Бош мақсад – даромадли бизнесга асос солиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда юқори маошли ишга жойлашиш,
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида Рақамли технологиялар ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган ”Мирзо Улуғбек ворислари” ўқув курсининг дастлабки ўқув йили ниҳоясига етди. Ушбу ўқув курсини битирган 60 нафар салоҳиятли тингловчига сертификатлар топширилди. Тингловчилар ўз билим ва кўникмаларини ошириш билан бир қаторда, кўплаб янги лойиҳалар яратишга муваффақ бўлишди. Уларнинг ичида жамиятимиз учун мутлақо янгилик бўлган сунъий идрокка асосланган 5 та инновацион лойиҳа яратилиб, ҳозирга пайтда янада такомиллаштирилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, яна 2 та лойиҳа синов жараёнида. Ушбу лойиҳалар асл стартаплар бўлиб, келгусида уларни ривожлантириб, ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ҳамда хорижга экспорт қилиш мумкин. Айрим битирувчиларнинг ҳозирданоқ ўриндошлик асосида ишлашаётгани кўзланган мақсадга эришилганидан далолатдир. Зеро, ушбу ўқув курси тингловчиларга нафақат янги билим бериш, балки соҳа сир-синоатларини мукаммал ўзлаштириш орқали юқори маошли ишга жойлашиш ҳамда даромадли бизнес яратишга мўлжалланган. Қуйида ўқув курсида амал қилинадиган асосий иш тамойиллари ҳақида қисқача маълумот берамиз.
БИТИРУВЧИЛАРГА ФАННИ ЎРГАТИШ ЭМАС,
“ЎРГАНИШНИ ЎРГАТИШ”
ТАМОЙИЛИ БИЛАН ЁНДАШИШ
Ушбу тамойил танланганининг асосий сабаби шундан иборатки, ҳозирги пайтда анъанавий усулда дарс бериш анча эскирган. Чунки анъанавий дарслар одатда маъруза, амалий ўқув машғулоти ва синовлардан иборат. Интернет тармоғида ҳар бир йўналиш бўйича маърузалар етарли даражада кўп. Шунингдек, амалий мисол ва масалалар ҳам ҳаддан зиёд ортиқ. Шу боис уларнинг ичидан энг кераклигини топиш долзарб муаммо. Қолаверса, классик амалий ўқув машқлари талабанинг ҳаётий лойиҳаларни ҳал этишига кафолат бермайди. Ана шу фактларга асосланган ҳолда ўқув курсида дарс беришда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди:
А) Ўқувчиларга бирор муаммони ечиш учун қандай манбаларни излаш;
Б) Манбалардан қандай хулосалар чиқариш;
В) Уларни қандай қўллаш;
Г) Масалани ечишда керакли натижага эришилмаганда нима қилиш кераклигини ўргатдик.

Ушбу тажриба натижада тингловчиларда мутлақо янги йўналишда ҳам ўз билимларини мустақил такомиллаштириш малакаси юзага келди.Битирувчиларнинг ғоя ёки лойиҳа асосида жамоа бўлиб ишлаш малака кўникмасини ҳосил қилишЎқув курси битирувчиларининг ҳар бирида янги ғоя ёки лойиҳанинг борлиги энг катта ютуқлардан бири ҳисобланади. Амалиётда уларнинг энг истиқболлиси ҳамда маълумотлар базаси мавжудларини танлаш, шунингдек, жамоа тузишда ўқитувчилар ёрдамига эҳтиёж сезилди. Лойиҳа асосчилари жамоа тузиш ва бошқариш мураккабликларини амалда ҳис қилишди. Қолаверса, бошқа лойиҳа иштирокчилари ҳам ўз тажрибаларида рақамлаштириш индустрия даражасига кўтарилгани, ёлғиз индивидуал одам сифатли маҳсулот ярата олмаслигига амин бўлишди.Давлат ислоҳотлари жараёнларида битирувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ижодкорлик фазилатларини уйғотиш Ўқув курси тингловчиларига ўз ғояларини давлат қарорлари, Президент фармонлари, умуман, мамлакатимизнинг ривожланиш стратегияси билан уйғунлаштириш ва саралашни ўргатдик. Барча қарор ва фармонларни синчиклаб ўрганиб чиқиш ва уларнинг туб моҳияти ҳақида мулоҳаза юритиш малакасини ҳосил қилишга кўмаклашдик. Бунинг натижасида лойиҳаларнинг давлат фармон ва қарорларига мослиги, шунингдек, мавзусининг долзарблиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги тўлиқ таъминланди.Талабада ўзига ишонч ҳосил қилишга кўмаклашиш Маълумки, ҳар бир талабанинг ўз орзулари бўлади, лекин кўпчилик ўзидаги истеъдодни сезмайди. Буни уларнинг ҳар бири билан яқиндан суҳбат ўтказиш орқали аниқлашга ҳаракат қилдик. Уларга ўз лойиҳаларини қандай амалга ошириш борасида тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бердик. Қийин вазиятга дуч келган ёки қандайдир тушкунликка тушган пайтларида ҳар томонлама кўмаклашдик. Натижада уларда ўз кучларига ишонч орттиришга эришдик.Талабаларни турли касб йўналишларига эътибор қаратишга ундаш Ўқув курсига фақат ахборот технологиялари йўналишдаги талабаларни қабул қилишга чегара қўймадик. Чунки бугунги кунда маълумотлар илми ҳамма учун зарур бўлиб бормоқда. Иккинчидан, ахборот технологиялари йўналишида дастурчилар кўп, лекин уларнинг аксари нимани дастурлашни билмайди. Уларга масаланинг аниқ техник топшириғи ёзиб берилсагина уни дастурлай олади. Бундан ташқари, бошқа касб эгалари, масалан, иқтисодчи, молиячи, тиббиёт ёки бошқа мутахассисларда долзарб мавзу ҳам, бу бўйича билим ва маълумот ҳам бор бўлса-да, лекин улар ахборот технологияларини қандай қўллашни билмайди. Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда ўқув курсига 22 та касб йўналишида таҳсил олаётган талабалар қабул қилинди. Бу уларнинг ўқув машғулотлари жараёнида бир-бири билан мулоқот қилиш орқали умумий “тил” топишишига имкон яратди. Улар келгусида ҳам бундай ижодий ҳамкорликни давом эттиришига шубҳа йўқ. Лойиҳалар ҳақида қисқача маълумот: Лойиҳаларнинг математик энг мураккабларидан бири – бу “Navnihol”дир. Чунки унда ўзбек тилида йўқ бўлган янги сўзлар генерациясининг сунъий идрок модели ишлаб чиқилган. Таъкидлаш керакки, бунда “Таҳрирчи” лойиҳаси томонидан яратилган очиқ тил корпусидан фойдаланилган. Масалан, “рус” сўзи ўзбек тилига мосланганда “ўрис”, инглизчада “рашен” дейилади. Ўз навбатида руслар “ўзбек” сўзини “узбек” деб талаффуз қилади ва ёзади. Янги модель келажакда бренд бўладиган ўзбекона жарангдор ибораларни яратади. “UzSayyoh” (ҳозирда “uzTravel”) лойиҳаси. Бунда талабалар юртимиздаги ҳар бир тарихий обидага бориб, улар ҳақида турли видеолавҳалар тайёрлайди. Сўнгра ушбу маълумотларни саралайди. Трансфер моделда маҳсулотларнинг сифат даражаси дастлаб 52 фоизга тенг бўлган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 86 фоизга ошган.

Агар юртимиздаги барча обидалар ушбу лойиҳа билан қамраб олинса, у келгусида туризмни ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятимизни оширишга ҳисса қўшиши шубҳасиз. “Pharmachek” лойиҳаси ўзининг асллиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. Бу лойиҳа ҳар қандай дори воситасини баҳолай олади. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳанинг дастлабки нусхаси яқинда бўлиб ўтган танловда 1-ўринни эгаллади. “UzTib” (“Аvesina”) лойиҳаси безарар соғлиқни тиклашга кўмаклашади. Масалан, осон, безарар ва арзон гиёҳлар билан даволаниш маданиятини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшади. “Ishora” (“Ai)” лойиҳаси ҳам амалиётда муҳим аҳамиятга эга. Чунки имконияти чекланган инсонларнинг жамият билан тўлиқ интеграция бўлиши кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Ўқув курси тингловчилари замонавий ноутбук, бепул тушлик, моддий рағбат ҳамда замонавий жиҳозланган дарсхоналар билан таъминланганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу ташкилотчиларнинг фаол ташаббус ва саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошди. Бироқ талабаларимизнинг инновацион ёндашиши ва илмга бўлган иштиёқларини инобатга олган ҳолда келгусида ўқув курси фаолиятини янада такомиллаштириш зарур. Шу боис қуйидаги таклифларни илгари сурдик: Ўқув курси дастури “Бошланғич даражадаги “датасантеслар”, яъни “маълумотлар мутахассиси”га мўлжалланган бўлиб, бунда тингловчилар бошланғич тушунчалар ва классик масалалар билан танишади. Аммо изланувчан талабалар профессионал даражадаги лойиҳани амалга оширишни хоҳлашади. Бундай лойиҳаларга ўқув курси материаллари имконияти етарли эмас. Чунки профессионал лойиҳаларда чуқурлаштирилган нейрон тармоқ, трансфер(пайванд) нейротармоқ, NLP (табиий тиллар билан ишлаш) усуллари ишлатилади. Шу боис жорий ўқув йилида талабалар мустақил курс доирасидан чиқиб, бу илмларни ўрганишди, ҳатто охирги илмий мақолалар билан ҳам ишлашларига тўғри келди. Бу эса, ўз навбатида, келгусида ўқув курси дастурларига айрим ўзгартиришлар киритишни тақозо этади. Маълумки, бу курсда асосан маълумотлар билан ишланади. Талабалар бирор лойиҳа устида илмий изланишларни амалга оширмоқчи бўлишганда энг аввало бу лойиҳа учун маълумотлар очиқ интернетда бор ёки йўқлиги эътиборга олинади. Чунки ҳар доим ҳам маълумот топиб бўлмайди. Масалан, ўқув курсининг энг аълочи битирувчиларидан бири Умид Сатторов папилломанинг ракка айланиш эҳтимолини башорат қилувчи лойиҳа устида ишлади. У илмий изланиш жараёнида соҳага тегишли бўлган маълумотларни ололмади. Бундай ҳолат иқтисод, тиббиёт, ички ишлар, солиқ соҳаларига доир лойиҳаларда ҳам кузатилди. Бу келгусида талабаларга давлат муассасаларидан маълумот олишга кўмаклашиш учун расмий чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.Бундан ташқари, ҳозирги пайтда маълумотлар билан ишлашда юқори техник параметр талаб қилинади. Талабалар ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишда сифатли ва кучли серверга муҳтож бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда талабалар келгусида шундай сервер билан бепул таъминланиши зарур. Билдирилган таклифлар ўқув курси фаолиятини такомиллаштириш баробарида тингловчиларга ўз истеъдодларини янада ёрқинроқ намойиш этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, бу орқали малакали мутахассислар етиштириш ҳамда уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш имконияти яратилади. Зеро, ўқув курсига танлаб олинаётган тингловчиларнинг билим даражаси истиқболли режаларни янада кенгайтиришни тақозо этади.
ЎҚУВ КУРСИ БИТИРУВЧИЛАРИНИНГ ҲАР БИРИДА ЯНГИ ҒОЯ ЁКИ ЛОЙИҲАНИНГ БОРЛИГИ ЭНГ КАТТА ЮТУҚЛАРДАН БИРИ ҲИСОБЛАНАДИ. АМАЛИЁТДА УЛАРНИНГ ЭНГ ИСТИҚБОЛЛИСИ ҲАМДА МАЪЛУМОТЛАР БАЗАСИ МАВЖУДЛАРИНИ ТАНЛАШ, ШУНИНГДЕК, ЖАМОА ТУЗИШДА ЎҚИТУВЧИЛАР ЁРДАМИГА ЭҲТИЁЖ СЕЗИЛДИ. ЛОЙИҲА АСОСЧИЛАРИ ЖАМОА ТУЗИШ ВА БОШҚАРИШ МУРАККАБЛИКЛАРИНИ АМАЛДА ҲИС ҚИЛИШДИ. ҚОЛАВЕРСА, БОШҚА ЛОЙИҲА ИШТИРОКЧИЛАРИ ҲАМ ЎЗ ТАЖРИБАЛАРИДА РАҚАМЛАШТИРИШ ИНДУСТРИЯ ДАРАЖАСИГА
КЎТАРИЛГАНИ, ЁЛҒИЗ ИНДИВИДУАЛ ОДАМ СИФАТЛИ МАҲСУЛОТ ЯРАТА ОЛМАСЛИГИГА АМИН БЎЛИШДИ.