АМЕРИКАЛИК НЕВРОЛОГ ОЛИМА, АДИБ ВА ИЛМ-ФАН ТАРҒИБОТЧИСИ МАРИАННА ВУЛФ ЖАҲОН ОЛИМЛАРИ ОРАСИДА “ПРУСТ ВА КАЛМАР: ТАРИХ ВА МУТОЛАА ҚИЛАЁТГАН МИЯ ТАДҚИҚОТЛАРИ” АСАРИ БИЛАН ЯХШИ ТАНИЛГАН. ҚУЙИДА УНИНГ КИТОБ МУТОЛААСИ БИЛАН
БОҒЛИҚ ФИКРЛАРИ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПГАН.
– Рақамли воситалар, хусусан, Интернет матнни юзаки ўқишга ўргатиб қўйди. Кўпчилик ниҳоятда улкан ҳажмдаги ахборотларни иложи борича тез суръатларда қабул қилиб олишга интилади – гоҳ электрон почтани назоратдан ўтказиш, гоҳ фейсбукдаги саҳифаларни кўздан кечириш, баъзида сайтлардан сайтларга саёҳат қилишга тўғри келяпти. Шу боис кишининг диққати тутундай тарқалиб, тўзғиб кетяпти. Аксинча, китоб диққат-эътибор билан ўқишга имконият яратади, олган билимлар хотирада қолади. Китоб ўқиш жараёнида алоҳида сўз ва ибораларга эътиборимизни қаратиб, диққат марказимизда тутиб тура оламиз. Китоб ўқиётган лаҳзаларда одамнинг миясидаги аввал бир-биридан йироқда бўлган, ажралиб қолган асаб ҳужайралари жипслаша бошлайди, тамомила янгича тузилмаларни вужудга келтиради. Мия эса бундан роҳатланади. Бу жараёнда мия намойиш ҳолатида туради. Орқа миядаги ҳудудлар фаолияти туфайли биз бир пайтлар кўрган, эшитган ёки ҳис қилган таассуротларни бир-бири билан боғлай оламиз, уларни янги ахборотлар билан тўйинтирамиз, шу аснода ҳужайраларимиз жипслашади. Китоб ўқиётган лаҳзаларда миямизнинг кўриш билан боғлиқ қатламларига кўрганларимиз – ҳарфлар, сўзлар ҳақидаги сигналлар етиб боради. Бу қатламда мана шу сигналларни қабул қилиш баробарида ўзлари ҳам фаоллашиб оладиган тузилмалар мавжуд. Бош миядаги янги нейронал алоқалар нафақат болалар, балки катта ёшлиларда ҳам содир бўлади. Бу кўплаб илмий тадқиқотлар орқали ўз исботини топган. Масалан, олимлар кам мутолаа қиладиган бир гуруҳ кишиларни синовдан ўтказишган. Тадқиқот иштирокчиларига адабий асарларни кўпроқ ўқиш тавсия этилган. Томографик тадқиқотлар шуни кўрсатганки, адабий асарларни мутолаа қилган одамларнинг бош миясида янги нейронал алоқалар, жипслашишлар содир бўла бошлаган ва миялари аввалгидан кўра фаоллашган, яъни ривожланган. Топшириқни бажармаганлар (китоб ўқимаганлар) миясидаги ҳужайралар аввалги ҳолатда қолиб кетаверган.

Инсон китоб ўқиётган пайтида она тилини чуқур ўрганиб боради. Бу пайтда сўз захираси кенгайиб, жумла тузиш лаёқати такомиллашди. Китоб мутолааси кишини чуқурроқ ва фойдалироқ ўйлашга ўргатади. Тажрибали китобхонларга разм солинса, улар матнни яхши тушунишдан ташқари уни изоҳлаб беришга ҳам, матнга танқидий нуқтаи назардан ёндашишга ҳам мойил экани маълум бўлади. Китоб ўқишнинг яна бир фазилатли жиҳати шундаки, мутолаа инсонга ҳаяжон бағишлайди, вужудимизга эзгулик нурларини сингдиради. Бундан ташқари, қачонлардир бошдан кечирган, бизга таниш ҳиссиётлар билан қайта учраштиради – натижада мутолаа қилган инсон маънан бойийди. Болалар китоб ўқимас экан, адабий қаҳрамонларнинг кечинмаларидан бебаҳра қолади, “қиссадан ҳисса чиқаролмай”, фикрий қолоқлик ботқоғига ботади, мушоҳада юритиш имконлари чекланади. Бу маҳдудлик инсоннинг ўзлигини чеклаб қўяди. Шу ўринда айримларда “китобни интернетдан бўлса ҳам ўқияпмиз-ку, бунинг нимаси ёмон? Ўқиш бўлгандан кейин ҳаммасиям ўқиш-ку?!”, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Бу фикрда ҳам жон бор, албатта. Лекин инсон интернетдан ўқиётган пайтда вақт омили уни елкадан босиб туради. Яъни, биз интернетда ўтириб ҳамма ахборотни шоша-пиша қабул қилиб олишга, миямизга чала-чулпа тиқиштиришга ўрганиб қоламиз. Шу боис “ҳаммасини ўқидим, тушуниб етдим, билиб олдим”, деган ҳиссиёт вужудимизга сингади. Илгари одамлар китоб ўқиш учун кутубхонага махсус тайёрланиб, машаққат чекиб етиб борар, бутун диққат-эътибор мана шу юмушга йўналтирилган бўларди. Ҳозир эса бутун кутганларингизни интернет саноқли дақиқалар ичида олдингизга чиқариб қўяди – заҳмат чекиб юрмайсиз. Фарқи шуки, қийналмасдан эришилган билимлар бир зумда учиб келиб-кетиб, хотирага муқим жойлашмай қолади. Шу сабабли болани ўқишга ўргатиш мобайнида ҳам матн маъносини тушуниб ўқиш, ўқилганларини таҳлил қилиб, хотирага жойлаб ўқишга ўргатишимиз керак. Зеро, бу орқали фарзандларимизнинг қандай интеллектуал қобилиятларга эга эканини билиб олишимиз мумкин. Уларни теварак-атрофдаги нарсаларга қараб бехато йўналиш олишига, ахборот ва маълумотларни самарали таҳлил қилишига ўргатишимиз зарур. Чунки интернет бизни шошилишга мажбур қилиб, олган ахборотларимизни хотирага чала ўрнашиши ёки ўрнашмасдан учиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, ўқиладиган матн жуда кўп, уларнинг ҳаммасини кўриб чиқиш, хотирага жойлаб олишга вақт йўқ. Хўш, Интернет замон шиддати ва суръатни акс эттириб, бизни тезликка ундаётган чоғда қандай йўл тутганимиз маъқул? Бу саволга ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда жавоб берсам Интернет хулқ-атворимни жуда ўзгартириб юборганини таъкидлаш жоиз. Гап шундаки, мен ҳозир шеърий китобларни кам мутолаа қиладиган бўлиб қолдим. Мураккаб матнни ўқишга чоғланаётганимда буни ўқиб чиқишга вақтни қайдан топаман, деб ўйланиб қоламан. Кўриниб турганидек, вақт масаласи елкамдан босиб, шу саволнинг ўзи мутолаага йўл қўйдирмайди… Бунинг ўрнига фалон-фалон ишларни қилиб олишим керак, деган ҳиссиёт яна бир муаммо. Мана шу ҳиссиёт ҳатто компьютердан узоқлашган пайтларимда ҳам мени тарк этмаётир. Демак, бир менда эмас, ҳаммадаям аҳвол шу. Интернет – жамиятимизнинг қора ўраси, сизу бизнинг вақтимизни ямлаб-ютиб боряпти. Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: Биз китоб ўқимай қўйсак, Интернетдаги матнни ўқиб олсам, шунинг ўзи етарли деб юраверсак, унда нима бўлади? Бунга жавоб шуки, инсон мияси азалдан ўқиш учун мосланмаган. Миямизнинг турли ҳудудларидаги ҳужайраларни жойлаштириб, бирлаштириб, мутолаага масъуллик қиладиган “бўлинма” яқин-яқинларда пайдо бўлди, шу “бўлинма”да мутолаага масъул бўлган махсус нейронал тармоқ шаклланди. Аслида бу тармоқниям аъло даражада ишлайди, деб бўлмайди. Лекин шуниси аниқки, матн ичига чуқур кириб боришни истасак, миямизнинг иккала ярим шаридан тенг фойдаланишимиз
керак. Агар матнга шоша-пиша, юзаки қарайдиган бўлсак – мен интернетнинг бизга ўргатган ўқиш техникасини назарда тутаяпман – миямиз ҳам бефарқ-лоқайд, “тепса тебранмас” бўлиб қолади, ярим кучини сарфлаб, истар-истамас ишлайдиган бўлади, яъни ўзидаги бор ресурслардан тўлиқ фойдалангиси келмасдан ишлай бошлайди. Мана, интернетнинг “каромат”и… Мутолаа пайтида биз китоб ичига кириб, ўз хаёлларимизга бемалол эрк беришимиз, бизни ўйлантираётган нарсалар ҳақида обдон мулоҳаза юритишимиз мумкин. Хаёл эса чегара билмайди: гоҳ шоҳ, гоҳ гадо бўлиб “кун кечириш”имиз мумкин. Интернетдаги кўз югуртиришлар, чала-чулпа, юзаки ўқишлар бизнинг хаёлан қилаётган “парвоз”ларимизни чиппакка чиқаради. Биз қоғоз китобларни ўқиганимизда қандай ижобий ҳиссиётларни бошдан кечирсак, балки болалигидан компьютер ва планшетларга тикилиб ўрганган авлод ҳам эҳтимол ўша ҳолга ошно тутинар?.. Буни вақт кўрсатади. Аччиқ ҳақиқат шуки, қоғоз китобга тикилиб, шундан завқ туйган катта авлод, яъни биз электрон китобларни ўқиганда ўша завқли онлар, ҳаяжонларни туймаймиз, электрон китоблар ичига сингишиб кетолмай-
миз. Умуман, мутахассис олимлар мана шу масалаларни махсус тадқиқ қилиб, хулоса чиқарсалар яхши бўларди: бунинг сабаблари нимада экани, қоғоз китобни ўқигандаги завқ-шавқ, лаззатлар қандай-ю, электрон китоблар мутолааси пайтида одамда қандай ҳис-туйғулар уйғонади, уйғонади- ми-йўқми ўзи – мана шуларни бир аниқлаштириб беришса киройи иш бўларди. Менинг фикримча, болалар интернет билан чекланиб қолмаслиги керак, уларга қоғоз китобларни ҳам ўқиб беришимиз зарур.

Ҳозир янги технологиялар кириб бормаган ер йўқ, бу борада унинг имкониятлари жуда катта. Бугун жаҳонда 100 миллион нафар бола мактабда бўлиш имкониятидан маҳрум, улар кўчада тентираб юриб кунни кеч қилишади. Эҳтимол, компютер технологияларининг имкониятларини уларнинг саводини чиқариш, билимли-маърифатли қилишга сафарбар этса бўлар? Ҳозир ҳаммамиз учун муҳим масала – бу ўрта йўлни топиб, мувозанатни сақлаш… Нима қилиш кераклигини ўйлаб, бир хулосага келиш, қарор чиқариш учун вақт керак. Интернет деганлари – шовқин-суроннинг уяси, унга кирдингизми – хотиржамлик йўқ, ниманидир излайсиз, ниманидир топиб, енгил-елпи ўқиб ўтасиз, ёдингизда қолдими-қолмадими, бу ёғи билан ишингиз йўқ, бармоқлар мунтазам ҳаракатда. Биз-ку китоб ўқиб тарбияланган авлодмиз, интернетга тикилиб ўтириб ўсаётган авлоднинг келажаги нима бўлади? Уларнинг хотирасига, миясига нималар ўрнашиб қолади, тарбияси нима бўлади, кўнглида нима гап, кайфияти, хулқ-атвори, маънавияти-ю маданияти нима бўлади – мана шулар ҳақида ҳамма-ҳамма ўйлаши керак. Менинг ота-оналарга маслаҳатим ҳозирча шу: “Уйингизда китоб кўп бўлсин, кўпдан-кўп қоғоз китоблар бўлсин, жавонларингиз китобга тўлиб турсин! Болангиз беш ёшга тўлгунча ҳар куни кечқурун китоб ўқиб беринг, уларнинг қулоқлари сиз талаффуз қилган сўзларга мослашсин! Агар улар улғайиб, ёшлари каттарган бўлса ҳам, китоб ўқиб беринг, ўқинг, ўқинг”. Интернетнинг маҳригиёҳи шунчалар жозибадорки, болангизни эҳтиётлаб ўргата бормасангиз, кейин кеч бўлади. Бунинг оқибати нима билан тугашини ҳали ҳеч ким билмайди. Яхшиси, болага китоб ўқиб бериб, бошқа ишларга қизиқтириб, чалғитиб, компьютер сабоқларини эса оз-оздан, кам-камдан бериб бориш мақсадга мувофиқдир.