Cел оқимлари жуда катта зарар етказадиган табиий офат ҳисобланади. У дунё бўйича ҳар йили минглаб кишиларни бошпанасиз қолдириб, айрим ҳолларда одамларнинг умрига зомин бўлмоқда. Бу ҳодиса мамлакатимиз ҳудудини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Сел қачон, қай вақтда қандай куч билан келишини олдиндан айтиш анча мушкул. Одатда сел шиддат билан келиб, йўлида учраган барча тўсиқларни емириб, ўпиради. Селлар оқимининг тезлиги 20-30 метр секунд(10-100 км/с)гача кучаяди. Унинг кучи юз минг, баъзида миллион куб метрни ташкил этади. Селнинг келиб чиқиш сабаблари кучли ёмғир, қор ва музликларнинг эриши, сув ҳавзаларининг очилиб кетиши ҳамда камдан-кам ҳолларда зилзила натижасида содир бўлади. Аҳоли ана шундай табиий офатлар ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилиши зарур ва шарт. “Эрта огоҳлантириш” илмий лойиҳамнинг мазмуни ҳам сел оқимларидан аҳолини ўз вақтида огоҳлантиришдан иборат. Минтақамизда селлар, асосан, кучли ёмғир ёғиши оқибатида юзага келади. Яратган қурилмам ёғаётган ёмғир миқдорини аниқ ўлчаб, селни юзага келтирадиган миқдорга етганда сел йўлида жойлашган аҳолига автоматик тарзда огоҳлантирув сигналини юборади. Тажриба-синовлар натижасида қурилма 96,7 фоиз аниқликда ишлаши аниқланди. Бундан ташқари, сел ҳақидаги маълумотлар ушбу ҳудудга киришдан аввал йўл бўйидаги таблоларда ҳайдовчиларга маълум бўлади ва уларга ушбу ҳудудга кирмай туриши тавсия қилинади. Сел оқимлари жуда тез – 15-20 минут атрофида юзага келади ва халқ хўжалигига жиддий зарар етказади. Ачинарлиси шундаки, бу табиий офат айрим ҳолларда инсон ўлими билан якун топади. Шу сабабли ҳам бундан вақтида огоҳ бўлиш, сергакликни ошириб, эҳтиёт чораларини кўриш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Отам муҳандис бўлгани сабабли ёшлигимдан техника соҳасига жуда қизиққанман. 2019 йил Жиззах политехника институтига давлат бюджети асосида ўқишга кирдим. Бакалавр босқичида автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича илмий изланишлар олиб бориб, 30 дан ортиқ илмий мақола чоп эттирдим. 2022 йили Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси ва бир нечта республика танловлари ғолиби ҳамда совриндори бўлдим. 2023 йили Тошкент давлат Транспорт университетининг магистратура босқичига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиндим. Магистратура босқичида янгиликлар яратишга бўлган қизиқишим тобора кучайиб борди. Магистрлик диссертациям сел оқимларини автомобиль йўли ўтган кўприкларга таъсирини ўрганишга боғлиқ бўлгани сабабли, сел оқимлари, уларнинг хусусиятлари, унинг халқ хўжалигига етказаётган зарарлари, унга қарши қўлланилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилдим. Натижада долзарб лойиҳани ишлаб чиқдим.