ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

ИНСОН ШАХСИЯТИНИНГ АРХЕТИПИК ЙЎЛИ

Тилланисо ЭШБОЕВА

АРХЕТИП ЛУҒАВИЙ МАЪНОСИГА КЎРА “ИЛК ОБРАЗ” ДЕГАН МАЪНОНИ БИЛДИРАДИ. АРХЕТИП ТУШУНЧАСИ ХХ АСРДА ИЛМ-ФАНДА ПАЙДО БЎЛДИ. ЖУМЛАДАН, ПСИХОЛОГИЯДА УНИ БИРИНЧИ БЎЛИБ КАРЛ ГУСТАВ ЮНГ ҚЎЛЛАГАН ЭДИ. АРХЕТИП САНЪАТ ВА АДАБИЁТДА ШУ ҚАДАР КЕНГ ЁЙИЛДИКИ, ҲОЗИР ЗИЙРАК КИНО ИХЛОСМАНДЛАРИ ҲАМ КИНОДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН АРХЕТИП ТИМСОЛЛАРНИ ДАРРОВ ИЛҒАБ ОЛАДИГАН БЎЛГАН.

Карл Густав Юнг архетипларни инсоннинг индивидуаллашув йўлининг босқичлари сифатида қабул қилади. Инсоннинг ўзини англаб бориши жамоавий онгдан чиқиб, шахсий “мен”ини англаб бориш йўлидир. Қизиғи, бу босқичларнинг мазмуни алоҳида бўлса-да, шаклан барча одам учун бир хил кечади. Масалан, дастлабкиси “бола” архетипи. Психологияда бу “бола мени” деб ишлатилади. “Бола мени”га спонтанлик, табиийлик, ўйинқароқлик, ғайрат-шижоат, шодлик-қувонч хос. Бу босқичда бола ҳаракатлари англанмаган ва спонтан – ўз-ўзидан, хаёлига нима келса, шуни қиладиган бўлади. Бола мени инсон улғайгач ҳам йўқолмайди. Бола мени йўқолса, инсон бирор ишни қилишда саъй-ҳаракат кўрсатолмай қолади. Ўзгаришларга қодир бўлмайди. Шу сабаб бола архетипи инсон ҳаётида энг муҳим архетипдир. Унинг адабий асарлардаги кўринишлари ҳам қаҳрамонларнинг ўйламасдан қиладиган жасоратлари, катта таваккалларида кўринади. “Бола” мени ўлса, инсон ўзидаги аслликни йўқотиб қўяди ва тўла-тўкис жамиятдаги қулга, ижтимоий дастурга айланиб қолади. “Бола” мени йўқолган жамиятларда ўзгариш, ташаббус, спонтан ҳаракатлар бўлмайди, инсонлар ҳар доим ўзига ўзидан “катта худолар” ё ота-она ёки хаёлий назоратчини яратиб олишади. Бола менига энг хос жиҳат унинг ҳаракатларидаги эркинлик, бировга бўйсунмасликдир. Лекин бола маълум босқичгача ота-она қарамоғига, ҳимоясига муҳтож бўлади. Чунки боладаги ўйинқароқлик ва ҳимоясизлик, спонтанлик ҳаёт учун хавф ҳам солади. Улғая бошлаган болада маълум ёшга етиб хатти-ҳаракатларига масъулият, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш хусусияти шаклланади. Болада биз спонтан ҳаракат деб атаган жиҳат ҳали онглиликка эмас, балки онгсизликка тегишли жараён. Умуман, архетипларни ўрганиш жараёнида онг, онгости, жамоавий онгсизлик тушунчалари ўзак тушунчалардир. Баъзи архетиплар шахсий онгсизликка хос бўлса, айримлари жамоавий онгсизликка оид бўлади. Бола архетипи ҳар бир инсоннинг ички индивидуаллашуви йўлидаги босқич сифатида шахсий онгсизликка ҳам, бу йўл барчага бирдай хослиги жиҳатидан жамоавий онгсизликка ҳам оид. Аксар архетиплар эса онгсизликни тарк этиб, онгли ҳаётнинг бошланишида юзага келади. Бола 10-13 ёшлар орасида ҳаракатлари, қилмишлари моҳиятини ўзи англаб, ўзига жавоб берар экан, унга энди ота-онасининг бу борада назорати керак бўлмай қолади. Яъни энди ота-она иссиқ чойнакни бориб ушламоқчи бўлган боласига нисбатан “тегма, куясан” деб айтиши шарт эмас. Бола шундоғам куйишини, буни қилмаслиги кераклигини тушуниб етган бўлади. Аммо бу ташқи, физик жиҳатдан ота-она қарамоғидан ажралиб боришни англатади, бироқ у руҳий жиҳатдан ҳам ота-она қарамоғидан ажралиб чиқа оладими? Қарорлари ота-онасиникига ёки уни тарбиялаган муҳитга мос-йўқлигидан қатъи назар, ўз сўзини айта оладими, қарор қабул қила оладими, фақат ва фақат ўз онгига суяниб ҳаракат қила оладими? Айнан мана шу муаммо жамиятнинг ҳам, руҳий шаклланиш йўлининг ҳам энг муҳим муаммоси бўлиб келган. Қадимги халқларда болани ота-онасидан ажратиб, узоқ вақт қабиладан ташқарига олиб кетишган ва болалар турли синовларни ўташган. Бу маросим қадимда инициация деб аталган. Мана шу синовдан ўта олган болалар энди ота-она “мен”идан ажралиб чиққан шахс сифатида жамиятга қабул қилинган, ўтолмаганлари эса ё ўлдириб юборилган, ё қабилага қайта қабул қилинмаган.

Маълумки, фолклорда миф ёки эртак – маросимнинг рамзийлаштирилган вербал шаклидир деган қараш мавжуд. Шу жиҳатдан миф ва фолклорни ўрганган психоанализ мактаби вакиллари ўз таҳлилларида эртакларда кўп такрорланувчи қаҳрамоннинг аждарни ўлдириш мотивига (ё бирор ёвуз маҳлуқни, антиподни) инициация жараёнининг рамзи сифатида қарашади. Унинг талқини эса қуйидагича: қаҳрамон бола аждарни ўлдиради ва парига эга чиқади ёки бирор муҳим буюмни қўлга киритади. Бу билан у “ота-она” мени ёки уни ўраб турган жамоавий онгни маҳв этади ва ўзининг шахс сифатида шаклланиш йўлини бошлайди. Албатта, унга бу йўлда синов лозим. Синов бўлмаса, қаҳрамон ҳеч қачон жамоавий онгдан чиқолмайди, англолмайди ва жамоавий онгнинг ижрочиси, қули сифатида қолади. Яъни унда шахслик уйғонмайди ҳам, шахс сифатида шаклланмайди ҳам. Шу жиҳатдан синов мотиви ҳам архетип мотивга киради. Чунки ҳар бир қаҳрамон йўлида ўзини англашлик йўли, албатта, синов билан бошланади. Бу ҳаётда, ҳар бир инсон йўлида ҳам, адабиёт ёки мифологиядаги қаҳрамон йўлида ҳам айнан бир хил. Энди замонавий одам эски қабилавий тузумда яшамайди, у айнан инициация жараёнидан ўтмайди, шу билан бу жараён йўқолиб, ё тўхтаб қоладими?! Йўқ, ахир бу жараёнлар минг йиллардан бери инсоннинг руҳий ривожланиш йўлини акс эттириб бераркан, замонавий одам руҳияти ҳам айнан алоҳида шахсга айланиш учун шу синовларни босиб ўтишга мажбур. Бунинг учун энди жисман синовни босиб ўтмас, урушда кимнидир ўлдирмас, ёвуз махлуқни енгишга мажбурланмас, аммо у руҳиятида шуни босиб ўтишга, руҳан шу синовни яшаб ўтишга мажбур. Индивидуал ўз менига эга бўлишни истаган ҳар бир одам жамоавий онгсизлик ва маълум вақтгача бола учун шу онгсизликнинг тимсоли бўлган “ота-она” менини тарк этишига тўғри келади. Ҳаётий вазиятларда бола ўз қарори, сўзи, амалига эга бўлиш учун ҳам жамият, ота-она тазйиқига қарши туриб, ўз йўлига эга бўлиш учун ҳаёт-мамот синовидан ўтишга мажбур бўлади. Бу синовдан ўтолмаганлар эса умрбод бўйни эгик, бор-йўғи жамиятнинг битта кичик темир мурватига айланади ва бу болаларда энди болалик, ўзгартириш истаги ва ғайрат-шижоат, таваккалчилик каби ҳаётни янгилайдиган муҳим хусусиятлар йўқолиб қолади. Ота-она “мен”ини тарк этолмаган бола менини тарк этади ва энди у ўзи-ўзига нисбатан ота-онага, ўз назоратчисига, ўзини-ўзи жазоловчига ва муҳим қарор қабул қилишда фақат бошқаларга суянувчи, руҳан ўзи учун масъулиятни ололмайдиган, бунга қодир бўлмаган иродасиз, ланж, қўрқоқ, зулмкор одамга айланиб қолади. Бизнинг замонавий адабий намуналарда айнан шу турдаги ота-она менидан ажралиб чиқолмаган, жамоавий онгсизлик тумани ичида қолган, синовдан ўтолмаган “бола” кўп учрайди. Ҳатто маҳшур қаҳрамонимиз Отабекни ҳам мана шундай “бола” деб айтиш мумкин, гарчи бу фикр кўпчилик учун эриш туйилса-да (айнан онасининг тазйиқи билан Зайнабга уйланиш мотиви, бу ҳаракат эса ўзига қўшиб, икки аёл қисматини ҳам парчалайди, демак, синовдан ўтолмаган “бола” ўз-ўзидан зулмкорга айланмоқда). Нега замонавий асарларимиздаги қаҳрамонлар синовдан ўтолмай қолган бола даражасида? Чунки жамиятнинг ўзи айни шу жамоавий онгсизлик билан чирмаб олинган ва унда шахс бўлиш, шахслик йўлини яратиш, жамиятнинг шахсни яратадиган механизмлари мутлақо ишламайди ёки йўқ даражада. Тўғри, айнан бу синовдан ўтмаса ҳам одам яшаб юравериши мумкин, чунки энди қадимги қабилалар жоҳиллиги даврида яшамаяпмиз, синовдан ўтолмаган “бола”ларни ўлдириб юбормаймиз, аммо руҳан ўлган одамларни ва ўлик одамлар жамиятини яратамиз. Ва бундай жамиятда ҳеч қандай ўзгариш, силжиш бўлмайди. Синовдан ўтишда қаҳрамонга ичидаги “бола” ёрдам беради, спонтанлик, таваккал қила олиш, фақат ҳаётни асраб қолиш учун эмас, ҳаётдаги жозиба, завқ, ўзгариш учун кураш. Синовдан ўтган “бола”лар ичидаги бу “бола” менини ҳам асраб қолишади ва шахс сифатида шаклланиши йўлида муҳим вазиятларда бу архетип асосий куч вазифасини бажаради. Хўп, “ота-она мени”дан ажралиш бола учун шу қадар муҳим экан, демак, бу архетиплар ёки ҳаётимизда ота-она мутлақо кераксизга айланадими?! Йўқ, асли энди ҳаётда ҳам, ичимиздаги “ота-она мени” билан бошқа муносабат даражаси бошланади. Фарқ шунда. Хўш, унда “ота” ёки “она” архетипининг ўзи нима, уларнинг моҳияти қандай? “Она” архетипи ҳам бола архетипи сингари шахсий ва жамоавий онгсизликка оиддир. Чунки она ўз-ўзидан ҳимоячи. Она болани асраш учун ҳар нарсага тайёр бўлади. Ва унинг бу тайёрлиги онанинг шу ҳаракатларни англаб қилиши жиҳатидан эмас, балки ҳар бир аёлга табиат она бўлганидан кейин айни мана шу ҳисни беришидан. Шу сабабли она муҳаббати ёки ҳифзи-ҳимояси англанган ҳол эмас, савқитабиий, онгсиз ҳам амалга ошириб кетиладиган жараён. Ва она болани ҳимоя қилиш чоғида ҳар қандай жасорат, ўлимга ва ҳатто болани асраб қолиш учун бошқаларни ўлдиришга, ёвузлик қилишга ҳам қодир бўлади. Бу жиҳатдан Эрих Фромм она муҳаббатини альтруистик, яъни ўзини ортиқ даражада фидо қилиш ва баъзан бошқаларни, болани, энг аввало ўзини жароҳатловчи катта муҳаббат сифатида санайди. Онадаги бу катта муҳаббат жасоратга қанчалик қодир бўлса, вайронкорликка ҳам шунчалик қодир бўлади. Она болага нисбатан бу дунёда асосан хатар кўради, болани асрайман деб бу дунёни вайрон қилиш истагига ҳам боради ҳатто. Шунинг учун фолклордаги Она архетипи табиат, стихиявийлик билан боғланади. Табиатдаги ҳодисаларни ҳам назорат қилиб бўлмайди, худди онанинг улкан муҳаббати ўз-ўзидан пайдо бўлиши ва уни ҳеч нарса назорат қилолмаганидек. Табиатга ҳеч кимнинг кучи етмайди, истаса у вайрон қилади, сувлар тоширади, зилзилалар қўптиради. Бу хусусият эса айнан инсондаги онгсизликка тенг. Инсон мутлақо онгсиз, аффект ҳолатга тушса, ўз туйғуларини назорат қилолмайди, у катта жасорат кўрсатиши ёки катта вайронкорликка сабаб бўлиши мумкин (Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Чаёнгул” ҳикоясидаги қотиллик қиладиган қизни эсланг (аффект ҳолатида). Фольклоримиздаги мастон кампирлар ҳам ғайритабиий кучга эга ва уларни енгиб бўлмайди). Шунинг учун Она архетипи мутлақ онгсизлик ҳолатини ифода этувчи архетип саналади ва бу онгсизликдаги ҳолатимиз табиатдек кучли, қудратли, асов, вайронкор. Ва табиат рамзи ҳам фолклорда она архетипига хос бўлган рамзлар сифатида ишлатилади, масалан, Гўрўғли ер қаъридан чиқиб келади. Ер табиатнинг бир қисми ва фолклорда, адабиётда она рамзи ифодаси. Бизнинг ички индивидуаллашиш архетипик йўлимизда “бола” архетипи қандай ўринга эга бўлса, “она” архетипи ҳам шундай ўрин тутади. Бу ерда гап туққан онамиз эмас, ичимизда бизга оналик қилувчи “мен” ҳақида. Инсон фақат онгли ҳолатда яшаганида, аллақачон ақлдан озган бўларди. Аммо хаёл, ўй, орзу, тушларимизда бизни қутқарувчи ўзимиз англамайдиган онгсизлик ҳолати бор ва бу руҳиятимизни қутқариб келаётган асосий қўрғон. Демак, онгсизликни ифода этувчи “Она” архетипи руҳиятимизда ҳам ҳимоячилик вазифасини бажаряпти, фақат бу ҳимоячиликни ўзимиз ҳам англолмаймиз. Чунки у ички ҳолатимиз ҳимоячисидир. Айнан мана шу ўринда “она” архетипининг “ота” архетипидан фарқи юзага чиқади. “Ота” архетипи ички ҳолатимиз учун эмас, ташқи ҳолатимиз ҳимояси, жамиятдаги ўрнимиз учун жавоб беради. Жамиятда ўрнатилган қатъий қонун-қоидалар тизими бор. Ҳатто ўз “мени”ни англаб, шахс сифатида йўлини бошлаган қаҳрамон ҳам жамият қоидаларига бўйсунишга мажбур бўлади, энг камида у билан ҳисоблашади. Жамиятнинг бу қоидаларини бузиш хаос – тартибсизликни келтириб чиқаради. Инсонлик жамияти эса асрлар давомида хаос устидан космос – тартиб ғалабаси учун курашиб келади. “Бола” менидаги спонтанлик, “она”га хос онгсизлик ҳолати инсонларда ва жамиятда кўпинча хаосни ҳам келтириб чиқариши мумкин. “Ота” архетипи эса мутлақо мана шу хаосга қарши курашувчи, унга қарама-қарши турадиган ҳолатдир. Шунинг учун мифлардаги қаттиққўл бош худолар, шоҳлар, ҳукмдорлар ёки жамият тартиб-қоидаларининг ўзи “Ота” архетипига хос деб қаралади. Бу қоидалар кўп йиллик тажрибадан келгани учун мутлақо қаттиқ. Инсон ҳам, асарлар қаҳрамонлари ҳам қатъий тартибларга қарши баъзан исён қилиб туради. Чунки бу қатъий тартиблар жамиятни асраб қолгани билан инсоннинг ўзлиги, шахсиятини емириб юбориши, тартиб зулмга айланиб кетиши ҳам мумкин. Бундай шароитда одам ичидаги “мен”ини ташқарига чиқаролмайди, натижада у ўрнини тополмайди, потенциалини рўёбга чиқаролмайди ва мазлумга айланиб қолади. Кафканинг “Отамга хат” эссесида айни шу ҳолат тасвирланади, бунда қаҳрамон отадан кўра кўпроқ инсонни эзувчи қаттиқ жамият қоидаларига қарши чиқади, у шу йўл билангина исён қила олади. Жамият қонун-қоидалари умуминсоний бўлиши керак, аммо у тартибни сақлайман ва умумманфаатга хизмат қиламан деб алоҳида инсонларни синдиради, ноинсоний тус олади. Шу ерда инсон ва жамият ўртасидаги азалий зиддият юзага келади. Жамиятда ўрнини топаман деган одамлар ҳам аслан жамият қоидаларига бўйсунаётган бўлмайди, аксинча аслини беркитиш учун ниқоб кийишга мажбур бўлади. Бундай муҳит адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамнинг “Жамият ичра самимият баҳоси” мақоласида ёзилганидек, буткул одам ва жамиятдан бегона, кўнгли совуган Мерсоларни пайдо қилади. Энди жамият аслини, ўзлигини, ичидаги рост гапни айтмоқчи бўлганларни мутлақо қабул қилмайди, уларни азалий тартибда хатар сифатида кўраверади ва жазолайди. Шундай экан, одам ўзини ҳимоя қилиш учун руҳий ниқоб тақишга мажбур. Тақмаганлар эса “бегоналар”га айланиб боради. Сирасини айтганда, ҳаммамиз қандайдир ниқоб тақилган ҳолатда яшаймиз ва шу туфайли кўп ҳаракатларимизни онгсиз ҳолатимиз ёки жамоавий онгсизликка бўйсунган ҳолатимиз назорат қилади. Демак, Персона архетипи энди индивидуаллашаётган, ўз навбатида ижтимоийлашаётган одамнинг руҳий ҳолатини қамраб олувчи асосий архетипга айланади. Бундай архетипик мазмунни ёзувчи Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли ёхуд ҳаёт суви” романи бор зиддияти билан ёритиб беради. Инсон жамиятдаги муносабатларда ниқоб тақиб, ўзининг асллигини бостиришга мажбур бўлар экан, ичида ўша асл қиёфа қолиб кетаверади. Энди у инсон ичида алоҳида қиёфа, алоҳида одам яратади. Ташқаридаги қиёфамиз бир томон, ичимиздаги иккинчи қиёфа бир томон бўлади. Ташқарида биз маданий муносабатлар доирасидан чиқмаслигимиз учун сипо, ҳар кимни сизлаб, ишимизни битириб кетаверадиган, ортиқча бошоғриқдан қочиб, ўзимизни ерга урадиган вазиятларда ҳам “хўп” деб турадиган бўлишимиз мумкин. Ичкаридаги қиёфа эса тажовузкор, агрессив, эгилмас, қайтмас бўлади аксар ҳолда. Чунки бу инсоннинг намойиш қилиши мумкин бўлмаган алоҳида қиёфаси. Айнан намойиш қилиш мумкин бўлмаганидан ҳам у агрессияга айланади. Ва инсон ичида аввал тушкунлик, кейин ўз-ўзини вайрон қилиш ёки бошқаларни ё дунёни вайрон қилишдек деструктив исён, қувват шаклланади. Инсоннинг бу қувватига Соя архетипи жавоб беради. Соя архетипи Персона билан ёнма-ён юради. Чунки у айнан Персонанинг натижасидир. Хўп, инсон шахс шаклланишининг мана шу мураккаб босқичларидан ўтар экан, нима қилиши керак, Персонага беркиниб, ўз-ўзига цензор бўлиб, ичида эса тажовузкор бир инсонни боқиб ўтириши керакми? Охир-оқибат бу бўлиниш инсонни жинни қилиб қўймайдими? Қўяди, албатта. Шунинг учун кўплаб асарларда шахсиятнинг иккига ажралиш мотиви мавжуд (Қирол Лирнинг масхарабози, Чак Паланикнинг “Жанг клуби” китобида бу яхши тасвирланган). Аммо инсон мана шу “мен”ларни бирлаштирмаса, гармонияга келтирмаса, ўз ҳаётида ҳам деструктив, ҳам бунёдкор, ҳам хаос, ҳам космосга ўрин бермаса, у руҳан хароб бўлади. Шунинг учун мутлақ космос тартиб, тинчлик ҳолатини ҳам ўлим дейишади, умрни мутлақ деструктив тарзда ўтказиш ҳам ўлимга олиб келади. Яшаш, шаклланиш йўли шу қадар қийинки, қайсидир пайтда ҳаёт ва жамият билан ҳисоблашиш, қайсидир паллада эса ҳаётни, одамларни ўзингиз билан мутлақо ҳисоблашишга мажбур қилишингиз керак. Баъзан онг билан ҳал қилсангиз, баъзан сизни тинч қўймаётган онгости билан тўлиқ ҳаракатланишга мажбурсиз. Инсоннинг шаклланиш, яшаш йўли шундай кечади. Ва мана шу жараён уйғунликни пайдо қилади. Шахсиятда ҳам қалбингиз, ақлингиз қониқадиган руҳий ҳолатга келиш ўзлик архетипи билан изоҳланади. Ўзлик архетипи инсон шахсияти шаклланишиинг архетипи йўлини якунлаб беради. Бу кўпинча инсоннинг кексалик даврига келиб содир бўлгани учун адабиёт ва мифологияда ўзлик архетипини донишманд қария образи ифода этади. Яна дунё дарахти, муқаддас тоғ, дунё ўқи каби архетип рамзлар ҳам учта оламни бирлаштириши жиҳатидан ўзлик архетипининг ифодаси сифатида қаралади. Дунё дарахти ҳам учта оламни бирлаштиради, унинг илдизи пастда, шохлари осмонда ва танаси ердадир. Учта олам, уч олам гармониясининг рамзи. Ўзлик архетипи инсондаги қалб, тафаккур, руҳ қувватининг ўзаро гармониясини англатади. Шундай экан, кўплаб асарларда қайта-қайта такрорланувчи дунё дарахти – архетип рамзи. Масалан, “Гўрўғли” достонидаги Гўрўғлини чилтонлар ўғирлаб олиб борадиган тоғ ва унинг этагидаги дарахт (ҳар иккиси архетип рамзи), кўпчиликка таниш машҳур “Аватар” киносининг 2-қисмидаги ердан кўтарилиб, коинотдаги бошқа сайёраларни ҳам ёриб ўтган, учи осмон пештоқида турган дарахт ҳам моҳият жиҳатдан айнан ўзлик архетипининг мифология ва асарларда рамзлашган ҳолатидир. Ахир, шаклланиш йўлимизни ифода этувчи архетипларни кўриб ё ушлаб бўлмайди, улар инсоннинг ичидаги оламга хос. Фақат асарлар, мифлар, тушларда улар рамзлашган кўринишда намоён бўлади. Шунинг учун биз адабиёт, фолклордаги архетип ҳақида гапирганимизда айнан архетипнинг ўзи ҳақида эмас, архетип образ, архетип мотив ва сюжет, архетип рамз ҳақида гапираётган бўламиз. Ҳамма образ ё рамз ҳам архетипик бўлмайди. Сабаби шуки, юқоридаги дунё дарахти мисолида асар ва мифларда жуда кўп такрорланувчи рамз эканини таъкидладим. Шунинг учун фолклордаги архетип деганда, айнан қадимдан бошлаб оғзаки ва ёзма асарларда доимий такрорланиб келувчи архетип образ, архетип мотив ва рамзларни тушунамиз. Бу архетипларнинг мазмуни эса инсон шахсияти яралишининг архетипик йўлига оид бўлиши керак. Айнан шу жиҳат архетип образ у мотивни архетип қилиб туради. Буни дунё дарахти мисолида келтирдим. Яна бир яққол мисол: эртак ва эпосларда, прозада доимий такрорланувчи қаҳрамон образи. Қаҳрамон ким? Архетипик таҳлилга кўра, у шарт-синовни енгиб, ўз мақсадига эришадиган, жамоавий ва шахсий онгсизлик доирасидан чиқиб, онглилик даражасига ўтган ёки ўтиши керак бўлган образ. Бола архетипи таҳлилида аждарни енгиш мотиви орқали бола ёки образ қаҳрамонга айланади, шу билан унинг шахс сифатида шаклланишининг узундан узоқ йўли бошланади. Қаҳрамон архетип образи айнан мана шулар замирида пайдо бўлган ва бу ҳам инсоннинг архетипик йўлига оиддир. Қизиғи, бу архетипик йўл кеча ё бугун пайдо бўлмади, эртага ҳам йўқолиб кетмайди. Тўғри, унга муайян тарихий жараёнлар таъсир кўрсатади (Кишилик жамиятида матриархатдан патриархатга ўтиш босқичи бу архетипик йўлга энг кўп таъсир ўтказган, чунки у шахс сифатида аёлнинг ўзини англаш, ифода этиш йўлини мутлақо бошқа ўзанга буриб юборади, аёллик ибтидоси ё йўниб ташланган ёки катта ўзгаришга учраган; қолган тарихий жараёнлар эса бу қадар катта таъсирга эга бўлмаган). Бекорга архетип “илк модел” дегани эмас. Архетип инсонда онг пайдо бўлган даврлардан бошлаб ўзини, ўзликни билиш ва шакллантиришнинг ҳаммамиз учун хос руҳий универсал босқичлари ифодаси бўлган. Айни шу важдан архетип ҳам психология, ҳам адабиёт ва мифология, фолклор, бундан ташқари, бир қанча ёндош фан ва соҳаларда ҳам асосий ўринга эга.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш