Мўътабар ёшдаман. Сал кам бир асрлик йўлни босиб ўтдим. Табиийки, бу йўл равон бўлмаган.
Оғир, машаққатли кунларни ҳам, шон-шуҳратга тўла қувончли дамларни ҳамкўрдим. Зотан, инсон умри яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик доимий равишда тўқнашиб турган ҳолатда ўтар экан. Қувонч билан қайғу, зафар билан таназзул эгизак дейишади. Буни ўзимнинг ҳаётимда бошимдан кечган воқеа-ҳодисаларда аниқ-равшан кўрдим ва битта хулосага келдим: Ҳар қандай шароитда ҳам инсонни асрайдиган бебаҳо куч — маърифат! Уни ҳар қандай қийинчиликлардан, азоб-уқубатлардан асрайдиган қудрат — билим. Ана шу жиҳатдан шу мўътабар ёшимда азиз устозларим, қадрли мураббийларимнинг менга берган бебаҳо сабоқлари, ўгитлари, касбий ва ҳаётий тажрибалари учун уларга чексиз миннатдорчилик билдираман. Албатта, устозларимнинг аксарияти оламдан ўтган. Бироқ уларнинг руҳларини шогирдлик эҳтироми, толиблик меҳри билан шод этишни бурчим деб биламан. Бу гапларни бежиз айтмаяпман. Мана, бир неча йилдирки, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасини бошқариб келаяпман. Ушбу фаолиятим давомида ёшларимизнинг қай даражада билимли, маърифатли, истеъдодли, ғоявий жиҳатдан чиниққан, Ватан ва миллат тақдири учун ҳамма нарсага тайёр туришдек фидойилик фазилатларига эга эканига яна бир бор амин бўлдим. Уларнинг юксак ақлий имкониятлари, юқори интеллектуал салоҳияти, қатъий ҳаётий позицияга эгалиги, турли мафкуравий хуружлар шароитида мустаҳкам ғоявий эътиқоди борлиги мени беҳад қувонтиради. Бир устоз, кўпни кўрган, етарли ҳаётий тажрибага эга бўлган мураббий сифатида ёшларимиз, ўғил қизларимнинг ана шундай юксак инсоний ва фуқаролик фазилатларидан ўзимга куч оламан, рағбат оламан. Ватанимиз истиқболини уларнинг кўзлари, сўзлари, нигоҳлари ва қалб эҳтиросларида яққол кўраман. Мен мафкурачиман. Мафкуравий ҳаёт, ғоят нозик, доимий равишда симоб парчасидек титраб турадиган жараён менга бегона эмас. Умримнинг энг навқирон, кучга тўлган даври ана шу ўта нозик жараёнда ўтди. Шунинг учун дунё қалқиб турган, Ер юзининг турли ҳудудларида қон тўкилаётган, турли ғоявий қўпорувчилик ва мафкуравий бузғунчилик авж олаётган бир пайтда Она юртим-Ўзбекистонимнинг барқарорлиги,халқимизнинг буюк келажак сари дадил қадам ташлаётгани, ёшларимиз — азиз фарзандларимнинг ўз тақдири ва бахтли-саодатли келажагига қатъий ишонч билан интилаётгани ҳаммамизнинг бебаҳо бойлигимиз, халқаро майдондаги юксак мавқеимиз эканини чуқур англаб, қувонаман. Мана, бир неча йилдирки, “Улуғбек” жамғармаси истеъдодли ёшларни танлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш каби хайрли иш билан шуғулланиб келмоқда. Жамғарма ташкил этилган дастлабки йилларда фан, илмий тадқиқот ишларига кириб келган ёшлар, айтиш мумкинки, бугун мамлакатимиз илм-фанининг йирик намоёндаларига айланишган. Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида, фан ва техника тараққиётининг янги даври бошланган бир пайтда жамғармамиз замонавий цивилизация талабларига жавоб берадиган, умумпланетар тараққиётга муносиб ҳисса қўша оладиган, шунингдек, миллий қадриятлар, анъаналар, ахлоқий ва маънавий меъёрларимизни фан нуқтаи назаридан тадқиқ қила оладиган олимларнинг янги авлодини етиштиришни олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйдик.

“Оққан дарё оқаверади”, деган ҳикматли гап бор. Халқимиз бир неча минг йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган, қатор цивилизациявий ҳодисаларни бошдан кечирган, инсоният ҳаётига маданият олиб кирган халқ эканлигини яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз. Янгиланаётган Ўзбекистон — бу янгиланаётган тафаккур, янгиланаётган онг, бутунлай янги тараққиёт йўлидаги фан-техника майдонидир. Янгиланаётган тафаккур, янги тарихий шароитларда юзага келаётган бутунлай янги миллий Уйғониш даври табиий равишда янги Ренессанс даври бошланади, дейишга асос бўлади. Бу тарихий ва эволюцион нуқтаи назардан қараганда янгиланаётган Ўзбекистонда учинчи Ренессанс ҳодисасининг бошланиши билан боғлиқ бўлган буюк тарихий, марифий, илмий-техник ҳодисадир.

Инсониятнинг бир неча минг йиллик тараққиёт йўлига назар солсак, бир тарихий ҳақиқат кўзга яққол ташланади. Қайси даврда ижтимоий адолат ўрнатилган, фан, техника, санъат ва маданият тараққиётига кенг йўл очилган, унинг равнақи учун етарли шароит яратилган бўлса, ўша даврларда мисли кўрилмаган цивилизациявий ҳодисалар юзага келган. Ижтимоий ҳаёт барқарорлашиб, одамларнинг турмуш тарзи фаровонлашган. Фан ва маданият миллатнинг рамзи сифатида унинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини, обрў-эътиборини белгилаган. Истеъдодлар эса ана шундай Ренессанс ҳодисасини юзага келтирувчи, миллат ва жамият тараққиётини ҳаракатга келтирувчи куч сифатида ўзларини намоён этишган. Ҳаётда касблар кўп, соҳалар хилма-хил, талаблар ҳам бениҳоя. Демак, ҳар бир соҳа ўз мутахассисига, қоблиятли, тафаккури кенг, юксак эътиқодли соҳибларига эҳтиёж сезади. Ана шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, истеъдодлар — жамият тараққиётининг таянчи, уни ҳаракатга келтирувчи куч. Халқ давлатнинг, Конституциямизда айтилганидек, ягона ва бирдан бир манбаи экан, истеъдодлар айни ана шу давлатнинг қудрати, миллатнинг эса шон-шуҳрати ҳисобланади. Миллатни дунёга танитадиган, давлат обрўйсини унинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларини жаҳон ҳамжамиятида намоён этадиган таянч истеъдодлардир. Азалдан истеъдодларни асраш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали маърифатли давлат қуриш халқимиз учун анъанага айланган. Бироқ бу анъана ҳозирги янгиланаётган Ўзбекистон шароитида яна ҳам янгидан-янги қирраларини намоён этмоқда. Истеъдодларни асраш, уларни рағбатлантириш, маърифатли жамият қуришга давлатнинг ўзи ҳомийлик қилмоқда. Унинг раҳнамолигида замонавий фан-техника тараққиётининг истиқбол режалари ишлаб чиқилмоқда.Узлуксиз таълимнинг барча босқичларида кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, таълим сифатини ошириш, унинг натижасида катта илмий-техник самарага эришиш чора тадбирлари кўрилмоқда. Жамғарма муассислигида ташкил этилган янги журнал фаннинг турли йўналишларида илмий тадқиқот ҳишлари билан шуғулланаётган қобилиятли йигит-қизлар учун ўзига хос минбар, ўзаро мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Эндиликда ёш истеъдод эгалари янги фикр, ғоя, ташаббус, ихтиро ва илмий тадқиқот ишлари натижаларини журнал орқали кенг ёритиш имконига эга. Бу уларнинг тақдирида янги саҳифа очиши тайин. Албатта ,катта тажрибага эга бўлган устоз, кўпни кўрган мураббий сифатида истеъдодли ёшларимизнинг дастлабки ютуқларидан чексиз қувонаман. Уларнинг истиқболига катта ишонч билан қарайман. Она юртим — жонажон Ўзбекистоним, буюк ва қудратли давлатимнинг келажагини ана шу ўғил-қизларим қиёфасида кўраман. Сиз — азиз фарзандларимга қалқиб турган, зиддиятли дунёда қатъий ирода, аниқ ҳаётий позиция, миллат шаъни ва давлат шон-шуҳрати йўлидаги ғоят шарафли иш ларингизга муввафақият тилайман.