БАДИИЙ АДАБИЁТНИНГ БУГУНИНИ ТЎЛИҚ БИЛИШ ВА ЭРТАСИНИ ЧАМАЛАШ, ЯЪНИ ИМКОН БОРИЧА ПРОГНОЗ ҚИЛИШ МУМКИНМИ? АЛБАТТА, МУМКИН. АММО БУНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ? ФОЙДАСИ: “ЎСМА КЕТАР, ҚОШ ҚОЛАР”. АЛБАТТА, ПРОГНОЗЛАРДАН НИМАЛАРДИР ҚОЛАДИ. ТАХМИНЛАРНИНГ МАЪЛУМ БИР ҚИСМИ ТЎҒРИ ЧИҚАДИ. ПРОГНОЗ ҚИЛГАНДА, АЛБАТТА, КЕЧА ВА БУГУНГИ КУНЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚИЛАДИ-КУ?!.
Бадиий адабиётнинг қандай бўлиши доимо инсонга боғлиқ. Бугунги глобал инсон қандай? Эртага қандай бўлади? Глобал инсоннинг қандайлиги адабиётнинг йўналишлари ва мундарижасини белгилайди. Юртимиз Конституциясининг 19-моддасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”, деган қоида қайд этилган. “Туғилганидан бошлаб”, дегани инсон мутлақ эркин дейилганидир. Бадиий адабиёт “туғилганидан бошлаб” деб алоҳида таъкидлаб айтилаётганини жуда теран англайди ва ҳис қилади. Инсон қисматларини тасвирлаш ва ёритишда шу тамойилга риоя қилади. Бу – бадиий адабиётнинг бугун ва эртага эркинлиги принципидир. Бинобарин, бугун ва узоқ-яқин эртанинг адабиёти чинакам эркин адабиётдир. Кейинги барча мулоҳазаларимизда биз шунга асосланамиз ва шундан келиб чиқамиз. Мен бу мулоҳазаларимда ҳозирги ва кейинги ўзбек миллий адабиётини “КЎНГИЛ АДАБИЁТИ” деб атамоқчиман. Бу балки бироз ғалати эшитилса керак. Ундан кейин бу фақат менинг сўзим эмас. Ўзбек миллий адабиётини “кўнгил адабиёти” деб атаганлар ва шундай деб юрадиганлар оз эмас. Буни қарангки, тилнинг амалиётида шунчалар кўп қўлланадиган ва ниҳоятда кўп ва ранг-баранг қўлланадиган “КЎНГИЛ” сўзи илмий тушунчага айланган эмас ва ҳатто уни ўзбек энциклопедиясидан ҳам тополмайсиз. Бу улуғ нашрга “кўнгил” кирмаган. Айлантириб келганда, у ўзи нима? Нимани англатади? Биз яна “ЮРАК” ҳам деймиз-ку, а? “Кўнгил” билан “юрак” бир нарсами? Маъноси бир хилми? Тилнинг гўзал синонимлариданми? Сал чуқурроқ тушсак, улар асло бир хил эмаслигини, нутқ амалиётимизда кўпинча бошқабошқа маъноларни англатиш учун қўллашимизни сезиб қоламиз. Усмон Носирнинг буюк сатри: “Юрак – сенсан менинг созим”. Уни қанчалар севамиз. Ва чин поэзиянинг локомотиви деймиз. Лекин нега шоир “Кўнгил – сенсан менинг созим” демаган. Шоир “кўнгул айтурга бораман”, деган ўртаниб. Нега “юрак айтурга бораман” демабди? Ажойиб-а, сўзу тушунчалар дунёлари ва уларнинг жонли амалиётлари! Ҳамма гап шундаки, кўнгилнинг макони йўқ. У мутлақо моддийлашмаган, жисмга айланмаган, одамзотнинг вужудида (танасида десак яна ҳам аниқроқ бўлади) унинг ўрни ва макони йўқ. Баъзи билағон олимлар уни “ирфон” дейишганидан ҳам хабардорман. Бу ҳаммасидан-да қизиқ. Чунки ўтмиш эмас, келажак “ирфон”-ники… Юракники эса бор. У ҳаёт, У доим бир меъёрда уриб туради. Қон айланиш тизимини мукаммал бошқаради. У тугал моддий жисм. Одам борлиғининг ажралмас аъзоси. Юраксиз ҳаёт йўқ. Адабиёт ҳам йўқ. Кўнгил моддийлашмагани ва танамизда ўз маконига эга бўлмагани учун чегараси йўқ. Маконсиз ва моддийлашмаган нарсаларда чегара, поён, меъёр, ҳисоб бўлмайди. Миямиз эса ёрқин моддийлашган ва доим ҳисоб-китоб қилиб боради. Манфаатларимиз доирасини белгилайди. Хавфсизлик чораларини кўради. Инсон чегараларини тинмай эслатиб туради. Бадиий ижодкорликда мия, юрак ва улар орқали бутун вужудимиз ва танамиз турли-туман вазифалар билан иштирок этади. Шунинг учун ижод психологияси мавжуд бўлганидек, ижод физиологияси ҳам тўлиқ фаолият кўрсатади. Мен “Адабиёт – кўнгил иши”, деган бош мақсадимиздан узоқлашиб кетишимизни асло истамасдим. Аммо кўнгил адабиёти нима эканини англаш учун лоақал ҳозир айтганларимизни билиш ва доим кўз ўнгимизда тутишимиз керак. Кўнгилга коинотдаги жамики жисм ва зарралар бемалол сиғади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг тўрт буюк девони ва барча асарлари фақат кўнгил ҳақида. Умуман, дунёда кўнгил ҳақида ёзилмаган асар бормикин? Бунинг устига “кўнгил маърифати” (“ирфон”!) деган бир тушунча ҳам борки, у кўнгилни соф руҳоний дунёлар билан боғлайди. “Кўнгил адабиёти” менинг тушунчамда теран руҳоний адабиётдир. У ҳамиша ва ҳамма вақт “Одам қандай бўлиши керак?”, деган савол устида баҳс олиб боради. “Одам қандай бўлиши керак?”, деган савол – бу бошдан-оёқ кўнгилга юришдир. Миллий адабиётимизнинг илдизлари уч минг йиллик кўҳна тарихимизга туташиб боради. Соҳибқирон Амир Темур ҳаётининг охирида Ўтрорда кўрган тушини Сарой Мулк хонимга ҳикоя қилиб беради: “Қамишзордан падари бузрукворимиз шитоб ила чиқиб келар эдилар. Мен ҳайрат ичида отдан тушиб, отамнинг истиқболига юра бошладим. Аммо падари бузруквор менга илтифот қилмай олдимдан ўтиб бориб, отимнинг эгар-жабдуқларини ечиб олдилар-да, келган йўлларига қайтиб – тўқайда ғойиб бўлдилар. Мен катта йўл устида гарангсиб, салт от билан турганим ҳолда уйғониб кетдим. Кўрсам, аъзойи баданим титраб, қизиб кетаётирман. Бу хосиятсиз туш даҳшатидан ташқарига чиққанимни ҳам сезмай қолибман… Паймона тўлганга ўхшайдур…” ( Турғун Файзиев, “Мирзо Улуғбек авлодлари”,1994). Амир Темурнинг ниҳоятда фожиали бу тушида кўнгилнинг унинг бутун ҳаёти давомидаги тақдирсоз воқеаларни рамзий қамраб олаётганига диққат қилинг: Тушларнинг яратувчилари эса туганч билмас кўнгиллардир. Ота, от, жанговар отдан ечиб олинган эгар-жабдуқ. Энди ҳеч қачон минилмайдиган ҳолга келган от, отанинг фарзандга қайрилиб қарамагани – булар бари кўнгил суратларидир. Улар бизнинг кейинги бутун тарихимиздан то ҳозирга қадар ўз машъум излари, натижаларини қолдирган. Халқимиз неча замонлар эгар-жабдуқсиз, қурол-яроқсиз от олдида ҳайрона бўлиб турди. Салафлар нечук йўл тутсин?! Балки кўнгилдан ўзга йўлнинг иложи йўқдир? Балки бошқа йўллар бари хатодир?! Бу охирги дамгача адабиётимизни ўйлантирмади. Ниҳоят, “Бузилган ўлка”гача келдик… Дунё бор-йўғи фақат битта кўнгилдир. Унда бошланиб, яна унда интиҳога етади. Қайси миллий адабиётларнинг саҳифаларини очсам, доим унга дуч келаман. Мен сизга энг янги адабиётлардан бир-икки мисол келтирсам дейман. Яқинда “Шарқ юлдузи” журналининг 12-сонида ўрта ёшли ёзувчиларимиздан Жасур Кенгбоевнинг “Синов” деган қиссаси чоп этилди. Воқеалари илгари Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Саид Аҳмаднинг асарларида истифода қилинган сюжетларга ўхшаш ва уларга издош. Сира омади юришмаган талаба йигитчанинг илк севгиси. Иш жойидаги нўноқликлар. Ёшлар ётоқхоналари ҳангомалари. Ижара уй, доимий пулсизлик, рашк, ҳасад туфайли пайдо бўлган кулфатлар. Эпизодлар анъанавий, яъни бари ёшлар ҳаётида учраб турадиган носозликлар. Аммо шуларнинг барини ёзувчи қизиқарли қилиб тасвирлаб бера олган. Зерикмай ўқийсиз. Бу қисса ҳақида Жасурнинг тенгдоши ёзувчи Холиёр Сафаровнинг мақоласи ҳам жуда қизиқарли. Холиёр Сафаровнинг “Онамнинг ёлғонлари” деган китобига кирган мўъжаз, дид-фаросат билан ёзилган ҳикояларини ҳам яқинда эътибор билан ўқиб чиққан эдим. Ҳаммадан ажойиби Холиёрнинг бу китобига бирданига ҳам сўзбоши, ҳам сўнгсўз, ҳам китоб бўлимларига ижод борасида ҳикматли сўзлар берилган эди. Мен кутилмаган бир истеъдод кашф этилган бўлса керак, деган хаёлга бордим. Холиёр тенгдоши бўлгани учунми, Жасурнинг янги қиссасини яхши тушуниб, худди ёзувчидай ишонарли таҳлил қилган. “Жасур Кенгбоев “Синов” қиссаси орқали ўз сўзини айтди, олтин силсилани давом эттираётган авлод сифатида ялов кўтарди. Бу қанчалик узоқ ва баланд ҳилпираб туради, буни вақт кўрсатади”, деб хулоса чиқаради Холиёр Сафаров. “Ўз сўзини айтди”, дейилгани жуда яхши. Лекин “олтин силсилани давом эттираётган авлод” деганда нимани назарда тутди экан? Сўфийлар аждодларнинг олтин силсила занжирлари тўғрисида такрор такрор эслатиб туришади. Лекин Холиёр бу ерда 2010 йилда чиққан ёшларнинг “Олтин кўприк” деган тўпламига ишора қиляптимикин? Ўша тўпламга Жасурнинг “ҲавОчун” деган ҳикояси кирган эди. Лекин “олтин силсилани давом эттираётган авлод сифатида ялов кўтарди” деган таъриф бироз ялтир-юлтир гап бўлиб қолган. Баъзан ўз соҳаларида ғалаба қозонган спорт усталари жаҳон майдонларида ялов кўтариб қўйишади, лекин ёзувчи ижодкорнинг “ялов кўтариши” кулгига айтилган гапга ўхшаб кўринади. Ҳозир қирқ-қирқ бешга кираётган ижодкорларнинг қалам усулида, айниқса, шеърият намуналарида ўта китобий йилтироқ, сохта иборалар, ифодалар анча кўп учрайди.

Жасур Кенгбоев “Тафаккур” журналининг 2023 йил 2-сонида “Қалтис танлов қаршисида” деб номланган ўйчан бадиасини “қайси асрда яшаётганимизни унутмаган ҳолда…” деган жумла билан бошлайди. Яхши жумла. Мен бунга “Қайси кунда, қайси соат, қайси дақиқаларда яшаётганимизни унутмаган ҳолда… “ деб қўшиб қўйган бўлардим. Чунки энди аср-ку, майли, дамлар, дақиқаларда ҳам олам остин-устун бўлиб кетадиган ҳолга келяпти. Жасур эсседа тўғридан-тўғри ўз тенгдош ижодкорларига мурожаат қиляпти. У ўрта ёшга етган ижодкорлар фаолиятида депсиниш, тушкунлик, депрессияга тушиш сингари ҳолатлар кўзга ташланаётганига эътибор беради ва буни ижод жараёнларида енгиб ўтиш йўлларини муҳокамадан ўтказади. Жасур бундай ҳолларни “Руҳий зўриқиш балоси” деб баҳолайди. “Мақсадларимизни йўқотиб қўйдикми?”, “ё орзуларимиз сароб бўлиб чиқдими?”, деб хавотирга ҳам тушади. Мардонавор туриш, ижод жабҳаларида матонатли бўлишга чақиради Жасур. У “Синов” қиссасида шундай мардона сўз айтишга жазм этади. Ва ниҳоят менга ҳаммадан ҳам маъқул тушган ўз сўзини ўртага ташлайди: “Мақсадимиз – адабиёт, инсон кўнгли томонга адл юриш!” Янги адабий авлод ҳам инсон кўнгли томонга юришни ўзининг асосий ижодий мўлжали деб баён қиларкан, биз буни мақоламизнинг ўқ чизиғига ҳамоҳанг тушаётганини яна бир карра таъкидлаб ўтамиз. Ҳа, шундай: айни инсон кўнгли томон. Жасурнинг ўзи “Синов”да худди одамлар тақдирларини эмас, замондошларнинг кўнгилларини бадиий таҳлил ва тасвирдан ўтказаётгандек кўринади. Кўнгиллар манзараси… “Синов” қиссасининг бош қаҳрамони ёзувчининг ўзи “депрессия” деб тилга олган ҳаётий ҳолатнинг гирдобида тинмай айланади. Ўз ихтиёридан ташқари турли омадсизликларни бошидан кечиради. Ўз ихтиёридан ташқари беҳад ҳаловатсиз. Иш, ўқиш, севгида тўхтамай қийинчиликлар-га учрайди. Буларнинг сабабини билмайди. Кўпроқ ўзининг ношудлигидан кўради. Лақма, ғўр. Қизлар билан муомаласи ўта ночор. Уни севган қиз нимаси учун севганини ҳам билмайди. Лекин қиссада тасвирланган қаҳрамоннинг барча омадсизликлари йигитнинг туб феъл-атворига, ҳаёт тарбиясини яхши, пухта олмаганига бориб тақалади. Унинг бу қадар беихтиёр омадсизлиги гарчи ёзувчи буни очиқ таҳлил этмаса-да, ҳаёт, турмуш муҳитидаги бири-биридан ўтадиган носозликлар, қинғирликлар, кўп авж олган одамлар ўртасидаги алдам-қалдамлар, ғаламисликлар, фирибгарликлар билан ҳам изоҳланади. Асар қаҳрамони мана шуларнинг барини бирдан ва бирваракай енгиб ўтишга, улардан чин инсоний сабоқ ва тажриба орттиришга қийналади ва ҳатто бунга тамомила лаёқатсиз кўринади. Қисса қаҳрамони кечмиш-кечирмишларида кўзга ташланаётган руҳий депрессия (ёзувчи уни тушкунлик деб ҳам атайди) унинг ўз тенгдошларига мурожаат тариқасида ёзган “Тафаккур” журналидаги бадиасида замонамизда “қирқ ёшли” ижодкорлар бошидан кечираётган ижодий депрессияга ўхшашдир. Уларни ҳам ғайриихтиёрий тушкунликлар чирмовуқдай чирмаб ташлаган. Қисса қаҳрамонидан фарқли ўлароқ, “қирқ ёшли” ёзувчилар ушбу “руҳий зўриқишлар”нинг сабабларини англаш, уларни енгиб ўтишга жиддий изланишлар олиб бориш пайида. Мана шу “Синов” деб аталган қиссанинг юзага чиққанининг ўзи ҳам қийинчиликларни енгиб ўтишга матонат ва мардонаворлик хусусиятлари ниш ота бошлаганини кўрсатади. Шунинг учун ҳам қисса пайдо бўлганини қутлаган ва таҳлилий мақола ёзган “қирқ ёшли” ёзувчининг кўтаринки хулосалари ўзини оқлайди. Ва бу адабиётда “қирқ ёшлилар”нинг руҳий кўтарилишларга бел боғлаганига умид билан қарашга ундайди. Қиссага ҳам, унинг изидан пайдо бўлган бадиага ҳам, тенгдошнинг таҳлилий мақоласига ҳам характерли замонавий ҳодиса деб қарашга изн беради. Унда келажак куртакларини кўришга ундайди.Шеър одамнинг юрагини худди “Шелкунчик” балетидай ҳаприқтириб юборади. Умуман, шеърни визуал тушуниш учун агар бирон нарсага ўхшатиш эҳтиёжи туғилса, мен шеърни балетга ўхшатган бўлардим. Фридрих Нитше шеърни рақсга ўхшатади. Балет ва рақсда одамнинг вужуди ажиб гўзал бир суратларга киради. Балетнинг порлоқ айланаларида одам қалбининг турли-туман манзаралари ҳайратомуз шаклларга киргандай, шеърда ҳам шоир қалбининг сирли кўринишлари мутасаввур бўлади. Қалблар бир-бирига ўхшайди. Шеърлар шундай бир-бирига ўхшаш таворуд туғилади. Ёш шоир Масиҳуллоҳнинг биргина “Эртакли кунлар” деган шеърлар китобчаси босилган. Мана, ўшандан бери “Шарқ юлдузи”да унинг бир даста шеърлари чиқди. Китобчасида у юраги доимо музтар шоирга ўхшарди.

Манави туркумида у нозандай шоир бўлибди. Аммо музтарлиги кетмабди. Музтарлик унда энди изтиробга айланибди. Бу туркумга қўйилган умумий сарлавҳадан ҳам англашилади: “Кўксимда изтироб яшар”. Бу изтироб Жасур Кенгбоев талқин қилган “депрессия” ёки “тушкунлик” эмас. Балки ҳаёт ҳақиқатларининг егараларига етиб бориш изтироблари. Унинг шеърларида Руҳ худди тилга кираётгандай бўлади. Бу Руҳ Кўнгилга жуда яқин. Унинг Хослиги (бу ғаройиб Хослик тўғрисида биз салдан кейин Тиллонисо эссесини ўқиётганда алоҳида сўз юритамиз) йўқ ёки кўзга кўринмас нарсаларга мурожаат этиш. Руҳ ва Кўнгил эркин, коинотдаги ўзи йўқ ҳамда бутунлай кўзга кўринмайдиган нарса-ҳодисаларга ҳам дам-бадам мурожаат қилаверади ва улар билан “дардлашади”. Кўнгил ва Руҳнинг эркинлиги чексиз. У “қизил чизиқ”ларни тан олмайди:
“Эй, пари! Шомларнинг ранги ўзгарди. Бузруквор юлдузлар йиқилди бир-бир, Бу дунёда минг йилки излайман сени, Минг йилки кўксимнинг куйлари дилгир…”.
Шоир хаёлидаги гўзални “пари” деб атайди ва унга яқин бориш йўлини қидиради. Дилгирликнинг сабаби чексиз вақт ичида шомларнинг ранги ўзгараётгани, бузруквор юлдузларнинг тинмай қулаётгани, айни чоғда бу чексизликда ҳеч нарса ўзгармаётгани ва ҳамон одам кўксидан дилгир куйлар ёғилаётгани… Ўзгармаётган дун, яъни дунё беҳад изтиробга солади. Пари эса эртакнамо дунёда:
“Эй, пари! Қуёшнинг илкидан тортдим, Қора дев қаршимда тиз чўкди бўзлаб, Энди сен қанотли кийимингни кий, Озодсен, учавер осмонни кўзлаб”.
Бу эртаксимон олам ҳаракатларини даҳватан тушуниб етиш осон эмас, миямизни зўриқтиришимизга тўғри келади. Шоирнинг фантазияси тақдим этаётган “Қуёшнинг илкидан тортдим”, “Қора дев” каби образларнинг қандай маъно бажараётганини англаш қийин. Пари шу пайтгача тутқундамиди? Энди у қандайдир сабабларга кўра озод бўлдими? Шоир унга қанотли кийимларини кийишни таклиф қиляпти ва осмонларга парвозга чақиряпти.Шеърнинг охирги бандини ўқиймиз:
“Эй, пари! Кетгину, кетишдан аввал, ўйлагин бошимни битмаган тошдан, Мени ҳам олиб кет парилар сари, Қўрқаман одамлар билан яшашдан.”
Шеърнинг барча бандлари худди мана шу оригинал ва ғалати “одамлар билан яшашдан қўрқаман”, деган фикрни айтиш учун ёзилгандай. Ва буни тўлиқроқ тушуниш учун Зигмунд Фрейд ва унинг тушлар ҳақидаги таълимотини билишга тўғри келади. Лекин бу ҳам Жасур Кенгбоев тилга олган “депрессия”нинг тўғридан-тўғри натижаси эмасмикин? Тадқиқотчи Саъдулло Қуронов Омон Мухторнинг “Минг бир қиёфа” романи ҳақидаги таҳлилий мақоласида бу чигалликнинг пардасини андак кўтаргандай бўлади: “коммунистик мафкуранинг саробга айланиши, иқтисодий қийинчиликлар, ўтиш даври депрессияси – буларнинг бари ижодкор руҳий-маънавий оламини пароканда қилади. Унда даврни, инсоннинг борлиқдаги ўрни, мақсад ва вазифаларини қайта баҳолашга эҳтиёж туғдиради. Шундай экан, ижодкорнинг ноанъанавий тажрибаларидан мурод янги инсонни англаш эҳтиёжидан келиб чиқади”. (“Шарқ юлдузи”, 10-сон, 2023).” “Қирқ ёшли” олимларидан бири Саъдуллонинг ҳам ўша биз бироз таниш бўлиб қолган “депрессия”ни тилга олиб ўтаётгани бежиз эмас. Масиҳуллоҳнинг шеърийлирик қаҳрамонлари ҳам замон таҳдидларидан келиб чиққан шу монстр, яъни руҳий ижодий депрессиялардан қутулолган эмас, лекин қутулишга хоҳиш бор. Унинг бошқа шеърларидан ҳам буни кузатиш мумкин. “Қирқ ёшли” авлоднинг яна бир шоири Марғуба Муқадованинг иккита миниатюр шеърини кўздан кечирайлик:
“Қара, миллион йил ўтса ҳам, ўзгармас олам, Оғриқлар, аламлар, азоблар Ғуссанинг юкидан эзилиб ўтмоқда одам”.
Марғуба ҳам ўша бизнинг “қадрдон” депрессия” ҳақида сўйламоқда. Уни фақат тўрт бўлак – оғриқ, азоб, алам, ғуссага ажратмоқда. Унингча, депрессия дунёнинг азал қурилишида мавжуд. Инсон унинг қаршисида ожиз. Унинг яна бошқа бир шеъри шундай бошланади:
“Яхши бўлди, Қўлларимни тутиб қолмадинг, Нетайки, мен ҳали ҳам этагингга осилиб, ҳисларингга кўмилиб, ёлғонларга кўниб юрган бўлардим. Яхши ҳам қўйиб юборган экансан қўлларимни”.
Шеърнинг қаҳрамони депрессиядан озод бўляпти. Бировнинг ҳукми тазйиқидан чиқяпти, шахс эркинлигини ҳис қилаяпти, ҳаётга олиб кираяпти. Ёлғонларга тўлган дунё ва унинг ортиқча муносабатларидан, ялтоқланишлардан халос бўляпти:
“Юрак, шунчалар азоб не керак? Тошга айлан десам кўнармидинг? Сув бўлиб оқ десам, оқармидинг? Саратонда жизғанак бўл десам-чи? Атрофга қара. Сендай юрак йўқ ёки менда юрак йўқ!”.
Демак, ҳозирги шеър ижтимоий, шахсий депрессиялар, умидсизликлар, тушкунликларнинг келиб чиқиши ва инсон руҳий дунёсида макон тутиши сабабларини ўйлаяпти, уларни енгиб ўтишда бошқа ҳеч нарсани эмас, яна юракнинг ўзини унга рўпара қиляпти. Не бўлди шеъриятга? Болалик орзулари тугади-ми? Ё янги шароит, янги орзулар йўлга тушадиган пайт етдими? Машҳур ёзувчи Бальзак ҳаётида рўй берган бир воқеани айтсам. Бальзак ўсмир чоғларидаёқ жуда бепоён орзулар, шуҳратларни кўнглига туккан. У ўн саккиз ёшларида бир зарб билан жуда катта “Кромвелл” деган романини ёзган. Аммо романдан кутган орзулари ушалмаган. Ёшлик ғайрати билан ёзилган асар ёш қаламкашга муваффақият келтирмаган. Бальзакнинг жуда оғир депрессияга тушганини энди кўринг: ота-онаси яқинлари олдида жуда уялган, ер ёрилса-ю ерга кириб кетмаган, ота-она сарфлаган қанча пуллар абас бўлди, ёш қаламнавис яқинлари ишонч-умидларини оқлолмади. Бу азоб-изтироблар Бальзакнинг эсидан охирги дамларгача чиқмади. Аммо кўп ўтмай ижод даҳоси депрессияни улоқтириб ташлади. Бор қудратини ишга солиб, дунё адабиётлари, Европа ва Шарқ ҳаётини ўрганди. Яна улуғ илҳом унга қайтди. Буюк адиб ўзига эпопеялар йўлларини очди. Депрессиялар табиий нарса. Улар ҳеч қачон мардона ирода ва ёрқин истеъдод олдида ҳеч қачон дош беролмайди. Ёш шоира Тилланисо Нурёғди адабий ижод илми, сеҳрли дунёси, бир сўз билан айтганда, “кимё”си ичига кириб, анча нарсалардан хабардор бўлди. Тинмай изланяпти. У ҳозир шеърият ва умуман, бадиий адабиётни хос тайёргарлиги бўлган одамларгина яхши тушунади ва ўзига шунга яраша жуда катта манфаатлар олади. Ҳозирги дунё адабиёти шундай хос тайёргарлиги бўлган одамлар учун уларнинг тушуниш даражаси, қабул қилиш даражасини жуда яхши билган, ўрганган ҳолда асарлар яратишяпти. Бизнинг адабиётимиз ҳам, унинг ўқувчилари ҳам мана шу йўлдан боради. Ўқувчининг бадиий адабиёт, санъат, кино, театр ҳақидаги тушунчалари ва билимлари қанча баланд бўлса, бу адабиёт ва санъатнинг тараққиётига жуда кучли таъсир ўтказади. Интенсив интеллектга эга ўқувчиларгина адабиётнинг тинимсиз равнақи ва унинг келажакдаги қиёфаси, ижтимоий, шахсий ҳаётдаги ўрнини белгилайди. Тилланисонинг бу қарашлари ўз ичига ҳозир фаоллашиб бораётган сунъий интеллект таомилга киритадиган ақл бовар қилмас онг-тафаккур ўзгаришларини ҳам ўз ичига қамраб олади. Ижод кимёси сунъий интеллект билан яқин келажакда чамбарчас боғланиб кетади. Ва бу бадиий ижод олдига илгари мисли кўрилмаган вазифа-муаммоларни қўяди. Ҳозирги ёш авлод буни ич-ичидан сезиб турибди. Ҳиссиётларининг маърифати даражасига кўтарилиб, “депрессиялар”ни енгиб ўтмоқчи. Унинг бугунги парвозига ишонса бўлади!