Илм ва маърифат — тараққиёт таянчидир. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони ҳам айнан шундай.
Бу нималарда ўз аксини топади? Аввало, ёшлар сиёсатида. Жумладан, мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Юртимизда таълим, илм-фаннинг барча соҳаларига эътибор, ёшларнинг билими, иқтидорини ривожлантириш мақсадида мутлақо янги шакл ва мазмунда барпо этилган Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими, Ёшлар технопарклари ва бизнес акселераторлари, ёшлар учун ташкил этилаётган турли танловларни бунинг исботи дея оламиз. Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ҳам ана шу ислоҳотлар доирасида ташкил қилинган. Ушбу танлов мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшлар, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашишга қаратилган. Мазкур эзгу ниятни амалга оширишда ҳозирда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Рақамлаштириш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Замон шиддат билан ривожланмоқда. Давлатимиз томонидан инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизнинг барча ҳудудларида билимга чанқоқ, қобилиятли ёшлар сони ортиб бораяпти. Ёшларнинг ҳали очилмаган иқтидорларини намоён этиш, билимини ошириш, олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш ва янгилик яратиш салоҳиятини “уйғотиш” билан жамиятимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини янги сифат даражасига кўтариш давлат сиёсати, шу жумладан, ушбу танловнинг ҳам асосий мақсадидир.

Сирасини айтганда, Ўзбекистон ёшларининг замонавий билимларини ўрганиш учун шижоати ҳам, матонати ҳам етарли. Ўз ўрнида ҳар бир ёш ўзи туғилиб ўсган муҳит маданияти, урф-одатлари ва ўзига хос хусусиятларидан тўлиқ хабардор. Бошқача айтганда, ёшларни очилмаган бир қўриқ ёки эндигина гул очган бир боғ, десак ҳам бўлади. Танловдан кўзланган бош мақсад ана шу навниҳол ёшларимиздаги иқтидорни аниқлаб, унга тўғри йўналиш бериш, яратувчанликка ва бунёдкорликка рағбатлантириш, бошқа ёшларга ўрнак ва ибрат қилиб кўрсатишдан иборат. “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови 2022 йилдан буён ҳар йили февраль-май ойларида республика бўйлаб 3 босқичда ўтказилади ҳамда унда 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлари иштирок этиши мумкин. Ушбу танлов илм йўналишида бўлгани учун ўзига хос жиҳатлари бор. Хусусан, танловда иштрок этишни хоҳлаган ёшлар алоҳида IQ тест, яъни интеллектуал сифат тести топширади. Бу билан талабгорнинг ақлий ва мантиқий фикр юритиш даражаси аниқлаб олинади ва танловда ҳақиқатдан ҳам юксак салоҳиятга эга ёшлар иштрок этиши таъминланади. IQ тестида 110 баллдан ошиқ натижа кўрсатганлар танловнинг биринчи босқичида иштрок этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг 1-босқичи февраль-март ойларида туман (шаҳар) ларда ўтказилади ва унда энг юқори натижага эришган 5 нафардан номзод танлаб олиниб, 2 босқичга йўлланма олади. Ҳар йилнинг 1 февраль куни танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади. Унда иштрок этиш истагини билдирган ёшлар рўйхатдан ўтиши учун www. vorislar. uz платформаси ҳамда @vorislar tanlov bot телеграм бот ишга туширилган. Иштирокчилар мазкур платформалар орқали 28 февралга қадар рўйхатдан ўтиши шарт. Мазкур платформалар орқали талабгорлар танлов тўғрисида қўшимча маълумотларни олиши, ўз инновацион лойиҳаларини Рақамлаштириш вазирлигига юбориши ҳамда танловда иштирок этиш учун IQ тести топшириши мумкин. Иштирокчилар ўз интеллектуал салоҳиятини синаб кўриш учун 1 мартдан 4 мартга қадар IQ тестидан ўтишади. Шунга кўра, танловнинг туман ва шаҳарлар бўйича биринчи босқичи 4 мартдан бошланади. Танлов ташкилотчилари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар орасида танлов тўғрисида кенг тарғибот ишларини олиб боради. Барча туман ва шаҳарларда танлов иштрокчилари билимини баҳолаш комиссиялари тузилиб, танловни ўтказиш дастури ва жадвали тузилади. Танловга қизиқиш билдирган ёшларга қулайликлар яратиш мақсадида ўқув қўлланмалари чоп этилиб, ташкилотчилар томонидан тарғибот учрашувларида ёшларга тарқатилади. Танловнинг шаффоф ҳамда адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида иштрокчиларнинг IQ тест ҳамда инновацион лойиҳаларини топшириш жараёнларини www.vorislar.uz махсус платформаси орқали амалга ошириш йўлга қўйилган. Танловнинг 2-босқичи апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилади. Унда энг юқори натижага эришган 20 нафар ёшлар навбатдаги босқичга йўлланма олади. Танловнинг 3-босқичи май ойида бўлиб ўтади. Унда энг юқори натижага эришган 100 нафар ёш иқтидор эгаси танлов ғолиби деб топилади ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлиш билан биргаликда жамғарма томонидан ташкил этилган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар мунтазам равишда қўллаб-қувватланади ҳамда ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади. Бундан ташқари, улар “Ёшлар академияси” ва “Келажак лидерлари клуби”га жалб этилади. Номидан ҳам кўриниб тўрганидек, Мирзо Улуғбек ворислари” танлови янги ва замонавий билимларни пухта ўрганиш, бу йўлда матонат ва шижоат кўрсатишга ундайдиган кенг кўламли ижтимоий тадбир. Айни пайтда бу бирор фан ёки соҳага қизиққан, аммо қандай йўл тутишни билмай турган ёки имконият топа олмаётган минглаб ёшлар учун катта имконият ҳамдир. Бугунги Янги Ўзбекистон юкса билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатига, ундаги ёшлар эса мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги — бу ёшлар”.