ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

«АҚЛ ЖАНГИ»ДА ЯНГИ САРДОР

1111111111111

Мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида янада оммалашти­риш ва ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллек­туал ва маданий ривожланиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилда 44-Бутун­жаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби бўлди ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлигини қўлга киритди.

Кейинги йилларда юртимизда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Но­дирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Ваҳидов, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова каби иқтидорли шахмат­чилар вояга етди. Уларнинг нуфузли мусо­бақаларда эришаётган ғалабалари нафақат халқимиз, балки дунё шахмат аҳлини ҳам ҳайратга солмоқда.

Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган мана шундай ёшлардан бири, 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғоли­би, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг ютуқлари бар­чамизни бирдек хурсанд қилмоқда.

Нодирбек Абдусатторов 2004 йил 18 сен­тябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Жаҳон­нинг энг ёш халқаро гроссмейстери бўлган (2017 йил). Рейтинги – 2731. 2008 йилдан шахмат билан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийи: Равшан Шукуров.

Мураббийлари: Дмитрий Қаюмов, Саи­дали Йўлдошев, Жаҳонгир Воҳидов.

МУВАФФАҚИЯТЛАРИ:

Болалар ва ўсмирлар ўртасида ўз ёш тоифасида 5 карра Ўзбекистон чемпи­они.

Филиппинда ўтказилган 8 ёшгача болалар ўртасидаги Осиё чемпионати­да бронза ва кумуш медал соҳиби (2011 йил).

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри­да ўтказилган халқаро шахмат фести­валида 1-ўрин (2011 йил).

Ҳиндистонда ўтказилган 7 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртасидаги қитъа чемпионатида олтин медал (2011 йил).

Словениянинг Марибор шаҳрида ўт­казилган8 ёшгача болалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жаҳон чемпиони (2012 йил).

10 ёшга тўлмасдан Георгий Аъза­мов хотира турнирида 2 нафар халқа­ро гроссмейстерни мағлуб этган (2014 йил).

Тошкентда ўтказилган 10 ёшгача бо­лалар ўртасидаги Осиё чемпионатида стандарт йўналишида Осиё чемпиони ва тезкор шахматда кумуш медал соҳи­би (2014 йил).

Жанубий Африканинг Дурбан шаҳри­да ўтказилган 8-10 ёшгача болалар ўр­тасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳиби (2014 йил).

11 ёшида ФИДЕнинг “Жаҳоннинг 20 ёшгача энг кучли 100 шахматчиси” рўйхатидан ўрин олиб, жаҳон рекордини ўрнатган (2015 йил).

Эркаклар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати 1-лигасида 1 – 2-ўрин (2015 йил).

Тошкентда бўлиб ўтган “Tashkent February Round Robin” халқаро турнири­да 1-ўрин (2015 йил).

Қозоғистонда бўлиб ўтган “блиц” йўналишида Евроосиё турнирининг “блиц” йўналишида 2-ўрин (2016 йил).

“Malaysian Chess Festival” доирасида ўтказилган халқаро турнирда ёшлар ўртасида 1-ўрин (2016 йил).

Санкт-Петербургда ўтказилган Чи­горин хотира турнирида 6-ўрин (2016 йил).

Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган 13 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртаси­даги жаҳон чемпионатида “стандарт” ва “блиц” йўналишида жаҳон чемпиони (2016 йил).

Тошкентда ўтказилган 11 ёшгача бо­лалар ўртасидаги Осиё чемпионатида “стандарт” йўналишида кумуш медал (2017 йил).

Бирлашган Араб Амирликларида ўт­казилган ёшлар ўртасидаги «Рамадан опен» халқаро турнирида 1-ўрин (2017 йил).

АҚШда ўтказилган «Мингйиллик мат­чи» Жаҳон ва АҚШ терма жамоалари ўр­тасидаги мусобақада Жаҳон терма жа­моаси таркибида ғолиб бўлган (2017 йил).

Бирлашган Араб Амирликларида ўт­казилган «Абу-Даби опен» халқаро тур­нирида 3 – 8-ўрин (2017 йил).

Малайзияда ўтказилган халқаро тур­нирда 2 – 4-ўрин (2017 йил).

Санкт-Петербургда ўтказилган Чи­горин хотира турнирида ёшлар ўрта­сида 1-ўрин (2017 йил).

Осиё шахмат федерацияси томони­дан қитъада йилнинг энг яхши ёш шах­матчиси дея эътироф этилган (2017 йил).

Исландиянинг Рейкявик шаҳрида бў­либ ўтган ёшлар ўртасидаги халқаро турнирда 2-ўрин (2018 йил).

Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган 15 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда 1-ўрин (2018 йил).

Батуми шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашган (2018 йил).

Грециянинг Халкидики шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпио­натида “блиц” йўналишида 3-ўрин (2018 йил).

Туркиянинг Кўня шаҳрида бўлиб ўт­ган 16 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбеки­стон терма жамоаси сафида олтин ме­дал (2018 йил).

«Дубай опен» халқаро турнирида 2-ўрин (2019 йил).

Марказий Осиё чемпионатида 3-ўрин (2019 йил).

«Biyel masters» халқаро турнирида 2-ўрин (2019 йил).

Жаҳон кубоги мусобақаси иштирок­чиси (2019 йил).

Ўсмирлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионатида 1-ўрин (2019 йил).

16 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбе­кистон терма жамоаси сафида 2-ўрин (2019 йил).

Туркияда ўтказилган «Мерсин опен» халқаро турнирида 1-ўрин (2019 йил)

«Тата Стил Челленжерс 2020» халқа­ро турнирида 2-ўрин (2020 йил).

Испанияда ўтказилган «Эллобригат опен» халқаро турнирида 1-ўрин (2021 йил).

«Санвей Сижжес» халқаро турнирида 1-ўрин (2021 йил).

“Рапид” йўналиши бўйича жаҳон чем­пиони (2021 йил).

“Шаржа мастерс” халқаро турнирида 1-ўрин (2022 йил).

«Таҳсин» (2021 йил) ва «Мард ўғлон» (2022 йил) давлат мукофоти соҳиби Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-бутунжаҳон шахмат олим­пиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида олтин медал соҳиби (2022 йил).

2023 йилда Норвегияда бўлиб ўтган “Норвей чесс опен” турнирида ғолиблик­ни қўлга киритиб, ҳозирда дунёнинг энг кучли 4 шахматчисидан бири бўлиб ту­рибди.

ФАОЛИЯТИ БЎЙИЧА ОТА-ОНАСИНИНГ ФИКРЛАРИ:

«ФАРЗАНДЛАРИМ УЧУН ШАХМАТНИ ЎРГАНГАНМАН»

Марзия Очилова:

– Акасига ҳам, опасига ҳам шахмат ўйнашни отаси ўр­гатган. Нодирбек бирданига ўзи ўйнаб кетди. Ўшанда у 4 ёшда эди. Ҳеч ким унга «Мана бу рух, у тўғрига ёки ёнбошга тўғри юради. Манави эса фар­зин, буниси фил ёки от, улар мана бундай юради, бундай уриб олади», – деб ўргатмаган. Катталар ўйнаётганида кузатиб, ўзи ўрганиб олган. Қишлоққа борганимизда ҳам амаки­ларини «келинг, ўйнаймиз», – деб ҳоли-жонига қўймасди. Ўзим аввалига шахматга унча қизиқмаганман. Фарзандларим шахмат тўгарагига қатнай бошлаганидан кейин мажбуран ўргандим. Чунки уйга берилган вазифаларни бажаришларини назорат қилишим керак эди- да! Зўр шахматчи бўлиш учун оилада ҳам шунга мос шахмат муҳити бўлиши зарурлигини кўплаб мураббийлар таъкид­лашади. Тўғри-да, мураббий болага куйиб-пишиб тушун­тирса, билганларини ўргатса, уйга вазифа берса-ю, боланинг уларни бажаришини уйда ҳеч ким назорат қилмаса, ундай оиладан чемпион етишиб чиқиши қийин.

Нодирбек беш ёшга тўл­ганида опаси икковини ма­лакали мураббий Равшан Шукуровнинг клубига олиб борганмиз. Машғулотлар туга­гунча кутиб турардим. Кўпин­ча кечқурунлари қайтаётга­нимизда автобусда қўлимда ухлаб қоларди…

«Болажоним чарчабди-да, эй Худойим, ўзинг мадад бер, ўғилгинам орзуларимизни ушалтириб, юзи ёруғ бўлсин», – деб дуо қилардим… Уйда отаси билан ўйнаган партияларини ёзиб борар, мураб­бийи эса уни таҳлил қилиб, хатоларини кўрсатиб берар­ди. Баҳора ва Нодирбекнинг бугунги даражага етишида устози Равшан Шукуровнинг хизматлари катта. 2012 йил январидан бошлаб уларга халқаро гроссмейстер Дмитрий Қаюмов мураббийлик қилган. Фарзандларимнинг жаҳон чемпионатида эришган ютуқлари Равшан Шукуров­нинг ҳам, Дмитрий Қаюмов­нинг ҳам ютуғидир. Уларнинг ҳар иккисидан миннатдормиз.

Нодирбек шахматчи бў­лишни тўрт ярим, беш ёшлари­да қатъий мақсад қилиб қўйди. Яқинда бир ўқитувчининг айтганлари эсимга тушиб кетди. «Катта бўлсанг ким бўлмоқчи­сан?» деган саволга 2-синфда ўқийдиган 34 нафар бола 21 хил, 4-синфда ўқийдиган 29 нафар бола 14 хил касбни айтиб, жавоб берган. Бундан 25–30 йиллар олдин уларнинг ёшида биз синфдошлар 4 ёки 5 хил касбларнигина (ўқи­тувчи, милиционер, юрист, шофёр, врач…) билганимизни эсладим. Бугуннинг болалари эса бири “врач бўлганда ҳам юракни даволайдиган хирург бўламан” деган бўлса, бошқа­лари бошланғич синф муалли­ми бўламан, логопед бўламан, дизайнер бўламан, деб жавоб берган. Болаларнинг бундай аниқ орзулари ота-оналар­ни ҳам ҳаракатга келтирди. Ишонмасангиз, юртимизда­ги хоҳлаган болалар спорти иншоотига бориб кўринг. Фарзандини етаклаб келаётган ота-оналарни, неварасининг ғайратидан, дуркун қоматидан завқланаётган бобо-бувилар­ни учратасиз.

Фазлиддин Очилов:

– Дмитрий Қаюмовга илк бор учрашганимизда вақтим йўқ деб унамади. «Бир синаб кўринг, агар қобилияти етар­ли эмас десангиз, майли, биз розимиз», – дея қайта-қайта илтимос қилганимдан сўнг болалар билан шуғуллана бошлади. Иккинчи машғулот­дан кейиноқ мураббийлик қилишга рози бўлди.

Марзия Очилова:

– Словенияга фарзандла­рим билан бирга борганим яхши бўлган экан. Вақтида дам олиб, вақтида шуғулла­нишларини назорат қилиб турдим. Болалар ичкарига ўйинга кириб кетишади. Биз – ота-оналар ташқарида қолиб, уларнинг ҳар бир юришини мониторда кузатиб турамиз. Энди у пайтдаги кўнглимдан кечган ҳисларни, вужудим­ни чулғаб олган ҳаяжонни таърифлаб бера олмайман… Мана, неча йилдирки, Нодир­бекни турли мусобақаларга олиб бориб, уларнинг ўйин­ларини кузатиб, шунга амин бўлдимки, ўз мағлубиятидан кўра боласининг мағлубияти онага оғирроқ таъсир этаркан. Ўз ғалабангдан кўра болангнинг муваффақиятлари тотлироқ туюларкан! Спортчи қатъиятли, интизомли бўл­маса, зарур пайти бир-икки соат уйқудан воз кеча олмаса, бошқалар каби ўйнаб-кулиш­дан тийилмаса, яъни ўзини енга олмаса, муваффақиятга эриша олмаслиги кундек равшан.

Ота-оналар буни яхши тушунишади. Фарзандларини тартиб-интизомга қанча эрта одатлантирса, шунча яхши бўлади. Шундай бўлди ҳам.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш