Қайси жамиятда илм-фан ривожланишига жиддий эътибор қаратилса, у ерда малакали мутахассислар етишиб чиқади ва улар орқали тараққиётга эришилади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳаётий ҳақиқат. Инсоният асрлар давомида бунга гувоҳ бўлиб келган. Илм-фан истиқболи эса математика фани билан чамбарчас боғлиқ. Чунки борлиқ ҳаёт қолипларини тан олмаган математика чексиз фазолардан макон излайди. Шунинг учун математика тарихи қанчалик қадимий бўлмасин, ҳамиша навқиронлигини сақлаб қолади. Чексиз фазода у худди ёшлар ҳаётда ўз ўрнини излагани каби ўзининг янги-янги маконларини топишга уринади. Математика ҳамиша ноанъанавий фикрларга эҳтиёж сезади. Бундай фикрлар эса аксар ҳолларда илғор ёшларга тегишли бўлади. Олим ва Инсон. Бу икки тушунчада Шахс мужассам. Миллат маънавияти ва маърифатини юксалтиришга, жамият тараққиётига таъсир ўтказишга Шахсларгина муяссар бўлиши тарихдан маълум. Ўқувчилик давримдаёқ машҳур математик олимлар Тошмуҳаммад Саримсоқов ва Саъди Сирожиддинов идеалимга айланган эди. Мен улар каби олим бўлишни орзу қилардим. Улар мени юксак мақсадлар сари чорлаб туришарди. Қалбимда бу буюк Шахслар ҳақида жуда юксак тасаввурлар ҳосил бўлган, улар билан учрашиш орзусида яшар эдим. 1969 йили мактабни олтин медаль билан битиргач, биргина математика фанидан имтиҳон топшириб, Тошкент давлат университетининг механика-математика факультетига ўқишга қабул қилиндим. Шу ерда орзумдаги инсонлар билан учрашиш насиб этди. Улардан таълим-тарбия, сабоқ олдим. Яна кўплаб устозлар орттирдим. Тўртинчи курсга ўтгач, академик Т. Саримсоқовнинг ҳар пайшанба куни бўладиган семинарига қатнай бошладим. Бу семинарда бир неча марта маъруза қилдим ва “Клокал қавариқ фазолардаги Крейн-Миль ман теоремаси” деб аталган биринчи илмий мақолам у кишининг тавсияси билан нуфузли илмий журналда чоп этилди. Домлага шогирд тушдим. Математиканинг янги илмий соҳаси – эҳтимоллар назарияси, функционал анализ ҳамда умумий типологияси бўйича илмий изланишларни бошлаб юбордим. Устозим – академик Т. Саримсоқов бошлаб берган анъанани ҳозир мен давом эттиряпман. Ҳар пайшанба икки жуфтлик семинар машғулотида маъруза қиламан, талабалар фикр билдиришади. Биргаликдаги муҳокама жараёнида илмдаги энг долзарб масалалар йўналишлари пайдо бўлади. Бинобарин, математика – ёшларнинг фани, ёшларсиз бу фаннинг келажаги йўқ. Дарс пайтида йўналиш бераман, ёшлардан кутилмаганда ажойиб фикрлар чиқиб қолади.

Кенг тафа1ккурли математик ёшларимиз кўплиги мени хурсанд қилади. Бироқ ҳозирги ёшларда битта муаммо бор: бир соҳага кираман деса, бошқа фанлар билан умуман қизиқмайди. Математик бўламан дейди-да, физика, кимё, биология, тарих, адабиёт каби фанларни ўқимайди. Бу жуда нотўғри. Мактабда, албатта, барча фанларни чуқур ўрганиш лозим. Мисол учун айтадиган бўлсак, Биринчи Шарқ Ренессансига тамал тошини қўйган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино қомусий олимлар бўлишган. Ўзи математик бўлган Умар Хайёмнинг шеърияти ҳозиргача бутун дунёни лол қолдириб келади. Нега? Чунки Умар Хайём математик бўлгани учун рационал фикрлаган, ташбеҳларга бой Шарқ шеъриятига аниқлик олиб кирган. Унинг шеърияти шунчаки ташбеҳлар эмас, балки математик сатрларга ўхшайди. Бир қарашда содда, аммо олам қиёфасини англаб олишга ундайди. Унинг ўз олами бор. Бу оламга кирган одам алданмайди, адашмайди, тафаккури бойийди. Она тили билан бирга рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларини билиш керак,шунда фан оламига кириш осон бўлади. Ҳар бир нарсанинг исботини излаш – математиклар ижоди. Математик бирор масаланинг исботини топмагунча тунни кунга улайди, исботи топилмаган нарсага ишонмайди. Бу фикрни болаликданоқ шакллантириш керак – исботи йўқ нарсага ишонмаслик зарур. Мактабларда кўп теоремалар исботсиз берилмоқда. Бола теоремани ёдлаб олади, лекин у қанақа қилиб исботланишини билиши керак – ҳамма гап шунда. Математика ҳаётий масалаларни ҳал қилишда ҳам қўл келади. Умуман, ҳар қандай фан ҳаётга кўмакдош бўлиши, инсонларнинг оғирини енгил қилиши лозим. Ал-Хоразмий ҳисоб-китобни мерос масалаларини ҳал этишда самарали қўллай олган. Масалан, мерос қорнида ҳомиласи бўлган онага қолдирилиши борасида сўз кетганда Ал-Хоразмий унинг қандай тақсимланишини ҳисоблаб чиққан. Фарзанд ўғил туғилса, мероснинг учдан икки қисми ўғилга, бир қисми онага; қиз туғиладиган бўлса, учдан бир қисми қизга, учдан икки қисми онага тақсимланган. Айтайлик, эгиз туғилса-чи? Эгизларнинг иккиси ҳам ўғил ёки иккиси ҳам қиз ёки бири қиз, бири ўғил бўлса-чи? Ал-Хоразмий мана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, математика орқали оқилона ечим топиб берган. Математикасиз бирор соҳани тасаввур этиб бўлмайди. Ньютон давридан бери математик моделлар физика ва механикада қўллаб келинади. Ҳозир эса бошқа соҳаларда ҳам математик модел яратилмоқда. Уларни ўрганиб, ривожлантириб, натижаларини амалиётда қўллаш – мана шулар математиканинг вазифаси. Математик моделлар биологияга ҳам кириб келмоқда. Эндиликда эпидемияларни моделлаштириш мумкин – бунинг учун пухта математик ҳисоб-китобларни бажариш кифоя. Шу маънода математика ҳамма фанларнинг асоси ҳисобланади. Иқтисод бўйича Нобель мукофотини бир неча марта математиклар олишган.

Улар иқтисод масалаларининг математик моделларини яратиб, шундай натижалар олганки, у иқтисодиётда қўлланилганда жуда катта самара берган. Математикларга Нобель мукофоти берилмаслиги ҳақида турли тахминлар билдирилган. Айримлар Нобель математикларни ёқтирмаган ҳам дейишади. Аслида бундай эмас. Математиклар яратган модел, келтирган фаразларнинг натижалари уларнинг ўзларига эмас, бошқа соҳаларга тегишли бўлади. Нобель мукофоти эса аниқ натижалар учун берилади. Шунинг учун кўплаб математиклар Нобель мукофотини иқтисодиёт йўналишида олишган. Бугунги кунда компьютер технологияси, дастурлаш, криптография, иқтисодиёт, физика, назарий механика, кимё, машинасозлик, оптимал бошқарув каби соҳаларни математикасиз тасаввур этиб бўлмайди. Машҳур олмон файласуфи Иммануэль Кант таърифи билан айтганда, “Қайси илмда математика қанча кўп бўлса, унда ҳақиқат шунча устун туради”. Математика шундай фанки, унга доим ижодий илҳом керак. У жамият ишларида ҳам фаол бўлиши керак. Интеллектуал салоҳияти юксак Шахсларгина жамиятни тўғри йўлга бошлаш иқтидорига эга бўлади. Илм-фанни яхши тушунган одамгина сохтани ҳақиқийдан ажрата олади – илмий изланишлар ва ижодий фаолиятда тасодифий одамларга суяниш мумкин эмас. Бундай инсон ҳақиқий мутахассиснинг қадрига етади. Фақат маъмурий хусусиятга эга одамлар соҳани эгаллаб ўтиришдан бошқасига ярамайди. Уни ривожлантиришга ожиз бўлади. Қўл остидаги мутахассисларни тушуна олмай, пароканда қилади. Бу жамият илдизига болта уради. У фақат ўз ишини талаб қилади, ижодга вақт қолдирмайди. Қоғозбозлик, ҳисобот бериш билан қўл остидагиларни банд қилиб қўяди. Фан бу – ижод, айниқса, математика фани. Шу маънода йил давомида қиладиган ишларини қатъий режалаштириш – биринчи чоракда буни, кейингисида бошқасини, йил охиригача эса бундай иш қиламан, дейиш мантиқан нотўғри. Чунки математик танлаган муаммоси тўғри-нотўғрилигини олдиндан била олмайди. Математикада шундай масалалар борки, неча юз йиллар давомида юзлаб олимлар тагига етолмаган. Уларга жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Илмий изланиш ишлаб чиқариш эмас, ижод ҳисобланади. Аммо ижодкорлик бўлмаган ишлаб чиқариш ўз қобиғига ўралиб, ривожланмай ётаверади. Ҳар қандай ишлаб чиқаришда ходимларнинг ижодкорлигига қараб баҳо бериш тўғри ҳисобланади. Бу – замонавий ёндашув. Мисол учун, шоирга “Йўл харитаси” тузиб бериб, биринчи чоракда бундай шеър ёзасан, кейингисида ундай деб айтолмайсиз-ку? Чунки унинг иши илҳомга боғлиқ. Илмга ҳам ижодга бўлганидек муносабатда бўлиш керак. Илмда шундай гап бор: илмий жамоада ҳаммаси ёши катталар бўлса, бу трагедия; агар ҳаммаси ёшлар бўлса, комедия; агар ҳам катталар, ҳам ўрта ёш, ҳам ёшлар бўлса, бу симфония – шу керак аслида! Баъзи соҳаларда катта олимлар кексайиб қолган, ёшлар эса деярли йўқ. Илмда 40-50 ёш оралиғи энг сермаҳсул ҳисобланади. Ҳамма авлод вакиллари жам бўлгандагина фан ривожланади. Мухтасар айтганда, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшлардан ўқиш-изланиш, илм-фан билан жиддий шуғулланишни талаб этади. Математика тилида ифодалайдиган бўлсак, ҳаёт-ўзликни англаш, ўз Шахсининг мавжудлигини исботлаш имконидир. Ундан оқилона фойдаланишга ёшликда тамал тоши қўйилади. Мен устоз сифатида ёшларимизнинг бу имкониятни қўлдан чиқармаслигига ишончим комил.