НЕВАРАМ ҲОЛАТИДАГИ… ИНСОНИЯТ
Қаёққадир отланиб, машинани ўт олдирдим. Ўн ёшли неварам “Мен ҳам бораман!” деганча югуриб келиб, ёнимга ўтириб олди. Йўлга тушдик. Гавжум кўча бўйлаб кетавердик. Ҳалқа йўлга чиқдик. Дам-бадам неварамга кўз қиримни ташлайман, мен ҳам, у ҳам жим. Анчагина йўл босиб қўйдик. Йўлнинг икки томонидаги манзараларни томоша қилиб кетаётган неварам тўсатдан “Қаёққа кетяпмиз, ота?”, деб сўраб қолди.
– Қаёққа бораётганимизни билмай-нетмай нега машинага миниб олдинг? – деб сўрадим неварамнинг саволига савол билан жавоб қайтариб.
– Қаёққа бораётганимизни сиз биласиз-да, шунинг учун сўрамадим…
Неварамнинг шу бир оғиз жавоби мени қаттиқ ўйга толдирди. Гап нима ҳақда бормоқда? Неварам қаёққа отланганини билмай туриб, йўлга чиқди. Яъни, у борар манзилини билмайди, айтишича, менга ишонган. Савол туғилади: борди-ю мен ҳам билмасам-чи борар манзилни? Билган тақдиримда ҳам 70ни қоралаган инсон билан 10 ёшда бўлган фарзанднинг кўзлаган манзили бир хил бўлиши мумкин эмас-ку? Кетма-кет туғилаётган саволлардан чиқариладиган хулоса шуки, ҳар бир инсон борар манзилини ўзи билмоғи, ўзи англаб етмоғи керак! Бу хулоса, хусусан, ҳозирги ёш авлод вакилларига жуда-жуда тааллуқли. Афсуски, дунёда кечаётган жараёнларга зимдан разм солинса, аксарият ҳолатларда одамлар гўё қаён бораётганини, не мақсад-муддаода, қандай орзу-ҳавасларда яшаяётганларини билмайдиганга ўхшайдилар. Англанмаган беҳаловатлик, бесамар бесарамжонлик қурбонлари асримикан “ахборот асри”, деган хаёлларга борасан киши. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, биз яшаб турган асримизни тараққиётга мубталолик асри десак ҳам янглишмаймиз. Бу – табиий, тирик жон тараққиётсиз бирор кун, бирор лаҳза яшолмайди. У мудом ўзгаришга, янгиланишга интилади. Яхши, узоқ ва фаровон яшашнинг бирдан-бир омили янгиланишдадир (яъни, ҳаракатдадир), деган тушунча замондошларимиз тафаккурида ақида даражасига кўтарилди. Бу туғма майлни ҳеч ким инкор этолмайди, албатта. Назаримда, ахборот асри янгиликлари ва унинг шиддати тўғридан-тўғри мазкур туғма майлга қаратилгандек туюлади. Айни шу ҳолат нафақат якка шахс тафаккури ва ҳаёт тарзида, балки миллат, халқ, жамият, давлат миқёсларида кузатилмоқда. Фикримизни соддалаштиришга уринсак, шахс тафаккури, руҳияти билан
ахборот асри шиддати ўртасидаги кураш, олишув тобора кескинлашиб бормоқда. Бу кескинлашув натижалари ва оқибатларини дунёнинг исталган минтақасида, тараққиёт даражасидан қатъи назар, исталган халқ ҳаётида кузатиш мумкин бўлмоқда. Қуръони Каримнинг “Таквир” сурасида келадиган “Бас, сизлар қаён кетмоқдасизлар?” (26-оят) деган савол тўғридан-тўғри бизнинг замондошларга қаратилгандек туюлиши кишини ҳайратга солади. Ўзлигини англаган, ҳаётнинг оқ-қорасини таниган, қолаверса, ақл-идрокда етук алламоларки, борингки, бутун башариятки, орқа-олдига қарамай шошилаётгани, оқибатни ўйлашни унутиш касаллигидан азият чекаётгани уларнинг… менинг юқорида таърифи келтирилган ўн ёшли неварамнинг аҳволига тушиб қолаётганини кўрсатмайдими?! Ва беихтиёр ҳайқиргингиз келади: Э, одамзод, қаёққа шошилмоқдамиз? Нималарни кўзламоқдамиз? Нималарни бой беряпмизу, нималарга эришмоқдамиз?..
Наҳот, шу сингари муҳимдан-муҳим саволларга жавоб топишга фурсат тополмасак?!

60 ЙИЛ БУРУНГИ БАШОРАТ
Шу сингари кўп қатламли саволларнинг бари, эҳтимол, деярли барчаси ахборотга, ахборот оқимига, ушбу оқим шиддатига бориб тақалади. “Инсоният ёзув ихтиро қилингунга қадар тахминан уч миллион йил оғзаки алоқа қилган бўлса, ундан беш минг йил кейингина саноат асосида китоб босишни ўрганди. Ундан беш юз йил ўтиб телефон, радио ва телевидениега эга бўлди. Анъанавий эшитув-кўрув воситаларидан компьютерларга ўтиш учун эса атиги эллик йилча вақт керак бўлди, холос. Ана шу тарихий ҳақиқатнинг ўзи инсон тафаккури тараққиёти, фан-техника ривожи билан боғлиқ бўлган оламшумул ўзгаришлар динамикасини кўрсатади”. Тасаввурни ҳайратга солади, ақлни шошириб қўяди бу динамика! Ахборот шиддати динамикаси! Асрларни, замону даврларни йилларга, ойларга, кунлар ва соатларга сиғдириб-пресслаб юбораётган бу динамика инсоният бошига яна не кунларни солмайди дейсиз?! Вақт ибтидоий замонларда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, яъни ҳамиша бир хил бўлган, у ўзгармайди? Бироқ ярим аср, бир асрни қўя турайлик, 20 йил бурунги ҳолат билан ҳозирги пайтдаги вақт тушунчасини мутлақо қиёслаб бўлмайди. Қишлоқ билан шаҳар аҳолиси тушунчасидаги вақт мутлақо бошқача. Маиший техник воситалардан тортиб, транспорт воситаларигача, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари воситалари – ҳар бир соҳада юмушни зудлик билан адо этадиган имкониятлар яратилган. Инсон ақли аллақачонлар товуш тезлигини енгишга эришди, сунъий интеллект тафаккури катта қадамлар билан ҳаётимизга кириб келмоқда, бироқ нима сабабдан бизнинг замондошлар учун энг катта муаммо – улгурмаслик бўлиб қолмоқда? Улгурмаслик симптоми шошмашошарликка олиб келмоқда, шошмашошарлик эса… “Мен, – деб ёзади америкалик атоқли футуролог олим ва публицист Элвин Тоффлер, – 1965 йили “Horizon”да эълон қилинган мақоламда биринчи марта “Келажак талвасаси” иборасини қўлладим”. Ўшандан буён орадан ўтган қарийб 60 йил мобайнида олим мазкур атаманинг муаллифи сифатида дунёга танилди. Э.Тоффлер қисқа муддатларда юз берадиган ўзгаришлар янгиланишларнинг инсонга таъсири муаммосини реал касаллик сифатида ўрганади. Турмуш ва тафаккур тарзининг шиддатли ўзгариши инсон руҳиятига фавқулодда таъсир ўтказади. Янгиланишларга кўникиш жараёни ҳам жисмонан, ҳам руҳан зўриқишларга олиб келади. Кўндаланг савол туғилмоқда: тараққиёт, тезликнинг техник воситаларини яратиш, ихтиро қилиш эндиликда ҳеч кимни ҳайратлантирмайди, аммо-лекин инсон вужуди, инсон руҳияти, ақл-идроки, маданияти, ахлоқи қай аҳволга тушади? Энг катта ва мураккаб савол мана шу! Ахборот технологияларидан эмин-эркин фойдаланишда ёшларнинг имкони катта, албатта, бу борада ёши катта авлод вакилларининг “нўноқлиги” табиий. Бундан биз катталар фахрланамиз, албатта. Мен бу ўринда азалий оталар ва болалар муаммосини қўзғамоқчи эмасман, бироқ кўз ўнгимизда кечаётган вазият, муносабат ва ҳолатлар анчайин ташвишли эканлигидан оғиз очмаслик ҳам мумкин эмас. Айтилмоқчи бўлган муаммо шу қадар чуқурлашиб, қамраб олиб бўлмайдиган, эплаб бўлмайдиган даражада газак олиб бормоқдаки, ҳатто хавотирга ҳам борасан киши. Урғу бериш зарур бўлган ғоятда долзарб муаммолардан бири – ёшлар тафаккури ва ахборот оқими масаласига тааллуқли. Ўтган асрнинг охирларига қадар инсон комиллигининг даражаси билим даражасининг кенглиги, яъни мумкин қадар кўп ахборотга эгалиги билан ўлчанган. Ахборот тақчиллиги жиддий муаммо ҳисобланган. Хилма-хил босма нашрлар – газета-журнал, айниқса, илмий ва илмий-оммабоп китоб ва альманахлар ҳам эҳтиёжни қондиролмаган. Орадан чорак аср ҳам ўтар-ўтмас фалакнинг чарҳи тескари айлана бошладими, эндиликда ахборот оқимидан сақланиш муаммоси улкан тафаккур эгаларини мушкул аҳволга солиб қўймоқда. Ахборотдан сақланиш, инфоэтика, ахборот одоби… қай ном билан атамайлик, бир сўз билан айтганда, айниқса, ёш авлод вакилларини ахборот оқимининг шиддатидан асраш аср муаммосига айланиб бўлди ҳисоб. Билимнинг чуқурлиги ҳамон кўп ахборотга эгаликдан бошланади, ахборотга эгалик ҳамон интеллектуал салоҳият белгиси ҳисобланади, қолаверса, шахс мақомига етишишни ҳам ахборотга бойлик бўлмай туриб тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо-лекин… чалғитувчи, бузғунчи, вайронакор ахборот ҳам ўз “каромати”ни кўрсатишга улгурмоқда. Бунинг оқибатида фикрнинг саёзлашуви, ҳаётга енгилтаклик билан қараш, ўзига-ўзлигига эътиборнинг сусайиши, эътиборсизлик, миллий ва инсоний қадриятларнинг ўтмаслашуви ёш ва навқирон тафаккурларни осонлик билан ишғол этмоқда. Бошқача айтганда, бундан 60 йиллар муқаддам Э.Тоффлер томонидан қилинган башорат қайсидир маънода ўз исботини топмоқда, эҳтимол, ортиғи билан тасдиқланмоқда.
ТЎРТИНЧИ ТЎЛҚИН НИМА?
Ахборот оқимидан баҳра олиш бир қарашда мутлақо шахсий ихтиёр-истакдан келиб чиқади, албатта. Бироқ ҳеч бир жамиятда касал-хаста одам ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигидан келиб чиқилса, ахборот зуғумига учраган, шунинг таъсирида ўзини бошқаролмай қолган, зарарли ахборотдан ўзини-ўзлигини ҳимоя қила олмаган одамга “Тез ёрдам” чақирмай иложи ҳам йўқ. Эндиликда тибиий тез ёрдам шифокори ахборот босимига учраган беморга зудлик билан ёрдам бериш чоралари билан қуролланган бўлиши зарурлигини тақозо этмоқда ҳаёт ҳақиқати. Хусусан, ёш авлод вакилларига яқиндан кўмак бериш замонамизнинг муҳим вазифасига айланмоқда. Соғлом жамият равнақи учун биологик индивидлар эмас, ижтимоий индивидлар, интеллектуал индивидлар зарур, ахборот босими остида ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларини бой бераётган, ўзининг шахслик салоҳиятини увол қилаётган йигит-қизлар ҳар бир давлат, халқ-миллатнинг бугуни, келажаги учун зарур. Ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш келажакни ўз ҳолига ташлаб қўйиш билан тенг. Буни қарангки, якка бир шахс мисолида мутлақо шахсий-хусусий муаммо бўлган масала умумлашган ҳолда ниҳоятда мураккаб ижтимоий-сиёсий иллат, қусур, ҳатто офат даражасига кўтарилмоқда. Ҳа, инсон тафаккури, ақл-идрокининг чексиз қудрати туфайли мисли кўрилмаган тезлик, шиддат яратилди, яратилмоқда. Бироқ шуни ҳам тан олмоғимиз керакки, тезлик одамни янада ақлли, янада диди нозик, янада назокатли қилиб қўя олмади. Яна Э.Тоффлерга қайтилса, унинг “Учинчи тўлқин” назарияси сўз юритилаётган мавзу нуқтаи назаридан ғоятда зарур ва муҳимдир. Гап шундаки, олим инсоният босиб ўтган йўлни уч босқичдан иборат, деган ғояни илгари сурган. Унинг фикрича, инсоният тарихи қишлоқ хўжалиги цивилизацияси, саноат цивилизацияси босқичларини босиб ўтган. Ҳозир эса ахборот цивилизацияси даврида яшамоқда. Олим учинчи босқич тахминан ХХI асрнинг ҳозирги пайтларига келиб ниҳоясига етади, деган фаразни ҳам илгари сурган. Шу ўринда ғоят жиддий савол туғилади: Э.Тоффлернинг “Учинчи тўлқин” назарияси давом эттириладиган бўлса, унинг давоми қандай кечади? Инсоният тарихи қайси босқичга, цивилизацияга қадам қўяди? Мантиқан қараганда, эндиликда инсоният АХБОРОТ МАДАНИЯТИ цивилизациясига қадам қўймоғи даркор! Тасаввур қилайлик, инсоният ўз руҳиятини зарарли таъсирлардан тозалаб оладиган паллага, тозалик асрига етиб келди. Башарият “COVID-19” га қарши қандай курашган бўлса, нокерак ва зарарли ахборот оқимига ҳам ўша ҳамжиҳатликда қарши ўт очмоғи даркор. Мазкур тамаддун замондошларимизни зарарли ахборот босимидан ўзлигини асраш асрига айланади. Одамлар фикран, руҳан, маънан тозаланишни ўзларидан бошлайдилар. Комиллик йўлини топадилар. Мукаммал ва соғлом шахсга айлана борадилар. Барча мавжуд кучлар, ақл-идроклар, саъй-ҳаракатлар АХБОРОТ МАДАНИЯТИ цивилизацияси вазифаларини белгилаб олишга қаратилмоғи зарур. Ахборот маданияти инсониятни қутқаради, бунга шак-шубҳа йўқ!
