – аччиқланди чол. Кейин у сочлари оқарган бошини баланд кўтариб, қичқирди:
– Майли, у мен шу пайтгача бўсағамга ҳам яқинлаштирмаган ярамас одам бўлсин. Aммо у китлар худосини енгса, унга қизимни ҳам, ҳовлимни ҳам бераман.
– Ундай бўлса, – яна ўша кинояли оҳангда давом этди кисюлик киши. – Уларни нима қилиш ҳам ғолибнинг измида бўладими?
– Нима кераги бор бу аҳмоқона гапларнинг? Самурай сўзидан қайтмайди. Майли, у мерос қолган уйни қиморда ютқазсин, қизимни эса фоҳишахонага сотсин. Ихтиёр ғолибнинг ўзида. Тушундингми?
Ёки сен гарпунимнинг кучини синаб кўрмоқчимисан?
Кисюлик киши билан қасос олиш ҳуқуқига эга бўлган марҳумнинг укаси ўртасида ана шу тариқа адоват пайдо бўлди. Келгинди бутун бўш вақтини қовоқхонада ўтказарди. У ҳақда турли мишишлар юрар эди: гўёки у аллақандай денгизчининг хотинини зўрлаган эмиш, Тайдзиурада бир одамни гарпун билан уриб ўлдириб, ҳозир қочиб юрганмиш. Лекин ҳеч ким гарпунни нишонга у қадар аниқ отолмасди. Вадаурада эса айнан мана шу хислат ғоят қадрланар ва бунинг эвазига у одамнинг баъзи нуқсонлари кечирилар эди. Бобоси, отаси ва акаси китлар худоси томонидан маҳв этилган Сяки уч йил ичида нишонга аниқ отишни ўрганди ва ҳақиқий гарпунчи бўлиб етишди. Гарчанд у мўлжални аниқ олишда кисюлик кишига бас келолмаса-да, бардошлиликда ва кучли зарб беришда Вадаурада ундан ўтадигани йўқ эди. Меҳмонхона соҳиби шу билан ҳикояни тугатди. Кечки овқатга ҳали вақт бор эди. Оёқларимизга қадама қўнжли этик кийиб денгиз бўйига тушдик. Бир замонлар китларни нимталашга мўлжалланган иморатлар ўрнига болалар боғчаси қурилибди. Балиқчилар денгизга кетишаётганларида болаларини шу ерга олиб келишар экан. Қумлоқ соҳилнинг у ер-бу ерида тўсинлар қад кўтарган ва тўсин денгизга анча кириб борган. Унинг охирига эса маёқ қурилган эди. Маёқнинг шишалари ботаётган қуёш нурида оловдек товланади. Денгизнинг чиройидан завқланиб, мен ҳозиргина эшитган воқеани ўйладим ва улкан кит билан ёш жасур гарпунчининг яккама-якка олишуви, унинг тортган даҳшатли азоблари ва ўлимидан олдин ўзини китлар худоси ўрнига қўйганлиги ҳакида ҳикоя туздим. Мен ҳали қандай сўзлар пайдо бўлишидан бехабар эдим, аммо бу ҳикоя қалбимда тўлиқ шаклланди. Сяки образи менга шунчалик равшан намоён бўлдики, гўё мен уни кўриб тургандек бўлдим. Бирдан унинг ёнида ўрта ёшлардаги юзи чўтир, қуёшда қорайган ва лаблари чўччайган бир киши пайдо бўлди. Бу, албатта, кисюлик киши эди. Кўз олдимда артел хўжайини ва бошқалар гавдаланди. Улар қуёшнинг кечки нурлари остида эллик йилдан сўнг туманли бир тасаввурда яна қирғоққа қайтдилар. Болалар боғчаси яна кўҳна иморатга айланди. Хаёлимда афсонада бўлмаган тафсилотларни ҳам чиза бошладим. Ниҳоят, мана олтин кўпиклар пайдо қилиб, китлар худосининг улкан арвоҳи мен томонга сузиб келди…


Денгизга тонгги оқиш туман қўнган. У аста-секин дастлаб маллатоб қирғоқ, сўнгра эса тўқ-яшил тусдаги қарағайзор узра ўралмоқда. Қумда тўнкариб қўйилган қайиқлар кўзга ташланади. Мўрисидан қуюқ тутун кўтарилаётган омборхоналар панжара билан ўралган. Балиқчилар катта бир чиғириққа тўр ўрамоқдалар. Сувда аллақандай қизил-қорамтир нарса сузмоқда, чамаси урчуқ бўлса
керак. Ўрмон билан тоғ туташган жойда унча катта бўлмаган кенглик бор. Қишлоқдаги олтмишта уйнинг ҳаммаси ана шу ерга қурилган. Сокинлик, ҳаётдан бирор нишона йўқ. Ҳамма эрта тонгдан кит танасини нимталашга кетган. Кеча денгизда ишлаб чарчаганларнинг чарчоғи тарқамаган ва шунинг учун улар қалин туман ичра қолган фақирона кулбаларида ҳамон ухлашмоқда. Тоғ этагида катта уйга тақаб қурилган уйча ва айвондан иборат бўлган иморат қад кўтарган. Уй атиги икки хонадан иборат. Шифти бошга тегадиган даражада паст, томи эса сомон билан ёпилган. Ёш гарпунчи Сяки шу уйда яшайди. Эшикдан тушаётган ғира-ширада юпқа чойшаб остида озғин, лекин бақувват йигитнинг танаси тўлғонаётганлиги кўзга ташланади. У инграр ва мускулларига яширинган чарчоқни қувишга интилади. У кеча кит билан олишиб, бор кучини сарфлаган, шу сабабдан туш пайти яқинлашаётган эса-да, чарчоғи ёзилмасди. Сяки отаси ва акасининг изидан бориб, гарпунчи бўлганидан сўнг артелдан йилига олтмиш иен пул ва тўққиз қоп гуруч олиб туради; шундан бўлса керак унчалик қашшоқ эмас эди. Бироқ юрак хасталигидан вафот этган онаси ҳаётлигида эрининг “Инсон ҳали оёқда тик турар экан, ишлаши керак”, деган сўзларини такрорлашни ёқтирарди. Мана Сяки ҳам кеча кит овлади, бугун эса уни бўлаклашга боради. Синглиси тонг қоронғусидаёқ қирғоққа кетган. Уйда сокинлик ҳукмрон. Кузда синглиси ўқитувчи Касукэга турмушга чиқади. Сяки тўйга синглиси учун бирор арзигулик буюм харид қилмоқчи. У ҳали яна ётган бўларди, бироқ хонага товуқ кириб келди-да, худди ўз катагидек, бошини қуйи солиб, кўрпа устида юра бошлади. Сяки товуқни қувиш учун сакраб турди. Деразани очиб, қовоғи солиқ осмонни ва қўрғошиндек тўқ рангдаги денгизни кўрди. Шамол ноғораларнинг овозини ва аёлларнинг шўх кулгисини олиб келди. У ёшликдаги дўсти, қашшоқ бир қизнинг таниш овозини эшитгандек бўлди. Яноқларига қизиллик югурди. Белига ботиб қолган беш иен*лик тангани пайпаслаб қўйди. Бу тангани кечаги маошидан ажратиб қўйган эди. Хотиржам бўлгач, қўшни хонага ўтди. У ерда пастаккина хонтахтада нонушта турарди. Катта-кичик пастак иморатлар бамбук панжара билан ўралган. Панжара олдида қўшнилар тўдалашиб туришибди. Улар шовқин солишар, кулишар, баҳслашардилар. Кит гўштининг тарқатилишини кутиб, бировлар катта саватларини бошларига қўйиб олишган, бошқалари рўмолга ўхшаш матоларини тайёрлаб туришарди. Сяки қоровул билан кўришиб, ҳовлига кирди. Омборхонага кириши билан димоғига иссиқ ҳаво гуп этиб урилди. Ичкари қизил шуълага ғарқ эди. Печка олдида иссиқдан қизариб кетган ёш жувонлар ўралашишарди. Бақувват йигитлар эса терга ботганларича полда гўштни болта билан катта-катта бўлакларга бўлишарди. Харидорлар назорати остида артелнинг кекса аъзолари бўлакланган гўштларни саватларга солишар, ўлчашар ва ҳовлига олиб чиқардилар. Узун стол бўйлаб қишлоқнинг деярли барча аёл ва қариялари саф тортган. Улар пичоқларини ноғора оҳангига монанд урганларича тери ва гўштни майдалашарди. Улкан қозонларда ёғ биқирлаб қайнамоқда. Бир неча эркак ўтин қалар, катта чўмичлар билан ёғни бочкаларга қуйишарди. Уларнинг терлаган баданлари ялтираб турарди. Бир неча пичоқнинг тахтачаларга бир маромда урилишидан девор титрайди. Шовқин, кулги, аёлларнинг баланд овозлари, ўтиннинг чарсиллаши – ҳаммаси қўшилиб, ҳавога тер ва куйган ёғ ҳиди сингиб кетган. Бу алғов-далғовда керакли кишини топишни хаёлингга келтирмасанг ҳам бўлаверади. Сяки бу ҳашарнинг тўс-тўполонига сира кўниколмади. Ҳар гал бу ерга келганида дарҳол яна ортига қайтгиси келарди. Ва ҳар сафар истаги амалга ошишига ишонмаса-да, хаёлан тақдирга илтижо қилар эди: “Лоақал китлар худосини тинч қўйишсин! Агар унинг ўлими ҳам шунга ўхшаш бўлса, мен дош беролмайман. Қасос олиб бўлганимдан кейин мен уни ҳеч кимга сездирмасдан шимолий денгизга чўктириб юборардим. Уни ҳеч ким – бобоси ҳам, отаси ҳам, акаси ҳам таҳқирламасди. Наҳотки китлар худосини ўлдирганимдан кейин уни қуруқликка чиқариб бераман ва мана шу одамларнинг қўллари унинг танасини ҳам шундай бўлаклайдилар, суякларидан эрмак учун ўйинчоқлар ясайдилар?
Наҳотки? Ахир у худо-ку?”.
Хонага қоровул билан кўришиб, гўзал бир қиз кириб келди. Ҳамма унинг адл қоматини нигоҳлари билан кузатиб қолди. Ёш йигит хўжайиннинг қизи – Тоени кўргач, бошидаги боғични олиб, таъзим қилди. У Сякининг қаршисида тўхтаб, чарос кўзлари билан унга диққат ила разм солди. Қизнинг суҳбатдошига шунақа қараш одати бор эди. Қишлоқдаги ягона самурай қизининг нигоҳидан йигит ўзини йўқотиб қўйди ва бардош беролмайдиган бир ҳис уни қочишга ундади.
– Мен отамни кўрмоқчийдим, билмайсизми, у шу ердами? – сўради қиз.
Сяки нималардир деб ғулдиради ва фақат панжаранинг нариги томонида ўзига келди. Қиз ҳамманинг нигоҳи ўзида эканлигини сезиб, нафис қадамлар ташлаб асосий хонага ўтди. Бу мағрур, гўзал самурай қизи тенгдошларидан ажралиб, ёлғиз юришни ёқтирарди. Бир гал қизлар унинг олдига садақа сўраб келганларида Тое уларни ҳатто уйига таклиф ҳам қилмаган. Аммо қишлоқ аҳолиси унинг хулқини табиий деб билар, уни муҳокама қилмас эди. Сяки нафасини ростлагач, қишлоқ бўйлаб шошмасдан кетиб борарди. Қуёш ўз шуълаларини бу ерларга аямай сочса-да, бу уйларга нур тушмас, улар доим ним қоронғу эди. Уй бекалари бу қоронғуликдан кўчага қараганларида уларнинг кўзлари йилтиллаб кўринарди. Лекин бугун қишлоқ бўм-бўш – ҳамма гўшт майдалашга кетган. Сяки ўйилган зиналардан чўққига кўтарилди. Қуёш нурига кўмилган қишлоқ, қумли соҳил жуда кичик, ҳатто кафтга сиғгудек бўлиб кўринарди. Узоқда эса нурга ғарқ бўлган денгиз ялтирар эди. Ундан анча узоқда денгизни ёриб кирган, оқ тутунларга кўмилган маллатоб қоя кўзга ташланади. Иссиқда дармони қуриган дарахтлар шитирлайди. Дарахтзор ичкарисида эски ибодатхона бор. Ибодатхонанинг сокинлигини қўлларнинг қарсиллаган қарсаги бузди. Сяки дастлаб уч денгиз худосига: денгиз усти, денгиз ўртаси ва денгиз туби худоларига таъзим қилди. У бошини ихлос билан эгиб, ибодатини бошлади: “Кеча сен улкан китни мағлуб этишимга ёрдам бердинг, бунинг учун сендан миннатдорман. Ҳадемай китлар худоси акамни ўлдирганига ҳам уч йил бўлади. Китлар худосини ўлдиришимга ёрдам бер. Бу йўлда мен ҳаётимни ҳам аямайман. Фақат мен билан бирга бошқалар ҳам нобуд бўлмасинлар. Чунки уларнинг хотин, бола-чақалари бор. Синглим шу йил ўқитувчи Касукэга турмушга чиқади. Марҳаматингни улардан дариғ тутма. Уларга яхши фарзандлар ато қил. Қишлоғимизнинг қариялари ҳам умрларининг сўнгги йилларини кўнгиллари тусагандек ўтказишсин. Ўтинаман, айтганларимнинг ҳаммасини уларга ҳадя эт”. Рутубат ва чириган барг ҳиди анқирди. Атроф жим-жит. Қуёш барглар орасидан бош узра майин нур таратмоқда. Қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг шовуллаши ва қушларнинг овози зўрға эшитилаётир. “Балки шу йил орзуим амалга ошар? Бу дунёдан хайрлашишга тўғри келса ҳам мен уни барибир маҳв этаман”. Лекин Сяки бу жангни тўлиқ тасаввур этолмасди, чунки унинг қалбида қўрқув йўқ эди. Сяки кўнгли кўтарилиб, ибодатхонадан чиқди. Тоғ ҳавосидан кўкрагини тўлдириб, нафас олди-да, сўқмоқ бўйлаб, шошилмасдан пастга туша бошлади. Овдан кейин ибодатхонага келиш, тоғнинг нариги ёнбағридаги аждодлари қабрини зиёрат қилиш вадауралик кит овловчиларнинг одати эди. Улар “Ўзинг фақир кулбада яшасанг ҳам, қабрлар учун пулни аяма”, дейишарди. Оқ мармардан ишланган қабр тошлари қатор турибди. Уларнинг силлиқланган қирралари қуёш нурида йилтирайди. Қабристоннинг бир чети ўзига хос тўлқин тўсқичга айланганди. Тўлқинлар денгиздан қувват олиб, қирғоққа уриларди. Бу ҳол, айниқса, шамол эсганда жуда чиройли кўринарди. Сякининг ҳам бобоси, отаси ва акасининг қабрлари катта-катта силлиқланган оқ тошлар билан қопланган. Одатда бундай тошлар кит билан олишувда ҳалок бўлганларнинг қабрларига қўйилади. Катта тошга сузиб бораётган китнинг анчагина беўхшов сурати чизилган. Унинг ёнида ғарибона ишланган хоч. Сяки жигаргўшаларининг қабрлари олдида тиз чўкди-да, ибодатхонада айтган сўзларини такрорлади. Ибодат қилиб бўлгач, шошилмасдан қабрлар оралаб кетди. Қуёшнинг қайноқ нурлари унинг елкалари ва бошини илитар, шундан бўлса керак, Сяки мускулларига яширинган чарчоқнинг секин тарқалаётганини ҳис этарди. Бу ерда тош ўрнатилмаган қабрлар ҳам бор эди: гранитдан ишланган лаҳадлар. Ўшалардан бирининг олдида Сяки тўсатдан тўхтаб қолди. Унга лаҳадда кимдир бордек туюлди. Нафасини ичига ютиб пастга қаради. Лаҳадда текис тошлар устида бир қиз букчайиб ётарди… Сяки унинг ёнига сакради. – Эй?! – қичқирди у, қизнинг елкасидан туртиб, – нима қилди, тобинг йўқми? Уйингга обориб қўяйми? Турсанг-чи! Бироқ қорачадан келган, юпун кийинган бу қиз қимирламади, фақат бошини сарак-сарак қилди, холос. Унинг танаси оғриқдан титраб ақшаётганлигини билиш унчалик қийин эмасди. Кўкариб кетган пешонасида тер томчилари ялтирар эди. Қисиб олган тишлари орасидан мунгли ингроқ чиқди-да, худди сув тошлар орасига сингиб кетгандек, қабристонга сингиб кетди. – Руҳонийни чақирайми? Мен гўшт нимталашда бўлдим, сени ўша ерда, деб ўйловдим. Сени бу ердан излаш хаёлимга ҳам келмаганди. Хўш, руҳонийни чақирайми? Эй тердан ялтираган пешонасини тириштириб зўрға жилмайди:
– Менга руҳоний ҳам, бошқаси ҳам керакмас. Сяки нима қилишини билмай қолди. Қиз унинг оёғи остида қуёшнинг иссиқ нурларига чўмилиб ётар, тошлар орасидаги қуриган ўтни чангаллаганча инграрди. Кўзлари эса ҳайратли бир мулойимлик ила порлаб турарди. Қиз бир хўрсиниб, ялтираётган оппоқ қабр тошларига, сокин, шовиллаётган денгизга бир-бир кўз ташлаб чиқди.


– Мен… – қизнинг овози зўрға эшитилди. – Менинг бўйимда бўлиб қолди.
– Бўйингда?..
Сяки ҳаяжонланганидан гапиролмай қолди. Ўзига келиб қайта тилга кирганида эса, унинг овозида эҳтиром бор эди:
– Мендан қандай ёрдам керак? Айт, ҳаммасига тайёрман.
– Чидолмайман, – шивирлади қиз.
Сяки мусибатларга кўниккан, ёш бўлишига қарамай анча қаҳрли бўлган бу қизнинг овозидаги латифона оҳангга ҳайрон қолди. У қизнинг оқариб кетган юзига эсанкираб қаради. – Уйдан иссиқ сув олиб кел, фақат ҳеч ким билмасин. Йигит оёқ кийимини ташлаб, қабрдан сакраб чиқди. Синглиси ҳали келмаган экан. У тезда сув иситди. Жавондаги кейинги овга тайёрланган оқ газмолдан бир парча йиртди ва сувни тўкмасликка ҳаракат қилиб, эҳтиётлаб қадам ташлаганча қабристонга қайтди. Эй тош устида чарос кўзларини осмонга тикиб, ҳамон ўша ҳолатда ётарди. Сяки сув тўлдирилган челакни унинг тиззалари олдига қўйди. Сўнгра иморатлар томондан келаётган кулги ва сўкинишларга паришонлик билан қулоқ тутди. Қизнинг кимоноси этагидан тизиллаб қон оқа бошлади. У қизил ипдай чўзилиб, катта тошнинг ёриғи бўйлаб оқиб кетди. Сўнг бир пасда қуёш тафтида қуриб, шилимшиқ тусга кирди. Йигит ёпинғичини олди-да, Эйнинг устига ёпди. Унинг қалтираётган қўлларини қаттиқ қисди.
– Мени кечир, – деди Эй зўрға.


Фақирона кулба соҳилдаги қоятош ёнида жойлашган эди. Бу ерда одам яшаётганлигини фақат зеки тахталардан ясалган эшикнинг тирқишидан тушаётган нурларга қараб билса бўларди, холос. Денгиз шамоли орқа томондан қутуриб урмоқда.Сяки бир оз иккилангач, эшикни тақиллатди. Эски кийимларга ўралган кампир уни шубҳали бир нигоҳ билан қаршилади. Бурчакда ўтирган Эй унга бир қаради-ю, гўё Сякини кўрмагандек яна нигоҳини олди. Кулбада бир ёғоч тоғора ва учта зеки яшикдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Улардан бирида чақалоқ ҳаловатсизланиб тамшанганча ухламоқда. У ҳеч нима демасдан қизнинг ёнига ўтирди-да, чиғаноқ тўла тоғорани олдига тортди. Сўнгра қўлига пичоқ олди-да, уларни чаққонлик билан тозалай бошлади. Уларнинг ичидан чиққан молюскаларни йигит шу заҳотиёқ чап қўли билан ипга тиза бошлади. Кампир Сякига орқасини ўгириб ўтирганча, артелнинг буюртмасига биноан ўт-ўландан арқон тўқимоқда. Бутун уй битта хонадан иборат. Эшик шамолда ғийқиллар, чироқнинг чирсиллагани эшитиларди. Йигитнинг китнинг мўйлабидек чаққон қўллари ўз ишини маҳорат билан адо этмоқда. Челакка ипга тизилган етти-саккиз хўрак солинди. Қиз ишини тўхтатиб, бошини кўтарди.
– Сен нега бундай қиляпсан? – сўради у паст овозда ва шу заҳотиёқ нигоҳини уйнинг нариги бурчагига қадади. – Нега сен ҳаммага бола меники деяпсан? Ахир, сен мен билан ҳеч қачон ётганинг йўқ-ку? Ўзингни қурбон қилмоқчимисан?
– Бу ерда қурбон бўлишнинг нима алоқаси бор?
– деди Сяки ишини тўхтатмай.
– Ахир, бола меники, деб турганингдан кейин Тоега қандай уйланасан?
– Тоеми, бошқасими, нима фарқи бор? – тўнғиллади Сяки ва хўрак терилган ипни секин айлантира бошлади. Эй жимиб қолди. Унинг фақат кўзлари порларди.
– Сен ҳали китлар худосидан қасос олиш ниятимдан қайтдим ҳам дерсан.
– Мен китлар худосидан, албатта, ўч оламан, гап бу ҳакда эмас,
– деди у аччиқланиб ва қўлига бехосдан игна санчиб олди. – Китлар худосини барибир ўлдираман. Лекин Тое, қўрғон, самурай номи булар мени қизиқтирмайди. Эй бошини ҳам қилиб янги ипни олди. Аммо игна унинг қўлларида жуда секин қимирларди. Уни яна нимадир қийнаётгани шундоққина кўриниб турарди. Қиз тўсатдан яна бошини кўтарди, ғаши келиб Сякига қаради.
– Ростдан ҳам боланинг отаси кимлиги сени қизиқтирмайдими?
– Менга бунинг аҳамияти йўқ. Сендан буни сўрамоқчи ҳам эмасман, – истамайгина жавоб қилди Сяки. У яна бир тизим хўрак тергач, тоғорадаги сувга қўлини чайди. Кампир ўзича бир нималар деб ғулдириб, сомон тўкилган бурчак томон юрди. Кейин бўйрага ўралиб олди. Эй юз-қўлини ювди, оғзини чайди, сочларини таради ва ягона кўрпачани ёзди. Йигит Эйнинг уйига ўзини чақалоқнинг отаси, деб тан олишларини истаб келганди. Бироқ бу хонадонда куёв қайлиғиникига биринчи марта келганда қўйилиши лозим бўлган на гуручли нон, на гуручдан тайёрланган ароқ – сакэ бор эди. Сяки бирдан чақалоқ ҳақида ўйлаб қолди. Эй кўрпага иккита ёстиқ ташлагач, ечинди. Фақат ички кийимда қолган қиз чироқни ўчириб ётди. Йигит ҳам ечиниб, унинг қўйнига кирди. У Эйдан ҳар қанча бўсалар олса ҳам, уни эркаласа ҳам, сонларини силаса ҳам, қиз муздек, ҳиссиз ётаверди. Биринчи яқинлашиш туйғуларни уйғотмади. Иккиси ҳам жим ётар, ҳар ким ўз хаёллари билан банд эди.
– Мен бунақа мурувватлардан ҳазар қиламан,
– деди қиз тўсатдан ғазабланиб. – Бу чақалоқни кўрарга кўзим йўқ. Унинг учун менга меҳрибонлик қилишларини истамайман.
– Қанақа мурувват? – қизнинг гапини бўлди у.
– Мен уни туғишни истамагандим, – деди қиз сесканиб. – Менинг номусимга тегишган. Ҳаммаси жонимга тегди. Ҳомиладан қутулиш учун нималар қилмадим: қишда денгизда чўмилдим, қорнимга тош урдим, қоялардан сакрадим… Уни яна қанақасига яхши кўрай?
– Гўдакда нима айб? Унинг отаси ким эканлигининг нима фарқи бор? – қизни тинчлантирмоқчи бўлди Сяки. – Майли, у меники бўлмасин, лекин унинг учун ўч олишимга имкон бер, – қўшимча қилди йигит.
– Шошма. Гар мени севар экансан, демак, сен унинг отаси бўласан.
– Мен сени болалигимдан севаман. Шунинг учун доим сен билан ўйнардим. Гапимни уқиб ол:
сени севаман ва қолган ҳаммаси бир пул.
– Тўхта, – қиз тўсатдан унинг оғир гавдасини силкита бошлади. – Йўқ, мен тушундим. Сен ҳалок бўлишга қарор қилгансан. Ўлишингни билганинг учун болани меники демоқчисан, мени шармандаликдан қутқармоқчисан. Эҳ, сен, – қиз инграб, тирноқларини йигитнинг елкаларига ботирди, – бир ўзинг ўлмоқчимисан? Ўзингдан зурриёд қолдирмасдан ўлиб кетиш, наҳотки, алам қилмаса?
– Нима қилишим керак? Қасам ичдим, аҳдга вафо қилишим лозим, – деди Сяки йиғламоқдан бери бўлиб.
– Йўқ, йўқ, истамайман, – шивирлади қиз ва қаттиқ ҳаяжонда унга ёпишди. – Сенсиз яшолмайман, биз бирга бўламиз. Сендан жудо бўлишни истамайман, йўқ, йўқ. Қизнинг ҳаяжони йигитга ҳам ўтди. У қизни яна бағрига тортди. Эй йигитнинг ҳаракатларига телбаларча жавоб бера бошлади. Уларнинг навқирон, дуркун баданлари терлаб, нам бўлиб кетди. Йигит юзида қизнинг кўзёшларини сезди. Сяки ички бир сезги билан кўчада қор ёғаётганлигини ҳис этди. Ой кўринмасди. Аммо сон-саноқсиз юлдузлар ёғдуларини кўрфазга сочар ва денгизга кумуш ранг тус берганди. Сувда секин чайқалиб, қайиқларнинг қораси кўринади. Тунги осмон қўйнида ухлаётган мачталар қуббасида, палубада, боғлаб қўйилган қайиқларда, сунъий чироқларнинг қизил шуъласи қимматбаҳо тошдек товланади. Вадаурадан тоғнинг у томонидаги портгача ярим кунлик йўл, у ёқларда одамлар ва қайиқлар кўп. Бироқ кечқурун ҳамма эркаклар шаҳарга дам олгани кетишади ва порт бўшаб қолади. Сяки қоронғуликда тиззалаб ўтирган чолни зўрға кўрди.
– Салом, бобо. Мен вадауралик Сякиман. Эслайсизми? Болалигимда сиз мени жуда кўп ўйнатардингиз. Жандаларга ўралган чол дастлаб бир томонга, кейин бошқа томонга тебранди. Юлдузлар ёруғида чолнинг кўзлари йиринг тўпланган ярадек оқариб кўринди. У йигитни танимади.
– Эслолмаяпсизми? Ҳа, умуман олганда тўғри. Биздан кетганингизга ҳам ўн йил бўлди, қанақасига ҳам эслардингиз. Сизни бу ерга кўчганингизни эшитгандиму, лекин учратаман, деб сира ўйламовдим. Қандай яшаяпсиз? Муҳтожлик қийнамаяптими? Тиланчининг лаблари қимирлади.
– Сяки? – ғўлдиради чол. Бироз тўхтаб яна такрорлади:
– Сяки? Йўқ, мени ҳеч ким кўндиришга уринмасин, барибир Вадаурага қайтмайман. Беҳуда уринасизлар. Ҳар нарса берсанг ҳам у даҳшатли ерга бормайман. Яхшиси, шу ерда қашшоқ бўлиб яшайман. Айниган бўлса ҳам, ҳар ҳолда балиқ доим топилиб туради. Иссиқ сакэ билан ҳам сийлаб туришади. Йўқ. Вадаурага қайтмайман. Йигит ноқулай вазиятга тушиб қолди. Тунги осмонда баланд мачталар тарашлаб ясалган тасвирдек кўринарди.
– Қўрқманг, сизга ҳеч ким ҳалақит бермайди. Биласизми, мен уйландим. Болам ҳам бор. Юмшоқ сурп, ип ва чақалоқ учун қизил газмол харид қилгани келдим. Сизни учратишни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Сиз қўрқманг, бобо. Ҳеч ким сизни мажбуран орқага қайтармайди.
– У жуда даҳшатли. Эсласам, этим жунжикиб кетади. У иблис мени ва отангни уч кеча-ю уч кундуз судраб юрди. Қанча одамларнинг умрига зомин бўлди. Эшитишимча, вадауралик йигитлар уни тутмоққа шайланганмишлар. Мана, мени ақлдан озган дейишади, менимча, аслида ўша йигитлар ақлдан озишган. Бир сўз билан айтганда, бу ғирт телбалик.
– Ҳа, бобо, йигирма йил ўтди. Сиз ҳойнаҳой қайиққа ҳам чиқмасангиз керак. Шунақа экан, нимадан қўрқасиз? Китлар худоси эса, бу менинг ишим. Сякининг отаси билан уч кеча-кундуз китлар худосининг ортидан беихтиёр сузган ва қўрқувдан эси оғиб қолган чолнинг кўзлари тўсатдан катта-катта бўлиб кетди. Йигит унинг эс-ҳуши ўзига қайтди, деб ўйлади.
– Уни қувманглар. Барибир фойдаси бўлмайди. Ҳар қанча қувган билан ҳеч нарсага эришолмайсизлар. Нимага ҳам эга бўласизлар? Ёғгами? Лекин ўзларингни ўзларинг жувонмарг қиласизлар.
Фақат тирик бўлсанггина хотинингни сева оласан, болангни эркалатасан. Тушуняпсанми, фақат тирик бўлсанг. Инсон учун энг муҳими – ўзининг бахтли бўлиши. Мен ҳозир қашшоқ бўлсам ҳам, Ва-
даурадалигимдан кўра бахтлироқман. Мени тинч қўйганларингда бутунлай рози бўлардим. Сизларга доим нимадир етишмайди. Мана сен келмаганингда эди, мен ўша даҳшат ҳақида ўйламаган, ҳеч нарсани гапирмаган бўлардим.
– Ҳа, бобо, мен ҳам хотинимни, боламни севаман, – деди Сяки самимият билан. Лекин бирдан олдида ақлдан озган киши турганини эслаб жим бўлди. Унинг қалбини турфа туйғулар тўлдириб юборди. Аммо барибир ярим ожиз чолга кейинги кунларда ўзига ором бермаётган ғамгин ўйларини эҳтирос билан баён қила бошлади.
– Тўғри, мен ҳам қўрқаман, мени ҳам ўлгим йўқ. Шунинг учун ҳам сиз билан гаплашиб турибман. Менга жон ширин эмас, деб ўйлайсизми? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – ўлишни истамайман. Лекин нима қилай? Қанийди хотинимни севиб, боламни эркалаб, уни вояга етказсам?! Синглим Касукэга турмушга чиқаяпти. Кузда тўй, китлар худоси эса баҳорда сузиб келади. Бу даҳшат, бобо, даҳшат. Ишонинг, мени ҳеч ўлгим йўқ. Аммо чол энди унга қулоқ солмасди. У белига боғланган халтачани очиб ундан қуритилган балиқ олди-да, тишсиз оғзи билан шимий бошлади. Бу лоқайд чапиллатишдан йигит ўзини бениҳоя ёлғиз сезди, лекин сўзини давом эттираверди:
– Онамнинг яхши кўрган гапларини эслайсизми: “Одам фақат ўз ажалигача яшаса бўлгани”.
Эслайсизми “То ўзининг ажалигача”. Балиқ билан овора бўлган чол йигитни умуман тингламасди. Сяки гўё ўзини-ўзи ишонтираётгандек сўзларини яна такрорлади: “Одам фақат ўз ажалигача яшаса бўлди”, сизнингча, бу нима дегани? Мен бу ҳақда жуда кўп ўйладим ва менимча, маъносига тушундим. Агар инсон яхши ўла олдими, демак, у яхши яшаган. Ибратли ҳаёт ибратли ўлимни ҳам талаб қилади. Шуни ўйласам, қатъият пайдо бўлади. Лекин сизни тинглаб, қўрқиб кетдим. Ҳақиқат қаерда, билмадим, бобо. Шамол шаҳар ресторани томонидан сямисен* ва денгизчиларнинг қўшиғини олиб келарди. Қайиқлар тунги денгизда секин чайқалишмоқда. Чол олдинга эгилди, сўнг бошини тиззаларига қўйди-да, бир маромда хуррак ота бошлади. Йигит чуқур хўрсиниб, харид қилган буюмларини елкасига ташлади. Қолган пулларини чолнинг халтачасига солди-да, шаҳар томон юриб кетди. Шамол тинди. Денгиз ботаётган қуёшнинг ёрқин нурида қизил рангда товлана бошлади. Бутун қишлоқ аҳолиси қабристонга йиғилган. Эй чиройли кўйлак кийган, юзлари одатдагидан ўзгача қизариб, қўлида чақалоқни ушлаб турарди. Сариқ сочли руҳоний:
– Ота, ўғил ва муқаддас руҳлар ҳаққи-ҳурмати… Катта йигит бўл. Ҳақиқий христиан ва отангга ўхшаган жасур кит овловчи бўлиб етиш, – деди гўдакнинг пешонасини намлаб.
– Омин, – қаторлар аро янгради бу сўз. Ҳамма шошилиб чўқинди. Фақат байрамда киядиган кимоносига оилавий тамға тақиб олган хўжайингина такаббурона, бефарқ бир кўринишда шошилмай чўқинди. Тоенинг юзи оқариб кетган. У қишлоқда ҳеч қайси қизда бўлмаган тасбеҳини ўгирганча денгизга қараб турарди. Чақалоқни кўксига босиб олган Эйнинг кўзлари ялтирар ва атрофга шодлик билан боқмоқда эди. Руҳоний ёрилган бармоқлари билан Инжилни варақлаб, бўлажак гарпунчига мос тушадиган жойини ахтара бошлади. Йўталиб олгач, шошилмасдан қўлини кўтариб, энди гапира бошлаган эди ҳамки, тўсатдан қишлоқ томондан аянчли қичқириқ эшитилди. Ҳамма бурилиб қаради ва қуёшда ялтираб турган тепаликдан ҳовлиқиб тушаётган одамнинг қорасини кўришди. Чопар яна яқинлашгач:
– Телеграмма! – деган сўзни эшитишди улар. – Хўжайин номига тесюлик Сэдодзакиуранинг кит овловчиларидан телеграмма келди. Офтобда роса тобланган денгизчи тирсакларини ишга солиб, одамлар тўдасини ёриб ўтди ва хўжайинга қўлидаги қоғозни узатди. Эркагу аёллар қизиқувчанлик билан хўжайинни ўраб олишди. Муҳрни бузгач, қария телеграммага кўз югуртирди-да, қалтироқ овозда бақирди:
– Қулоқ солинглар. Бугун китлар худоси Сэдодзакиура сувларида пайдо бўлибди. Уни қувишга юраклари бетламабди. Бироқ кузатувчилар иккига бўлинган фавворани аниқ кўришибди. Демак, бу – ўша. Эртага худди уч йил аввалгидек китлар худоси бизнинг қишлоғимиз яқинидан сузиб ўтади. Қани, вақтни йўқотмайлик. Январда кит тутганмиз. Янги тўрлар йўқ. Гарпунчилардан ташқари ҳамма тезда қишлоққа қайтсин. Қўнғироқларни чалинг. Эрта тонгда таъқибчиларнинг қайиқлари чиқарилсин. Бутун қишлоқ бир бўлиб, туни билан тўр тўқиши керак. Қани тезроқ.
– Шошманглар, – деди руҳоний жиддий безовта бўлганча, уларни тўхтатишга уриниб. Бироқ унинг насиҳатини эшитадиган одам қолмаганди. Эркак ва аёллар кимоноларининг бағрини белларига қистириб, кўз очиб юмгунча тепаликка кўтарилишди ва ғойиб бўлишди. Руҳоний Инжилни белига қистирди-да, норози оҳангда тўнғиллаб, уларнинг ортидан кетди. Сяки атрофга назар солди. Қабристонда фақатгина у ва аллақаердан пайдо бўлган кисюлик киши қолибди.
Кисюлик киши гўё кулгиси келгандек елкаларини учириб гап қотди:
– Сен Тоедан воз кечиб тўғри қилдинг.
– Лекин китлар худосидан воз кечмайман, – деди Сяки дарғазаб бўлиб.
Кўзларини истеҳзоли қисган кисюлик киши унга таажжуб билан қараб турарди.
– Нега энди? Эйга уйлангач, сен Тоедан воз кечдинг. Демак, самурайлик номидан ҳам, қўрғондан ҳам. Китлар худоси, деб ўлимга боришингдан нима фойда? Бекорга нобуд бўласан.
– Сен буни тушунмайсан.
– Сен яхши йигитсан, – деди кисюлик хайрихоҳлик билан. У энди қирқ ёшли эркакларга хос ўзига ишонган, вазмин гапира бошлади.
– Беҳуда ўлиб кетишнинг сенга нима кераги бор? Ахир, сен энди ота бўлдинг. Боланг ҳақида ўйласанг-чи. Мен сенга ёмонлик истамайман-ку. Кел, очиқчасига гаплашамиз: эртага китлар худосинименга қўйиб бер.
– Валдирама, – Сякининг нафрати кучайиб борарди. Унинг вужуди қалтирай бошлади. Бу ёт киши аждодларининг урф-одатини оёқ ости қилмоқда. Бутун қишлоқ аҳли бобоси, отаси ва акасини нобуд қилган китлар худосидан ўч олиш ҳуқуқини ёлғиз унгагина беришмаганми?
– Йўқ, у меники, – деди Сяки ҳатто ўзи кутмаган тарзда қатъий қилиб. – Агар уни бир ёқлик қилишни жуда истаётган бўлсанг, бу ишни менинг ўлимимдан кейин қиласан, ўшанда ҳам агар китлар худоси тирик қолса. Бироқ сен ўлган китни ҳам. Кисюлик қабрга суяб қўйилган машъала таёғини тутиб, енгил танасидаги жами мускулларни таранглаштирди. Кейин гарпунчи ҳолатига кирди. Совуқ тиржайиш унинг юзини тарк этди. Таёқни бир оз қийшиқ тутиб:
– Тўғрисини айтганда, сен бу ишни уддалай олмайсан. Китлар худосига ҳамманинг ҳам кучи етавермайди. У билан фақат гарпуни билан одам ўлдирган кишигина баҳслаша олади. Акс ҳолда беҳуда ўлиб кетади. Умуман олганда, менга барибир сен тирик қоласанми, йўқми. Лекин сен Тоенинг баҳридан ўтдинг, шундай экан нима ҳақда тортишасан? Менга ён бер, тамом, вассалом, – деди. Кисюликнинг гапидаги сурбетона оҳангдан йигитнинг кўзлари хиралашиб кетди.
– Алжирашни бас қил, – бақирди Сяки. – Китлар худоси билан олишишга Вадаурада мендан бошқаҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Менинг тирик қолиш-қолмаслигим эса сени қийнамай қўяқолсин.
– Хўп, майли, – тўнғиллади кисюлик ва деярли дўстона қўшимча қилди.


– Кит сузиб келгунча ухлаб олмайсанми? Ўшанда тортишишга ҳожат қолмайди. Бамбук таёқ ҳуштак чалиб, Сякининг оёқлари орасидан ўтиб кетди. У мувозанатини зўрға сақлаб қолди. Йигитни кучли ғазаб қамраб олди ва у кучини йиғиб рақибига сакради. Иягига теккан зарбдан кисюликнинг кўзларидан олов чиқиб кетди. Бироқ у ҳам темирдек муштининг кучини кўрсатиб, қоринга уриш билан жавоб қилди. Чидаб бўлмайдиган оғриқ йигитнинг танасини акашак қилиб қўйди. У йиқиларкан, узун оёқлари билан кисюликни бир тепди. Кисюлик гранит плитага йиқилди. Унинг тепасида ҳозир бўлган Сяки худди биров шошираётгандек рақибини устма-уст тепа бошлади. Оёқ билан берилган зарбадан Сяки ағдарилди. Улар яна чирмашиб кетишди. Кисюлик Сякининг сочларидан тутиб, унинг бошини тошга ура бошлади. Сяки ҳансираганча барибир қутулиб олди ва рақибини калла қўйиб ағдарди. Улар курашни оёқларида зўрға турганча давом эттиришарди. Ниҳоят, кисюликнинг тепкисидан кейин иккаласи ҳам йиқилиб, думалаб кетишди. Уларнинг юзлари муштлари, атрофдаги қабртошлар – ҳаммаси қонга беланди. Улар шунчалар ҳолдан тойдиларки, ҳатто ўзларини зарбалардан ҳимоя қилмай ҳам қўйишди. Фақат ғайриихтиёрий равишда қўлларини ҳаракатлантирардилар, холос. Бу ҳол кулгили туюларди. Улар охири оғир нафас олишиб, сўнгги бор йиқилдилар. Уфқнинг тугаб бораётган хира шуъласида қабртошлар нурсиз ялтирарди. Осмонда ёруғ юлдузлар милтиллай бошлади.
– Вой, қайсар шайтоней, – тўнғиллади кисюлик.
– Ахир, сен биласан-ку, мен жиноятчиман. Жанжал ҳам арзимаган нарсадан чиққан эди. Шундан бери мен ҳақимда яхши гап айтишмайди. Фақат менда ота-она ҳам, ака-ука ҳам йўқ, шунинг учун ҳаммасига тупурганман. Мана энди китлар худоси билан олишишни ўйлаб қолдим: Тое, қўрғон, самурайлик номи – уриниб кўришга арзийди. У мағрур қизни тезда бир ёқлик қиламан: жонимга теккунча вақти хушлик қиламан-да, кейин фоҳишахонага сотаман. Қўрғонни эса қиморга тикаман. Уларнинг менга нима кераги бор? Тўғрисини айтсам, китлар худоси билан Вадаурада фақат мен баҳслаша оламан. Сизлардаги гарпунлар билан китлар худосини ўлдириб бўлмайди. Сен эса умуман ҳеч нарсадан умид қилмасанг ҳам бўлаверади. У сени осонгина бир ёқлик қилиб қўя қолади. Хўп, майли, эртага денгизда ҳаммаси аниқ бўлади. Сяки қимир этмай ётарди. У денгиз шамоли қайноқ танасини силаётганидан лаззатланарди. Узоқдан эртанги ов учун тўр тўқиётган аёлларнинг қўшиғи эшитилди. Ҳаводан пичан ва сут ҳиди анқирди. Унинг бадани бўйлаб ширин бир чарчоқ тарқалди. “Бу ҳид китлар худоси билан учрашувни эслатаяпти”, деб ўйлади Сяки. Унинг юрагини қайғу эза бошлади. Баҳайбат кит билан олишиш вақти келди. Сяки уни уч йил кутди. “Инсон фақат ўз ажалига қадар яшаса бўлгани” – онасининг сўзларини эслади Сяки. “Шарафли ўлим – шарафли ҳаёт эмасми? Ҳар ҳолда эртага ким ҳалок бўлади: менми ёки у? Мен бўлсам керак…”. Тоғ чўққисининг нариги томонидан ўз йўлини ўзи ёритиб, ёввойи бир товуш чиқарганча ракета учди. Қўриқчилар дарҳол қўнғироқларини қаттиқ чала бошлашди. Ҳали осмонда юлдузлар бўлса-да, анча ойдинлашиб қолганди. Сяки ўрнидан сакраб турди. У кит овловчиларнинг бинафшаранг коржомасини кийди, сонига эса янги боғич бойлади. Туни билан кўз юммаганидан қовоқлари шишиб кетган синглиси столчани унинг олдига суриб қўйди. Столчадаги пиёлада сув бор эди. Урф-одатга кўра хатарли сафар олдидан соғ-омон қайтиш учун бир пиёла сув ичилади.
– Касукэ билан аҳил яшанглар. Унга яхши фарзандлар туғиб бер, – деди Сяки камгап синглисига. Яна “бахтли бўлинглар”, деб қўшиб қўймоқчи бўлди-ю, ботинолмади. Фотосуратда онасининг чеҳраси ўзининг ним табассуми билан кулиб боқарди. Мана шунақа. “Инсон фақат ўз ажалигача яшаса бўлгани” – хаёлан такрорлади Сяки. Кейин кўзини юмиб, Буддага сажда қилди. “Онам буларнинг ҳаммасини кўрганда эди…” – унинг хаёлидан ўтди. Сўнг Эй билан чақалоққа бирров кўз ташлади-да, пичоғини белига қистириб, соҳил томон югуриб кетди. Унинг ёрдамчиси ҳам иккита гарпун тутиб, олдинда югуриб борарди. Ҳарсиллаганча сувга тушириб қўйилган қайиққа сакрадилар ва ўзларининг қайиқ бурнидаги жойларини эгаллашди. Деярли шу заҳоти қоронғуликни ноғораларнинг дупур-дупури босиб кетди. Тўққиз қайиқ денгиз томон шошилди. Бу ерда ҳам одат бўйича омадли бўлиш учун улар сувга гуруч ароғини тўкдилар. Ҳар томонда тўрттадан саккиз эшкакчи зўр бериб эшкак эша бошладилар. Сякининг қайиғида одатда уларни кузатиб борадиган қария ўрнида бошдан-оёқ қуролланган, дабдабали камзул кийган хўжайин ўтирарди.
– Бугун ҳаммаси ҳал бўлади. Мен ўзим бошқариб тураман.
Қайиқлар ярим доира ҳосил қилиб сузардилар. Қалин туман тушганди. Шунинг учун ҳамроҳларининг қаердалигини қайиқ бурнидаги чироқнинг хира ёруғидан, эшкакларнинг шалоплашидан ва хатардан огоҳ этувчи чақириқлардангина билса бўларди. Тезда туман тарқала бошлади. Уфқда олтин шафақ пайдо бўлди. Осмон камалак рангига бўялди. Қайиқлар бир-бирларидан шунчалик узоқлашиб, деярли кўринмай қолишди. Улар энди қирғоққа тескари томон сузардилар. Ниҳоят, қуёш чиқди. Денгиз ялтирай бошлади. Очиқ осмонга иккинчи ракета кўтарилди. Қайиқдагилар уни зўрға кўришга улгурдилар, холос. Хўжайин байроқчаларни олиб, сигнал бера бошлади. Қайиқлар тўлқинларни кесганча яна очиқ денгизга интилдилар. Талайгина вақт ўтди. Мана, ниҳоят, жуда яқинда иккига ажралган фаввора кўтарилди ва кўп ўтмай китнинг ўзи ҳам кўринди. У гўё сузиб юрадиган қора оролдай пайдо бўлди. Унинг ортидан тоғ тизмасидек оқ кўпиклар уюлиб келарди. Кўпик тоғининг чўққилари тинимсиз сочилиб, қуёш нурида тилладай йилтилларди. Китнинг тим қора елкаси дам кўриниб, дам кўпикларга кўмилиб кетар ва худди унинг охири йўқдек туюларди. Сяки қайиқдагиларнинг эти жимирлаб кетганлигини бутун борлиғи билан ҳис этди. Ҳатто энг жасур гарпунчилар ҳам китлар худосини ғазабли ҳолда кўриб, қўрқиб кетганларидан қотиб қолдилар. Узун, худди кўкка етгудек дум кўпиклар ичра бир ялтиради-да, кўринмай кетди. Дум кетидан кўпик ҳам йўқолди.
– Кетди, – деди хўжайин муштини сиққанча тишларини ғичирлатиб. Абадийликдек узоқ туюлиб, бир соат ўтди. Тўсатдан аллақаердан келган қушлар жимликни бузишди. Сувда жимирлаш ва унинг кетидан жуда узун қора соя пайдо бўлди. Ниҳоят, сув ичидан улкан қалъа девори кўтарила бошлади. У кўланкага ўхшаб, сувда гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай қоларди. Ранги бўздай оқарган хўжайин таёқни қайиққа уриб тақиллата бошлади. Кит секин узоқлашмоқда эди. Унинг изидан эса ярим доира ясаб, тўққиз қайиқ ҳам борарди. Маҳлуқ сув остида қоядек қорайиб кўринмоқда эди. Ним яшил сув остидан унинг орқаси кўринди, бироқ боши қайда, думи қай томонда – билиб бўлмасди. Хўжайин сал-пал ўзига келгач, кўрсатмалар бера бошлади. Қайиқдагилар ҳам ўзларини қўлга олдилар. Улар қайиқларга таёқларини бор кучлари билан ура бошлашди. Яшил сув остидаги улкан соя шовқин йўқ томонга бурилди. Кит шовқинлар ёйидан узоқлашиб, қирғоққа яқинлашарди. Унинг ортидан ваҳимали товушлар чиқариб, қушлар тўдаси уча бошлади. Хўжайин думнинг ҳаракатини диққат билан кузатиб, дам ўнг, дам чап қўлидаги байроқчалар билан ишора қилиб, китни секин қирғоққа, тўғрироғи, тўр қўйилган жойга қисиб борарди. Туш пайти ҳам ўтди. Китлар худоси ва қайиқлар секин олдинга сузардилар. Денгиз осойишта нафас олар ва таёқлар шовқини, эшкакларнинг шалоплаши, қушларнинг қичқириғи, одамларнинг бақир-чақири бу осойишталикка сира мос келмасди. Сяки беихтиёр китнинг вазминлигидан ҳайратланди. Бир неча соат олдин одам ва кит орасида ҳаёт-мамот жанги бошланганлигини у хаёлига ҳам келтирмасди. “От соати”* тугагач, хўжайин байроқчаларни боши узра шошилинч кесиштирди. Таъқибчилар таёқларини энди тез-тез дупурлатиб ура бошладилар. Ярим доира секин қисқариб, айлана шаклини олди. Кит сузишни тезлаштирди. Ёввойи овозлар билан қувиб келинган кит боши тўрга теккандан кейингина ўзининг таъқиб этилаётганлигини тушунди. У бошидаги тўр билан шўнғий бошлади, сув остида чархпалакдек айланди, кейин эса шитоб билан очиқ денгизга қараб сузиб кетди.
– Лаънати! Эшкак эшишни тезлаштиринг! Уни тутиш керак, – қичқира бошлади гарпунчилар эшкакчиларга қараб. Балиқчилар унинг йўлини тўсмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳозиргача секин сузган кит энди шитоб билан сузарди. У кўпик сачратганча қайиқлар орасидан ўтиб кетди ва улардан бирига тегиб, қайиқни чилпарчин қилди. Кит қутуриб кетгандек эди. Лекин мана қайиқлардан бирининг бурнида гарпун бир йилтиллади-да, учиб бориб китнинг орқасига санчилди. Сяки ҳам тилини бир тақиллатиб олиб, йигирма кэн** масофадан гарпунни бор кучи билан отди. Гарпун ярим доира ясаб, кўпикларни ёриб ўтди-да, қочоқ китнинг орқасига қадалди. Фақат шундан кейингина худди сигнал берилгандек яқиндаги қайиқлардан бетартиб равишда гарпунлар уча бошлади. Тез орада маҳлуқнинг орқасида гарпунлар ўрмони пайдо бўлди. Аммо кит таслим бўлишни ўйламасди ҳам. У думини бир силтаган эди, қўрқинчли бир ғувиллаш эшитилди. Шундагина балиқчилар биринчи бор уни бутун борлиғича кўрдилар. Гўё қора қалъа бир он сувдан чиқди-ю, яна кириб кетгандек бўлди. Кейин арқон боғланган гарпунлар отила бошланди. Арқонлар таранглашди. Китлар худоси қочишга тушди. У тўрни ҳам, иккита қайиқни ҳам судраб кетди. Тўрнинг четидаги арқонлар дош беролмай узилгач, кит бир неча соат олдин уни тўрга ҳайдашган жойга етиб олди. Яна бир кўтарилиб фаввора отди-да, думини бир силтаб сув остига шўнғиди. Вадауранинг сўнгги тоғлари ҳам кўринмай қолди. Ёрқин қуёш остида бир неча ўн киши ва бир кит ўртасида ҳаёт-мамот жанги кетарди. Фақат кисюлик одати бўйича лабларини чўччайтириб, нафрат билан кулмоқда. Қолганларнинг юзи гезариб, тупроқ рангига кирган. Сяки тўсатдан ўзида китга нисбатан кучли нафрат сезди. Шу туйғу билан банд бўлиб, қолган барча нарсага эътибор бермай қўйди. У кўтарилиб, қайиқ бурнига борди. Китнинг орқасидан сизаётган қон у сувга шўнғи ётганда фавворадек отиларди. – Ишқилиб, акулалар қон ҳидини сезмаган бўлсин-да, – деди хўжайин бўғиқ овозда. Қутуриб кетган кит уларни шундай тезликда судрардики, қайтишга умид ҳам қолмаганди. Ҳатто кўпни кўрган кит овловчиларнинг юзлари ҳам ўликларникидек кўкариб кетди. Фақат тасодифгина одамларни ҳаётга қайтарди. Китлар худоси ҳеч қачон чарчамайдигандек туюларди. Бироқ “маймун соати”*дан кейин у секин суза бошлади. Ниҳоят, кит ғайритабиий ингроқ чиқариб, тўлқинни ёриб чиқди-да, сув юзига кўтарилди. Қулоқни қоматга келтирадиган қичқириқ ва таёқларнинг шовқини, афтидан, китни батамом кар қилиб қўйганди. Хўжайин байроқчаларни тез силтай бошлади.
– Тайёрланинг. Эшкакларни кўтаринг. Қорнини нишонга олинг. Гарпунларни ишга солинг. Унинг овози одамларнинг руҳини кўтарди. Қайиқлар буйруқ бўйича жонли қалъага ҳамла қила бошлади. Маҳлуқнинг ўзини ўнглаб олишига йўл қўймаслик учун гоҳ гарпунчиларнинг найзалари, гоҳ қайиқларнинг ўткир бурунлари унинг қонга бўялган танасига суқиларди. Оғриқ унинг ғазабини оширди. У қўпол муомала қилаётган бу ёғочларни тилка-пора қилиб ташлаш учун қутуриб, уларни думи билан ура бошлади. Денгиз қайнаётган қозондек биқирларди. Зарбалардан тасодиф орқали омон қолган қайиқларни тўлқин ағдариб ташлаш хавфи туғилди. Сачраётган томчилар билан қон оқими аралашиб кетди. Яна бир қайиқ ёрилиб кетган, одамлар эса аянчли қичқирганча сув юзида қалқиб туришарди. Бироқ қайиқдагилар уларни қутқара олишмади. Сяки эшкакчиларни сўкиб, шошилтирди-да, найзасини қонга беланган китнинг танасига суқди. Оғир жароҳатларга қарамай, китлар худоси матонат билан олишар, таслим бўлишни ўйламасди ҳам. Сяки бирдан томчилар пардаси орасидан сонига тасма боғлаб, белига пичоқ қистирган буғдойранг тананинг сувга сакраганини кўрди. “Кисюлик мендан чаққонлик қилди” – хаёлидан ўтди унинг. Коржомасини ечиб,
Сяки ҳам сакрашга чоғланди. Бироқ хўжайин Сякини орқадан маҳкам қучоқлаб олди. У қимир этолмай қолди.
– Ҳали эрта, – бўғринди қария, йигитни ёшига нисбатан кучли қўллари билан қисиб ушлаб. – Аҳмоқлик қилмасанг-чи. Бекорга ўлиб кетасан. Қара, у ҳали бемалол нафас оляпти, шошилма.
– Қўйвор, – тўлғониб бақирди Сяки. – Эрталигини ўзим ҳам биламан. Лекин у мендан олдинроқ ишни битирса-чи? Нима, мен бу бегона одамдан кейин ўлайми? Қўйвор, деяпман.
– Сен уни ҳозир амаллай олмайсан, – шивирлади чол.
– Кўряпсанми, кисюлик шошилди. Ҳаётингни эҳтиёт қил, аҳмоқлик қилма. Йигит ғазабдан ўзини йўқотиб, қалтираганча пичоқни излади. Сяки ҳозир халақит берган ҳар қандай кишини ҳам ўлдиришга тайёр эди. Хоҳ отаси, хоҳ хўжайин бўлсин. Аммо ёрдамчиси пичоқни яширганди. Иккаласи чирмашиб сувга тушиб кетишларига бир баҳя қолди. Томчилар пардаси аро кисюликнинг арқонга осилиб китнинг орқасига қандай чиқаётганлиги кўринди. Сяки тирноқларини қайиқ четига ботирди. Аммо кисюлик китнинг қаншарини тешиш ўрнига, оёғини тўрнинг тешигига тиқиб, китнинг
энг нозик жойларига бор кучи билан найзасини суқа бошлади.
– Қара, – деди хўжайин тишлари орасидан гапириб ва Сякини силкитди. Йигит китлар худоси думини бир силкитиб, секин чўкаётганлигини кўрди. Унинг устида сув тўлқини бирлашди. Дарҳол жимлик чўкди. Бу олишувда кит яна уч қайиқни чилпарчин қилиб юборди. Сув юзида уларнинг турли рангдаги синиқлари сузар, уларда эса чалажон балиқчилар жон сақламоқда эдилар. Уларнинг бошлари тўлқинлар узра беихтиёр кўтарилиб тушаётганлигини кўриш жуда ғалати эди. Қолган икки қайиқдагилар чўкаётганларни тезда қутқариб олдилар. Ўн киши, жумладан, кисюлик ҳам йўқ эди. Январь ойида денгизнинг муздек сувига юрак дош беролмас, агар одам унда бир соатдан кўпроқ турса, уни кейин ҳеч нарса қутқара олмас эди. Қушлар эса ҳамон айланарди. Сув остидаги гарпунларга боғланган иплар таранг тортилган ва аҳён-аҳёнда қимирлаб қоларди. Кит эса ҳали ҳам сув остида қимир этмай ётарди. Орадан бир неча соат ўтди. Кисюликнинг жасади сув юзига чиқмади. Қайиқдагиларнинг этлари яна жунжикиб кетди. Ёмон хаёллар оғушида қолган одамлар сув тубига хавотирланиб қарардилар: қайиқларда одам тирбанд, ҳатто қимирлаш ҳам маҳол. Агар кит олишувни давом эттириб қолса, унда нима бўлади?
Сяки иложсизликдан ип томон интилди. Балиқчилар бир-бирларига қўрқув билан боқишарди, лекин ҳеч ким бирор нима демади. Уларни турли ҳислар ўз домига тортган эди:
китлар худоси уларда нафақат қўрқув, балки ҳайратланиш ҳам уйғотганди. Қўрқув ва совуқдан ҳам-
ма аллақачон адои тамом бўлганди. Улар бир-бирларига яқинроқ ўтиришга ҳаракат қилардилар. Қушларнинг қичқириғи тутган денгиз юзида яна жимирлаш пайдо бўлди. Унинг кетидан қоннинг қизил ҳалқасига ўралган қора соя кўтарила бошлади. Гўё уфқ булутлари сувда аксланаётгандек бўлди. Сув томчилари, қон, шовқин осмонни ҳам гўё ҳуркитиб юборди. У тилла рангини йўқотиб тезда қорайди. Шу пайт осмонни ҳам, денгизни ҳам даҳшатли бир хўрсиниқ титратиб юборди. Ҳолдан тойган Сяки пичоғини белига қистириб ўрнидан турди. Хўжайиннинг қалтираётган қўллари уни яна тутиб қолди. Бу гал Сяки қаршилик кўрсатмади. Қаттиқ яраланган китлар худоси тўлқинлар узра ястаниб ётарди. Кисюлик кўринмасди. Ҳойнаҳой, юраги дош беролмай, чўкиб кетган бўлса керак. Хўжайин инграб юборди. Сув юзида зўрға турган икки қайиқдаги одамлар сўнгги зарбага тайёрланардилар. Қайиқлардан бирида кит овловчилар узун найзаларини ҳозирлай бошладилар. Аммо тўсатдан китлар худосининг бўғзидан заиф бир ингроқ чиқди. У кўп қон йўқотганидан энди қаршилик кўрсатишга ҳоли йўқ эди. Шу пайт хўжайин сўнгги кучини тўплади-да, титраётган қўллари билан, худди қилич зарбидек кескин ҳаракат қилиб, Сякини сувга итариб юборди. Ёш гарпунчида қўрқув дарҳол йўқолди. У кучли қўллари билан муздек сувни кесганча китлар худоси томон суза бошлади. У тўрдан ушлаб, китнинг бошига осонликча чиқиб олди. Бироқ у бирдан сувга бота бошлади – китлар худоси шўнғиётган эди. Сяки китнинг бурнини пайпаслаб топиб, унга қаттиқ ёпишиб олди. Шишиб кетган бурун тешикларидан қуюқ қон ирмоқ бўлиб оқарди. Сувда бу ирмоқ ёйилиб, қизил рангга, кейин оқ рангга кирар ва сўнг йўқоларди. Сув йигит атрофида жўш урар, кўпикланарди. Совуқ сув яланғоч баданни гўё иккига бўлиб ташламоқчидай эди. Сяки тишларини тақиллатиб бир соатдан бери тўлқинлараро китнинг устида сузар эди. Гарпунлар танасини пароканда қилиб ташлаган, оғир яраланган кит ҳали ҳам таслим бўлишни истамасди. Сяки тўрни тутганча, пичоқни олди ва нафасини ростлади. Кит бутунлай кўтарилди. Сяки қаншарнинг қаерини тешиб, ип ўтказишни мўлжаллади. Имиллаш мумкин эмасди. У сал ноқулай энгашиб, бор кучи билан пичоқ урди. Китнинг бурнидан қон ҳамон бир маромда оқарди. Атрофда дам лоларанг гилам пайдо бўлар, дам йўқоларди. Тўсатдан Сякининг қулоқларини бир нима пармалаётгандек бўлди. Унинг кучли ўпкаларини қандайдир бир раҳмсиз куч сиқарди. Сяки қалтираб тўлғонди.Бошини чайқаб, тилини чиқарди. Кит эса ҳали ҳам ўша тезликда уни сув остига тортарди. Нафас олиб бўлмас эди. Вақт тўхтади. Китлар худоси улкан думи билан сувни кўпиклантириб олдинга, фақат олдинга интиларди. Йигитни ақл-хуши тарк эта бошлади. Тўсатдан у боши узра қандайдир ёруғликнинг яқинлашаётганлигини пайқади. Сув шовуллади. Сяки яна туманнинг ҳаяжонга солувчи таъсирини, уфқнинг қизил рангини, ўзини ҳаётга қайтарган бебаҳо ҳавони сеза бошлади. У кўкрагини тўлдириб нафас олди. Қўли тўр катакларидан қутулгач, у сирғалиб кетди. Шунда унинг кўзлари китлар худосининг кўзлари билан тўқнашди. Китнинг хиралашган митти кўзлари унга гина-кудурат билан боқарди. Шуниси ажабланарли эдики, бу кўзлар аслида беозор, босиқ эди. Уларда на адоват, на нафрат кўринарди. Сяки ҳатто ўзини йўқотиб қўйди. Унга гўё улар узоқ вақтдан бери бир-бирларига қараб тургандек туюлди. Нафас ростлаган кит бошини сал сувга ботирди. Сяки тойиб кетди. Йигит ўзини ўнглаб олиб, яна китнинг бошига кўтарилди. Энди фаввора кўтарилаётган тешикка бир қўлини тиқиб, ушлаб олиш жуда қулай эди. Сяки пичоғини чиқариб яна китнинг қаншарини теша бошлади. Иссиқ қон секин оққанча, унинг қўлини, тирсакларини, елкаларини бўяди. Кит қимирламасди. У, афтидан, жон берган эди. Ниҳоят, ишни уддалаганига ақли етган Сяки ўзини унутиб, даст турди-да, пичоқни баланд кўтарди. Бироқ у ўзи кутган қувончли ҳайқириқларни эшитмади. Китлар худосининг сўнгти шитоби икки қайиқни жуда узоқда қолдириб кетганди. У ва китлар худоси – инсон ва ҳайвон – атрофда эса бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Сяки нима қилишини билмай китнинг бошида ихтиёрсиз тебранарди. Бирдан кит худди тирилгандек бўлиб бир тўлғонди ва даҳшатли чинқириб тўлқинларни кесиб ўтди. Кутилмаган турткидан ғафлатда қолган Сяки кит устидан ён томонга сирғалиб кетди. У ерда эса гарпунлар ўрмондек бўлиб турарди. Кучли оғриқ унинг ўнг елкаси ва сонини куйдирди. Қуёш боши узра чирттирак бўлиб айланишга тушди…


Қумли-тошлоқ соҳилда бир ўзимман. Борлиқ қизил рангга ғарқ бўлган. Тошларга урилиб чидаб бўлмас ёлғизликдан қичқираётган тўлқинлар ҳам шу рангда. Ҳатто кўпикларнинг соҳилдаги оқ тасмаси ҳам шу рангда товланади. Ана шу ранг қирғоқдаги ягона буюм – улкан яшикка ва унда ғужанак бўлиб ётган кишига тушади. Мен қари чоллардек пахталик кийим-бошга ва латта-путталарга ўралганман. Бу қизил рангдан кўзим қамашади, бироқ у мени қийнаётган ўнг қўлим ва сонимдаги кучли оғриқни миямдан чиқариб ташлайди. Оғриқ қон уришимга монанд баданимни зирқирата бошлайди. У мени ҳалок этади. Бу чидаб бўлмас оғриқ китнинг устидан йиқилганимдан бери давом этади. Ниҳоят сузиб келишган балиқчилар мени қайиққа чиқариб олишди, сакэ эса мени ҳушимга келтирди. Мана шундай азоблар билан китлар худосининг жони узилганда, денгиз қўнғир қон тусига кирди. Одамлар билан лиқ тўла иккита қайиқ бошқа ости ясси қайиқларни кутиб кечки тўлқинда чайқаларди. Дастлаб оғриқни сезмадим. Қўл ва соним увишиб қолганди. Бироқ жароҳатлар ҳар гал муздек сув текканда қонар ва менинг қоним китнинг қони билан аралашиб кетарди. Совуқ шамол суякларгача зирқиратади. Кеч тушгач бир неча ёш, жасур гарпунчилар қайиқларнинг қолдиқларини йиғиб олишди. Уларни китнинг устига тўплаб лампадаги ёғдан тўкишди-да, ёқишди. Кучли шамол оловни алангалантирди. Узоқдан, ҳойнаҳой, сувда дафн гулхани ёнаётгандек кўринган бўлса керак. Одамлар совуқдан ўз баданларини ҳам сезмай қолишди. Бир оз бўлса-да исиб олиш ва ўзларига келиш учун улар китнинг дум қисмидан ёғ ва иссиқ гўшт кесиб олиб, очкўзлик билан ея бошлашди.
Кечаси “каламуш соати”*дан кейин оловга икки оддий ва бир неча ости ясси қайиқ яқинлашди. Қайиқлар китни икки томондан шатакка олдилар. Мени ва бошқа ярадорларни ости ясси қайиқларга ўтказишди. Биз уйга қайтардик. Лекин ҳамманинг қовоғи солиқ, ҳеч кимда ўлжа билан қайтаётган кишининг қувончи йўқ эди. Талафот жуда катта эди. Кейинги кун “от соати”да тинкамиз қуриб, ниҳоят, қирғоққа яқинлашдик. Узоқдан қувончли қичқириқлар эшитилди. Аммо қайиқлар яқинлашган сари товушлар сўна бошлади. Фақат иккитагина қайиқ омон қайтаётганлигини кўргач, соҳил дастлаб жимжит бўлиб қолди. Кейин йиғи-сиғи эшитила бошланди. Қайиқдан тушган, ўлгудек
чарчаган балиқчилар оппоқ қумда бир неча қадам ташлади-ю, гўё ўқ теккандек гуп этиб қуладилар.
Уларда на ярадорларни тушириш, на китлар худосини қирғоққа чиқариш учун мадор қолганди. Биз то уйга қайтгунимизгача, кит бутунлай сувга чўкибди. У денгиз юзида улкан доғдек турарди. Малюскалар ёпишган бурнидаги шиш, мен тешган қаншари, бурун тешикларидан ўтказилган арқонгина кўринарди. Офтоб қиздириб юборди. Ҳаводаги намликнинг митти томчилари билан бирга менинг ҳаётим ҳам буғланиб кетмоқда. Мадорим қурий бошлади. Аёллар ва қарияларнинг ажин босган қўллари мени замбилга қандай ётқизишгани аниқ эсимда. Тўсатдан денгиз ҳидини ва тўлқинларнинг шовқинини ҳис этдим. Денгизнинг ўткир ҳидидан нафасим қайтиб қолди. Эс-ҳушим мени тарк эта бошлади. Ўзимга келганимда эса ярим қоронғуликда ўтирган синглимни, Эйни, яраланган бўлса керак, бир қўли боғланган хўжайинни ва руҳонийни кўрдим.
– Китлар худоси қани?
– Унинг фақат бош суяги қолди. Соҳилда ётибди.
– Мени ўша ерга олиб боринг. Китлар худосининг олдига ётқизинглар. Ўлимимдан олдин уни кўрмоқчиман. Мен билан чиқишмай юрадиган руҳоний истагимга ҳайрон бўлди ва норозилик билдирди. Аммо хўжайин истагимни бажаришни буюрди. Унинг кўрсатмасига биноан мени тахталардан ясалган яшик-тобутга ётқизишди. Мана уч кундан бери совуқ шамол эсиб ётган соҳилда ётибман. Рўпарамда китнинг улкан бош суяги денгизга қараб турибди. Ботаётган қуёш нурларида у қонга бўялганча, ҳаёт учун курашгандагидек қип-қизил бўлиб товланади. Аёллар ва гарпунчи дўстларим мендан нари кетишмасди. Лекин мен китлар худоси билан танҳо қолиш учун сўнгги имкон беришларини сўрадим. Улар соҳилга чайла қуриб олишди. Уни шундай қуришдики, улар менга кўринмасди, мен эса уларга яхши кўриниб турардим. Ҳатто кечалари ҳам мени ёлғиз қолдирмай галма-гал навбатчилик қила бошлашди. Аммо мен ёлғиз эмасдим. Улар туни билан мен ва китлар худоси ўртасида бўлиб ўтадиган шафқатсиз жангдан бехабар эдилар. Қоронғулик чўккач, юлдузлар совуқ милтирай бошлади. Қаршимдаги баҳайбат суякларга аста-секин гўшт ва тери қопланди. Китлар худосига жон кирди. У улкан думлари билан сувни кўпиклантириб океанга сузиб кетди. Айни пайтда тор тобутга қамалган мен, аввалги ёш, кучли кит овловчига айландим ва туман остида ялтироқ гарпунимни кўтарганча китлар худосини таъқиб эта бошладим. Туни билан мижжа қоқмадим. Тонг отди. Унинг алвон байроқлари денгизга қадалди. Тонг пардаси тобора кенгроқ ва тиниқроқ бўла бошлади. Тез орада нурлар китнинг улкан пешонасига ва фақат кўзларигина қолган юзига ҳам тушди. Нур кумушдек кунга қоришиб кетди. Нурнинг мўллигидан ва сокинликдан менинг ҳаётим буғланиб кетаётган кичик бир томчига ўхшарди. Шафақранг қуёш яна қоядор қирғоқ ортига ўтди. Менинг сўнгги куним ҳам худди ана шундай ўтиб кетмокда. Иссиқдан баданим ёнарди. Китлар худосини лаънатлаб ётган чоғимда бошимга Эйнинг сояси тушди. Унинг юзида ранг қолмаган, кўзлари киртайиб кетган, кўп азоб чеккани шундайгина кўриниб турарди. У зўрға эшитиларли даражада гапира бошлади:
– Мен сендан ҳеч нарсани яширишни истамайман. Сенга ҳаммасини айтаман. Дўзахга тушсам ҳам майли. Фақат қулоқ сол. Чақалоқнинг отаси кисюлик эди. Менинг номусимга ўша – кисюлик текканди. Қалбимга аччиқ алам санчилди. “Менга ҳаммаси барибир”, деб жавоб бергандек бўлдим. Кисюлик? Лабларимда аччиқ истеҳзо пайдо бўлди. Лекин бу киноям оғриқ туфайли афтимни буриштиришимга қўшилиб кетди, кисюлик ҳеч нарсадан қўрқмасди. Бошқалар гарпунларини отиб бўлишганди. У эса пичоқни моҳирона ишлата олса ҳам, ундан фойдаланмасди. Тўрни маҳкам тутганча китнинг дош беролмаслигига умид қилиб, унга тинмай найза урарди. Бу ишга фақат кисюликнинг юраги дов берди. Бошқалар, улар қатори мен ҳам қайиқлардан кузатиб турдик, холос. Китлар худоси сувга чўкаётганида кисюлик янада тезроқ зарба бера бошлади. Энди жонни сақлаш керак эди. Юрак бундай совуққа дош беролмасди. У эса ҳамон найза урар, ҳаётдан кўра шонуҳрат ва ғалабани афзал кўрарди. Демак, кисюликЛекин барибир у сўнгги дақиқагача ўлимни ўйламади. Кисюлик китлар худоси оғриққа чидай олмай сув юзига чиқади ва қутулиб қоламан, деб умид қиларди. Бироқ кит жуда кўп қон йўқотганига қарамай, кисюликнинг мўлжали амалга ошмади. Кечадан бери яраларим қорайиб, қўланса ҳид тарата бошлади. Бардош беришга куч йўқ. Табиб шишиб кетган қўлим ва сонимга қаради-да, қошларини чимириб, бош чайқаб қўйди. Табобатдан хабари бўлган руҳоний ҳам қовоғини солиб, жундор бармоқлари билан чўқинди. Мен шундай бўлишини билгандим, лекин буларнинг ҳаммаси негадир ақлимга сиғмасди. Агар одам кучли оғриқни сезмаса, демак у ўлмайди, деб тасаввур қилардим. Аммо мен кутилмаган хулосага келдим: фақат ҳали яшаётган вужудгина оғрийди. Бир ўзим қолгандим. Қаршимда худди дарахт ўсиб чиққандек, хўжайин пайдо бўлди. Унинг қизил, мис рангдаги қўли ҳамон боғланган эди. Унинг орқасида бўйнини елкасига қисиб, гўё бекинаётгандек бўлиб, Тое турарди. У қошларини чимириб, денгиз томонга боқарди. Уларда нурлар ва қишда кам учрайдиган булутлар тўдаси акс этганди. Ўша ов кунидан сўнг хўжайин бирданига ўн йилларга қариб қолган ва ҳозир фақат руҳиятининг кучи билан ўзини тутиб турарди. Шунақа чоллар ҳам бўлади – уларга қараб, сўнгги куни қачон келишини айтоласан.
– Имиллашнинг нима кераги бор? – тўнғиллади у. – Мен сўз бердимми, ҳар қандай шароитда ҳам уни бажараман. Сенинг уялишингга ҳам асос йўқ. Хулласи калом, эртага тўй. Қариндошларга совғаларни бугун кечқурун жўнатамиз, бўлмаса улгурмаслигимиз мумкин. Агар сал тезкор бўлсак, ҳаммаси жойида бўлади. Хўжайиннинг ёлғиз қизи билан қишлоқнинг энг моҳир гарпунчисининг тўйини қойилмақом қилиб ўтказиш керак.
– Лекин… – ҳаяжонланганимдан зўрға гапирардим. – Биласиз-ку, мен яқин кунларда жон бераман. Яраларим қорайиб кетганлигини ҳам кўриб турибсиз. Ўлаётган куёвга қизингизни бериб, уни атайлаб бева қиласизми?
– Ҳа, урф-одат шуни тақозо этади. Агар у самурай уруғидан бўлса ва уни ажал эридан айирса, у бошқа турмуш қурмайди. Лекин бу гапларнинг нима кераги бор? Сен эртага куёвим бўласан. Қўрғон
ва бошқа нарсалар ҳам сеники бўлади. Мен эса қўшни қишлоққа – жиянимникига кетаман. Шундай дегач, хўжайин қумда чуқур излар қолдириб, ортига қайтди. Жароҳатларим яна қаттиқ оғрий бошлади. Мен инграб юбордим. Бошимни орқага ташлаганимда бирдан Тоенинг латиф юзини кўриб қолдим. У устимга шунчалик яқин энгашган эдики, унинг нафасини яққол сездим. Мен, ҳув ўша кундан бери ювинмаганимни эсладим – менга яқинлашиш унчалик ёқимли бўлмаса керак. Бу оддий фикр ўзидек оддий ҳисни уйғотди. Ҳўнграб юборгим келиб кетди.
– Сиз нима учун… – оғриқ пасайгач, зўрға гапира бошладим. – Мен ахир, эртага тўй оқшомида жон беришим мумкин. Менга қачон ўлишнинг фарқи йўқ, лекин сизни бахтсиз қилишни истамайман. Иккита қилич тақадиган уруғнинг қизлари бошқа турмуш қилмайдилар-ку.
– Биламан, – деди Тое секингина ва кўзларини олиб қочди. – Лекин мен бахтли бўлиш тўғрисида ўйлаётганим йўқ. Умуман, бахтнинг ўзи нима? Шахсий бахтимнинг менга нима кераги бор? Мен учун муҳими отамнинг ваъдасини бажариш ва китлар худосини ўлдирган гарпунчининг хотини бўлишдир. Бу қишлоқдаги ягона самурай оиласининг қизига шу жуда муносиб бўлади. Менинг бахтим бўлмайди, аммо унинг ўрнига мен ғурурга эга бўламан. Бахтнинг менга нима ҳожати бор?
– Лекин сиз… Сиз мени севмайсиз-ку?..
– Тўғри, – Тоенинг овози денгиз қаъридан чиққандек секин эшитилди.
– Мен сизни севмайман. Севги, нафрат, бахт, бахтсизлик – мен булар учун турмушга чиқмасдим. Фақат ғурур, самурай қизининг ғурури – мени шу ишни қилишга мажбур қилмоқда.
– Бироқ менинг хотиним – Эй бор.
– Бунинг аҳамияти йўқ. Мен ҳам унга ўхшаган аёлман. Орамизда қандай умумийлик бор? У сизнинг севгилингиз ёки жазманингиз бўлиб қолиши мумкин. Мен севганлигим учун турмушга чиқаётганим йўқ-ку. Сизнинг жазманингиз бўлса, бўлаверсин, менга фарқи йўқ. Бу табиий ҳол. Сизга эрга тегишим фақат отамнинг истаги эмас, бу ишга ўзим ҳам бош қўшяпман. Toe кетди. Мен яна ёлғиз қолдим. Китлар худосининг ёнидаги тобутда ётиб азобланардим. Ҳар хил ўйлар қалбимни эзарди. Инсон – мен, кисюлик, Тое ёки хўжайин – ўзини-ўзи бахтсиз қилади. Бахтсизлигинг нимадан иборат бўлишини эса олдиндан билолмайсан. Биз бахтсизликка юзаки қараймиз. Ўзимизни унга дучор қиламиз. Кисюлик ҳалок бўлди, мен қийналиб ётибман, аммо худди шу йўлни хўжайин ҳам, Эй ҳам танлайдилар. Бир кишининг бахтсизлиги, бошқа кишининг бахтсизлиги, деб қабул қилинмайди. Демак, менинг бахтсизлигим ўзгаларнинг ҳам бошига тушгачгина, бахтсизлик сифатида тан олинади.
Мен бу ердалигимдан бери қуёш тўрт марта ботди. Бугун у кечагидан кўра қизилроқ. Денгизда тўлқинлар кўтарилди. Қуёш турли рангдаги икки булут орасига беркинди. Ҳайрон қоласан, ҳозиргача мени тинч қўймаган даҳшатли оғриқ худди туш каби йўқолди. Яраларимга қўл теккизганимда мен умуман оғриқ сезмадим. Энди тамом бўлдим, деб ўйладим-да, енгил тортиб хўрсиндим. Кучли бир санчиқдан кейин ҳаммаси тугади. Тамом. Мен ўзимни яна соппа-соғдек сездим. Ҳайратланарлиси шунда эдики, туйғуларим гўё янгиланди, ҳатто ўткирлашди. Қумда қояларнинг узун-узун соялари кўринади. Шовқин солиб келган тўлқинлар қирғоқда оқ кўпик қолдирар, лекин шу заҳоти уларни яна денгизга олиб кетарди. Кўрфаз оқ қум, қора тошлар ва яшил қайрағоч дарахтлари билан денгизга ёриб кирган. Осмонда эса тип-тиниқ булутлар сайр этади. Мен уларни жуда ёшлигимдан бери кузатаман. Шунча пайтдан бери улар бирон марта ҳам шаклан такрорлангани йўқ. Бу манзара ҳеч қачон бунчалик азиз туюлмаган. Ўзимни улар билан ҳозирдагидек қўшилиб кетганимни ҳам сезмаганман. Менинг борлиғим гўё улар билан чамбарчас боғлиқ эди. Совуқ шамол суяк-суякларимгача ўтиб кетди. Унинг увуллашида ўлимнинг секин яқинлашаётганлигини ҳис этаман. Ўлим – абадий дунё ва сокинлик белгиси. Эртага тўй, лекин унгача яшай оламанми? Мени кут, кисюлик. Бугун, балки эртага биз яна учрашамиз. Тириклигингда рақибим бўлсанг-да, сен барибир катта қаҳрамонсан. Бошимни буриб, китлар худосига қарадим. Унинг улкан пешонаси қон рангида эди. Шўрлик, сенга ҳам қийин бўлди. Танангга гарпун санчилганида ҳам, найзалар билан жароҳатларингни кавлашганда ҳам сен ҳақиқий жангчидек курашдинг. Сен билан жангда биргина бизнинг қишлоғимиздан ўттиз киши ҳалок бўлди. Ўзим ҳам мана ҳадемай жон бераман. Сен қўрқувни билмай олишдинг. Ваҳоланки, бутун тананг ҳозир меники қандай қақшаётган бўлса, шундай қақшарди. Ҳар нима дейишганда ҳам сен умрингни барибир ҳақиқий худодек яшаб ўтдинг. Эҳтимол, мен охирги марта кўриб турган қуёшнинг ярми аллақачон ялтираб турган денгизга ботгандир. Денгизга туртиб чиққан қуруқлик-буруннинг четлари оловдек товланади. Тўлқинлар товланиб, елкандек таранглашади, қирғоққа югуриб келишади-ю, рангларини йўқотади. Турли товушларда шивирлаб, менга им қоқади. Этакларини кўтаради-да, кейин эса қочиб кетишади. Сўнгра яна югуриб келишади, яна чақиришади – гоҳ эринмай, қунт билан, гоҳ секингина. Аммо зулмат оғушида уларнинг товуши тобора аниқ эшитила бошлайди. Бу товушларга маҳлиё бўлиб, ўзимнинг китлар худосига айланиб бораётганлигимни сезиб қолдим. Дастлаб олдимда ётган ўша бош суягига айландим. Кейин менинг танам улканлашиб, худди оролдек бўлиб қолди. Терим қалинлашди, остини ёғ босди. Унинг устида эса қаттиқ қора қатлам пайдо бўлди. Бурнимнинг шундоққина остида тўлқинлар кўтарилар ва зарраларга бўлиниб, сачраб кетарди. Аста-секин ботаётган қуёш ортидан кучли думим билан тўлқинларни кесганча, шошилмай сузаман. Ҳа, мен – китлар худоси. Мен – китлар худоси. Китлар худоси – бу мен. Тўсатдан қутб ёғдуси ва осойишталик ҳоким бўлган шимолий денгизга бориб қолдим. Катта-катта музлар бурнимга тегиб, сина бошлади. Чиғаноқлар ёпишиб олган бурнимдаги қуббага сумалаклар пардадек осилиб қолди. Улар сув сачра-
ганда гўё қилич билан кесгандек синиб кетишади. Устимдаги фаввора бу кеч қиров устунига айланди. Ундан паға-паға қор ёға бошлади. Урғочи кит билан бўладиган олишувларда мени енгиш амримаҳол. Ҳатто қачонлардан бери ортимдан қолмаётган одамлар орасида ҳам мени енгадигани йўқ. Ғира-шира милтиллаб турган кўкимтир сувда маржон қояларини айланиб ўтиб, кумуш ранг нурга йўғрилган жанубий денгиз томон суздим. Думим билан тўлқинлар ясаб, шошилмай олдинга ҳаракат қиламан. Денгиз бош узра кўтарилиб, сўнг ялтираганча яна пасаяди. Томчилар рўпарамда осмондагидек камалак ҳосил қилади. Қушлар тепамда шовқин солишиб, чарх уришади. Қийқириқлари билан мени олқишлашади. Оҳ, денгиз нақадар гўзал. Мен қанчалар гўзалман. Ҳаётим ҳам шунга яраша ажойиб бўлиши керак. Оқимтир тўлқинлар узра сузавераман, сузавераман. Қаршимда алвон гиламдек бўлиб шафақ ястаниб ётибди. Кундузи у тилла суви югуртирилган улкан қасрга, кечқурун эса зангори осмон остидаги қизил гумбазга айланади. Ой нурида менинг узун кўпикли изим кумуш тўлқинлар устида илондек тўлғонади. Лекин ҳар ҳолда сўнгги жангда ўзимни жасурона тутдим. Одамлар қанчалик жонга тегиб кетди. Уларни сузгичларим билан парча-парча қилиб юборишнинг мен учун ҳеч қанақа қийинчилиги йўқ эди. Аммо мен уларнинг ғайр ниятларини билмай кўнгилчанлик қилиб, ҳайдаган жойларига сузиб бордим. Тузоққа тушдим. Уларнинг ниятларини сезгач, нафратланиб кетдим. Думим ва сузгичларим билан қайиқларни тилка-пора қилиб ташладим. Аммо қўрқувдан ўзларига келгач, улар гарпун отишди. Найзалар билан заиф жойларимга зарбалар берабошлашди. Қаттиқ оғриқ ва ғазабдан жазавага тушиб кетдим-да, тўлқинларни беҳуда ура бошладим. Кўзларим қонга тўлиб, деярли ҳеч нарсани кўрмасдим. Бироқ мен курашни давом эттирар, лоақал яна бир кишининг бошига етишни истардим. Шунда ногоҳ найзанинг совуқ учлари ўпкамни ялаб ўтди. Юрагимни пайпаслаб топди. Улкан денгизда қон ва ҳаёт
аралашиб кетди. Дармоним қурий бошлади. Қоним деярли қолмади. Мавжудлик мени тарк этди ва мен ўзим чиққан ўша денгизга қайтдим. Таниш қўшиқни эшитишим биланоқ ўзимга келдим. Мен энди китлар худоси эмасдим. Эй уруғида кит овловчиларнинг авлоддан-авлодга айтиб келинаётган қасос қўшиғини куйларди:


Ул нимадир, ўралганча қора булутга елиб бораётган – гўё шамолдек…
Токи артмас экан ўз туққан онанг Қотилнинг қонига кўзин ёшларин, Қайта кўрма, чунки барибир, сени бунда ҳеч ким кутмагай. Эй қўлидаги чақалоққа менинг жанозамда айтиладиган қўшиқни ўргатарди. Вақти келиб, бу гўдак ҳам худди шундай улкан кит билан олишади. Буни ўйлаб, хотиржам бўлдим. Китлар худоси яна улкан бош суягига айланди. У шафақ ёғдусида товланганча, денгизга боқарди. Шамол кўтарилди. Мен ажалнинг яна бир қадам яқинлашганини ҳис этдим. Ҳаяжондан китлар худосининг оқ тусга кирган суякларига қарата қичқирдим:
– Йўқ, сен ҳақиқатан ҳам жуда гўзалсан!
Тўсатдан китлар худоси жуда аниқ қилиб, қулоқни кар қилар даражада жавоб қилди:
– Аслида, сен гўзалсан, инсон!


Рус тилидан Анвар ҲОСИЛОВ таржимаси

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш