ТAРAҚҚИЁТ

TARAQQIYOT

“ECTOPROTEZ”: АРЗОН, ҚУЛАЙ,САМАРАЛИ

Маъруф ДИЛМУРОДОВ

БАХТСИЗ ФОЖИА ТУФАЙЛИ ҚУЛОҚ, БУРУН ЁКИ БАРМОҚЛАРИДАН АЖРАЛИБ ҚОЛИШ ИНСОН УЧУН АЯНЧЛИ ҲОЛАТ ҲИСОБЛАНАДИ. АНА ШУНДАЙ ИНСОНЛАРГА СУНЪИЙ ТАНА АЪЗОЛАРИНИ ЎРНАТИШ ОРҚАЛИ НУҚСОНЛИКЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШГА КЎМАКЛАШИШ УЧУН “ЗАМОНАВИЙ РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯ АСОСИДА ЮЗ ВА ЖАҒ НУҚСОНЛАРИНИ ЭКТОПРОТЕЗЛАР ЁРДАМИДА ТИКЛАШ” ЛОЙИҲАСИГА ҚЎЛ УРДИК.

“EctoProtez” деб номланган ихтиромиз инсонларда юз ва жағ соҳасидаги куйишдан кейинги нуқсонлар, онкология натижасида йўқотилган аъзолар, автоҳалокат сабабли юзага келган нуқсонлар, туғма юз ва жағ аномалиялари ҳамда жарроҳлик амалиёти натижасида юз соҳасидаги тиклашнинг имкони бўлмаган аъзоларни идеал ҳолатда мос тарзда силикон материалдан тиклаш имконини беради. Сунъий материал билан анатомик аъзони тиклаш, ножўя таъсирининг умуман йўқлиги, ёндош касалликлари мавжуд бўлган беморда қўллаш имконининг кенглиги, ёш танламаслиги (барча ёшдаги инсонларга мос келиши), қўллаш имконининг турли хиллиги (жарроҳлик усулини қўллаган ҳолда доимий, жарроҳлик усули қўлланмаган ҳолатда махсус елим ва сўрғичлар), тайёрланиш вақтининг қисқалиги (кўп муддат талаб қилинмайди), қўлланиш соҳасининг кенглиги (онкология, стоматология, косметология, ортопедия, дерматология), тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида беморларни чет элдан жалб қилиш имкони борлиги лойиҳанинг асосий инновацион хусусиятлари ҳисобланади.
Тиббиёт соҳасида ихтиро қилиш жуда мураккаб, шу билан бирга, масъулиятлидир. Мен ҳар бир қилган ихтиро ва инновацион лойиҳаларимни устозларим билан биргаликда яратиб, уларни лабораторияларда синаб кўраман. Ушбу лойиҳани ҳам устозим, Бухоро давлат тиббиёт институти “Хирургик стоматология” кафедраси ассистенти, Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг “Юз, жағ ва пластик жарроҳлик бўлими” шифокори Ш.Қамбарова раҳбарлигида амалга оширдим.


АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАДА?
Биринчи навбатда “EctoProtez” маҳсулотларининг афзалликлари– нархининг арзонлигида. Агар бе- морлар ана шундай протез амалиётларни чет элда амалга оширмоқчи бўлса, камида 1000-1500 АҚШ доллари сарфлайди. Бу усул ёрдамида битта қулоқни 300-400 минг сўмга қўйдириш мумкин. Шунингдек, маҳсулот тез муддатда тайёр бўлади. Аллергик хусусиятлари йўқ, вазнининг енгиллиги ва дискомфортнинг кузатилмаслиги, йўқотилган анатомик аъзога идеал тарзда мослиги ва бошқа аъзолардан сунъийлиги билан ажралиб турмаслиги, протезнинг ранги одам терисига мос рангда танланиб, инсоннинг табиий рангига мослиги ҳам алоҳида эътиборга молик.


ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАДИ?
“EctoProtez” маҳсулотларини тайёрлашда беморнинг бош ва юз қисми 3D сканерда сканер қилинади ва компьютерда йўқотилган аъзо ҳажми ҳамда шакли таҳлил қилиниб, бирламчи аъзога мослаштирилган ҳолда 3D принтерда бирламчи маҳсулот чиқарилади. Сўнгра бирламчи чиқарилган модел яна 3D сканерда сканер қилинади ва бирламчи сканер вариант билан иккиламчи модел сканер варианти қўшилиб, 3D принтерда мукаммал охирги модел чиқарилади. Унга силикон ва тоулон аралашмаси солиниб +5 Сº дан 45 Сº гача ҳароратда юпқа силиконли тўлиқ анатомик рельефлари ва қон томир йўналишлари билан тайёр ҳолга келтирилади. “EctoProtez” маҳсулотлари беморларга икки усулда маҳкамланади. Биринчи усулда, асосан, катталарга жарроҳлик амалиёти ёрдамида нуқсон соҳасига имплантлар ва кўприксимон металл каркаслар ўрнатилиб, улар ёрдамида танага бириктирилади. Иккинчи усул болаларда қўлланилади. Унда жарроҳлик амалиёти қўлланмаган ҳолда махсус елим ёки янгича усул бўлган махсус вакуумли сўрғичлар ёрдамида маҳкамланади. Албатта, ҳар доим биринчи уринишдаёқ кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шу боис лойиҳамдаги камчилик ва хатоларни кўриб, уларни янада такомиллаштириб бораяпти. Қувонарлиси, ҳозирча Ўзбекистонда ягона бўлган “EctoProtez” маҳсулотлари “B2B” моделидан фойдаланган ҳолда давлат ва нодавлат шифохоналарига улгуржи нархларда етказиб берилмоқда.

МАЪЛУМОТ УЧУН:
– Қулоқ эктопротези – 500 минг сўм;
– Бурун эктопротези – 750 минг сўм.
– Қолган протезлар инсон тана аъзоларининг ҳажмига қараб, нархлари ҳам турлича бўлади.

Фикр ва Мулоҳазаларингизни қолдиринг

Улашиш