ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

ЎЗБЕК ТИЛШУНОСЛИГИДА МЕТОДОЛОГИЯ МУАММОСИ

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ

Аннотация. Узоқ йиллар давомида ўзбек лингвистларининг методологик масалаларга мурожаати, асосан, ишнинг кириш қисмида марксизм-ленинизм таълимотидан олинган айрим иқтибослар билан чекланар эди. Уларда илгари сурилган ғоялар аслида тадқиқотнинг мазмуни билан боғланмас эди. Тадқиқот усули эса борлиқни диалектик талқин қилиш деб тан олинарди. Аммо тадқиқотнинг ўзи эмпирик тавсифдан нарига ўтмас, тадқиқот ва унинг тайинланган методологияси орасида узилиш вужудга келар эди. Истиқлол натижаси ўлароқ ўзбек тилшунослигида методологик янгиланиш содир бўлди. Тасаввуф диалектикаси фалсафий методология вазифасини бажара бошлади.

Абстракт. На протяжении многих лет обращение узбекских лингвистов к методологическим вопросам ограничивалось главным образом некоторыми цитатами из учений марксизма-ленинизма во введении к работе. Изложенные в них идеи фактически не имели отношения к содержанию исследования. Метод исследования был признан диалектической интерпретацией существования. Но само исследование не вышло за рамки эмпирического описания, и между исследованием и назначенной ему методологией возник разрыв. В результате независимости в узбекском языкознании произошло методическое обновление. Диалектика суфизма стала функционировать как философская методология.


Abstract. For many years, the appeal of Uzbek linguists to methodological issues was limited mainly to some quotations from the teachings of Marxism Leninism in the introduction to the work. The ideas expressed in them were actually not related to the content of the study. The research method was recognized as a dialectical interpretation of existence. But the study itself did not move beyond the empirical description, and a gap emerged between the study and its assigned methodology. As a result of independence, Uzbek linguistics underwent a methodological renewal. The dialectics of Sufism began to function as a philosophical methodology.

Калит сўзлар: лингвистика, методология, марксизм-ленинизм таълимоти, тадқиқот усули, диалектик талқин, эмпирик тавсиф, методологик янгиланиш, тасаввуф диалектикаси, фалсафий методология. Ключевые слова: языкознание, методология, учение марксизма-ленинизма, метод исследования, диалектическая интерпретация, эмпирическое описание, методологическое обновление, диалектика суфизма, философская методология.

Key words: linguistics, methodology, teachings of marxism-leninism, research method, dialectical interpretation, empirical description, methodological renewal, dialectics of Sufism, philosophical methodology.


Тадқиқот учун методология, илмий-тадқиқот ғояси дастуруламал, йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди [17; 3; 26; 8; 31; 7; 27]. Агар тадқиқотчи зарур методологик асосларни уқиб олмаса ва тадқиқ манбаига онглилик билан татбиқ этмаса, ҳеч қачон манбанинг онтологик хоссаларини холис баҳолай олмайди. Унинг учун зарур методологик омиллар ўрнини эса бўлмағур эклектик қарашлар эгаллайди. Тадқиқотчилар фанлар, айниқса, табииётшунослик тарихида фалсафадан қутулиш йўлларини ахтарганликларини таъкидлашади. Бироқ улар фалсафани қанчалик ҳақорат қилишмасин, ўзлари шунчалик бўлмағур, қолоқ, вульгар фалсафий қарашларнинг қулига айланиб қолганликларини қайд қилишган [26, 3]. Шарқ донишмандлари беқиёс ролига алоҳида аҳамият беришган. Шарқ маърифий адабиётида методологиясиз ёки уни онгсиз қабул қилган тадқиқотчи кўр ёки қоронғуликдаги кишига қиёсланган. Шарқ тасаввуфшунослари, хусусан, Алишер Навоий қарашларида билишнинг умумметодологик принциплари тажалли (акциденция)лар орқали зот (Ҳақ)ни англаш жараёнига қиёсан баён қилинади. Буюк мутафаккир Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонидаги “Маърифат водийсининг васфи” фаслида билиш, билишнинг мураккаблиги, билиш манбаини тадқиқ этиш усулининг турли-туманлиги ва уларнинг кўпинча бир-бирига зид келишини баён этади. Зеро, билиш манбаи серқирра ва билиш усуллари ҳам ранг-баранг. Шунингдек, ҳодисани турли томондан ҳар хил тадқиқ усули билан ўрганиш мумкин ва зарурлиги ҳам ҳақиқат. Бир усул орқали қўлга киритилган натижа иккинчи усул натижаларига зид келганда, тадқиқотчи ўз натижасини устун қўйиши ҳали унинг методологик камолот даражасига етмаганидан далолат беради. “Лисон ут-тайр” достонидаги “Кўрлар ва фил ҳикояти”да билиш жараёнининг икки – фаҳмий (эмпирик) ва идрокий (назарий) босқичи ва уларнинг ўзаро муносабати маҳорат билан тасвирланган. Маълумки, кўрлар фақат пайпаслаш, яъни ҳиссий билиш имконияти билан чекланган. Шоир ташқи аломатлар асосида ҳосил қилинган билимларни фаҳмий (эмпирик) билим ва унинг соҳибларини “кўрлар” деб атайди. Зеро, нарсанинг ташқи аломатлари билан шуғулланган тадқиқотчилар ҳеч қачон моҳиятга “шўнғий олмайди” – уни кўра олмайди. Кўрлар филнинг барча аъзоларини яхлит идрок қилишга қодир эмас. Демак, бу ўринда “кўрлик” – умумлаштириш қобилиятига эга эмаслик. Бошқача айтганда, “кўр” сўзи “мукаммал билиш, моҳиятни англаш методологиясидан йироқ” маъносида қўлланади. Моҳиятни англаш эса “ориф”га – методология билан қуролланган тадқиқотчига хос. Шоир орифни кўрларга қарама-қарши қўяди. Ориф – “комили бийно”, яъни моҳиятни кўра оладиган етук инсон. Шу боис фил ҳиссий билимлар билан чекланган кўрларга нисбатан “комили бийноға чун эрди яқин” (Алишер Навоий). Кўрлар филнинг олдида туришса-да, ҳиссий билимларнинг қулига айланиб қолганликлари сабабли, уни турлича тасаввур этади. Умуман олганда, Алишер Навоийнинг билиш ҳақидаги фикрларидан қуйидаги умумий методологик характердаги хулосаларга келиш мумкин: билиш ўта мураккаб ва машаққатли жараён; билиш манбаи ўта серқирра ва ранг-баранг, тадқиқотчи улардан айрим томонларнигина тўла ўрганишга эришади; манбани турли томондан ва турли усулда ўрганиш мумкин; билишда тадқиқотчи дунёқараши катта аҳамиятга эга [22]. Кўринадики, Шарқ ва Ғарб фалсафасида илмий билиш методологиясига муносабат бирдай ва том маънодаги илмий билиш ва методология диалектик алоқадорликда, бири иккинчисини тақозо этиш ҳолатида. Хўш, ушбу методологияга муносабат нуқтаи назаридан ўзбек тилшунослиги қандай баҳоланмоғи лозим?


Ўтган асрнинг 40-60 йилларида шаклланган ўзбек грамматик таълимотининг асосчилари ҳам методологиядан холи эмас эдилар. Бироқ улар учун методология вазифасини миллий тилларнинг рус тилига яқинлигини “илмий” асослашга қаратилган таълимот ўтар эди. Бу методологик тамойилларга И.Сталиннинг “Марксизм и вопросы языкознания” асарида асос солинган эди. Натижада 60-70-йилларда собиқ шўро тузуми ҳудудидаги юздан ортиқ миллат ва элатнинг ягона халқ – совет халқига айланаётганлиги ҳақида тарихий уйдирмалар вужудга келди. Барча ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларининг мақсади ҳам мана шу сохта “ҳақиқат”ни асослашга қаратилган эди. Бу эса миллий тиллар қурилиши тадқиқида ҳам ўз аксини намоён қила бошлади. Ҳатто “грамматика интернационалдир” қабилидаги уйдирма тезислар вужудга келди [30, 28-50]. Шунинг учун ҳукмрон коммунистик мафкура миллий илмий кадрларнинг ўз тадқиқотлари методологик асослари билан чуқур шуғулланишларини хоҳламас, уларнинг тайёр қилиб берилган методологик асосларнинг кўр-кўрона татбиқи билангина чекланиб қолишлари тарафдори эди. Шу тарзда ўзбек тилшунослигида рус тили қурилиши андозалилиги ўрнашди ва бугунги кунгача фанда бу чайир иллат мустаҳкам ўрнашди. Шунинг учун миллатнинг барқарор сифатларини тадқиқ қилувчи тилшунослик, адабиётшунослик, психология, тарих каби фанларнинг ҳақиқий ривожи олимлар томонидан илмий тадқиқ методологиясини чуқур англашлари, уларнинг табиат, жамиятва тафаккур ҳодисаларига муносабатини теран уқишлари, тадқиқ манбаига онгли ва изчил татбиқ этиши билан узвий боғлиқ. Тасаввуфда, шунингдек, диалектик фалсафада ҳар қандай тадқиқ манбаининг серқирра эканлиги, шу боис тадқиқ манбаи ва предметини айнанлаштиришдан чекиниш тадқиқ жараёнидаги муҳим омиллардан [20; 25; 32; 22].


Тадқиқ манбаининг серқирралиги билан унинг мустақиллиги, ҳаққонийлиги, объективлиги ва мураккаблиги хоссалари чамбарчас боғланган. Зотан, маълум бир тил тавсифига ўзга тиллар мезонлари асосида ёндашиш илмий субъективизмни вужудга келтиради.Муайян бир тил, дейлик, ўзбек тили – тадқиқ манбаи сифатида ўзига хос онтологик хусусиятга эга ҳаққоний мавжудлик. Уни ўзга тил мезони билан ўлчаш ва баҳолаш тадқиқ холислигига путур етказади. Қиёслашни ўлчаш билан айнанлаштириш эса методологик нуқтаи назардан қўпол хато [34; 16; 13]. Албатта, маълум бир тил тавсиф ва талқин этилар экан, тилшунос тилнинг умумий қурилиш хоссалари, лисоний бирликларнинг умумий табиати, тилнинг қурилиш, яшаш ва ривожланиш қонуниятлари ўлчови асосида тадқиқ манбаига ёндашиши лозим. Маълум бир тил қурилишининг ҳаққоний ва холисона талқини эса тил ҳақидаги фалсафий-методологик нуқтаи назардан тўғри ишлаб чиқилган таълимот асосидагина берилиши мумкин. Миллий мафкуранинг шаклланиши миллатнинг ўзлигини англаши билан боғлиқ. Миллатнинг ўзлиги бевосита унинг маданияти, тарихи,психологияси, миллий онги кабиларда ўз ифодасини топади. Жаҳон фанида тил ва онгнинг ўзаро алоқа дорлиги, тилнинг инсон моҳиятини белгиловчи омил, тафаккур маҳсулини моддийлаштирувчи восита эканлиги ҳамда унинг ижтимоий аҳамияти масалаларига бағишланган ранг-баранг фикр кўп. Тилшунослик фани ҳам маълум бир даврларда буни ўзининг асосий муаммоси сифатида қараган. Бироқ совет фани миллийлик билан боғлиқ масаланинг бирортасини ҳам кун тартибига қўймаган. Ўзбекистонда фақат миллий мустақиллик туфайли миллий онг ва фикрлаш муаммо ўлароқ вужудга келди. Тил орқали борлиқни идрок этишнинг аҳамияти ва ўзига хослиги масаласига жиддий эътибор берила бошлади. Тил тилшунос ва амалдорлар ҳукмига бўйсунмайди. Уни ғайритабиий қолипга солиш ёки уни тозалашга уриниш доим самарасиз бўлган. Тил ўзининг табиий қонуниятларига эга, у ҳар хил тавсиф ва тадқиқларга бефарқ. Унинг ўз соҳибига бўйсунмаслигини тарғиб қиладиган натурализм оқими тилшунослик фанининг мустақил йўналиши сифатида узоқ йиллар ҳукм сурганлиги – бунинг ёрқин далили. Жаҳон тилшунослигининг таниқли намояндалари бўлган Август Шлейхер, Макс Мюллер, Морисо Рапп, Вилгельм Уитни каби олимлар асарлари бу оқим илгари сурган ғояларни ўзида мужассамлаштирган. Тадқиқ манбаининг, масалан, ўзбек тилининг мураккаблиги унга фалсафа ва тасаввуфнинг жузв ва кулл, замонавий фалсафанинг бутун ва бўлак, умумийлик ва хусусийлик диалектикаси асосида ёндашилгандагина тўлиқроқ очилиши мумкин. Ўрганиш манбаи мураккаблиги масаласи, мураккаблик ҳодисасининг онтологик табиати ҳам фалсафий адабиётларда атрофлича ўрганилган [22; 8; 2; 9; 6]. Маълумки, бутунлик бўлаклардан иборат. Бироқ уни оддий “йиғинди” даражасида жўнлаштириш тадқиқотчини адаштиради. Мисол сифатида қуйидаги тўрт:
A_______ B
B_______ C
C_______ D
A_______ D
тўғри чизиқдан ташкил топган геометрик фигурага диққат қилайлик (1-чизма):


Бу фигуралар гарчи бир хил ташкил этувчи унсурга эга бўлса-да, ҳар бир бутунлик (фигура) нинг ўзига хос қонуният ва муносабатлари мавжуд. Демак, айтиш мумкинки, бир қарашда ўзбек тилидаги – лар қўшимчаси л, а, р товушларининг оддий йиғиндисига, тўғри чизиқларнинг механик бирлашувига ўхшайди. Ҳолбуки, – лар морфемасининг моҳияти уни ташкил этувчи товушлар моҳиятидан тубдан фарқ қилади. Фонема ва морфема ўртасидаги бундай тафовут барча тилшунослар учун аён. Бироқ уйлар сўзшакли уй ва – лар қўшимчаларининг йиғиндисими деган саволнинг қўйилиши ҳам табиий. Айтилганидек, ҳар бир тилшунос – л + – а + – р # – лар морфемаси тенгсизлигининг ҳаққонийлигини эътироф қилгани ҳолда, – уй + – лар # уйлар тенгсизлигида ҳам ушбу ҳолатни кўришдан тийилади. Бу тенгсизлик муаммоси ўзбек тилшунослигида шу кунгача қўйилмаган. Ваҳоланки, тилшуносликда кўп ҳолларда сўзшаклларнинг ўзак ва қўшимча, сўз бирикмаси ва гапнинг сўзлар йиғиндиси сифатида эътироф этилиши тадқиқотчи онгида методологик “бўшлиқ” мавжудлигидан далолат беради. Методологик нуқтаи назардан бу каби ҳар хил тенгсизликлар эса моҳиятан бир хил. Уларни жадвалда қуйидагича умумлаштириш мумкин:

Тадқиқотчи “бутун бўлакларнинг йиғиндисига тенг эмас” тезисидан келиб чиққан ҳолда жадвалдаги бутунликлар моҳиятини унинг таркибий қисмларидан эмас, балки бошқа – юқорироқ сатҳдан излаши ва бошқа системада очиши лозим. Лисоний система тадқиқ қилинар экан, унинг сатҳларини ажратишда барча тилшунослар ҳам фикр. Бироқ морфемалар моҳиятини очишда мутлақо мустақил ҳолда иш юритилади. Уларни ташкил этувчи фонемалар моҳиятига эътибор қаратилмайди. Бошқа нутқий бирликлар – сўзшакл, сўз бирикмаси ва гап моҳиятини очишда бевосита уларни ташкил этувчиларга таянилади. Бу эса фалсафий нуқтаи назардан методологик хато. Зотан, ҳар бир лисоний бирликнинг моҳияти ўз сатҳи доирасида очилади. Бироқ сатҳлар бўйлаб яна бир поғона юқорига кўтарилиш асосида бутунлай янги муаммо юзага чиқади. Лисоний системанинг ўзи ҳам алоҳида мураккаб бутунлик. Унда ҳам сатҳларнинг оддий арифметикасини кўриш тадқиқ методологиясига, яъни [тил # фонетик сатҳ + морфологик сатҳ + лексик сатҳ + синтактик сатҳ + услубий сатҳ] га зид. Тил – таркибий қисмлари мажмуидан анча катта бўлган ўзига хос бутунлик. Унинг моҳияти таркибий қисмлари моҳиятидан келтириб чиқарилиши мумкин эмас. Шунингдек, морфема фонемалардан, сўз бирикмаси ҳамда гап лексема ва морфемалардан узилмаганидек, тил ҳам бутунлик сифатида ўз сатҳларига қисмлар сифатида муносабатда бўлади. Шу ўринда геометриянинг жуда оддий, бироқ асрлар давомида мутахассислар эътиборини жалб қилиб келаётган муаммоли бир ҳодисасига диққат қилиш зарур. У:

фигурасидаги АB тўғри чизиғининг ўзи мансуб бутунликларга муносабати масаласи. Бу фигурага хос [АB] чизиғи учбурчакнинг томони сифатида учбурчак қонуниятига бўйсунадими ёки квадратнинг томони сифатида квадрат қонуниятигами? Бу савол тадқиқ этилаётган муаммога бевосита дахлдор. Муаммони 2 + 3 = 5 арифметик ҳодисасида ҳам кўриш мумкин. Бошқача айтганда, бу ерда 5 сони 2 ва 3 сонларининг йиғиндиси, бироқ фақат шу йиғиндигина 5 ни ҳосил қилмайди. Зеро, 1 ва 4, 10-5, ( 6,25 + 6,25 ) ва шу каби минглаб амал воситасида мазкур йиғинди – натижани келтириб чиқариш мумкин. Муаммонинг ечими шундаки, 5 ўзига хос алоҳида бутунлик, у, жумладан, (фақат эмас) 2 ва 3 йиғиндисига ҳам тенг бўла олади. Бироқ таркибий қисмлар асосида ёндашув 5 нинг моҳиятини ойдинлаштира олмайди. 5 сони – бирлик сонлар тизимидаги 4 ва 6 рақамлари орасидаги бутун сон. Бу тизимда мазкур бирликлар орасида 5,1 ёки 5,8 миқдорлари йўқ. Улар каср сонлар туркумига мансуб. Ўз навбатида, алоҳида бутунлик сифатида олинганда бутун ва каср сон йиғиндиси ўлароқ қаралиши ҳам мумкин эмас.

Таркибий қисмлар йиғиндиси # бутунлик ҳодисасини бевосита лисоний ҳодисаларда кўришга ҳаракат қиламиз. Чизмада берилган бутунликлар – морфема, сўзшакл, сўз бирикмаси, гап ва, умуман, тилнинг моҳиятини, уларнинг таркибий қисмларига муносабатини англаш эҳтиёжи масалага математик ҳодисалар мисолида ёндашишни тақозо этади. Чизмада акс этган бутунликлар моҳияти ҳам уларнинг таркибий қисмлари орқали эмас, балки ўзлари мансуб тизим бирликлари орасида тутган ўрни асосида ойдинлаштирилиши лозим. Моддий томони л, а, р товушлари йиғиндисидан иборат – лар морфемасининг моҳияти морфемалар тизимида, уй + – лар сўз ва қўшимчалари йиғиндиси сўзшакллар тизимида, бола, уйқу сўзшаклларидан ташкил топган бола уйқуси сўз бирикмасининг моҳияти сўз бирикмалари тизимида, бола ва ухламоқ сўзлари бирикишидан ҳосил бўлган бола ухлади гапининг моҳияти эса гап тизимидагина очилади. Диалектик фалсафа ва мантиқнинг умумийлик ва хусусийлик, моҳият ва ҳодиса, имконият ва воқелик, сабаб ва оқибат категориялари асосида тушуниладиган бу хусусиятлар тилшуносликда лисон ва нутқ ҳодисаларини онгли ва изчил фарқлаш методологиясида ўз аксини топган. Эътиборингизга чизмалар асосида ҳавола этилган морфем бутунлик – тилнинг морфемалар тизими бирлиги. Шунинг учун товушларнинг оддий бирикишига тенг эмас. Уйлар, бола уйқуси, бола ухлади ҳосилалари бутунлай бошқа босқич – нутқ ҳодисалари. Улар лисоний бирликлар – морфема ва лексемадан фарқланади. Уйлар сўз-шакли – уй лексемаси ва – лар қўшимчаси воқе ланиши асосида вужудга келган нутқий ҳосила. Шунинг учун уйлар сўзшаклининг моҳияти ҳодиса сифатида сўзшакл моҳиятидан қидирилиши лозим. Сўзшакл эса нутқнинг товуш (ҳарф), бўғин, сўз, сўз бирикмаси, гап ва матн каби нутқий бирликлар тизимида моҳиятини намоён қилади. Ушбу тизимда сўз нутқда қўлланган энг кичик атов бирлиги хоссасига эга. Демак, уйлар сўзшакли лисоний бирликлар мажмуи эмас, балки нутқда намоён бўлган ҳодиса. Қиёсланг: 2+3 қўшилмасидан ҳосил бўлган 5 ўз бирликлари тизимида 4 ва 6 оралиғидаги бутун сон. Уйлар ҳосиласи (ёки 5) шу муайян ҳолатда уй ва – лар (яъни 2 ва 3) морфемаларининг нутқий воқеланиши. У уй туб сўзи ва – лар кўплик сон қўшилмасининг ўзаро бирикиши, яъни муносабатга киришишдан ташкил топган. Шунинг учун уйлар сўзшакли моҳиятини аниқлаш учун дастлаб лисоний ва нутқий бирликлар моҳиятини очиш зарур. Бу яна лисон ва нутқ оппозицияси сари ундайди. (Ушбу ўринда икки терминга изоҳ бериш лозим:

1) лисон термини моҳиятан давр тилшунослиги, хусусан, Ф.де Соссюр қўллаган langue термини қийматига мувофиқ келади. Ўзбек тилшунослигида ўтган асрнинг 70-90-йилларида рус тилидан таржима қилинган тил кўп маъноли сўзи langue термини маъносини ифодалаш учун қўлланиб келди [24]. Ушбу маънонинг қўлланиш доираси кенгайиши билан нутқий ноқулайлик вужудга кела бошлади. Шу боис тилнинг тизимий қурилиши маъносидаги langue терминини лисон билан бериш бирмунча афзалликларга эга: а) лисон сўзи замиридаги маъно муайянлашади, кўп маъноли тил сўзининг умумхалқ онгидаги маъноси эса бунга тўсқинлик қилар эди; б) ўзбек тилида – ий қўшимчаси орқали ясалган лисоний сифати воситасида ҳосил қилинган сўз бирикмаларига илмий нутқда кўпроқ зарурат сезилади;

2) ихтилоф терминини фалсафа ва фандаги диалектика термини ўрнида қўллаш мақсадга мувофиқ.
Шарқ тасаввуф фалсафасига методологик омил сифатида таянилар экан, ундаги зарур терминларни ҳам ўзлаштириш лозим бўлади. Бугунги кунда “лисон” ва “лисоний бирлик” тушунчалари ўзбек тилшунослиги учун янгилик эмас. Маълумки, ҳар бир лисоний бирликда умумийлик, яъни лисоннинг моҳияти ўз аксини топиши ва муайянлашиш лозим. Бу – диалектиканинг умумийлик ва хусусийлик зиддиятига қўядиган асосий талаби [33; 1]. Шунинг учун айтиш мумкинки, ҳар бир лисоний бирлик юқорида айтилган умумлисоний хусусият – ўз сатҳининг категориал хусусиятлари ҳамда ўзининг хусусий маъно ва вазифасига эга бутунлик (бу ҳақда қаранг: [18; 19; 23; 20; 25; 28]. Тилшунослар зиммасидаги вазифа ҳар бир лисоний бирликнинг муайян маъносидан бошлаб унда акс этувчи умумлисоний хоссасигача аниқлашдан иборат. Шундагина лисоний бирликнинг моҳияти очилганлиги ҳақида ҳукм чиқариш мумкин. Нутқ – лисоннинг воқеланиши, бунда у яхлитлик сифатида намоён бўлади. Бошқача айтганда, ҳар бир нутқий воқеланишда лексик, морфологик, синтактик, услубий сатҳлардан иборат бўлган яхлит тизим ўзининг барча хоссаларидан “намуна” олган ҳолда воқеланади. Бир сатҳ иккинчисининг нутқий воқеланишида “кўмакчи” мақомида бўлади. Кўринадики, нутқдагина лисоний сатҳлараро зиддият бартараф бўлади. Зиддият ўрнини уйғунлик эгаллайди. Ҳар бир нутқий парча – тилнинг бевосита воқеланиши ҳамда “сўнган” лисоний зиддият сифатида барча зарурий сатҳларнинг ҳамкорликда воқеланиши маҳсули. Лисоннинг бутунлиги уни ўз таркибий қисмлари йиғиндисидан каттароқ алоҳидалик сифатида қарашни талаб қилади. Яъни нутқий воқеланишда бу зарурий қисмларнинг ўзаро ҳамкорлигини англаш тадқиқотчидан бутун-бўлак диалектикасини in abstracto ҳолатида қабул қилишни эмас, балки англаш ва қўллай билишни, шунингдек, билиш диалектикасининг икки босқичини теран идрок қилишни тақозо этади. Билишнинг бири иккинчисини тақозо этиш муносабатидаги босқичлари ва уларнинг табиати ҳақида шарқ тасаввуф диалектикасида ҳам қимматли маълумотлар бор. Маълумки, машҳур Шарқ файласуфлари Ибн Рушд, Ибн Арабий, Абу Наср Форобий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий кабилар фаҳм ва идрок, уларнинг ихтилофли муносабати, улар асосида ҳосил қилинадиган билимлар ҳақида ўз даври учун ҳам, бугун учун ҳам қимматли фикрларни баён этишган. Афсуски, бу ҳақдаги маълумотлар бугунги фан ва амалиёт учун бевосита уларнинг ўз асарлари орқали эмас, балки улар ишларининг Европа тилларига таржималари орқали “кантча” ва “ҳегелча” ривожлантириш ва талқинлар асосида кириб келди. Ваҳоланки, тасаввуфда зот (шартли маънода субстанция) ва тажалли (шартли маънода акциденция) зиддияти воситасида нафақат борлиқнинг моҳияти, балки уни ўрганиш усуллари, билишнинг фаҳмий (тажаллининг ташқи белги-хусусиятларини тавсифлаш) ва идрокий (зотни очиш) босқичлари турли савиядаги ўқувчи учун ранг-баранг шаклда баён этилган. Моҳиятан Шарқ донишмандлари Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул-ҳақойиқ”, Низомий Ганжавийнинг “Маҳзанул-асрор”, шунингдек, минглаб “мажоз сувратида ҳақиқат сирлари”ни ўзида жамлаган ҳикоялардан иборат “Мантиқ-ут-тайр”, “Илоҳийнома”, “Уштурнома”, “Лисон ут-тайр” каби асарларнинг мақсади ҳам фаҳмий ва идрокий билимлар диалектикасини, жузв ва кулл, зот ва тажалли ихтилофини ўқувчиларга етказишдан иборат. Билишнинг бир-бирини тақозо этувчи эмпирик ва назарий босқичи ҳақидаги таълимот – аслида замонавий диалектика учун шарқ тасаввуф фалсафасидан мерос. Тасаввуфда назарий билишнинг ўзи яна ички етти босқичга ажратилади. Буни мутафаккир Алишер Навоий ғазаллари ва уларнинг умумлашмаси бўлган “Лисон ут-тайр” достонида юксак бадиий маҳорат билан тасвирлайди. Алишер Навоийнинг тассаввуф гносеологияси ҳақидаги қарашларини қисқача қуйидагича тавсифлаш мумкин:

талаб босқичи. Зот (Ҳақ) ва тажалли (борлиқ) муносабатини билишга бўлган талаб, Зотни билишга эҳтиёж босқичи; ишқ босқичи. Зот ва тажалли орасидаги фарқни англаб, Зотга интилиш иштиёқи; маърифат босқичи. Зот ва тажалли муносабати асосида Зотнинг моҳиятини англаш; истиғно босқичи. Зотнинг барқарор сифатларидан бошқа нарсани тан олмаслик; тавҳид босқичи. Зотда тажаллини, тажаллида Зотни кўриш, уларни “бир варақнинг икки томони” каби англаш; ҳайрат босқичи. Зот ва тажаллининг аслида бир нарса эканлигидан ҳайратланиш; фано босқичи. Тажаллининг йўқ эканлиги, у аслида Зот эканлигини англаш даражасига етиш. Айтилганлар асосида замонавий ўзбек тилшунослигининг методологик асоси ва унинг омилларини қуйидагича умумлаштириб бериш мумкин:

1) Зот бутунлик сифатида. Ҳар қандай бутунлик алоҳида бир зот (инвариант), ўз навбатида, таркибан мураккаб, ташкил этувчи қисмларидан катта, ўзига хос бутунлик сифатида алоҳида объектив ва гносеологик қийматга эга;
2) Зот яхлитлик сифатида. Бутунликнинг моҳияти (зот, инвариант) бевосита кузатишда берилмаган, у ақлий таҳлил – идрок асосида ўзи мансуб сатҳнинг бирликлари билан муносабатларидагина очилиши мумкин. Зот (инвариант, лисоний бирлик) тажалли (вариант, нутқий бирлик)да моддийлашади ва тадқиқотчига бевосита кузатишга берилган бўлади. Ҳар бир тажаллида қатор муваққат, ўткинчи (моҳиятни белгиламайдиган ва унга алоқадор ҳисобланмайдиган) белги-хусусият билан бирга, тажалли инъикоси бўлган зотнинг барқарор сифатлари ҳам акс этган бўлади;
3) Зот таркибий қисмлари ҳамкорлиги сифатида. Моҳиятан мураккаб зот бевосита кузатишда берилган тажаллилар шаклида воқеланганда зот таркибий қисмларининг барчаси ҳамкорликда шу тажаллиларда акс этади. Шу боис ҳар бир нутқий бирликда лисоннинг таркибий қисмлари бўлган фонологик, лексик (семасиологик) морфологик, синтактик ва стилистик сатҳларнинг ўзаро ҳамкорлигини кўриш мумкин.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш