Табиатда қимирлаган жон борки, унинг ризқ-рўзи йўли мавжуд. Уни босиб ўтиш истаги дуч келадиган тўсиқлардан чўчимасликдан сабоқ беради. Асалари зарра бол учун ер шарини айланиб юрган бўлса, қушлар бир дон таъмасида дарахтдан-дарахтга чурқиллаб учиб ўтишади, сувда сузувчи жониворлар уммонлар тубига шўнғишади, ҳайвоноту наботот бир-бирининг изидан тириклик қўшиғини куйлайди.
Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ҳар бир яралган Яратганнинг ҳифзу ҳимоясида. Коинот гултожи Инсон ҳам бундан мустасно эмас. Эсингиздами, борлиғу оламнинг энг суюкли хилқати учун яратилган неъматлар талон-тарож бўлмаслиги учун хазина-ю дафиналар қопқаларининг сирли тилсимлар билан тилсимлаб қўйилгани? Ёдингиздами, кўкка шаъшша отган бепоён уммон қошидан ҳар ким ўз идишига яраша сув ола билгани? Бунда улуғвор ҳикмат мавжуд.
Тилсимланган хазина-ю дафиналар азал-абад юксак тафаккур соҳибларигагина қопқаларини очади. Бир замонлар ибтидоий одам қўлидаги чўқмор тош илғор меҳнат қуроли сифатида ризқ йўлини очганини инкор этиб бўлмайди. Кетмону паншаха эса унинг қўлини анча узайтиргани ҳам чин ҳақиқат. Трактор, машина, техника-технологиялар. Инсон тафаккури маҳсули бўлган кашфиётлар замонлар ўтгани сайин унинг оғирини енгил қилиб, ахийри қўл етмас жойларга ақл-заковат билан етиб бора олди. Мана, энди ўша чўқмор тошни кашф этган меҳнаткаш зот одимни катта олиб, юксак коинот пучмоқларигача етиб борди. Буларнинг барча-барчаси замонлар силсиласида тилсимланган тилсимларнинг бирин-кетин очилиши, варақма-варақ варақланишидир.
Эндиликда-чи?
Яна қандай тилсимларни инсон ечишга бел боғлар экан? Унинг қаршисида ўз тириклигини таъминлаш учун қандай вазифалар турибди? Бу саволларга дадил жавоб бера оладиган мўъжизанинг номи рақамли технология деб аталади. Бугунги кунда у юртимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларига кириб бориб, тафаккур кучи билан ер юзини қамраб олмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ”, деган сўзлари хазина-ю дафиналар тилсимларининг калитларини қандай топиш лозимлигига ишора қилаётгандек туюлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада жиддий ишлар амалга оширила бошланди. Давлатимиз раҳбарининг Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки замонавий мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйгани, етук мутахассислар тайёрланиши учун соҳада замонавий шароитлар яратилаётгани ҳам шулар жумласига киради. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу – рақамли технологиялар давридир. Ақл-тафаккур, интеллектуал салоҳият, дунёнинг илғор қисми билан интеграциялашувга киришув, ўзлигини англаш, буюк аждодларидан томирларида оқиб келаётган генетик салоҳиятни Учинчи Ренессанс тўлқинлари аро рўёбга чиқариш эзгу нияти бу давр талаблари билан чамбарчас боғланиб кетади. Шу тариқа давр қалби депсинишларини ҳис этиш, айниқса, ёшлар зиммасига тушаётгани келажакка умидворликни оширади. Ҳаёт учун кураш майдонларида инсоний бахт-саодат топиш умиди куртакларини яшнатиб, япроқ ёздиради.
Сўнгги йилларда ер юзида, жумладан, республикмизда ҳам аҳоли сони кескин даражада ўсиб бориши табиат ресурсларидан оқилоналик билан фойдаланиши билан бир қаторда меҳнат бозорида интеллектуал салоҳият, ақл-тафаккур маҳсулотларини тобора ошириб боришни тақозо этмоқда. Бу ўринда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўзида мужжассам этган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг аҳамияти беқиёс. Шу тариқа халқ фаровонлиги йўлидаги иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги оша бориб, юрт ободлиги таъминланади. Бу эзгу юмушни амалга оширишда рақамли технологиялар секин-аста ўз зиммасига катта юкни олаётганини пайқамаслик ва эътироф этмаслик замондан ортда қолишдан ўзга нарса эмас. Дунёнинг илғор мамлакатлари билан ҳамқадамлик ва ҳамнафасликка интилиб келаётган юртимизда кейинги йилларда тобора ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар фонида илмий-техникавий тараққиёт жадаллашаётганини кузатиш мумкин.

Рақамли технологияларни ривожлантириш учун юртимизда кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қулай имкониятлар яратиб берилганини баралла айтиш керак. Илгари елкасидан кетмону қўлидан паншаха тушмай, пахта монокультураси ҳукми остида истеъдоду қобилиятини қора жисмоний меҳнат залвори босган халқимизнинг генетек салоҳияти энг илғор соҳаларни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар туфайли тикланаётганини кузатиш мароқли. Ақл-тафаккур, салоҳият, билим халқ қаддини тикламоқда. Энди кетмонга ҳорғин суянганча олис уфқларга боқиб хаёл суриш замони ўтиб кетди. Дунё иқтисодий тараққиётининг энг юқори босқичи бўлган рақамлаштиришда у ўзини намоён этмоқда. Бу илҳомлантирувчи имконият турли фанлар асосини яратган буюк аждодларимиз руҳини шод этган ҳолда, уларнинг издошларини тарбиялашга халқимизни илҳомлантиради. Томирларда қон билан бирга оққан генетик салоҳиятни замонавий имкониятлар юзага чиқариб, келажак фанларини яратади. Ота-боболари маҳсулот яратиш мақсадида оддий меҳнат қуролларидан фойдаланишган бўлса, эндиликда ўзбек ёшлари, навқирон ақл соҳиблари бу йўлда автоматлаштирилган тизимлардан янада юқори, рақамлаштириш босқичига ўтиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир. Шу маънода, елкасидан ҳамон кетмони тушмаган оддий деҳқон компьютер қаршисида ўтирган неварасига ўзга сайёрадан келган меҳмондек назар ташлаб, унинг гапларини тушуниш учун таржимон қидириб қолаётгандек кўринади.
Дунё олимлари эътироф этганидек, ахборот технологияларининг иқтисодиётнинг барча жабҳаларида чуқур кириб бориши замонавий иқтисодиётни аввалгилардан кескин фарқ қиладиган ҳолатга олиб чиқиши ва иқтисодиёт фанида янги даврни бошлаб бериши Ўзбекистоннинг янги давридаги илм-фан тараққиётида ўзини намоён этмоқда. Рақамларга мурожаат қилинадиган бўлса, ўтган йил якунига кўра 32,2 триллион сўмлик ахборот-коммуникация технологиялари хизматлари кўрсатилиб, йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 124,6 фоизни ташкил этди. Бу соҳанинг имкониятларидан хабардор бўлиш учун замонавий илмларни билиш, дунё бўйлаб оқаётган бойликларнинг асосан қайси соҳаларга тегишли эканини идрок этиш зарур бўлади. Шундагина рақамлаштириш оламининг мураккаб туюлган тўсиқларидан ошиб ўтишнинг лаззатини ҳис этиш мумкин. Ўтган йили юртимизда IT-парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,8 триллион сўмга, ўсиш суръати эса 2,3 баробарга ошгани ҳам фикримиз далилидир. 539,5 миллион АҚШ долларига тенг ахборот-коммуникация технологиялари хизматлари экспорти ўсиш суръати 1,55 баробарга юксалган ҳолда амалга оширилди. 2023 йилнинг январь-декабрь ойларида IT-парк резидентлари томонидан 344,6 миллион АҚШ долларлик хизматлар (IT, BPO) экспорт қилинди. Бунда ўсиш суръати 2,4 баробарни ташкил этди.
Мамлакатимизда рақамли технологияларнинг телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ютуқлари оз эмас. Халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 12,5 фоизга оширилиб, 3 600 Гбит/секундга етказилди. Қўшимча 61 минг километр оптик-толали алоқа йўналишларини қуриш орқали уларнинг умумий узунлиги 231 минг километрга етказилди.715 мингта кенг полосали Интернет портлар ўрнатилиб, жами 5,3 миллионта уй хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг кенг полосали Интернетга уланиш имконияти яратилди. Шунингдек, 6,4 мингта қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 60,6 мингтага, аҳоли масканларида мобил алоқа ва мобил интернет қамрови даражаси 99 фоизга етказилди. Томчида қуёш акс этганидек, бу рақамлар йилдан-йилга ўсиб бориб, рақамли технологияларнинг ошиб бораётган иқтисодий кўрсаткичлари билан бир қаторда халқимизга замонавий хизмат кўрсатиш имкониятларининг тобора қамров касб этаётганини ҳам намоён этади. Доно халқимиз, “қирқ йилда эл янгиланади”, дейди. Ҳақиқатан ҳам, гарчи ота болани тушунмай ундан хафа бўлгандек кўринса-да, бобо набирасининг қўлидан қўйворгиси келмаса-да, ҳаёт ўз айтганини қилади. Донишманд аждодларимиз таъкидлаганидек, қирқ йилда у янги гап айтиши лозим бўлади. Рақамли технологиялар туфайли амалга оширалаётган ишларнинг кенг кўламини бирин-кетин сиртдан шунчаки санагандек санаб, “э, ҳа, шунақамикан?” деб қўйишдан нарига ўтолмаслик ғирт ғофилликдир. Нега деганда, узоққа бормай, ақалли чорак аср бурун бу ишларни ҳатто тасаввур этиш мумкинмиди? Қолаверса, рақамли технологиялар ўз имкониятларини тақдим этаётган жабҳалар шунинг ўзи билан кифояланиб қолгани йўқ. Умуман олганда, унга “кифоя” тушунчаси ёт деса тўғрироқ бўлади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида электрон ҳукуматни ривожлантириш йўналишида Ягона интерфаол давлат хизматлари портали ва унинг мобил иловасининг янги талқини ишга туширилган эди. Йил якунига келиб, бундай хизматлар кўрсатиш бир ярим баробарга ошиб, 573 тага, унинг мобил иловасида ўсиши 166 фоизни ташкил этиб, 267 тага етказилди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган мамлакатимиз ижтимоий- сиёсий, маданий-маърифий, иқтисодий ҳаётида рақамли иқтисодиётни фаол ривожоантириш, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT-паркларни ташкил этиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни кўзда тутувчи юзлаб устувор лойиҳаларни амалга ошириш вазифаларининг ҳаётга изчил тадбиқ этиб борилаётганининг яққол далилидир.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Топ-3 та электрон хизмат:
1. Доимий яшаш жойи 2,2 миллиондан ортиқ
2. Солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида 1,4 миллиондан ортиқ
3. Ҳисобланган иш ҳақи тўғрисида маълумот олиш 1,5 миллиондан ортиқ.
Яна рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ягона портал хизматлари “Payme”, “Zoomrad”, “Uzum”, Халқ банки, Ўзсаноатқурилишбанк мобил иловалари каби яна 13 та иловалар жорий қилиниб, фойдаланувчилар сони икки ярим баробар, яъни 8 миллион нафарга етди. “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идоралар ўртасидаги маълумотлар алмашинуви 2 миллиардга (ўсиш 130 фоиз) сервислар сони 165 тага (ўсиш 138 фоиз) етказилди. Давлат хизматлари кўрсатилганлик учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизимига 70 га яқин ташкилотларнинг 500 та хизмати уланиб, тўлов ҳужжатларини шакллантириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш имконияти яратилди.
Ягона идоралараро ижро интизоми “ijro.gov. uz” тизимининг фойдаланувчилари икки баробардан кўпроқ ошиб, 100 минг нафардан ошди. Тошкент вилоятида Электрон ҳукуматнинг маълумотларни қайта ишлаш маркази (300 та стойка) фаолияти йўлга қўйилди ҳамда 18 та ташкилотнинг 40 га яқин ахборот тизими жойлаштирилди. Ҳукумат портали www.gov.uz янги версияси 2023 йил январь ойида ишга туширилиб, унинг негизида 10 дан ортиқ давлат органининг расмий веб-сайти жойлаштирилди.
Рақамли индустрия ҳажмини кенгайтириш йўналишида эса IT-парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар сони ҳисобот даврида 1626 тага етказилди. Шундан 411 таси IT-парк резиденти бўлган хорижий IT компаниялар, яъни хорижий капитал иштирокидаги корхонлар ҳисобланади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Экспортёр резидентлар сони 165 тадан 550 тага, хорижий капитал иштирокидаги резидентлар сони 156 тадан 410 тага ошган.
IT-парк резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар сони 24,3 минг нафарга етказилди, жумладан, жорий йилнинг ўзида 6,3 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди. IT-Парк резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари кенгайтирилиб, АйТида инглиз тилини ўқитиш йўлга қўйилди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Жорий йилда IT-паркнинг резиденти бўлган хусусий ўқув марказлари сони 52 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 305 тага етди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” (President Tech Award) танлови ўтказилиб, ғолиблари тақдирланди. “Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда ўзини намоён этмоқда, — давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари соҳа ходимлари қатори танлов иштирокчиларининг ҳам дастуриламалига айланди. — Ўз вақтида ахборот технологияларига эътибор қаратганимиз яхши натижалар бермоқда. Битта дастурий маҳсулот давлатимизга қанча наф келтиради, коррупция, бюрократияни бартараф этади, одамларга қулайлик яратади. Ҳар доим ёдда тутингларки, сизларнинг ишингиз жудаям муҳим”.
Ҳа, ўз ишининг халқ манфаати учун муҳимлигини англаган ҳолда интилганларга омад ҳамиша ёр бўлади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Ушбу танлов доирасида республика бўйлаб 4000 дан ортиқ аризалар келиб тушди. 650 дан ортиқ иштирокчилар рўйхатдан ўтди. 16 та жамоанинг лойиҳалари танлаб олиниб, тақдирланди.
Юридик шахсларга хорижий ижтимоий тармоқларда реклама бериш харажатлари бўйича тўловларни чет эл валютасидаги корпоратив банк карталари орқали календарь ойида 5 000 АҚШ долларидан ошмаган миқдорда амалга оширишга рухсат берилди. Рақамли таълимни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳам ибратлидир. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ҳиндистон Республикаси билан ҳамкорликда IT-йўналишига ихтисослаштирилган Ачаря университети фаолияти йўлга қўйилди. Хоразм вилоятида эса 7-11- синф ўқувчиларини Ай-Ти соҳасида касбга тайёрлаш мақсадида “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси доирасида 13 та рақамли технологиялар ўқув марказлари ва 31 та умумтаълим мактабларида махсус ўқув гуруҳлари ташкил этилиб, ҳозирги кунда 1 000 нафар ёшлар халқаро IT меҳнат бозорига тайёрланмоқда. Собиқ Тошкент молия институти ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари учун универсал банк картасини яратиш учун “Талаба картаси” пилот лойиҳаси ишга туширилиб, 50 мингга яқин талабага ”Талаба картаси” тарқатилди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида рақамлаштиришда фаол иштирок этадиган иқтидорли ёшларни тайёрлаш мақсадида 60 нафар ёшлар сараланиб, “Мирзо Улуғбек ворислари” тайёрлов ўқув курслари йўлга қўйилди. Бу ёшлар хазина-ю дафиналарни саҳролару тоғлар бағридан, дарёлар остидан эмас, ўтирган жойидан дунёга олиб чиқадиган рақамли индустуриянинг юксак ақл-идрокка, тафаккурга йўғрилган номаълум манзилларидан излаб топишади. Шу тариқа ўзлари фойда олиб, жамиятга манфаат келтиришади. Бу жараёнда ғирромликка ўрин йўқ. Ҳаммаси очиқ майдонларда ҳалол ўйналади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, аҳоли, ёшлар ва давлат хизматчиларининг рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технология ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўринлари яратилиб, уларда 208 минг нафар тингловчилар самарали тарзда таҳсил олмоқда. 2023 йилда 47 минг нафардан ортиқ тингловчи курсларни муваффақиятли тамомлаганлардан 13 минг нафардан зиёди давлат хизматчиларидир. Шу тариқа халқаро IT-сертификатларни олиш учун 50 фоизгача харажатларни қоплаш тизими жорий этилиб, 1,4 мингга яқин ёшларга жами 2 миллиард сўм миқдордаги харажатлар қоплаб берилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий кейинги босқичини амалга ошириш мақсадида ёшлар учун uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида таълим олиш имконияти яратилди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
215 минг нафарга яқин ёшлар бу курсларда ўқиб, битирувчи сертификатларни қўлга кири
тишган. Бундан ташқари, 1200 нафардан ортиқ ёшлар платформанинг профессионал курсларида таълим олишди.
Эндиликда қора меҳнат-мардикорчиликни эътиборга олмаганда, пул топиш учун четга чиқишнинг ҳожати йўқлигини рақамли технологиялар исботлаб берди. Соҳа айни дамда ўн мингдан ортиқ инглиз ва бошқа тилларни пухта биладиган салоҳиятли ёшларга муҳтож. “Биз маҳаллаларга чиқиб қидириб ҳам кўрамиз, – дейишади соҳа ходимлари. – Афсуски, фейсбук, телеграмм, ютуб сингари ижтимоий тармоқлар қаърига шўнғиган эрмакталаблар орасидан бизнинг талабга жавоб берадиган ёшларни топа олмаганимиздан афсусланиб қолган ҳолларимиз ҳам бўлади”.
Бу жиддий гап. Энди яратилган имкониятларга мослаша олмасликнинг иддаосини ҳеч ким кўтармайди. Энди беҳуда тадбирлару олди-қочди давраларга вақт сарфлаш рақамли технологиялар бошлаб берган янги даврда кўпикчалик аҳамиятга эга бўлмай қолади. Ақл, тафаккур, англамоқ ва тушунмоқдир унинг шиори. “Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ, – дейди Президент ШавкатМризиёев. – Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак”.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг АКТни ривожлантириш учун масъул ходимларининг рейтинг баҳолаш тизими асосида уч йилда бир маротаба мажбурий малака ошириш тартиби жорий этилгани соҳада талабчанликнинг юқори даражада йўлга қўйилганидан далолат беради. Юртимизда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳудудлар ва тармоқларни рақамлаштириш назарда тутилган. Юқорида келтирилган рақамлар таҳлили эса соҳага давлат эътиборининг бежиз эмаслигини кўрсатади. Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш орқали истиқболли вазифалар белгилаб олинади. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Рақамли ривожланиш, рақамли инфратузилма, электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли технологиялар сингари тушунчалар энди кундалик ҳаётнинг турли қатламларига тобора чуқурроқ кириб бораверади. Бу жараёнда ҳаёт уммонида сузиб бораётган умр кемасининг қандай юксак манзилларни кўзлагани аёнлашади. Акс ҳолда… дуч келган оролда кемадан тушиб қолиш кимга ҳам ёқарди?
Аҳоли, ёшлар ва давлат хизматчиларининг рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўрни яратилиб, уларда жами 208 минг нафар тингловчилар самарали тарзда таҳсил олмоқда. 2023 йилда 47 минг нафардан ортиқ тингловчи курсларни муваффақиятли тамомлаганлардан 13 минг нафардан зиёди давлат хизматчиларидир. Шу тариқа халқаро IT-сертификатларни олиш учун 50 фоизгача харажатларни қоплаш тизими жорий этилиб, 1,4 мингга яқин ёшларга жами 2 миллиард сўм миқдордаги харажатлар қоплаб берилди.