Чингиз Айтматов ўзбек халқининг, Ўзбекистоннинг улкан ва ардоқли дўсти эди. Биз бу мутафаккур адибнинг “Тарихда Византия славян халқлари ўртасида маданият тарқатишда қандай роль ўйнаган бўлса, ўзбеклар ҳам Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан шундай роль ўйнайди”, деган юксак эътирофини ҳамиша миннатдорлик билан эслаймиз.
Олмос истеъдод соҳиби бўлган бу улуғ зот икки қардош элни бирдай кўрар, юракдан севар эди. Унинг “Мен учун ўзбеклар ва қирғизлар бир ҳалқ. Бу менинг ҳалқим”, дея уларнинг тинчлиги ва омонлиги, келажаги ва равнақи, аҳил ва дўст бўлиб яшаш, хонадонларимизни фарзандларимизни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида ҳамиша жон куйдириб, ибратли фаолият олиб боргани барчамизга яхши маълум.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Йигирманчи асрнинг машҳур ёзувчиларидан бири, таниқли давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан таниш бўлмаган, юксак савияда ёзилган асарларини мутолаа қилмаган, улардан руҳланмаган китобхонни топиш қийин бўлса керак. Адибнинг миллий ва умуминсоний мавзуларда битилган ҳар бир асари адабиёт ихлосмандлари билан бирга бошқа касб эгаларини ҳам ўзига оҳанграбодек тортади. Бунинг боиси ёзувчи қаламига мансуб асарлар мавзуси фақат бир миллат, бир минтақага тааллуқли бўлмай, бугунги мураккаб дунёнинг умумлашиб бораётган глобал муаммоларига ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради. Уларда наинки бугун, айни чоғда эрта, келгусининг долзарб муаммолари, ер юзида тинч-тотув ҳаётни, тирикликни, инсоннинг инсонлик мақомини сақлаб қолишдек мураккаб вазифалар тадқиқ этилади.
Чингиз Айтматов ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, аввало, Ўрта Осиё ва Қирғизистон, қолаверса, бутун Шарқ халқлари адабиёти ва санъатини тубдан янгилаш, чинакам халқчил, тараққийпарвар, жаҳоннинг ривожланган адабиётлари қаторига қўшиш нияти билан кириб келди, яшади ва фаолият юритди. Бу борада биринчи галда ўзи намуна кўрсатишга киришди. Бунинг учун инсониятни мангу қийнаб келаётган, аммо жамияттазйиқи остида айтиш мумкин бўлмаган мавзу ва муаммоларни, янгича қиёфа ҳамда қарашга эга кишилар образини яратишга уринди. Адиб инсоннинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, эмин-эркин яшаши, қилган меҳнатидан ҳам жисмонан, ҳам маънан қониқиши, кўнгил истагига кўра севиш ва севилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлигини англади ва уларни адабиётга дадил олиб кирди. Шу боис ҳам ёзувчининг қаҳрамонлари анча-мунча қолипларга сиғмайди.
Мана шу фазилатларига кўра, Чингиз Айтматов ижоди юртимиздаги оддий китобхонлар онги, дунёқараши, хулқи ва турмуш тарзига жиддий ижобий таъсир кўрсатди, уларни ҳаётда учрайдиган қийинчилик ҳамда тўсиқларни ақл ва матонат билан енгиб ўтишга ўргатди. Чунки адиб асарларида тасвирланган воқеалар, чизилган манзаралар, яратилган қаҳрамонлар тақдири худди ўзимизнинг ҳаётимиздан олингандек яқин ва тушунарли экани билан қимматлидир. Айни пайтда Чингиз Айтматов қаламга олган мавзу, муаммо ва воқеаларнинг ўзбек адиблари асарларига ўхшаши, ҳамоҳанглиги, ўзининг ғоявий йўналиши, бадиийлиги, ниятлари уйғунлиги, эзгулиги билан ҳайратга солади. Бунинг сабабларини асли қадим туркий халқлар авлоди бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманларнинг тили, дили, дини, турмуш тарзи ва тарихи бир хиллигидан излаш тўғрироқ бўлади. Шу боис уларнинг адабиёти ва маданияти ҳам бир-бирига ҳамоҳангдир.
Бинобарин, икки халқ адабиёти ўртасидаги муштараклик, ҳамоҳанглик ва ўзига хосликни Чингиз Айтматов ижоди мисолида ўзбек адиблари асарларида тасвирланган ўхшаш воқеалар ҳамда қаҳрамонлар тақдири билан ўзаро қиёслаш, улар ўртасидаги фарқли томонлар ва ечимнинг ўзига хослигини тадқиқ этиш, уларнинг қондошлик ва қардошлик илдизларини аниқлаш, чуқурроқ очишга уриниш ҳозирги адабиётшунослигимизнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидандир.
Улуғ ёзувчи ўзбек ва қозоқ тилларининг аҳамиятини таъкидлаб, шундай деб ёзган эди: “Ушбу тиллардан иложи борича мукаммал фойдаланишимиз керак. Ўзбек ва қозоқ адабиётини теран ва чуқур ўрганишимиз даркор”. Шундай эзгу-ниятни дилига жойлаган атоқли адиб Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, унинг порлоқ келажаги, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва бутун инсониятни қутқариш йўлида кўп қиррали фаолият юритган.
Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан уюштирилган «ўзбек иши», «пахта иши» каби ноҳақ сиёсий компаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида ўзбек халқининг шаъни ҳамда обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юрт ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Чингиз Айтматов собиқ мустабид тузумнинг сўнгги йилларида ўзбек ҳалқининг бошига тушган “пахта иши”, “ўзбек иши” деган ноҳақ туҳмат ва маломатлардан халқимиз билан баробар куйган, куйинган, собиқ иттифоқнинг юксак минбарларидан туриб ўзбек, Ўзбекистоннинг пок номини оқлаш учун курашган эди. 1990 йилда содир бўлган Ўш фожиаларини тинч йўл билан ҳал этишда ҳам таниқли давлат ва жамият арбоблари қаторида Чингиз Айтматовнинг ҳиссаси беқиёс бўлгани ҳеч кимнинг хотиридан фаромуш бўлган эмас. Албатта, бу каби фидоийлик бежиз кетмади десак, муболаға бўлмайди. Чунки улуғ адибнинг миллатимиз олдидаги хизматлари, ўзбек халқига бўлган самимий муносабати ўз ўрнида муносиб тақдирланди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотлангани ҳам шундан далолат беради.
Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистон заминида сафдош, маслакдош дўстлари талайгина эди. Улар орасида халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Рамз Бобожон, шоир Турсунбой Адашбоев ва бошқалар бор эди. Уни яқиндан танийдиган ва унинг ижодини қадрлайдиган таниқли санъат арбоби, кинорежиссёр Малик Қаюмов, журналистлар Анвар Жўрабоев, Аҳмаджон Мелибоев, айтматовшунос олимлар Сайди Умиров, Гўзал Абдуллаева, Париза Мирзааҳмедова, Ғайбулла Саломов, Акмал Саидов ва Оқил Салимов каби юзлаб Чингиз оға билан қадрдон ака-ука, дўст-биродар бўлган инсонларни санаш мумкин.
Шу ўринда Чингиз Айтматовнинг ўлмас асарларини ўзбек тилига таржима қилган, Айтматовни ўзбекларга нафақат танитган, балки яқиндан ошно қилган Асил Рашидов, Иброҳим Ғофуров, Суюн Қораев, Ёқубжон Хўжамбердиев, Набижон Боқий, Абдурайим Отаметов, Тўланбой Қурбонов каби таржимонларнинг номларини ҳам эслаш жоиз. Албатта, Чингиз оғанинг ўзбек ижодкорлари билан дўст-қардошлиги уларнинг ижод маҳсулларида ҳам акс этган. Ўзбекнинг атоқли шоири Абдулла Ориповнинг Чингиз Айтматов вафоти муносабати билан ёзилган бир шеърида шундай сатрлар бор:
Ўтди Чингиз оға,Тенгсиз бир даҳо,
Улуғ бир қиссагўй, туғма донишманд.
Майда туйғуларни суймасди асло,
Маҳобати эса Манасга монанд.
У инсон дардини уйлади тўлиб,
Сўзни азиз билди нон билан туздек.
Меҳру садоқати мустажоб бўлиб,
Адибни бошига кўтарди ўзбек.
Ота юрти учун курашларга шай,
Не буюк зотларга бўлди ҳамнафас.
Қирғиз эканлигин зарра унутмай,
Тулпорин бошқача кишнатмади,бас.
Чингиз Айтматов асарлари борасида нафақат ижодкорлар, адабиётшунослар фикр- мулоҳазаларини билдирди, балки улкан адиб асарлари юзасидан олимлар томонидан талай илмий ишлар ҳам амалга оширилди.

Чингиз Айтматов миллий анъаналарни ривожлантириш ва ўзгартиришга ҳаракат қилган ёзувчилардан бири ҳисобланади. У ўз халқининг ҳаётини қанчалик чуқур акс эттирган бўлса, юксак умуминсоний ғоялар билан инсониятнинг бадиий тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшди. Ўзбек халқи Чингиз Айтматовни нафақат буюк ёзувчи, балки буюк шахс, ўзбек-қирғиз адабий алоқалари, халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларини ривожлантиришга беқиёс улуш қўшган халқ дипломати сифатида ҳам билади.
Улуғ ёзувчи ўзбек ва қозоқ тилларининг аҳамиятини таъкидлаб, шундай деб ёзган эди: “Ушбу тиллардан иложи борича мукаммал фойдаланишимиз керак. Ўзбек ва қозоқ адабиётини теран ва чуқур ўрганишимиз даркор”. Шундай эзгу-ниятни дилига жойлаган атоқли адиб Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, унинг порлоқ келажаги, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва бутун инсониятни қутқариш йўлида кўп қиррали фаолият юритган.
Ўзини ижод оламининг асл фуқаролари санайдиган кишилар учун мартабаю мавқе, унвону амалларнинг қизиғи йўқ. Улар бу нарсаларни ўзларини ижоддан четлаштирувчи, чалғитувчи омиллар деб билади. Буни Чингиз Айтматов мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Собиқ иттифоқ парчаланиб, унинг таркибидаги барча республикалар ўз мустақиллигини эълон қила бошлагач, Қирғизистон ҳам ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилади ва шунда жамоатчилик, мамлакатнинг нуфузли оқсоқоллари бир овоздан мамлакат президентлигига Айтматов номзодини илгари суради ва ундан бу таклифни қабул қилишни сўрайди. Аммо Чингиз Айтматов бу таклифни кескин рад этади ва Қирғизистон Президентлигига Асқар Акаев номзодини тавсия қилади.
Ўтган йили Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан “Икки элнинг азиз фарзанди” номли китоб чоп этилди. Ушбу китобни жамғарма раиси, академик Оқил Салимов ғояси асосида таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев тўплаб, нашрга тайёрлаган. 2023 йилнинг декабрь ойида ушбу китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муса Жуманбоев, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саидов иштрок этди.
Ўзбек китобхонлари адибнинг асарларини севиб мутолаа қилишади. Чингиз оғанинг деярли барча асарлари ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, “бугунги кунда жаҳон адабиёти ва маданиятини Чингиз Айтматовнинг буюк асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ёзувчининг халқ қалби, унинг дарду аламлари ва орзу интилишлари, қувонч ва шодликлари теран бадиият билан ифода этилган асарлари умумбашарий тафаккур хазинасининг бебаҳо дурдоналарига айланиб улгурганига барчамиз гувоҳмиз”.
Чингиз Айтматов ўзбек халқи учун азиз фарзанд, оқибатли дўст эди. 2017 йили Прези дентимизнинг таклифи билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси ўз фаолиятини бошлади.
Бугун бу ерда Чингиз Айтматов ва бошқа атоқли адиблар ижодига бағишланган халқаро учрашув, ижодий анжуман, илмий муҳокама, истеъдодли талабаларнинг маҳорат дарслари, адиб мухлисларининг учрашув кечалари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Ўзбекистонда айтматовшунослик илмий мактаби шаклланган десак, муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Чингиз Айтматовдек кишилар ўз тафаккур доиралари қадар кенг маконларни қамраб олади. Улар нафақат бир эл, бир миллат, балки бутун башариятнинг фарзанди саналади.